ADOLAT 24

Фалакиёт илмининг  султони

Бу йил улуғ аллома, Темурийлар давлатининг машҳур ҳукмдорларидан бири, иккинчи Уйғониш даврининг ёрқин намояндаси Мирзо Улуғбек таваллудига 630 йил тўлади. Шу муносабат билан мамлакатимиз Президенти ушбу санани муносиб нишонлаш мақсадида “Буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилди. Қарорга кўра Мирзо Улуғбекнинг 630 йиллиги шу йил Самарқанд шаҳрида нишонланиши белгиланди. Шу билан бирга аллома илмий-ижодий меросига мансуб қўлёзма ва бош­қа маданий бойликлар реставрация қилинадиган, унинг шарафига барпо этилган ёдгорлик мажмуалари мукаммал таъмирланадиган ва ободонлаштириладиган, ушбу санага бағишланиб “Жаҳон тамаддуни ривожида Мирзо Улуғбек илмий-маърифий меросининг ўрни ва аҳамияти” мавзуида илмий-адабий тадбирлар ўтказиладиган бўлди. Аллома ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ саҳна асарлари, киноасарлар яратиш, қўлёзмалар кўргазмаларини ташкил этиш режалаштирилди. Аллома ҳақида хорижий тилларда ёзилган асарларни таржима қилиш, унинг илмий меросини ўрганишга бағишланган илмий мақолалар танловини ўтказиш каби ишлар белгиланди. Хуллас, ушбу сана юртимизда кенг миқёсда нишонланади ва оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилади.

Маълумки, Мирзо Улуғбек ҳаёти, илмий мероси, ҳукмдорлик фаолияти хусусида жуда кўплаб тарихий, илмий, маърифий, бадиий асарлар яратилган. Ана шулар орасида XV-XVI асрларда яшаб, ижод қилиб ўтган Алишер Навоий, Давлатшоҳ Самарқандий, Абдураззоқ Самарқандий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Саккокий, Мирхонд, Зайниддин Восифий, Фахриддин Али Кошифий, Ғиё­сиддин Коший сингари шоирлар, адиблар, муаррихлар, алломаларнинг асарларидаги Мирзо Улуғбек ҳақидаги маълумотлар алоҳида ўрин тутади.

Буюк ўзбек шоири, мутафаккири Алишер Навоий “Мажолисун-нафоис” асарида у ҳақда тўхталиб, шундай деб ёзади: “Улуғбек Мирзо – донишманд ­подшоҳ эрди. Камолоти бағоят кўп эрди. Етти қироат била Қуръони Мажид ёдида эрди. Ҳайъат (астрономия) ва риёзийни (математика) хўб билур эрди. Андоққим, зиж битиди ва расад боғлади ва ҳоло анинг зижи орода шоеъдур. Бовужуди бу камолот гоҳи назмға майл қилур. Бу матлаъ анинингдурким:

Ҳарчанд мулки ҳусн ба зери нигини туст,

Шўхи макун ки чашми бадон дар камини туст.

(Мазмуни: мулкнинг гўзаллиги гарчанд узугинг остида бўлса ҳам, эҳтиёт бўл, ёмонларнинг кўзи сенга тузоқ қўймиш.)

“Фарҳод ва Ширин” достонида эса улуғ алломани

Темурхон наслидин султон Улуғбек,

Ки олам кўрмади султон анингдек.

Анинг абнойи жинси бўлди барбод,

Ки давр аҳли биридин айламас ёд.

Ва лек ул илм сори топти чун даст,

Кўзи олинда бўлди осмон паст,

деб улуғлайди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”да Мирзо Улуғбекнинг Самарқандда барпо эттирган иморатлари, боғлари, масжиду мадрасалари хусусида бошқа муаллифларга нисбатан кўпроқ ва тўлароқ маълумот беради.

