“Адолат” СДПнинг “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!” деб номланган янги Сайловолди дастурида келгуси беш йилликда партия олдида турган устувор вазифа сифатида жамиятда ижтимоий адолат тамойилини қарор топтириш белгиланган.
Фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва бу йўналишда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида дастурда “Ижтимоий давлат – 2030” дастурини ишлаб чиқиш белгиланган. Ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароитини яратиб бериш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат моделидир.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ушбу мақсадни амалга ошириш учун ўз дастурида аҳоли ўртасида кескин табақаланишнинг олдини олиш, бунинг учун ташкилий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа чораларни кўриш лозим деб ҳисоблайди. Қолаверса, партия аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг энг муҳим йўналиши бўлган фуқароларнинг уй-жойли бўлишга оид конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратган.
Маълумки, сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали даромади юқори бўлмаган ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва бошқа аҳоли қатламларига кўмаклашиш ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашда манзиллилик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган бир қатор самарали механизмлар жорий қилинди.
Хусусан, субсидиялар учун ажратилган маблағларни ўзлаштириш жараёнини тезлаштириш мақсадида субсидия хабарномасининг муддати 12 ойдан 4 ойгача қисқартирилди. Шу билан бирга, субсидияни ўз вақтида ишлатмаган шахслар учун субсидия олиш учун қайта мурожаат қилиш ҳуқуқи сақланиб қолди.
Аммо ушбу жараёнларда тадбиркорларнинг субсидия асосида уй сотиши билан боғлиқ жараёнлардаги бюрократик тўсиқлар ҳамда рақамлаштириш жараёнларининг кенг қўлланилмаслиги айрим ҳолатларда тадбиркорларни ўзлари қурган уйларни субсидия асосида сотишдан чекламоқда.
Биз субсидияларни фақатгина давлат ҳисобидан эмас, балки қурилиш компанияларини ҳам бу жараёнга жалб қилган ҳолда амалга оширишни таклиф этмоқдамиз. Хусусан, субсидия асосида уй-жой қуриш ва сотишни йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш, солиқ имтиёзлари бериш, ер майдонлари ажратишда устуворлик бериш каби механизмлар орқали бунга эришиш мумкин.
Шу боис, партия келгуси беш йилликда субсидияларни ҳақиқатда муҳтож бўлган фуқароларга ўзлари танлаган ҳудуддан уй-жой қуриш ва сотиб олиш учун имтиёзлар ажратиш тизимини такомиллаштириш, бунда субсидия асосида уй сотган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларни илгари суради.
Шу ўринда сайловчилар учун бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчиман. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида ҳашаматли уй-жойларни барпо этаётган қурилиш компаниялари ва тижорат банклари даромадидан мажбурий ажратмалар эвазига махсус жамғармалар ташкил этиб, ушбу жамғарма ҳисобидан аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламлари учун ижтимоий турар жойлар қуриш таклиф этилган.
Маълумки, сўнгги йилларда қурилиш ва банк соҳаларида қонунчилик нормаларининг такомиллаштирилиши, рақобат муҳитининг яратилганлиги минглаб инсонларни ўз уйларига эга бўлишларида муҳим аҳамият касб этиб келмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ушбу ташаббуси амалга ошириладиган бўлса, сўнгги йилларда энди оёққа тураётган қурилиш соҳаси ривожланишига салбий таъсир қилиб ва соҳада рақобат муҳитининг бузилишига олиб келиши мумкин.
Маълумки, янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланиши ҳамда хусусий мулк дахлсиз бўлиб, мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.
Бироқ сўнгги вақтларда айрим ижро органи раҳбарларининг масъулиятсизлиги ҳамда ўзбошимчалиги сабаб реновация жараёнларига оид қабул қилинган қарорлар орқали кўп ҳолларда аҳоли яшаб келаётган турар жой бинолари ва бошқа ижтимоий объектларни бузиш ва қайта қуриш билан боғлиқ салбий ҳолатлар кузатилмоқда. Бу эса фуқароларнинг энг муҳим конституциявий ҳуқуқи бўлмиш уй-жойли бўлиш, мулкдор бўлиш ҳуқуқига тўғридан-тўғри дахл қилади.
