ADOLAT 24

“Сиёсий кучлар сафида раҳбар аёллар кўпайиши тарафдориман” “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудованинг мухбиримиз билан суҳбати

– Ҳурматли Робахон Анваровна, мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқелик – парламент ва маҳаллий Кенгашларига сайлов бўлиб ўтадиган кун тобора яқинлашиб келмоқда. Албатта, сайлов – демократия кўзгуси бўлиши билан бир қаторда, юртимизда фаолият олиб бораётган сиёсий кучлар учун жиддий синов, партиянинг халқ олдидаги ҳисоботи ва келгуси беш йиллик режалари бўйича ўзига хос баёноти ҳамдир.

Хўш, ўтган беш йилликда “Адолат” партияси Сайловолди дастурида белгиланган мақсадларига эришиб, кўзлаган режаларини бажара олдими? Бир сўз билдан айт­ганда, партия сайловчилар ишончини оқладими?

– Аввало, фурсатдан фойдаланиб, бутун Ўзбекис­тон халқини тобора яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллик куни билан чин дилдан муборакбод этаман! “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган бош ғоя остида кенг тантана қилинаётган давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги барчамизга қутлуғ бўлсин! 

Албатта, Истиқлол шарофатини, Истиқлол саодатини сўз билан ифодалаб бериш мушкул. Биз эркинликка эришганимизга эндигина 33 йил тўлмоқда. Тарих учун киприк қоққунчалик қисқа бўлган ушбу фурсат ичида она-Ватанимизда мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди. Айниқса, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, ижтимоий ҳимоя соҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар партиямиз томонидан илгари суриб келинадиган ғояларга ҳамоҳанг эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу борада янги таҳрирдаги Конституциямизда “Ўзбекис­тон – ҳуқуқий давлат”, деб эълон қилиниши биз учун муҳим аҳамиятга эга бўлди. 

Мустақиллик ҳосилалари мамлакатимизда сиёсий партиялар учун аҳоли манфаати, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг таклиф ва муаммолари билан тизимли ишлашда янгича ёндашувларга таяниш, муҳим ташаббус ва ғояларни илгари суриш имкониятини яратди. 1995 йилнинг февраль ойидан бери самарали фаолият юритиб келаётган бизнинг партиямиз ҳам том маънода Истиқлол неъматидир. 

Шундай ҳаяжонли, қувончли кунларда она халқимизга қарата яна бир бор Мустақиллигимиз абадий, юртимиз тинч, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин, дейман! 

Энди саволингизга келсак.

Тўғри айтасиз. Сиёсий партиялар учун ғалвир сувдан кўтариладиган паллалар яқинлашмоқда. “Адолат” СДП томонидан 2020-2024 йиллар давомида партиянинг “Асосий тамойилимиз – адолат ҳамма ерда ва ҳар бир инсон учун! Қонун ва адолат устуворлигига эришиш – ҳаракатларимиз мезонидир!” каби халқчил социал-демократик ғоялар асосида Сайлов­олди дастурида илгари сурилган давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, қонун устуворлигини таъминлаш, ижтимоий соҳалар, экология, ташқи сиё­сат йўналиш­ларидаги 200 дан ортиқ ташаб­бусларнинг жуда катта қисми мамлакат ва жамият ҳаётига тадбиқ этилди.

Албатта, ҳозир уларни бирма-бир санашга ўтсак, суҳбатимиз узоқ давом этиши мумкин. Шу боисдан амалга оширилган ишларимизнинг айримларинигина қайд этиб ўтиш билан кифояланаман. 

Партиянинг социал-демократларга хос тарзда жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида суд тизимини комплекс ривожлантириш, судларнинг мавқеини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш вазифаси ижроси доирасида партия ташаббуси билан янги таҳрирдаги Конституциянинг 136-моддасига судьялар дахлсизлигига оид алоҳида норма киритилди.

