Халқ учун мураккаб ва масъулиятли дамларда унинг келажагини белгилаб беришга қодир, миллат тақдири, юрт бахт-саодати учун ўзини бахшида этган улуғ зотларнинг халоскор сиймо сифатида дунёга келиши ҳаёт тақозосидир. Ана шундай сиймолар юртимиздан кўплаб етишиб чиққан. Улардан бири ХХ асрда Ўзбекистонда 40 йилдан ортиқ давлат ишларида фаолият юритган, шундан салкам чорак аср республикамизга раҳбарлик қилган Шароф Рашидов эди.
Ш.Рашидов коммунистик ҳукмронликнинг энг оғир шароитларида ўз сафдошлари билан биргаликда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини астойдил ҳимоя қилди, мустаҳкамлади, уни халқаро майдонга олиб чиқишга ҳаракат қилди.
Буюк давлат арбоби, таниқли адиб, ўзбек халқининг етук фарзанди Ш.Рашидов ҳаёти, фаолияти, инсон ва шахс сифатидаги улуғвор ишлари борасида кейинги йилларда кўплаб асарлар яратилди Сиёсий фанлар доктори, профессор Тўлқин Алимардоновнинг “Шароф Рашидов” деб номланган илмий-оммабоп асари шулардан биридир.
Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан Шароф Рашидов таваллудининг 106 йиллигига бағишлаб нашрга тайёрланган китобда муаллиф давлат, жамият ва халқ тарихи муносабатларига доир илмий, назарий қарашларни шахс фаолияти билан уйғун тарзда таҳлил қилар экан, унинг миллат ҳаётида тутган ўрнини Шароф Рашидов тимсолида очиб беради. Асарда давлат арбобининг қолдирган улкан мероси, ўз даврининг зиддиятли эврилишлари халқ ва шахс, давлат ва сиёсат тарихига оид кўплаб маълумотлар қиёсан ўрганилган. Мутолаа давомида китобхон шўролар давлатига қарамлик пайтида миллатнинг ҳақиқий фидойи фарзанди томонидан Ўзбекистонда кўплаб улуғвор ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилганини ҳаққоний далиллар асосида англаб етади.
Яқинда республика “Улуғбек” жамғармаси ташаббуси билан жамғарма биносида ушбу китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимот маросимини тарих фанлари доктори Фазлиддин Равшанов олиб борди.
Дастлаб “Улуғбек” жамғармаси раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан ва техника арбоби, академик Оқил Салимовнинг тақдимот қатнашчиларига кутлови ўқиб эшиттирилди. Шундан кейин “Шароф Рашидов” китоби хусусида Амир Темур жамғармасининг раиси, атоқли шоир Муҳаммад Али, академик Аҳмадали Асқаров, шоира Сайёра Тўйчиева, сиёсий фанлар доктори Нарзулла Жўраев, журналист Камол Матёқубов, жамоатчилик вакили Муҳиддин Полвонов ва бошқалар сўз юритдилар.
“Атоқли жамоат арбоби Шароф Рашидов уммондаги айсбергга ўхшайди. Бу айсбергни қанчалик ўргансангиз унинг янги қирралари қайтадан кашф бўлаверади”, деб ёзган эди унинг замондошларидан бири. Ҳақиқатан шундай. Бу улуғ зотнинг қолдирган мероси авлодлар учун ҳамиша ибрат бўлиб хизмат қилаверади.
“Шарофнома” саҳифалари янги асарлар билан тўлишиб бораверади.
