ADOLAT 24

ФАОЛИЯТ САРҲИСОБ қилинди ва ИСТИҚБОЛЛИ РЕЖАЛАР белгиланди

Ҳудудларда партия кенгашларининг ҳисобот-сайлов конференциялари бўлиб ўтди 

Айни кунларда “Адолат” СДПнинг ҳудудий кенгашларида бўлиб ўтган ҳисобот-сайлов конференциялари нафақат партия кундалик ҳаётидаги аҳамиятли воқеа, балки халқимизнинг эҳтиёжлари, истак ва орзулари билан боғланган ўзаро мулоқот жараёни сифатида намоён бўлди. Шу билан биргаликда, бундай тадбирлар партиянинг келгуси беш йилликдаги фаолиятини самарали ташкил қилишда таянч сиёсий платформа вазифасини бажаради.

Тошкент шаҳри. Тошкент давлат педиатрия тиббиёт инс­титутида “Беш йилликдаги фаолият сарҳисоби ва истиқболли режалар муҳокамаси” мавзусида “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгашининг ХII ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

 Партиянинг шаҳар кенгаши ходимлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, туманлардан сайланган делегатлар иштирок этган ҳисобот-сайлов конференциясида ўтган беш йилликдаги фаолият ҳисоботлари танқидий таҳлил этилиб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.

– 2020-2024 йиллар давомида Тошкент шаҳридаги маҳаллаларда 15 мингдан ортиқ хонадон ва 900 га яқин хўжалик юритувчи субъектларда ўрганишлар ўтказилган, – дейди “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби Мафтуна Ёдгорова. – Аҳоли томонидан келиб тушган 4 мингга яқин мурожаатлар юзасидан 1 минг 500 дан ортиқ депутатлик сўровлари юборилиб, кўтарилган муаммоларнинг қарийб 75 фоизи ижобий ҳал этилган.

Конференция сўнггида кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. 

Қорақалпоғистон Республикаси. Нукус шаҳридаги Бердақ номли Қорақалпоқ давлат университетида “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Кенгашининг XI ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда ҳудудий кенгаш аъзолари, туман ва шаҳар кенгашларидан сайланган делегатлар, партия фаоллари, депутатлар, ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. 

Конференцияда Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг ҳисобот давридаги фаолияти, Тафтиш комиссиясининг 2020-2024 йилларда амалга оширган ишлари, Жўқорғи Кенгесдаги партия депутатлик фракцияси фаолияти бўйича ҳисоботлар тингланди. Шунингдек, янги Сайловолди дастур лойи­ҳаси муҳокама қилиниб, “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ҳамда “Адолат” СДП XII Қурултойига делегатларни сайлаш каби ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Конференцияда ижобий ишлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликларга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, ўтган сайловларда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши атиги 5 нафар депутатлик ўрнига эга бўлган. Шу нуқтаи назардан сессия йиғилишларига муаммоларни олиб чиқиш, доимий комиссияларга масала киритиш, мансабдор шахсларнинг эшитувлари талаб даражасида олиб борилмади. Шунингдек, фуқароларнинг муаммолари бўйича тегишли ташкилотларга чиқарилган депутатлик сўровлари ва уларнинг ижро кўрсаткичи ҳам паст экани танқидий муҳокама этилди.

– Конференция давомида қорақалпоғистонлик “адолатчилар” фаоллигини кучайтириш, сайловда муносиб ўрни эгаллаш, шунингдек, кўпроқ аҳоли билан мулоқот қилишга доир масалаларни кўриб чиқдик, – дей­ди партиянинг Элликқалъа туман кенгаши раиси Ўринбой Каримов. – Ҳақиқатан ҳам, беш йил ичида амалга оширилган ишларнинг салмоғи катта. Айниқса, халқимизга ҳафтанинг чоршанба куни ўтказиладиган “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳамиз маъқул келмоқда. Сабаби, биз шу куни сайловчилар билан учрашиб, муаммоларини ҳал қилишга эътибор беряпмиз. 

Йиғилиш якунида “Адолат” СДПнинг XII Қурултойига делегатлар сайланди.

Сирдарё вилояти. 

“Адолат” СДП Сирдарё вилоят кенгашининг навбатдаги XII конференцияси вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мажлислар залида бўлиб ўтди. Конференцияда халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари, партиянинг туман-шаҳар кенгашлари раислари, “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти”аъзолари, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Конференцияни партиянинг вилоят кенгаши раиси Жамол Комилов кириш сўзи билан очиб, Сирдарё вилоят кенгашининг 2020-2024 йиллардаги фаолияти юзасидан ҳисобот берди. 

Конференция кун тартибига 8 та масала доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларда партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш борасида сирдарёлик “адолатчи”ларнинг ташкилий ва сиёсий вазифалари муҳокама қилинди.