Мазкур норма билан, аввало, судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг дахлсизлиги конс­титуция­вий даражада мустаҳкамланди, судьянинг ваколатлари қонунда белгиланган тартибдан ҳамда асослардан бошқача тарзда тугатилиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин эмаслиги кафолатлаб қўйилди. 

Бундан ташқари, партиянинг умумий юрисдикция судларини ташкил қилиш ҳақидаги ташаббуси асосида вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда Қорақалпоғис­тон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилди. 

Ушбу йўналишдаги яна бир партиямиз ташаббуси, бу – адвокатларнинг мақомини янада кўтариш юзасидан дастуримизда белгиланган вазифа ижроси бўйича янги таҳрирдаги Конституцияга “Адвокатура” номли алоҳида боб киритилди. Олий ҳужжатда адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлиши ва қонун билан муҳофаза қилиниши мустаҳкамлаб қўйилди.

Шу билан бирга, партия дастурида илгари сурилган олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини-ўзи молиялаштириш тартибига ўтказиш ташаббуси ҳам амалиётга жорий этилди. Бугунги кунда 40 дан ортиқ ОТМ ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилди.

Маълумки, сиёсий партиянинг мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқаришда мазкур сиёсий кучнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси муҳим ўрин тутади. “Адолат” СДПнинг Қонунчилик палатасидаги фракция томонидан ҳам ўтган беш йилликда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи доирасида партия электорати ва халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган 450 дан ортиқ қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, 30 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, фракция аъзолари томонидан фуқаролар мурожаатлари асосида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли давлат органларига 107 та депутатлик сўровлари юборилди.

Биргина мисол. Ёшларимизнинг олий таълим олиш имкониятини янада кенгайтириш, икки ва ундан ортиқ фарзандлари олий таълимда ўқиётган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида фракция ташаб­буси билан Бош вазирга олий таълим муассасаларида контракт асосида таҳсил олаётган талабаларга тўлов пулларини бўлиб тўлаш бўйича сўров юборилган эди. Фракциямизнинг ушбу ташаббуси Ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланиб айни кунда контракт тўловларини бўлиб тўлаш тартиби жорий этилди.

Шу билан бирга, партия ва фракция ҳамкорлигида олиб борилган ўрганишлар давомида дорихоналарда сотилаётган таркиби ва хусусияти жиҳатидан бир хил бўлган хорижий ва маҳаллий дори воситалари ўртасида катта тафовут борлиги ҳамда ўзимизнинг айрим маҳаллий маҳсулотлар чет давлатларникидан 10-15 барабор қиммат сотилаётганлиги юзасидан Бош прокуратура ҳамда Рақобат қўмитасига қилинган депутатлик сўровлари ҳам назоратга олиниб, дорихоналарда сотилаётган айрим дори воситаларининг нархларининг асоссиз равишда оширилишининг олди олинди. 

Булар, юқорида таъкидлаб ўтганимдай, “Адолат”чилар ўтган беш йил давомида амалиётга татбиқ этган ишларнинг бир қисми, холос.

– Робахон Анваровна, шу ўриндан бир савол туғилади. Айтинг-чи, шахсан Сиз ўзингиз ўтган давр мобайнида партия томонидан амалга оширилган иш ёки лойиҳаларнинг қайси бири халққа энг кўп нафи тегди, жамиятда мавжуд жиддий, оғриқли муаммоларни ҳал эта олди, деб ҳисоблайсиз?

– Агар фақат биттасини алоҳида айтиш лозим бўлса, мен, шубҳасиз, йиллар давомида кўпчиликни қийнаб келган “прописка” тизимига нисбатан муносабатимизни айтган бўлардим. 

Айнан “Адолат” партиясининг Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолдаги саъй-ҳаракатлари, таклифлари натижасида “пропис­ка” тизимига янгича ёндашиш, фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий асосни босқичма-босқич такомиллаштириб бориш йўналишида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига эришилди. Натижада Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкка эга бўлиш учун бу ҳудудларда доимий рўйхатда бўлиш талаби бекор бўлди.

