Ўтаётган ҳар бир кунимиз бизни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органлари сайловига тобора яқинлаштирмоқда. Мазкур сайлов сиёсий партиялар, айниқса, депутатликка номзодлар учун катта синов бўлиши аниқ.
“Адолат” СДП сайловда муносиб номзодлар билан қатнашмоқда. Сайловолди тарғибот-ташвиқот ишлари партиянинг барча ижроия тизимида қизғин паллага киряпти, аҳоли орасида “Адолат” танилувчанлиги ортаяпти.
Партия етакчиси Робахон Махмудова партиянинг дастурий мақсад ва вазифалари, янги Сайловолди дастур мазмун-моҳияти, ундаги долзарб аҳамиятга эга таклиф ва ғояларни кенг тушунтириш, тарғиб-ташвиқ қилиш борасида ҳудудлардаги сайловчилар, аҳоли вакиллари билан учрашмоқда.
Робахон Махмудова бу сафар «Гуллар шаҳри» номини олган Наманганда бўлиб, ҳудуд сайловчилари билан учрашди. Сиёсий Кенгаш раиси ишни Наманган муҳандислик-технология институти ҳудудида жойлашган партиянинг тарғибот-ташвиқот пункти фаолияти билан танишишдан бошлади.
Қайд этиш жоизки, пункт партиянинг «Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!», «Адолат» – ҳар бир инсон учун!» шиорларини ўзида акс эттирган кўргазмали воситалар, тарқатма материаллари, янги Сайловолди дастур ҳамда ўтган 5 йилликда олиб борилган ишлар ҳақида маълумот берувчи сиёсий-услубий қўлланмалар билан бойитилган.
Партия фаоллари томонидан институт талаба-ёшларига «Адолат» СДП ғоялари, мақсад ва вазифалари, сайловдаги иштироки, депутатлар фаолияти юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб берилмоқда. Талабаларнинг катта қисми янги Сайловолди дастурда олий таълим соҳасини ривожлантириш йўналишида акс этган «Кафолатланган биринчи иш жойи» лойиҳаси ҳамда ҳар бир олийгоҳда талабалар сонига мос равишда «Талабалар турар жойлари»ни барпо этиш таклифини амалга ошириш ҳар жиҳатдан керакли ва улар учун манфаатли эканини таъкидлашяпти.
– Институтимизда «Адолат» партиясининг тарғибот-ташвиқот пункти билан танишдик, – деди талаба Расулбек Бахтиёров. – «Адолат» келгуси беш йиллик учун Сайловолди дастурида олий таълим соҳасини ривожлантириш бўйича бир қатор долзарб ва муҳим таклифларни илгари сурган. Улар орасида, албатта, “Кафолатланган биринчи иш жойи” лойиҳаси алоҳида эътиборга лойиқ. Афсуски, ҳозирги кунда олий таълимни тамомлаган кўплаб ёшлар иш билан таъминланишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу масала нафақат таълим, балки иқтисодий ривожланишга ҳам таъсир қилади. Ёшлар ўқишни тугатгач, ўз соҳасида иш топа олсалар, уларнинг билимларидан самарали фойдаланилади ва бу мамлакатимиз иқтисодиётига ҳисса қўшади. “Кафолатланган биринчи иш жойи” лойиҳаси ёш мутахассисларнинг меҳнат бозорига интеграция қилинишини осонлаштиради. Бу, ўз навбатида, ишсизлик даражасини камайтиришга хизмат қилади. Лойиҳа ёшларга келажакка ишонч бағишлайди, уларнинг потенциалидан фойдаланиш имконини беради ва ижтимоий барқарорликка ҳисса қўшади.
Робахон Махмудова пункт фаолиятини яқиндан кузатиб, масъулларга уни янада такомиллаштириш, техник жиҳозланишини яхшилаш, ахборот тарқатиш материалларини доимий янгилаб туриш, замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича таклифлар берди. Мисол учун, интерактив экранлар, видеороликлар ва ижтимоий тармоқларда фаол тарғибот материаллари тайёрлаш, бугунги ёшларнинг қизиқишларига жавоб берадиган форматлар яратиш муҳимлигини қайд этди.