– 2020-2024 йилларда Сирдарё вилоят кенгаши, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари томонидан 88 та масала сессияга, 109 та муаммо доимий комиссияга киритилган ва мансабдор шахсларнинг 92 та эшитуви амалга оширилган, – дейди халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Салоҳиддин Элмуродов. – Ўтган 5 йил давомида 1 минг 203 та депутатлик сўрови чиқарилган, шундан 284 таси вилоят кенгаши депутатлари ҳиссасига тўғри келади. 

Кун тартибидаги “Адолат” социал-демократик партияси ХII Қурултойига делегатлар сайлаш тўғрисидаги масала юзасидан вилоят кенгаши раиси Ж.Комилов вилоятда депутатликка муносиб номзодлар танланганини таъкидлади ва уларнинг рўйхатини ўқиб эшиттирди. 

Конференция сўнггида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва партиянинг XII Қурултойига делегатлар сайланди. 

Тошкент вилояти. 

“Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгашининг Нурафшон шаҳрида бўлиб ўтган XII ҳисобот-сайлов конференциясида партия ходимлари, депутатлар, делегатлар, фаоллар иштирок этишди.

 Конференцияда “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши 2019-2024 йиллардаги Сайловолди дастури ижросини таъминлашдаги фаолиятида эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар иштирокчиларнинг диққат эътиборида бўлди.

Кун тартибига жорий йил 27 октябрда бўлиб ўтадиган Парламент ва маҳаллий Кенгашлар сайловига ҳозирдан тайёргарлик кўриб бориш, истиқболли кадрлар захирасини яратиб, уларни вакиллик ва ижро органларидаги масъул лавозимларга тавсия этиш масалалари қўйилди. 

Шу билан бирга, сайловларда муносиб иштирок этиш учун олдинги сайлов кампанияларини чуқур танқидий таҳлил этиш ва бошқа сиёсий партиялар салоҳиятини ўрганиб чиқиш зарур эканлиги алоҳида таъкидланди. 

– Жорий йилда мамлакатимиз сиёсий партиялари олдида улкан ва масъули­ятли ташкилий-партиявий вазифалар турибди, – дейди “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши раиси ўринбосари Умид Файзуллаев. – Яъни, олдинда барча даражадаги вакиллик органларига сайловлар жараёни кутмоқда. Ушбу йирик тадбир партиядан барча кучларни сафарбар этиш, ишни мукаммал ташкиллаштириш, партия кадрлари ва фаолларининг мақсадли ҳамда собитлик билан фаолият кўрсатишини талаб қилади. 

Кун тартибидаги масалалар бўйича ҳудудий партия раиси, депутатлик гуруҳи раҳбарлари, назорат тафтиш комиссияси, ижроия қўмитаси аъзоларининг ҳисоботлари тинг­ланди. Шунинг­дек, партиянинг навбатдаги қурултойида иштирок этиш учун делегатлар сайланди.

Қашқадарё вилояти. 

Қашқадарё технологик транспорт бошқармасида “Адолат” СДП вилоят кенгашининг ХI ҳисобот-сайлов конференцияси депутатлар, вилоят кенгаши аъзолари, туман ҳамда шаҳар кенгашлари раислари, фаоллар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилди. 

Конференцияни партия вилоят кенгаши раиси Руид­дин Раупов очиб, ўтган йиллар мобайнида амалга оширилган ишлар таҳлилига эътибор қаратди ва вилоятдаги партия тузилмалари томонидан сермаҳсул фаолият юритилганини эътироф этди.

– Ўтган давр мобайнида депутатларимиз томонидан аҳоли муаммоларини ўрганиш, камчиликларга ўз вақтида ечим топиш борасида анчагина ишлар қилинди, – дей­ди Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Муҳаббат Шаропова. – Масалан, гуруҳимиз аъзолари томонидан ўтган йилги ўрганишларда аниқланган камчилик­ларни бартараф этиш юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига 11 та масала киритилди. Жорий йилнинг ўтган даври ичида эса 15 та масала киритишга муваффақ бўлдик. Туман-шаҳар кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз ҳам 2023 йилда 10 та, жорий йилда эса 35 та масалани сессиялар муҳокамасига қўйиб, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш юзасидан кенгашларнинг тегишли қарорларини қабул қилинишига эришдилар. 

Музокараларда сўзга чиққан партиянинг Аёллар қаноти фаоли, ҳуқуқшунос Дилрабо Чориева, тиббиёт соҳаси вакили Зебо Муродова, Миришкор туман кенгаши раиси Тўлқин Хидиров ва бошқалар партиянинг ўтган сайловлар оралиғидаги фаолиятини қониқарли баҳолашди.