Хусусан, яқинда Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Рес­публикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши ва турар жойи бўйича хабардор қилиши тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Ўйлайманки, бундай амалиёт фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлаш йўлида катта қадам бўлди.

Бевосита партия лойиҳаларига тўхталадиган бўлсам, ҳеч иккиланишсиз айтиши мумкинки, бугун партиямизнинг ҳар бир лойиҳаси халқчил ва натижадорлиги сабаб жамоатчилик кўнглидан жой олиб улгурган.

Жумладан, партиянинг “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида олиб борилаётган беғараз донорлик лойиҳасини ҳеч иккиланишсиз партия лойиҳаларининг локомотиви, дейиш мумкин. Анъанавий тарзда бир йилда уч маротаба, 1 июнь – “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” ҳамда 3 декабрь – “Халқаро ногиронлар куни” ва 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида ташкил этиб келинаётган ушбу лойиҳа халқимиз кўнглидан илиқ жой эгаллаб улгурган.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, шунингдек, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишдан иборат.

Акция доирасида ўтган 5 йилликда республика бўйича жами 20 423 нафар кўнгиллилар иштирок этиб, бемор болажонлар учун 7740 литр қон топширилди. Ушбу тўпланган донорлик қонларидан минг­лаб қонга муҳтож болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун фойдаланилди.

– Бугун асосан партиянинг 2020-2024 йилларга оид Сайлов­олди дастури ҳақида гаплашяп­миз. Мавзуни бир савол билан давом эттирсак. Робахон Анваровна, партиянинг дастурида белгиланган, бироқ амалга ошмай қолган режа ва мақсадлар ҳақида нима дея оласиз? Уларнинг келгуси тақдири қандай бўлади? Жавоннинг қуйи ғаладонига ташлаб қўйиладими ёки…

– Тан олиб айтиш керак, афсус­ки, Сайловолди дастуримизда белгиланган баъзи бир таклиф-ғоя­ларимиз тўлиқ амалга ошмай қолди. Хусусан, партиямиз ўз дас­турида дориларнинг ягона электрон базасини шакллантиришни ва унда барча дориларнинг номи, нархи, ишлаб чиқарувчиси ва савдога чиқарувчиси, чет элдан келтирилган дори-дармонлар учун эса импорт қилувчининг маълумотларини кўрсатадиган электрон тизимни татбиқ қилиш таклифини илгари сурганди. 

Бугунги кунгача ушбу йўналишда партиямиз томонидан кўплаб амалий ишлар қилинди ва бир қатор ўрганишлар ўтказилди, танқидий чиқишлар қилинди. Аммо ҳозирда дориларнинг ягона электрон базасини шакллантириш ва унда барча дориларнинг номи, нархи, ишлаб чиқарувчиси ва савдога чиқарувчиси, чет элдан келтирилган дори-дармонлар учун эса импорт қилувчининг маълумотларини кўрсатадиган электрон тизимни татбиқ қилиш масаласи тўлиқ амалга оширилган эмас. 

Ва табиийки, мазкур позициямизда қатъий қолган ҳолда мазкур долзарб масалани янги Сайловолди дастуримизда ҳам акс эттирамиз. Биз дориларнинг ягона электрон базасини шакллантириш ва мамлакат бўйлаб яхлит электрон тизимни жорий қилиш ташаб­бусини илгари сураяпмиз. Зеро, бизда “жавоннинг қуйи ғаладони”га ташлаб қўйиладиган масала йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас! 

– Сиз сиёсий партиялар раҳбарлари орасида ягона етакчи аёлсиз. Шу нуқтаи назардан, партия фаолиятида хотин-қизлар, гендер тенг­лик масалаларига қай даражада аҳамият қаратаяпсиз? Умуман, партия 2020-2024 йиллар оралиғида хотин-қизларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги обрўйини ошириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш ҳамда оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган қандай муҳим ишларни амалга оширди?