– Тарғибот ишларини самарали олиб бориш учун, энг аввало, ёшлар билан жонли мулоқот қилишни кучайтириш зарур. Бугунги ёшлар фақат пассив тингловчи эмас, балки ташаббускор ва саволларига аниқ жавоб олмоқчи бўлган фаол шахслардир. Шунинг учун ҳар бир учрашув мазмунли ва қизиқарли бўлиши, бугунги кунда ахборот тезкор ва жозибали бўлиши керак. Ақлли одам керакли гапни кам сўз билан айтади, деган фикрни унутмайлик. Биз замонга ҳамнафас бўлишимиз, ёшларнинг фикрини эшитишимиз керак, чунки келажак – уларнинг қўлида, – деди партиямиз етакчиси.
Шундан сўнг Робахон Махмудова Наманган муҳандислик-технология институтининг 50 йилдан ортиқ тарихини ўзида акс эттирган маълумот ва кўргазмалар билан танишди. Институт ректори Одилжон Маматкаримов 1968 йилда ташкил топган олийгоҳ фаолияти бўйича партия етакчисига маълумот берди.
Таъкидланганидек, институт фаолиятининг асосий йўналишлари тўқимачилик, енгил саноат ва матбаа саноати тармоқлари, озиқ-овқат маҳсулотлари технологияси, электр-энергетика технологияси учун машина ва асбоб-ускуналар, кимё технологиялари, технологик жараёнларни автоматлаштириш, манзарали боғдорчилик ва кўкаламзорлаштириш йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлашдан иборат.
Ўқув даргоҳида дастлаб талабалар сони 750 нафар бўлган бўлса, ҳозирги кунда 3500 нафардан ортиқни ташкил қилади. Айни пайтда бу ерда 23 та таълим йўналишида бакалавр ва 7 та мутахассислик бўйича магистрлар тайёрланмоқда.
Куннинг иккинчи ярмида партия етакчиси иштирокида институт фаоллар залида «Адолат» СДПнинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури мазмун-моҳиятига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда партия Марказий аппарати масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодлар, сайловчилар, фаол ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Учрашувни вилоят Кенгаши раиси Исроилжон Жўраев очди ва 27 октябр куни бўлиб ўтадиган сайловларни юқори савияда ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.

Шундан сўнг Робахон Махмудова «Адолат» СДПнинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури мазмун-моҳияти мавзусида маъруза қилди.
Маъруза аввалида Сиёсий Кенгаш раиси Наманган аҳли шаънига илиқ сўзлар айтиб, жумладан, шундай деди: “Ҳаммамизга жуда яхши маълумки, Наманган қадимдан кўп-кўп истеъдод эгаларининг парвозига қанот берган илоҳий бир маскан. Бу кўҳна юртда туғилиб ижод қилган Маҳдуми Аъзам Косоний, Бобораҳим Машраб, Фазлий, Нодим Намангоний, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммадшариф Сўфизода сингари шоир ва маърифатпарварларнинг номларини халқимиз ҳурмат билан тилга олади. Миллий уйғониш даврининг етук намояндаларидан бири, Ватан ва халқ истиқлоли учун жонини фидо қилган улуғ жадид бобомиз Ибрат домла нафақат ўзи туғилиб ўсган Тўрақўрғон заминини, балки бутун Наманганни Марказий Осиёга, қолаверса, дунёга машҳур этганини ўзгача фахр билан тилга оламиз”.
Қайд этилганидек, Сайловолди дастурга энг таъсирчан ва қудратли мафкуралардан бўлган социал-демократиянинг илғор миллий ва хорижий тажрибалари, иккинчи томондан эса, замонавий социал-демократиянинг адолатлилик, эркинлик, тенглик ва бирдамлик каби халқчил ғоялари, мақсад ва вазифалари миллий қадриятларимизга уйғун ҳолда сингдирилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, охирги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий соҳаларда улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Халқимизнинг ижтимоий турмуш даражаси анча ўсди. Иқтисодий ҳаётда изчил тараққиёт кузатилмоқда. Кўплаб йирик корхоналар қурилиб ишга туширилди. Мамлакатни модернизация қилиш ва демократлаштириш жараёнлари анча чуқурлашди. Иқтисодий ва сиёсий ҳаётда либераллаштириш жараёнлари авж олди.
