Кейинги йилларда мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган демократик ислоҳотларда фуқаролик жамияти институтларининг роли, аҳамияти ҳамда ижтимоий фаоллиги ошиб бормоқда.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришиш, фуқароларнинг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, уларнинг маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларини қондиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллик кўрсатмоқда.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида “Фуқаролик жамияти институтлари” учун алоҳида боб (13-боб) ажратилиб, фуқаролик жамиятининг асоси конституциявий меъёр билан белгиланди.
Давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ва конструктив мулоқот механизмлари йўлга қўйилиб, нодавлат нотижорат ташкилотларининг эҳтиёжларини тизимли таҳлил қилиш ҳамда давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг муҳим масалалари бўйича ўзаро фикр алмашиш учун майдон яратилди.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини кучайтириш бўйича тизим яратилди.
Жорий йилнинг 26 августида қабул қилинган “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Ушбу фармоннинг ижросинии таъминлаш мақсадида ягона электрон платформа ишга туширилди.
Фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларни ўз ичига олувчи мазкур Платформа ажратилаётган маблағларни оқилона тақсимлаш, шаффофлигини таъминлашда барча имкониятларни, қулайликларни беради.
Фуқаролик жамияти институтларига рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва ишлаб чиқилаётган онлайн платформани тўлиқ автоматлаштириш ҳужжатлар алмашинувидаги замонавий ёндошувга, инсон омилисиз танловларни ўтказишга шароит яратилади.
Бундан ташқари платформанинг яна бир афзаллик томони бир нечта давлат ташкилотларидан маълумотлар олиш мақсадида маълумотлар алмашинуви ишлари амалга оширилишидир. Яъни фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир ҳужжатларни электрон тарзда интеграциялашдир.
Бунда Адлия вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази билан ҳамкорликни ўрнатиш орқали талабгор ташкилотлар тўғрсидаги маълумотларни тўғридан тўғри олиш имконияти яратилди.
Ҳар бир талабгор ташкилот эндиликда танловларда иштирок этиш учун лойиҳаларни топшириш ва давлат субсидиясини олиш учун буюртмаларни юбориш, уларни кўриб чиқиш ва баҳолаш жараёнларини шахсий кабинети орқали кузатиб бориши мумкин. Бу эса рақамлаштириш даврида замон талабларидан бири ҳисобланади.
Платформада танловларнинг мавзуларини шакллантиришда нафақат фуқарлик жамият институтлари, балки кенг жамоатчилик томонидан ҳам таклифлар берилиши, уларнинг муҳоккамаларда бевосита иштирок этиш имконияти яратилди.
Платформа тизим фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиб, мазкур жараёнларнинг шаффофлигини таъминлайди.
Энг муҳими, фармон фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувидаги бевосита иштироки учун янги имкониятларни очиб беради, хусусан, ижтимоий шериклик институтини амалда ривожлантириш бўйича ташкилий ва ҳуқуқий шароитлар яратади, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш таъсирчанлигини оширади.