Партия уй-жой билан боғлиқ бундай лойиҳалар мустаҳкам қонуний асосга таяниши, уй-жой мулкдорларининг ҳуқуқ ва манфаатлари реновациянинг ҳар бир босқичида қонун билан ишончли ҳимоя қилингандагина самарали амалга оширилишини ҳисобга олиб, янги Сайловолди дастурида реновацияга доир қонунни ишлаб чиқиш, уни амалга оширишнинг қатъий талаб ва тартиблари, уй-жой мулкдорлари ҳуқуқларига риоя этиш кафолатлари бўлмагунча бундай лойиҳаларни амалга оширмаслик таклифи илгари сурилган.
Ижтимоий объектлар фақат халқники бўлиши керак
Сўнгги беш йилликда партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгилаб берилган ҳар бир йўналиш доирасидаги ғоя ва ташаббусларнинг амалга оширилиши мамлакатимизнинг барқарор ўсиш суръатларига эришишда, энг асосийси, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, фуқароларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Энг муҳими, партиянинг 2025–2029 йилларга мўлжалланган янги Сайловолди дастурида ҳам жамиятда ижтимоий адолат тамойилини қарор топтиришга қаратилган ижтимоий йўналишдаги ташаббусларнинг акс эттирилганлигидир. Шу билан бирга, дастурда бошланган халқчил ислоҳотларни узвий давом эттириш, бугунги глобаллашув жараёнларидан келиб чиққан ҳолда вазифа ва мақсадлар белгиланган.
Таҳлилларга кўра, ҳозирги кунга қадар Республика бўйича 184 та истироҳат боғларида дарахтзорлар ҳудудлари камайтирилиб, 944 та бино-иншоот қурилган, 18 та истироҳат боғида 91 та ноқонуний қурилма мавжуд эканлиги аниқланган, 98 тасида 1248 та аттракционлар ноқонуний ўрнатилгани кузатилган.
Қолаверса, истироҳат боғларининг ерларини маҳаллий ҳокимият захирасига олиш ва кейинчалик хусусийлаштириш ёки бегоналаштириш амалиёти кенгайиб бормоқда, натижада янгидан қайта-қайта кадастр ҳужжатини тузиш орқали боғлар ҳудуди қисқариб кетмоқда.
Шу боис, партия дастурида истироҳат боғлари, болалар оромгоҳлари, сайилгоҳлар, таълим ва тиббиётга оид давлат объектлари ва уларнинг ҳудудларини сотиш, хусусийлаштириш ёки бегоналаштиришни тақиқлаш, бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик белгилашни таклиф қилган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, баъзи ҳолатларда айрим сиёсий партия томонидан илгари сурилган ташаббуслар қанчалик жозибадор бўлмасин, чуқур таҳлил ва асосга эга бўлмагани учун сайловчилар фикрини чалғитиши мумкин.
Мисол учун, Экологик партиянинг 2030 йилдан пойтахт ва йирик шаҳарларда ички ёнув двигателли енгил автомобиллар ҳаракатини, 2035 йилдан эса мамлакатда уларнинг сотилишини тақиқлаш ташаббусини олайлик.
Бугунги кунда мамлакатимизда 4 миллиондан ортиқ автомобиль мавжуд. Партия ушбу ташаббуси амалга ошса, бу машиналарнинг тақдири нима бўлиши, қандай қилиб 2030 йилдан пойтахт ва йирик шаҳарларда ички ёнув двигателли енгил автомобиллар ҳаракатини тақиқлаш ва автомобиль саноати мамлакатимиздаги электромобилларга бўлган талабни қондира оладими, бунда аҳоли даромадининг ва мамлакатдаги инфратузилманинг бунга тайёрлик ҳолати аниқ таҳлил қилинмаган.