“Улуғбек Мирзонинг иморатларидин Самарқанд қалъасининг ичида мадраса ва хонақоҳдур. Хонақоҳнинг гунбази бисёр улуғ гунбаздур, оламда онча улуғ гунбаз йўқ деб нишон берурлар. Яна ушбу мадраса ва хонақоҳга ёвуқ (яқин) бир яхши ҳаммом солибтур. Мирзо ҳаммоми (деб) машҳурдур. Ҳар навъ тошлардин фарш қилибтур. Хуросон ва Самарқандда онча ҳаммом маълум эмаским, бўлғай. Яна бу мад­расанинг жанубида бир масжид солибтур. Масжиди Муқаттаъ дерлар. Бу жиҳатдин Муқаттаъ дерларким, қитъа-қитъа йағочларни тарош қилиб, ислимий ва хитоий нақшлар солибтурлар.

Яна бир олий иморати Пуштаи Кўҳак доманасида расаддурким, зиж битмакнинг олатидур, уч ошиёнлиқдур. Улуғбек мирзо бу расад била Зижи Кўрагонийни битибтурким, оламда ҳоло бу зиж мустаъмалдур. Ўзга зиж била кам амал қилурлар. Мундин бурун Зижи Элхоний мустаъмал эдиким, Хожа Насир (уддин) Тусий Халокухон замонида Мароғада расад боғлатибтур. Халокухондурким Элхон ҳам дерлар.

Яна Пуштаи Кўҳакнинг доманасида (Мирзо Улуғбек) ғарб сари боғе солибтур, Боғи Майдонға мавсум. Бу боғнинг ўртасида бир олий иморат қилибтур. Чил сутун дерлар, ду ошёна. Сутунлари тамом тошдин. Бу иморатнинг тўрт бурчида тўрт манордек буржлар қўпорибтурларким, юқориға чиқар йўллар бу тўрт бурждиндур. Юқориғи ошиёнининг тўрт тарафи айвондур, сутунлари тошдин. Ўртаси чорддар уйдур. Иморат курсисини тамом тош­дин фарш қилибтурлар.

Бу иморатдин Пуштаи Кўҳак сари доманада яна бир боғча солибтур, анда бир улуғ айвон иморат қилибтур. Айвоннинг ичида бир улуғ тоштахт қўйубдур. Тули (узунлиги) тахминан ўн тўрт-ўн беш қари бўлғай, арзи (кенглиги) етти-саккиз қари, умқи (чуқурлиги) бир қари. Мундоқ улуғ тошни хейли йироқ йўлдин келтурубтурлар. Ўртасида дарз бўлибтур. Дерларким, ушбу ерга келтургандин сўнг бу дарз бўлғондур. Ушбу боғчада яна бир чордара солибтур, изораси тамом чиний. Чинийхона дерлар, Хитойдин киши йибориб келтурубтур”.

Риёзиёт ва фалакиёт илмининг буюк алломаси, Мирзо Улуғбекнинг сафдоши ва ҳамкорларидан бири Ғиёсиддин Коший Эроннинг Кошон шаҳрида яшайдиган отасига йўллаган мактубида Мирзо Улуғбекнинг илмий салоҳияти ва иқтидорига юксак баҳо беради. У мактубида, жумладан, бундай деб ёзади:

“Самарқандда (уни Оллоҳ ўз паноҳида асрасин) ҳозир аҳвол ўзгачадур, чунки, аввало, ислом подшоси Улуғбек (Оллоҳ унинг давлатини абадий қилсин) донишманд кишидур. Оллоҳга ва унинг марҳаматига шукрлар бўлсин. Мен бу нарсани одоб, ҳурмат расми юзасидан айтаётганим йўқ. Ҳақиқат шуки, аввало, у киши Қуръони Каримнинг аксарият қисмини, унинг тафсирларини ва муфассирларнинг ҳар бир оят ҳақидаги сўзларини ёддан билади. У ўзининг ҳар бир айтганини исботлаш учун Қуръондан муносиб оят ҳамда мувофиқ иборалар келтиради. Қуръонни тўлиқ ёддан билувчи мураттаб кишилар ҳузурида у ҳар куни Қуръондан икки сурани хатосиз ўқийди. У (араб тилининг) сарфу наҳвини яхши билади. Арабчада ғоят яхши ёзади. Шу билан бирга у қонуншунослик (фиқҳ)дан яхши хабардор, мантиқ, адабиёт услубларини ҳамда мусиқа назарияси асосларини билади. У киши риёзиёт фанининг барча тармоқларини мукаммал эгаллаган ва (унда) шундай жиддий маҳорат кўрсатганларки, кунлардан бир куни отда кетаётиб 818 йил ражаб ойининг ўнинчи ва ўн бешинчи кунлари (милодий 1415 йил, 15-20 сентябрь) орасидаги душанба куни йил мавсумининг қайси кунига муносиб келишини топмоқчи бўлган. Шунга кўра у отда кетаётиб, хаёлий ҳисоб билан Қуёш тақвимини градуслар ва дақиқаларгача ёддан ҳисоблаб чиқди ва отдан тушгач, ҳисоб тўғрилигини бу бандаи бечорадан сўраб аниқлаб олди. Ҳақиқатан ҳам, унинг ҳисоби тўғри эди. Аслида хаёлий ҳисобда айрим сонларни ёдда тутмоқ ва бошқа миқдорларни буларга асосланиб топмоқ керак. Лекин инсоннинг ёдлаш қуввати заифдир ва у даража ва дақиқаларни у қадар аниқ тополмайди ва фақат градуслар билан чекланади. Бундай ҳисоблар замондошларимдан ҳеч бирига ато этилмаган ва ҳеч ким буни қилиши мумкин эмас. Лекин у бунга эришди.

Айтмоқчиманки, у киши бу фан соҳасида ғоят катта маҳоратга эришганлар. Юлдузшуносликка тааллуқли амалларни яхши бажаради ва чуқур далиллар билан ҳудди керагидек ҳисоблайди. “Тазкира” (“Носириддиннинг хотираномалари”) ва “Туҳфа” (“Шоҳ туҳфаси”)дан шу қадар зўр дарс ўтадики, уларга ҳеч қандай қўшимча қилишнинг ҳожати қолмайди. Қисқаси, бу ерда фаннинг барча соҳалари бўйича жуда кўп мутахассислар йиғилган… Бу ерда подшоҳ (Оллоҳ унинг давлат ва подшолигини улуғ қилсин), расадхонани шахсан ўзлари бошқариб, унда ўзлари ишлайди. Бундан олий ҳазратнинг табиатан ниҳоятда олий ҳиммат, раҳмдил ва марҳаматли инсон эканлигини таъкидлаш ўринлидир”.

Мирзо Улуғбек билан деярли бир вақтда яшаб ўтган олим, Темурийлар даврининг атоқли муаррихларидан бири Абдураззоқ Самарқандий “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” (“Икки саодатли юлдузнинг чиқиш ва икки денгизнинг қўшилиш жойи”) асарида улуғ алломанинг Самарқандда барпо эттирган расадхона билан боғлиқ фаолияти ҳақида шундай сўз юритади:

“Илму фанлар бўйича етарли насиба ва тўлиқ сармоя эгаси бўлган Мирзо Улуғбек, ўз билими нурларини бутун жаҳонга офтоб шуъласи янг­лиғ зоҳир қилишни, идрок ёруғлигини тупроқ чуқурлигидан энг юқори фалак гумбазига етказишни, юлдузлар расади садосини гардун гумбази бўйлаб таратишни ва бу улуғ иш тантанасини ер юзида янгратишни истади. Шунга биноан, у замон Афлотуни мавлоно Салоҳиддин Мусо Қозизодайи Румий, Мирзо Улуғбек ўзи тарбиялаб иноят тили билан “фарзандим”, деб атагани даврон Батлиймуси бўлмиш мавлоно Алоуддин Али қушчи (бу икки донишманд тадқиқотчи Самарқандда муқим яшар эди) ҳамда Мирзо Улуғбек Кошондан Самарқандга келтиргани улуғ мавлоно Ғиёсуддин Жамшид ва ҳурматли мавлоно Муинуддинлар каби барча илмлар бўйича ва маъқулу мафҳум, хусусан, риё­зий ҳам ҳикамий тадқиқотлар бўйича аср мўъжизаси ва давр нодираси бўлмиш ҳукамолар ва машҳур билимдонлар, уторид зеҳнли муҳандислару “Мажис­тий” кашф этувчи файласуфлар билан биргаликда бир анжуман тузди ва ақли куллнинг қўллови билан осмон қисмларидан ҳар бир қисмнинг кайфиятидан воқиф бўлган, хаёл сайёҳининг дадил қадамлари билан юқорию қуйи оламнинг узунлик ва кенг­лик масофасини босиб ўтадиган ва жисмларнинг оралиқ ҳам сатҳларини аниқлашда бирор муҳмал дақиқа ёки сонияни эътиборсиз қолдирмайдиган ана шу донишмандлар билан мунажжимликнинг нозикликларини ўқиб олишу тақвимларнинг сирларини тушуниб етиш соҳасида сўз мартабаси даражаларини фалак ул-афлокка етказиб суҳбатлар қурди.