Конференцияда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг ХII Қурултойига делегатлар сайлаш тўғрисидаги масала ҳам қатнашчилар олдига қўйилди. Партия фаолиятида ўз ўрнига эга, халқ иши, Ватан равнақи учун ташаббускор ва сиёсий жараёнда масъулият билан иш олиб борувчи, маънавий, аҳлоқий жиҳатдан етук, халқ орасида обрў-эътибор қозонган 17 нафар муносиб номзодга овоз берилди. 

Хоразм вилояти.  

Республика ихтисос­лаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм вилоят филиалида “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгашининг VII ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди.

Хоразм вилоят кенгаши томонидан ўтган давр­­да амалга оширилган ишлар, маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаолияти, жорий сайловлар олдидан кўрилаётган чора-тадбирлар, янги Сайловолди дастури муҳокамаси ва ташкилий масалалар конференция кун тартибидан ўрин олди.

Анжуманда ижобий ишлар билан бир қаторда йўл қўйилган хато ва камчилик­ларга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, Урганч шаҳар Бекатли темир йўл шифохонаси, Урганч туман Ободонлаштириш бошқармаси, АЖ “O‘zbekinvest” Ҳазорасп туман филиали ва бошқа бир қатор тузилмалардаги бошланғич партия ташкилотларининг фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Конференция иштирокчилари томонидан йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда сайловларда бош­ланғич партия ташкилотлари фаоллигини оширишга қаратилган фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

– Бўлиб ўтган конференция ҳамкасбларим қатори менинг ҳам зиммамга улкан масъулият юклади, – дей­ди “Адолат” СДП Туп­роққалъа туман кенгаши раиси Отахон Абдуллаев. – Партия фаолиятида эришилган ютуқлар билан бир қаторда камчиликлар ҳам муҳокама этилди. Жумладан, мансабдор шахс­лар эшитуви, доимий комиссиялар муҳокамасига киритилган масалалар, вилоят, шаҳар, туман кенгашлари сессия йиғилишларига муаммоли ва долзарб бўлган масалаларни киритиш кўрсаткичини талаб даражасига олиб чиқиш илгари сурилди.

 Конференция давомида “Адолат” СДП XII Қурултойига сайланган делегатлар зиммасига партия вилоят кенгаши номидан фаол иштирок этиш масъулияти юклатилди.

Фарғона вилояти. 

Фарғона вилояти Адлия бошқармаси мажлислар залида “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгашининг XI ҳисобот-сайлов конференцияси фарғоналик “адолатчилар” учун партиянинг халқ орасида танилувчанлигини ва нуфузини ошириш борасида таж­риба алмашиш имконини берди.

Конференцияда вилоят кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниеванинг партиянинг 2019 йилги Сайловолди дас­тури ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи танқидий ва таҳлилий руҳда муҳокама қилинди.

Қайд этиш жоизки, вилоят кенгаши ўтган давр мобайнида шаҳар, туман партия ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, партия аъзолари сафини кенгайтириш, бошланғич партия ташкилотлари ишини кучайтириш, кадрлар захирасини мус­таҳкамлаш, партия фаолларининг сиёсий билимлари ва фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келди. Бунинг натижасида, сўнгги йиллар давомида партия аъзоларининг ўсишида яхши натижага эришилди.

 – Партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида “Адолат” СДП Фарғона вилояти кенгаши томонидан 231 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, – дейди вилоят кенгаши матбуот котиби Гулчеҳра Аҳмедова. – Сўнгги 5 йил ичида депутатларимиз ва депутатлик гуруҳларимиз томонидан мансабдор шахс­ларга 1492 нафар депутат сўрови чиқарилди, 386 маротаба мансабдор шахс эшитуви тингланди, 54 маротаба доимий комиссияларга, 56 маротаба Кенгаш сессияларининг кун тартибига аҳолининг манфаатларидан келиб чиқиб, турли масалалар олиб кирилди. 

Музокарада сўзга чиққан партия фаоллари “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгашининг ўтган 5 йилдаги фаолиятини таҳлил этган ҳолда, уни қониқарли, деб баҳолашди. Шунингдек, партиянинг Сайловолди дас­тури лойиҳаси муҳокамасига қаратилган давра суҳбатларининг самарали кечгани, илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар халқнинг эътиборига сазовор бўлганлигини қайд этдилар.

Партия вилоят кенгашининг XI ҳисобот-сайлов конференцияси якунида XII Қурултойга делегатлар сайланди.

Ҳисобот-сайлов конференциялари партиянинг барча ҳудудий Кенгашларида ҳам бўлиб ўтди.

Tegishli xabarlar

“ЁШҒАЙРАТ”НИНГ ғайратли депутати

admin

ОСТОНА САММИТИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН ТАШАББУСЛАРИ

admin

Хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиниши таъминланади

admin