Олий таълим битирувчиларини кафолатланган биринчи иш жойи билан таъминлаймиз
Одатда Республиканинг қайси ҳудудига борманг, ким билан гаплашманг, барчада асосий кўтариладиган муаммонинг негизи ишсизликка бориб тақалади. Оиладаги келишмовчиликми ёки бирон жиноят содир бўладими, барчасининг асосида ишсизлик, бекорчилик ётади. Шунинг учун ҳам, партия ўз дастурида фуқароларни иш билан таъминлаш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари муҳофазасини кучайтиришга қаратилган бир қатор долзарб бўлган таклифларни илгари сурмоқда.
Биламизки, бугунги кунда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигини таъминлашда замонавий талабларга жавоб берувчи профессионал кадрларнинг ўрни юқори. Шу боис, сўнгги йилларда таълим тизимини тубдан ўзгартириш, уни халқаро стандартларга мослаштириш, меҳнат бозори талабига мос юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Партиямиз дастурида малакали кадрлар тайёрлаш ва битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада салмоқли ишлар олиб борилаётгани баробарида муайян камчиликлар ҳам йўқ эмас. Шу боис, партия олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчилари учун “Кафолатланган биринчи иш жойи” лойиҳасини амалга оширишни таклиф қилмоқда.
Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши олий таълим битирувчиларини ишга жойлаштиришга ихтисослашган ва барча учун қулай бўлган, бандликни таъминлаш бўйича аниқ тартиблар ва ҳуқуқий асосларга эга, талабалар жойлашиши мумкин бўлган бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар базаси (ягона платформа) яратиш мақсад қилинган. Бу айни вақтда иш берувчини ёш кадрларга бўлган қизиқишини оширади. Энг муҳими, йигит-қизлар ўз иш жойларига эга бўлишини таъминлайди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлашда ёлланма ишчиларнинг иш берувчилар билан ўзаро муносабатларида қонунларга риоя қилинишини таъминлайдиган ва меҳнат можароларининг олдини оладиган самарали механизмларни жорий қилиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ёлланма ишчи фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, ёлланиб ишлаган даври уларнинг меҳнати иш стажига қўшилишини белгилаш тартибини жорий қилишни таклиф этмоқда.
Таҳлилларга кўра, ҳозирда мамлакатимизда турли хил секторларда меҳнат қилаётган ишчиларнинг 60 фоизи ёлланма ишчилар ҳисобланади. Партия ташаббусининг амалга оширилиши орқали минглаб аҳолининг ижтимоий ҳимояси таъминланишига, қолаверса, солиқ тушумларида муайян иқтисодий ўсишга эришишига хизмат қилади.
Партия мамлакатимизнинг чекка ҳудудлари ва кичик шаҳарларнинг ривожланишини жадаллаштириш, ҳудудлар ва пойтахт орасидаги кескин иқтисодий ва ижтимоий тафовутга йўл қўймаслик мақсадида шаҳар ва қишлоқларимизда аҳоли истиқомат қилиши учун зарур шарт-шароитларни янада кенгайтиришни долзарб вазифа деб билади.
Шу боис, партия йўл инфратузилмасини ривожлантириш, шаҳарлар марказларида тирбандликлар ва бошқа кўнгилсиз оқибатлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида пиёдалар учун ер усти ўтказгичлар қуришни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг вақтини тежаш, манзилига ўз вақтида етиб боришини таъминлаш мақсадида жамоат транспортлари қатновини тартибга солиш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида амалий ишларни ҳаётга татбиқ этишни мақсад қилган.
Бу қурилмалар йўлни кесиб ўтиш вақтида унинг очиқ ёки ёпиқ эканлигини товуш орқали одамга билдиради, яъни қурилма светофор чироғининг рангига мувофиқ турли хил товушлар чиқаради.
Таҳлилларга кўра, махсус товуш чиқарувчи светофорларнинг ўрнатилиши пиёдалар кесиб ўтиш йўлакларида содир этиладиган қоидабузарликларни Нью-Йорк шаҳрида 15 фоизга, Токио шаҳрида 10-12 фоизга, Сидней шаҳрида 25 фоизга, Берлин шаҳрида 12 фоизга камайишини таъминлашга хизмат қилган.