Шу билан биргаликда бу ривожланиш одимларини изчил давом эттириш, йўлимизга ғов бўлаётган айрим тўсиқларни олиб ташлаш давр талабига айланди. Шу муносабат билан “Адолат” партияси ўз олдига яқин ва ўрта муддатли стратегик вазифаларни қўйди ва уларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқди.
Дастур “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!” деб номланиши социал-демократиянинг жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтиришга қаратилган ғояларига тўлиқ мос келади. Бу борада партия ҳуқуқий давлат барпо этиш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, коррупцияга қарши муросасиз курашиш каби йўналишларда қатор вазифаларни белгилаб олганлиги ҳам дастурнинг номланиши ва унинг мазмуни ўртасида узвий боғлиқлик мавжудлигини кўрсатади.
– Биз бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш мақсадида давлат харидларига оид қонунчиликни такомиллаштириш, давлат бюджети даромадлари ва харажатлари билан боғлиқ барча жараёнларни рақамлаштириш ва очиқлаш, коррупция билан боғлиқ жиноятлар, айниқса, талон-тарож ҳолатлари учун жазони кучайтирувчи, етказилган зарарларни ўн баробар миқдорда ундиришни назарда тутувчи нормаларни қонунчиликка киритишни таклиф қиламиз. Биз давлат маблағларига қилинган тажовузни Ватанга хиёнат сифатида баҳолаймиз ва талон-тарожликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий жазолаш принципини илгари сурамиз, – деди партия етакчиси.
Маъруза юзасидан ва янги Сайловолди дастур бўйича кечган музокараларда партия фаоллари, турли соҳа вакиллари, депутатликка номзодлар ўз фикрларини баён этди.
– Чиндан ҳам ёшларга замонавий таълим бериш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш учун сифатли таълим-тарбия тизимини тубдан янгилаш керак, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод, Наманган муҳандислик-технология институтининг молия-иқтисод ишлари бўйича проректори Саҳобиддин Султонов. – Бу борада кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Лекин ёшларимизнинг замонавий илмларни ўзлаштиришлари учун янада кўпроқ шароит яратишимиз кераклигини замон талаб қилмоқда. Бунинг учун, аввало, ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларнинг ижтимоий ҳолатини яхшилашга ҳам эътибор қаратишимиз зарур. Шунингдек, ёшларимиз учун ҳарбий кафедралар ташкил этиш ва бу орқали уларнинг ҳарбий тайёргарлигини кучайтиришни замон тақазо этмоқда. Ёшлар орасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш ҳам партиямизнинг муҳим мақсадларидан бири ҳисобланади, бу мақсадни амалга ошириш учун рағбатлантириш чораларини излаб топишимиз керак бўлади.
– Партиядошларимиз орасида етук сиёсатчилар, жонкуяр фаолларимиз жуда кўп, – деди республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Оппоқов. – Бундай фидойи кишиларимизнинг меҳнатини эътироф этиш ва ўз ўрнида рағбатлантириб бориш зарур. Шунинг учун мен «Адолат фидойиси» кўкрак нишонини таъсис этиш таклифини билдираман. Мени кўпдан бери мигрантлар масаласи ўйлантириб келади. Бу борада ечимини кутаётган муаммолар кўп ва уларга ечим маҳалладан топилади. Маҳалла аҳли шу ерда туғилиб ўсган ўғил-қизларнинг ҳаёти, оиласи ва турмуш-тарзини яхши билади. Шунинг учун маҳаллаларда юридик маслаҳатхоналар ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда чет элга ишга борадиган ёшларни касбга тўғри йўналтириш ва уларнинг юзага келиши мумкин бўлган кутилмаган муаммоларига ечим топиш осонроқ кечади. Яна бир оғриқли нуқталардан бири қизларни эрта турмушга узатиш масаласи бўлиб турибди. Бунда ҳам маҳаллага суянмасак бўлмайди. Токи қизларимиз оила тебратиш, соғлом фарзандни дунёга келтиришга тайёр бўлмас эканлар, қўйди-чиқди масаласи кундалик бош оғриғи бўлиб қолаверади. Бу муаммони бартараф этиш учун ҳам маҳаллаларда турмушга тайёрлайдиган ва касб-ҳунар ўргатадиган марказлар ташкил этиш зарур. Турмуш қурадиган келин ва куёвлар ўртасида, албатта, никоҳ шартномасини тузишни қонунда белгилаб қўйиш ва айбдор томонга нисбатан кескин чоралар қўллаш керак, деб ўйлайман.