– Бугунги кунда партиямиз аъзо­лари 1 миллион 100 минг нафардан ортиқни ташкил этаётган бўлса, улардан 52 фоизи хотин-қизлардир. Партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция­си аъзоларининг 62 фоизи, партиямиз аъзоси бўлган сенаторларнинг эса 33 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Охирги 4 йилда фракция­мизнинг аёл аъзолари қонунчилик ташаб­буси ҳуқуқи асосида 27 та қонун лойиҳасига ташаб­бускор бўлишди.

Жумладан, парламентдаги бир гуруҳ аёл депутатларимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Сайлов кодексининг 70- ва 91-моддаларига сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг 30 фоизидан 40 фоизига ошириш таклиф этилди. Ушбу таклиф инобатга олиниб, Сайлов кодексига тегиш­ли ўзгартиришлар киритилди. Бу эса, ўз навбатида, партиямизнинг хотин-қизларга бўл­ган муносабати ва энг муҳими, ишончи юқори эканлигидан далолат беради. 

Яна шуни ҳам айтиб ўтишим жоизки, “Адолат” СДП асосий ғояларини рўёбга чиқаришда хотин-қизлар иштирокини муҳим деб ҳисоб­лайдиган партиядир. Партиямиз Сайловолди дастурида жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизлар фаоллиги ва ролини ошириш, гендер тенглигига эришиш, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиш, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда фаол иштирокчи бўлишни ўзининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгилаган.

Шу мақсадда, партиямизнинг “Адолатчи аёллар” қаноти томонидан бир қатор самарали лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, биргина “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида партиянинг барча даражадаги депутатлик корпуслари, партия фаоллари, “Адолатчи аёллар” қаноти томонидан “маҳаллабай” ва “фуқаробай” ишлаш усулида 5 300 га яқин юзма-юз мулоқотлар, учрашувлар ва давра суҳбатлари олиб борилиб, уларда 234 045 нафар иштирокчи қамраб олинди.

Юқорида қайд этилган мулоқотлар ва тадбирлар натижасида оилаларда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида 579 нафар аёлга партия кўмагида “Ҳимоя ордер”лари олиб берилди.

Агар ушбу йўналишда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилсак, партиямиз томонидан салмоқли натижаларга эришилганини кўриш қийин эмас. Қолаверса, келгусида ҳам хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласида пар­тия­мизнинг бир қатор долзарб ғоялари, ташаббуслари бор.

Хусусан, биз янги Сайловолди дастуримизда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларимизни тизимлаштирган ҳолда зўравонликка учраган аёлларга ҳуқуқий кўмак кўрсатиш бўйича махсус электрон платформа яратиш ташаб­бусини илгари сурамиз. Шу билан бирга, биз ижро ҳокимияти тизимида аёлларнинг ўрнини ошириш мақсадида раҳбарлик лавозимларининг камида 30 фоизи аёллар бўлишига оид қоида киритишни таклиф қиламиз.

Саволингизга қўшимча сифатида шуни айтмоқчи эдимки, мен ўзим сиёсий кучлар сафида раҳбар аёллар кўпайиши тарафдориман.

– Раҳмат. Биз ҳам бу фикрга қўшиламиз, албатта. Бугунги кунда жамиятда юзага келаётган ижтимоий муаммоларга нисбатан сиёсий партияларнинг муносабатлари сустдек кўринмоқда. Айтинг-чи, сизнингча, ушбу ҳолатларга қандай омиллар сабаб бўлмоқда?

– Фикрингизни ҳурмат қиламан, аммо унга қўшилмайман. Сиз, эҳтимол, бизнинг фаолиятимиз ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасдирсиз. Бошқа партияларни билмадим-у, лекин “Адолат” партияси бугунги кунда жамиятдаги долзарб, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган масалаларда тезкор муносабатлар билдириб келмоқда.