Таълим соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш – “Адолат” СДП учун устувор вазифа
Шубҳасиз, ижтимоий адолат тамойиллари устувор давлат барпо этишда, биринчи навбатда, таълим, илм-фан ва инновациянинг аҳамияти жуда катта. Ижтимоий давлатга хос бундай ёндашув, яъни таълим соҳаси бўйича нормалар янгиланган Конституцияда қарийб 2 баробарга оширилди.
Шу боис, партия таълимга инвестиция – бу келажакка инвестиция, халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминловчи омил сифатида қарамоқда. Партия узлуксиз таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим-тарбия бериш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш тарафдори. Бу борада таълимнинг ҳар қандай турида таълим муассасаларига қабул қилиш тартибини ишлаб чиқиш, айниқса, давлат мактабгача таълим муассасаларига тарбияланувчиларни қабул қилиш тартибини қайта кўриб чиқиш, бу борада “очиқ онлайн рўйхат” ташкил этиш зарур, деб ҳисоблайди.
Шунингдек, мактабларда ўқитилаётган “Технология” фани ўқувчиларнинг келажаги учун ўта муҳим аҳамият касб этишидан келиб чиқиб, ушбу фанни ўқитишни замон талаблари асосида йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, сунъий интеллект асосида “ақлли мактаб” дастурини таълим тизимига жорий этишни таклиф қилмоқда.
Шу билан бирга, таълим соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда партия таълим соҳасида меценатликни ривожлантириш учун қонунчиликни такомиллаштириш, тадбиркорлар, компаниялар, шахслар номи билан боғлиқ турли стипендиялар жорий этилишини қўллаб-қувватлайди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда ўқитувчи мақоми алоҳида белгилангани бежиз эмас. Зеро, жамиятимизда ўқитувчининг обрўси ошса, бутун миллатнинг обрўси ошади. Шу боис, партиямиз электоратининг асосий қисмини ташкил этувчи ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш ва рағбатлантириш бундан кейин ҳам доимий диққат-эътиборимизда бўлади.
Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси таълимнинг ҳар бир босқичида аҳолининг барча қатлами учун тенг имконият ва шароит яратиб бериш, олий таълим тизимида имтиёзларни бекор қилиш ташаббусини илгари суриб келади.
Шу боис, “Адолат” партияси “Миллий тикланиш” демократик партиясининг “Янги авлод тарбиячи ва педагогларини тайёрлаш Давлат дастури”ни қабул қилиш, шунингдек, педагогикага лаёқати бор мактаб битирувчиларини саралаш ва давлат буюртмаси асосида ўқишини ташкил этиш ташаббуси олий таълимга қабул қилиш жараёнида маълум бир тоифа манфаатини минглаб бошқа ёшларнинг олий таълим олишга бўлган ҳуқуқларини чекловчи ташаббус деб ҳисоблайди.
Шунингдек, партия дастурида таълимнинг муҳим босқичларидан бири бўлган олий таълим тизимини ҳам изчил ислоҳ қилиш, хусусан, талабаларнинг турар жойлар билан боғлиқ муаммоларини бартараф этиш мақсадида ҳар бир олий таълим муассасаси ҳузурида талабалар сонига мос “Талабалар турар жой”лари барпо этиш ҳамда олий таълим муассасаларида ўқув сифатини ошириш мақсадида ўқув адабиётлари сифатини яхшилаш, замонавий хорижий адабиётларни харид қилиш ва таржима қилиш ишларини тизимли йўлга қўйиш муҳим, деб ҳисоблайди.
Халқ саломатлиги – улкан бойлик, фаровон турмуш гарови
Шубҳасиз, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимида соғлиқни сақлаш соҳаси алоҳида ўрин тутади. Зеро, ҳар қандай мамлакатнинг энг катта бойлиги – халқининг саломатлигидир.