– Фаолиятим давомида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш жараёнида давлат органлари мансабдор шахслари томонидан коррупциявий ҳолатлар, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилаётганлигига кўп бора дуч келганман,– деди вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Исматиллаев. – Шу ўринда, “Адолат” социал демократик партияси ўзининг Сайловолди дастурида ҳам коррупцияга қарши курашишга доир вазифалар белгиланиши, коррупцияга қарши курашиш – устувор вазифа сифатида қаралишини тўғри, деб баҳолайман. Чунки коррупция бор жойда тараққиёт бўлмайди, коррупция бор жойда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги поймол этилади, адолат бўлмайди. Шунга кўра, Сайловолди дастурида партия қонунларни ижро этиш жараёнида уларга нисбатан ҳар қандай формал муносабатда бўлиш ва бунинг натижасида адолатга путур етказиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича доимий фаолиятини йўлга қўйиши керак бўлади.

Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзод, Наманган давлат университетининг таянч докторанти Истора Жўраева партиянинг таълим соҳасини янада ривожлантириш, ўқитувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга шароитлар яратиш, ижтимоий муҳофазасини яхшилашга қаратилган таклиф-ташаббусларни қўллаб-қувватлади. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига номзод, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Нозима Акбарова ёшлар ҳамиша партиянинг бош бўғини бўлиб келаётганлиги, партия дастурларида уларни ҳамиша қўллаб-қувватлаб, зарур шароитлар яратилаётгани ва бунга жавобан фаол бўлиш фикрини айтиб ўтди.
Учрашувда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига номзод, Сенат ҳузуридаги ёшлар парламенти аъзоси, «Мард ўғлон» нишони соҳиби Сарварбек Муродиллаев ўзининг раҳбарлиги остидаги спорт мактабида тарбия топаётган йигит-қизлар спортнинг 22 тури бўйича юрт байроғини юксакларга кўтаришгани, айни пайтда мазкур спорт мактабидан Ўзбекистон чемпионати ва кубоги совриндорлари, Осиё ва Европа чепионлари етишиб чиққаннини фахр билан тилга олди. Спортнинг бир нечта тури бўйича ёшлар Ўзбекистон терма жамоалари таркибига қабул қилингани ва уларнинг кўпчилиги олий даргоҳларда ўқишни давом эттириш билан бирга спорт мусобақалари иштирокчиси сифатида ўз олийгоҳлари шарафини ҳимоя қилаётгани ҳақида ғурур билан гапираркан, бўлажак сайловларда партиямизнинг ҳам чемпион бўлишини тилади.
Сиёсий Кенгаш раиси учрашув якунида 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловда наманганликлар фаоллик кўрсатиб, партияга ва унинг номзодларига бирдамликда овоз беришларига ишонч билдирди.
Шу куни Робахон Махмудова партия фаоллари, номзодлар ва ёшлар билан биргаликда Тўрақўрғон туманида жойлашган жадид адабиётининг таниқли намоёндаси Исҳоқхон тўра Ибрат ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, унга эҳтиром кўрсатди. Сўнг тадбир иштирокчилари Қатағон қурбонлари ва Ибрат уй-музейларида бўлиб, кўргазмалар билан танишишди.