Аҳамиятлиси, биз мазкур муносабатларда нафақат мавжуд муаммо ва вазият юзасидан партиямиз позициясини билдираяпмиз, балки уларни самарали ечишга қаратилган аниқ таҳлил ва асосларга эга таклифларимизни ҳам илгари сураяпмиз ва якунда натижага ҳам эришиб келаяпмиз.

Биласизки, сўнгги йилларда давлат мулки ҳисобланган умумий фойдаланишдаги боғлар, сайилгоҳ, хиёбон ва дарахтзорлар ҳудудида бино-иншоотларни қуриш амалиёти кенгайиб бораётганлиги кўп йиллик дарахтларнинг кесилишига, атроф-муҳитнинг ифлосланишига, оқибатда аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлиб келаётган эди.

 Мазкур муаммога партиямиз томонидан жиддий эътибор қаратилиб, бир қатор ҳудудларда ўрганиш ишлари ўтказилди. Ўрганиш­лар давомида республика бўйича 184 та истироҳат боғларида дарахтзор ҳудудлар камайтирилиб, 944 та бино-иншоот қурилгани, 18 та истироҳат боғида 91 та ноқонуний қурилма мавжуд эканлиги, 98 тасида 1248 та аттракционлар ноқонуний ўрнатилгани аниқланди.

Аҳолимизнинг яшаши ва дам олиши учуш ноқулайлик туғдираётган ҳолатларни бартараф этиш ҳамда келгусида бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида партия ташаббуси билан “Аҳолининг маданий ҳордиқ ва дам олиш масканлари муҳофазаси кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Респуб­ликасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан маданий ҳордиқ масканларини, уларнинг ерларини ҳамда ушбу ерлардаги бино-иншоотни хусусийлаштириш, қуриш ёки бошқача тарзда бегоналаштириш, шунингдек, чегараларини ўзгартириш, мавжуд бино-иншоотнинг қурилиш ости майдонини кенгайтириш қатъий таъқиқланмоқда.

– Юқоридаги жавобингиздан келиб чиқиб айтиш мумкинки, “Адолат” социал-демократик партиясининг айрим масалалардаги таклифлари мавжуд амалиётни, айниқса, Ҳукумат позициясини ўзгартиришга сабаб бўлмоқда. Партия яна қайси масалаларда Ҳукумат позициясини тўлақонли қўллаб-қувватламайди?

– Тўғри таъкидладингиз, биз доимий равишда фуқароларимиз ҳамда партия электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Ҳукумат олдига жиддий масалалар қўйиб келамиз. Биласиз, таълим ва тиббиёт соҳалари социал-демок­ратларнинг доимий диққат-эътибори марказида бўлиб келган масала саналади.

Шу боис, партия ўз лойиҳалари, депутатлик гуруҳлари ҳамда фракцияси аъзолари ёрдамида Мактаб­гача ва мактаб таълими вазирлиги фаолиятини жиддий таҳлил қилиб боради. Айни вақтдаги ўрганишларимиздан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкинки, умумтаълим мактаб­ларида таълим сифати қониқарли даражада эмас.

Буни мактаб битирувчиларининг ОТМларга кириш имтиҳонлари натижаларидан ҳам кўришимиз мумкин. Хусусан, ОТМларга 2024 йилги кириш имтиҳонларида абитуриентларнинг 46,9 фоизи ўтиш баллини, яъни 56,7 баллни тўп­лолмади.