(Бу соҳада) етук камолот ҳосил қилгач ва асбобларни шайлагач, (Улуғбек) расад ва зийж тузишга майл қилди ва Самарқанднинг шимолида, шарқ томонга мойилроқ ерда мос бир жойни тайин қилди ҳамда шуҳратли ҳакимларнинг ихтиёри бўйича у ишни бош­лашга мувофиқ бир толе муқаррар қилинди.

У (расадхона)нинг биноси давлат асосидек пойдор, пойдевори эса салтанат қоидасидек устивор қилиб мус­таҳкамланди, иморатини тиклаш ва устунларини кўтариш (оятдаги) (албатта, ўша қиёмат куни тоғлар сайр қилади) дейилган кунгача барқарор (турувчи) тоғлар сингари йиқилишу нурашлардан омон тарзда бажарилди. (Оятда келган) (етти мустаҳкам) қуббадор қасрдан намуна бўлган у олий бунёд ва улуғсифат иморатнинг хоналари ичига тўққиз фалакнинг ҳайъатию тўққиз (осмон) доиралари шакл­ларини даражалар, дақиқалар, сониялардан тортиб то ошираларгача (чизилди) ҳамда айланувчи фалаклар, етти сайёра юлдузлари, собита юлдузлар кўриниши ва ер курраси ҳайъатию иқлимлар суратларини тоғлар, биёбонлар ва унга (ер куррасига) нимаики тегишли бўлса (ҳаммаси) билан бирга дилпазир нақшлару беназир рақамлар билан чизишга буюрди, офтоб ва бошқа сайёраларнинг тақвимини кузатиб бориб, ҳикмат эгаси бўлмиш жаноб Насируддин Тусий тузган “Зийжи жадиди Элхоний”га фойдали ва нозик (тафсилотлар) орттирди ҳамда (у зийждаги) офтоб ва бошқа сайёралар тақвимида (йўл қўйилган) кўп аниқ тафовутларни кўрсатди. Бу нозик ишда унга улуғ ҳукамолар мададкор ва муовин эдилар. Бу муҳим ишнинг овозаси шаҳар ва мамлакатлар бўйлаб тарқалиб, шуҳрат топди. Шаҳзода у зийжга тузатишлар киритиб тамомланишига муваффақ бўлди ва унга “Зийжи Султоний Кўрагоний” деб ном берилди. У зийж мунажжимлик санъати моҳирлари ва тақвим усталари орасида қўлланилиб келмоқда.

XV асрнинг атоқли алломаларидан бири Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкират аш-шуаро” (“Шоирлар тазкираси”) асарида ҳам Мирзо Улуғбек ҳақида кўплаб маълумотлар ёзиб қолдирган. Жумладан, у асарининг “Хожа Исматулла Бухорий” бобида шундай деб ёзади:

“Олим, одил, ғолиб ва ҳимматли подшоҳ Улуғбек Кўрагон юлдузлар илмида осмон қадар юксалиб борди, маоний илмида қилни қирқ ёрди. Унинг даврида олиму фозиллар мартабаси ниҳоят баланд чўққига кўтарилди.