Наманган вилоят кенгаши матбуот хизмати
Тошкент шаҳри. “Адолат“ СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институтида сайловчилар билан учрашди
Сайловлар ҳар бир демократик давлатнинг сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Ушбу жараён, фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини амалга ошириш, ижтимоий ва иқтисодий масалаларда ўз позициясини белгилаш имконини беради, шунингдек, фуқароларнинг сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишини таъминлаб, ўз овози орқали ижтимоий ўзгаришларга таъсир кўрсатишга хизмат қилади. «Адолат» СДП сайлов кампаниясида фаол иштирок этишни ўзининг устувор вазифаси сифатида белгилаб, уни янги тўлқин билан олиб боряпти.
Айни кунларда партия етакчиси Робахон Махмудова жамиятдаги турли қатлам вакиллари билан фаол мулоқотни таъминлаш, партиянинг мақсадлари ва янги Сайловолди дастурини кенг оммага етказиш, сайловчилар билан яқин алоқа ўрнатиш, уларнинг муаммоларини тинглаш ва эҳтиёжларини аниқлаш мақсадида учрашувлар ўтказмоқда. Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институтида ўтказилган навбатдаги шундай учрашувда партиянинг олий таълим, соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ соҳаларидаги муҳим таклиф ва ғоялари қизғин муҳокама қилинди.
Робахон Махмудова учрашув ўтказиладиган манзилга партиянинг тарғибот-ташвиқот тадбирларига мўлжалланган махсус автобусида етиб келди.
Даставвал партия етакчиси олийгоҳ қошидаги музей фаолияти билан танишди. Робахон Махмудовага ҳамроҳлик қилган институт ректори Ботир Даминов Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институти тарихи, илмий салоҳияти, олий таълим тизимида олиб борилаётган ўзгаришлар ва талаба-ёшлар ютуқлари бўйича маълумот берди.
Шундан сўнг Сиёсий Кенгаш раиси институт фаоллар залида “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши масъуллари, депутатликка кўрсатилган номзодлар, профессор-ўқитувчилар, партия фаоллари, талабалар ва ОАВ вакиллари билан учрашди. Учрашувни “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Муҳаррам Дадаходжаева кириш сўзи билан очиб, шаҳар кенгаши томонидан сайлов кампанияси даврида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари, пунктлар фаолияти, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари юзасидан маълумот берди.
Жумладан, сайловчиларни “Адолат” СДП номзодлари, партиянинг асосий ғоя ва таклифлари, 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури билан таништириш бўйича ўтказилаётган тадбирлар изчилликда давом этаётганини қайд этди.
Шундан сўнг Сиёсий Кенгаш раиси Робахон Махмудова тиббиёт соҳасида мамлакатимизда асосий таянч олий таълим муассасаларидан бири бўлган мазкур олийгоҳдаги ўқитувчи-профессорлар, бўлажак педиатрларга “Адолат” СДПнинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган янги Сайловолди дастури мазмун-моҳияти, хусусан, тиббиёт соҳаси бўйича акс этган ғоя ва таклифлари юзасидан сўз юритди.
Бунда “Ақлли тиббиёт” тизимининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, “Электрон поликлиника” ва “Ягона электрон анкета” тизимларини йўлга қўйиш, тиббиёт даромад олиш манбаига айланиб қолмаслиги учун нодавлат тиббиёт ташкилотларини “тижорат ташкилоти”дан нотижорат ташкилотига ўтказиш, хусусий тиббиёт, таълим ва овқатланиш корхоналарида санитария-эпидемиология назорати амалга оширилишини кучайтириш орқали аҳолини заҳарланиш ва юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш каби муҳим масалаларнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Таъкидланганидек, “Ақлли тиббиёт” тизимининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш учун муҳим қадам ҳисобланади. Бугунги кунда электрон технологияларни жорий қилиш орқали тиббиётни такомиллаштиришнинг аҳамияти ниҳоятда ортиб бормоқда. “Электрон поликлиника” ва “Ягона электрон анкета” тизимлари орқали пациентларга тиббий хизматларни самарали ва тезкор тақдим этиш имкони яратилади, бу эса соғлиқни сақлаш тизимини жадал ривожлантиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, тиббиёт даромад олиш манбаига айланиб қолмаслиги учун нодавлат тиббиёт ташкилотларини “тижорат ташкилоти”дан нотижорат ташкилотга ўтказиш зарур. Бу, ўз навбатида, тиббий хизматлар сифати ва дастурларнинг умумий самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Нодавлат тиббиёт ташкилотлари доимий равишда фуқароларнинг соғлиғи учун хизмат қилиши керак, бу эса уларнинг ижтимоий масъулиятини оширади.