Ўқитувчиларнинг ойликлари бугунги кунда сезиларли даражада кўтарилди, ойликларни янада ошириш бўйича чоралар кўрилмоқда. Шундай бўлсада, мактаб таълими сифати пастлигича қолмоқда. Мактаблардаги таълим сифати пастлиги сабабли ота-оналар ўз фарзандларини ортиқча маблағ сарфлаш эвазига ўқув марказларида, репетиторларда ўқитишга мажбур бўлмоқда. Бу эса ота-оналарнинг фарзандлари мактаб таълими билан ОТМларга ўқишга киролмаслик­лари бўйича ҳақли эътирозларга сабаб бўлмоқда. 

Вазирлик жиддий чоралар кўрмаяпти. Биз вазирлик олдига давлат томонидан кўплаб имкониятлар яратилаётган, таълимга ҳисобсиз маблағлар ажратилаётган бир пайтда нима учун натижа етарли эмас деган саволни қўймоқчимиз.

Биласиз, саломатлик посбонлари бўлган тиббиёт соҳаси ходимлари “Адолат” СДП электорати саналади. Партиянинг айнан тиббиёт соҳасига оид “Адолат – хавфсиз дори-дармон учун”, “Саломатлик йўлида бирлашайлик” ва “Фарзандлари соғлом юрт – қуд­ратли бўлур!” каби лойиҳалари бор. Ушбу лойиҳалар доирасида партия бир қатор ўрганишлар ўтказиб келмоқда. Афсуски, ўрганишларимиз бугунги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аҳолига қулай бўлган тиббий хизмат кўрсатиш, дори воситалари савдосини назорат қилиш борасида етарли даражада иш олиб бормаётганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини рақамлаштириш тўғрисида бир неча йилдан буён бот-бот таъкидлаб келинишига қарамасдан ушбу йўналишда масъул Соғлиқни сақлаш вазирлиги сезиларли ўзгаришларни амалга оширолмади.

Тиббий карталар электрон шакл­га келтирилмади, рецептлар ҳали ҳам қоғоз шаклида ёзиб берилмоқда. Ваҳоланки, “Ақлли тиббиёт”нинг асосини беморнинг амбулатор картаси, касалликлар тарихи киритилган электрон маълумотлар базаси ташкил қилади.

Ачинарлиси, сўнгги икки йилда тиббиёт соҳасини рақамлаштиришга бюджетдан 90 миллиард сўм йўналтирилган бўлсада, натижалар кутилганидек бўлмаяпти. Врачлар ва фармацевтика компанияларининг келишувини айтмаса ҳам бўлади. Биз келгуси беш йилликда вазирлик фаолиятини тубдан такомиллаштириш, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, “электрон полик­линика” ва “ягона электрон анкета” тизимларини йўлга қўйиш ҳамда фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишув ва ноқонуний мулоқот учун жиноий жавобгарлик белгилаш борасида бир қатор муҳим чора-тадбирларни амалга оширамиз.

Шунингдек, бугунги кунда дорихоналарда сотилаётган айрим дори воситаларининг нархи қимматлиги фуқароларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Аксарият дорихоналарда сотилаётган таркиби ва хусусияти жиҳатдан бир хил бўлган дори воситаларининг нархлари ўртасида катта тафовут бор. Яъни номланиши, ишлаб чиқарувчиси бир хил бўлган дори икки-уч хил нархларда сотилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳам дори воситаларининг айланмасини тўғ­ри ташкил этиш ҳамда уларнинг сифатини назорат қилиш тизимини ярата олмади. Мисол учун, агар ушбу соҳа мутасаддилари яхши ишлаганда “Dok-1 Max” дори воситаси истеъмолидан 68 нафар бола ҳалок бўлмаган бўлар эди.

Бу каби муаммоларни тизимли равишда ҳал этиш зарур. 

Хатоларку тузатилар, аммо инсонларнинг бой берилган ҳаётини, саломатлигини тиклаб бўлмайди.

– Шу ўринда фуқароларимиз учун яна бир муҳим бўлган масала – аҳоли учун электр энергия­сига 200 кВт ижтимоий норма жорий этилганлигига партиянинг муносабати қандай? 