Шу боис, партия соғлиқни сақлаш масаласига биринчи навбатдаги ижтимоий вазифа сифатида қарашини ва ҳар бир инсоннинг малакали тиббий хизматдан фойдаланишдек конституциявий ҳуқуқи рўёбга чиқишини кафолатлашини билдирган.
Жумладан, партиянинг тиббиёт соҳасидаги биринчи галдаги вазифа сифатида тиббиёт ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашни, шу билан бирга, олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда тор соҳа мутахассислари фаолиятини йўлга қўйишни таклиф қилмоқда.
Жумладан, дастурда “ақлли тиббиёт” тизимини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, тиббиёт соҳасига замонавий ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этишни кенгайтириш ғояси илгари сурилаяпти.
Бундай самарали тиббий тизим ҳамда тиббиёт ходимларини қонун йўли билан ҳар томонлама ҳимоя қилиш жаҳоннинг қатор ривожланган давлатларида, жумладан, Германия, Франция, АҚШ ва Исроилда амалиётда кенг қўлланилмоқда.
Қолаверса, партия “ақлли тиббиёт” тизими билан бир қаторда “электрон поликлиника” ва “ягона электрон анкета” тизимларини йўлга қўйиш, тиббиёт даромад олиш манбаига айланиб қолмаслиги учун нодавлат тиббиёт ташкилотларини “тижорат ташкилоти”дан нотижорат ташкилотига ўтказиш тарафдори.
Ҳозирги кунда республикамизда кўплаб нодавлат тиббиёт ташкилотлари (хусусий клиника ва дорихоналар) фаолият кўрсатмоқда.
Бироқ уларнинг тадбиркорлик субъекти, яъни тижорат ташкилоти сифатида рўйхатга олинганлиги, бир томондан, айрим нодавлат тиббиёт ташкилотларида инсон саломатлигини асрашдан кўра даромад топишнинг устун қўйилишига олиб келмоқда. Иккинчи томондан эса, улар фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга тўсқинлик қилмоқда.
Шу боис, партия нодавлат тиббиёт ташкилотларининг алоҳида ҳуқуқий мақомини қонунда белгилаб қўйишни, яъни уларни “тижорат ташкилотидан” нотижорат ташкилотига ўтказишни таклиф қилмоқда.
Бу эса келгусида мазкур тиббиёт ташкилотлари фаолияти устидан уларнинг молиявий хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш, уларнинг даромад олиш манбаига айланиб қолмасликларини таъминлаш имконини беради.
Шунингдек, партия ўз дастурида фармацевтика соҳасини тартибга солиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни таклиф этар экан, бундай тизим энг биринчи галда фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишувларга ҳамда дорилар нархининг асоссиз оширилишига чек қўяди, деб ҳисоблайди.
Шу боис, партия фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишув ва ноқонуний мулоқот, фармацевтларнинг тиббиёт муассасаларига ғаразли ҳомийлигини тўлиқ тақиқлаш, бу каби ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгилаш тарафдори.
Шу билан бирга, партия дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг аҳолига арзон ва қулай бўлишини таъминлаш мақсадида дориларнинг ягона электрон базасини шакллантириш ва мамлакат бўйлаб яхлит электрон тизимни жорий қилиш ҳамда дори нархларининг сунъий оширилишининг олдини олиш мақсадида хорижий тажриба асосида дори воситаларининг ҳаракатланиш занжирини кузатиш технологиясидан фойдаланишни йўлга қўймоқчи.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлиги учун бўлиб ўтадиган сайловларда илгари сураётган Сайловолди дастурида юқоридаги каби замонавий социал-демократиянинг халқчил ғоялари миллий қадриятларимизга уйғун равишда сингдирилган бўлиб, жамиятда адолат, эркинлик, тенглик ва бирдамлик ғояларини илгари суриш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон – бизнинг умумий уйимиз. Шундай экан, унинг ҳар бир аъзоси эркин, адолатли, тинч ва фаровон яшашга ҳақлидир!