Хусусий тиббиёт, таълим ва овқатланиш корхоналарида санитария-эпидемиология назоратини кучайтириш аҳамияти ҳам катта. Ушбу назорат механизмлари орқали аҳолини заҳарланиш ва юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш учун зарур чоралар кўрилади. Институтлар ва корхоналар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, санитария нормаларига риоя қилиш, муаммоларни аниқлаш ва уларни тезкор ечиш учун механизмларни жорий этиш муҳим.
Шу билан бирга, аҳолининг тиббий маълумотларга эга бўлиши, уларнинг соғлиқлари мунтазам кузатиб борилиши, ижтимоий соғлиқни сақлашдаги аҳамиятини осонлаштиради. Электрон тиббиёт тизими аҳоли тўғрисида маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва даволаш жараёнларини мувофиқлаштириш учун ҳамда фуқароларни тиббий профилактика тадбирларига жалб қилишга кўмаклашади.

Учрашувда сайловчиларга шаҳар кенгаши томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органларига кўрсатилган номзодлар таржимаи ҳоли, фаолияти ва Сайловолди дастурлари таништирилди.
Учрашув якунида Робахон Махмудова бу йилги янгича, аралаш тизимда ўтадиган сайловларда сиёсий партиялар ўртасидаги ўзаро рақобат, ғоявий кураш янада юқори даражага кўтарилишини инобатга олиб, сайловчиларни фаол бўлишга чақирди.
Тошкент шаҳар кенгаши матбуот хизмати
Робахон Махмудова қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашди
Хабарингиз бор, мамлакатимиздаги сиёсий жараёнлар ўзининг шиддатли даврига кириб, халқ манфаатларини юксалтиришга қаратилган сайловолди кампанияси доирасидаги тарғибот-ташвиқот ишлари сиёсий партиялар томонидан фаол олиб борилмоқда. Бу жараёнда “Адолат” СДП ўзининг барқарор ғоялари ва янги Сайловолди дастури орқали халқ билан яқин алоқани мустаҳкамлаб, адолат ва тенглик устуворлигини таъминлашга қаратилган фаолиятини янада кучайтиряпти.
Айни кунларда партия етакчиси Робахон Маҳмудованинг турли ҳудудларда бўлиб, тиббиёт ва таълим соҳаси вакиллари ҳамда сайловчилар билан мунтазам ўтказаётган учрашувлари бунга ёрқин мисолдир. Бу учрашувлар фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш имконини беради.

Энг муҳими, шу орқали партия аҳоли билан яқин алоқа ўрнатиш, уларнинг ҳақиқий эҳтиёжларига асосланган қарорларни қабул қилишда ёрдам беради. Фуқароларнинг фикр ва таклифлари партиянинг сиёсатини самарали шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Партиянинг асосий мақсади – ҳар бир фуқаронинг манфаатини ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳаётини яхшилашдир.
Мазкур устувор режа ва мақсадлар доирасида Қорақалпоғистон Республикасида Сиёсий Кенгаш раисининг сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашуви таълим ва тиббиёт соҳалари вакилларига бағишлангани ҳам бежиз эмас. Чунки партия раҳбари фаоллар, электорат вакилларининг муаммолари ва таклифлари билан ишлаш, фикрларини тинглашга жамият равнақининг асосий мезони сифатида қарайди.
Дастлаб, Сиёсий Кенгаш раиси Қорақалпоғистон тиббиёт институтидаги “Адолат” СДП тарғибот-ташвиқот пункти фаолиятини ўрганди. Қайд этиш жоиз, ушбу пункт партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ташкил этилган бўлиб, маҳаллий сайловчиларга партиянинг асосий ғоялари ва мақсадларини тушунтиришга мўлжалланган.