– Маълумки, сиёсий майдонда ўзини “сўл марказ” позициясида намоён этиб келаётган “Адолат” социал-демократик партияси социал-демократия мафкурасига содиқ қолган ҳолда иқтисодий эркинликни тан олишда давлат иштирокини сақлаб қолиш, ижтимоий тенглик, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тарафдори бўлиб келган.

Шу боис биз, жамиятда амалга оширилаётган ҳар қандай ислоҳотларда ижтимоий тенгликка амал қилиш, ижтимоий норма масаласида ҳам адолатли бўлиш, иссиқ ва совуқ кунларда инсонларнинг яшаш шароитларини ҳисобга олиши керак, деб ҳисоблаймиз. Яъни, ижтимоий реестрдаги кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлаш масаласини қайта кўриб чиқиш лозим.

Албатта, ҳеч ким ишлаб чиқарилган товарини ўзининг таннархидан кам сотмайди. Бу жараёнда эса, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти талабларини қўллаб-қувватлаймиз.

– Нима деб ўйлайсиз, жорий йилда ўтадиган сайловда “Адолат”га қайси партия асосий рақиб бўлади? 

– Биласизми, сиёсий майдондаги ўрнимиз ва бўлажак сайловлар учун ишлаб чиқилган стратегиямиз бизни мақсадларимизга эришиш учун ҳар томонлама самарали ҳаракат қилишга ундайди. Шу сабабли, биз диққатимизни қайсидир рақибга қаратган ҳолда ўз имкониятларимизни чеклаш ўрнига, барча саъй-ҳаракатларимизни халққа хизмат қилишга қаратганимиз муҳимроқ, деб ҳисоблаймиз. Биз учун энг муҳим вазифа – фуқароларимиз ишончини оқлаш ва уларнинг фаровонлигини оширишдир. Айни вақтда сайловда қатнашаётган ҳар бир партия бизга рақиб эканлигини яхши англаймиз. 

– Сайлов жараёнлари қизғин паллага кирмоқда. Сиз билан бўлаётган суҳбатимиз асносида қисқа саволларимиз ҳам бор эди: Асли фарғоналик экансиз, аскияни тушунасизми?

– Ҳа, тушунаман. Ахир мана шундай муҳит таъсирида катта бўлганман. 

– Қанақа овқатни хуш кўрасиз?

– Миллий таомларимизни.

– Уйда ким хўжайин?

– Уйимизда турмуш ўртоғим билан барча масалаларда ҳамжиҳат, ҳамфикр бўлишга ҳаракат қиламиз. 

– Иш куни ёқадими ёки шанба-як­шанба?

– Иш ҳам, дам олиш ҳам ўз вақтида бўлгани яхши.

– “Дом”ми, ҳовли?

– Меҳр-мурувват қўрғони мус­таҳкам бўлса, қаерда яшаш масаласи иккинчи даражали.

– Қанақа машинада юришни яхши кўрасиз? 

– Машинада юришни ҳашамат эмас, эҳтиёж сифатида баҳолайман. Ҳаракат вақтидаги қулайлиги муҳим, деб ўйлайман. 

– Қайси рангни ёқтирасиз?

– Кўк рангни.

– Феъл-атворингизни қандай таърифлайсиз?

– Янгиликларни, ташаб­бус­ларни доимо қўллаб-қувватлайман. Иложи борича вазиятга ҳақиқий баҳо беришга ҳаракат қиламан.  

– Сиз арбобсиз. Сизга хушомад қилишса ёқтирасизми?

– Айнан шундай тоифага нисбатан муросасиз кайфиятдаман. 

– Қайта яшаш имконияти туғилса, яна ҳуқуқшунос бўлармидингиз?

– Албатта!

Tegishli xabarlar

Талабалар ҳам йиғлайди…

admin

Касб байрами муборак бўлсин, азиз устозлар!

admin

Онлайн харидда алданмаслик учун 5 та муҳим қоида

admin