Мирзо Улуғбек ҳандаса (геометрия) илмида мажастийкушо эрди. Фозиллару ҳокимларнинг якдил фикрлари шулки, исломият замонида, балки (Искандар) Зулқарнайн замонидан шу пайтгача Улуғбек Кўрагондек олим ва подшоҳ салтанат тахтига ўлтирмаган. У риёзиёт (математика) илмини шу даражада эгаллаган эрдики, замонасининг олимлари, чунончи уламолар ва ҳакимлар фахри Қозизода Румий ҳамда Ғиёсиддин Жамшид Коший билан биргаликда юлдузлар илмига расад боғлади. (Лекин) замонасининг бу икки улуғ олими расад охирига етмай туриб вафот этдилар ва Султон (Улуғбек) бор ҳимматини бу ишни охирига етказишга сарфлади. “Зижи султоний”ни кашф этиб, уни ўз исми билан зийнатлади. Бугун бу зиж ҳакимлар наздида мўътабар ва амалдадир. Баъзилар уни “Зижи Носири Элхоний” (Носириддин Тусий яратган зиж)дан ортиқ кўрадирлар.

(Улуғбек Кўрагон) Самарқандда бир олий мадраса ҳам бино этдики, безаги, афзаллиги ва улуғворлиги жиҳатидан унга ўхшаши етти иқлимда ҳам йўқдир. Шу кунларда у олий мадрасада юздан ортиқ талаба ўқиб истиқомат қилмоқда.

У отаси Шоҳруҳ баҳодир ҳукумронлги даврида Самарқанд ва Мовароуннаҳрни қирқ йил мустақил идора этди. Султон Улуғбек салтанатни бошқариш, адлу инсофда мақбул йўл тутар эрди.

Хожа Исмат олам подшоси Улуғбек Кўрагон ҳукумронлиги даврида ҳокимларни мадҳ этишни тарк этди. Номи тилга олинган султон ундан шеър айтишни ўтиниб сўрайди ва заруратдан ул ҳазрат мадҳида бир неча қасида ёзади…”

Тазкиранавис муаррих асарнинг “Амир Хусрав Деҳлавий”га бағишланган қисмида “Амирзода Бойсунқур Амир Хусровнинг “Хамса”сини шайх Низомий “Хамса”сидан ортиқ кўрар эрди, маърифатли ҳоқон Улуғбек Кўрагон (эрса) буни қабул этмас ва шайх Низомийга эргашар эрди. Шу даъво туфайли ҳар икки подшоҳ ўртасида кўп марта тортишувлар бўлиб, ҳар бирлари алоҳида бир шоирга ҳамият кўргузур эрди”, деб ёзса, тазкирасининг “Муъиниддин Жувайний” бобида “Мавлоно Жувайний асарлари жумласидан бўлган “Нигористон” китоби шайх Саъдийнинг “Гулистони” услубида ёзилган. Лекин у китобдан соддароқ ва донишмандона битилгандир. Унда нодир, намуна бўларли, фойдали ҳикматлар кўп тўпланган. Баҳрабод аёнлари унинг (Мирзо Улуғбекнинг) ҳузурига тўпланиб (унинг амри билан), китобни чиройли хат ва тамом такаллуф билан кўчириб бердилар. (Улуғбек Мирзо) ўша китобни доимо мутолаа қилиб юрар ва мақбул кўрар эрди. Бу китоб Мовароуннаҳрда кўп шуҳрат топди, лекин Хуросонда (унинг шуҳрати) камроқ бўлди”, деб Мирзо Улуғбек шахсига, унинг улуғ алломаларга, ижод аҳлига, асарларига муносабатига юксак баҳо беради.

Умуман, тарихий битикларда Мирзо Улуғбек фалак тоқига нарвон қўйган аллома, фалакиёт илмининг султони, Самарқандда адолат билан фаолият юритган улуғ ҳукмдор сифатида улуғланади.

Камол Муҳаммад Ёқуб

Tegishli xabarlar

Сайловолди учрашувлари якунига етди (САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ)

Барқарор ривожланиш йўли

ТАЛАБАЛАР УЧУН янги турар жой биноси фойдаланишга топширилди