Танишув жараёнида партия етакчиси сайловчилар билан тўғридан-тўғри мулоқотнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Мулоқот орқали сайловчиларнинг фикрлари, таклифлари ва эҳтиёжлари аниқланади, бу эса партиянинг сиёсий стратегиясини самарали шакллантиришга ёрдам беради.
Бу жараённинг муҳимлиги шундаки, партия фаоллари фуқаролар билан яқин алоқа ўрнатиш орқали уларнинг муаммоларини тинглаш ва ҳал этиш учун аниқ таклифлар олиш имконини беради. Танишув давомида тақдим этилган медиа маҳсулотлар, ўтган беш йилда амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар фуқароларнинг партияга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Бундан ташқари, тарғибот-ташвиқот воситаларидан самарали фойдаланиш, тарқатма ва флаерларни кенг кўламда тарқатиш партия мақсадларини кенг аудиторияга етказиш учун муҳим механизмлардан биридир. Ушбу жараён партия фаолияти самарадорлигини ошириш, сайловчиларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олиш ва уларнинг фикрларини инобатга олиш орқали самарали сиёсий муҳит яратишга хизмат қилади.
Куннинг иккинчи ярмида партия етакчиси олийгоҳ фаоллар залида “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бир мандатли округлардан ҳамда маҳаллий Кенгашларига кўрсатилган номзодлар, тиббиёт соҳаси вакиллари, партия фаоллари, ёшлар ва ОАВ вакиллари билан учрашди.
Учрашув партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Нурлибой Қаипбергеновнинг кириш сўзи билан бошланди. У ўз нутқида сайлов компанияси даврида партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан амалга оширилаётган тадбир ва лойиҳалар, янги Сайловолди дастур тарғиботи ва ташвиқот ишлари ҳақида маълумот берди.

Тадбирда партия етакчиси Робахон Махмудова сўзга чиқиб, “Адолат” СДПнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор вазифаларини аниқ ва тушунарли тарзда баён қилди. “Биз соғлиқни сақлаш тизимида адолатни қарор топтириш, ҳар бир фуқаронинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлаш тарафдоримиз. Тиббиёт ходимларининг меҳнат шароитларини яхшилаш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш партия дастурининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган”, дея алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, «Ақлли тиббиёт» тизимини ривожлантириш ва соғлиқни сақлаш соҳасини тўлиқ рақамлаштириш бугунги куннинг муҳим талаби ва у беморларга хизмат кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида илгари суриляпти.
Учрашув давомида Қорақалпоғистонда тиббиёт соҳасини ривожлантиришда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Г.Абдисаметова маълумот берди. Шунингдек, тадбирда парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар сўзга чиқиб, ўз Сайловолди дастурларини йиғилганларга таништирди.
Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Шаҳзада Абдираманова ўз Сайловолди дастурида мамлакат иқтисодий фаолияти натижасида юзага келган даромадларни адолатли тақсимлашни таъминлайдиган иқтисодий-ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш, айниқса, солиқ солишнинг прогрессив ставкаларини ҳаётга татбиқ этиш ва бу орқали даромадлар тенгсизлигини камайтириш зарурлигини таъкидлади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлигига номзод Яхшибика Абдуллаева партия Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда тайёрланган Сайловолди дастурида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, бандлик ва бошқа масалаларни қонунчилик доирасида бартараф этиш устувор вазифа этиб белгилангани хусусида сўз юритди.
Шунингдек, учрашув жараёнида Сайловолди дастуридаги фармацевтика соҳасини тартибга солиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳам қамраб олинганлиги, хусусан, фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишув ва ноқонуний мулоқотга чек қўйиш, фармацевтларнинг тиббиёт муассасаларига ғаразли ҳомийлигини тўлиқ тақиқлаш, бу каби ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгилаш масаласи қизғин қўллаб-қувватланди.
Учрашув сўнггида ёшлар ва тиббиёт ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга партия вакилларидан жавоб олишди.