ADOLAT 24

Ўзбекнинг ғурури сотилмайди Францияда дўппимизни 5000 еврога сотишимизни сўрашди

Францияда бўлиб ўтган олимпиада ўйинларида ўзбекистонлик фан клуб аъзоларининг стадионларда астойдил мухлислик қилишгани, Париж кўчаларида миллий қўшиқларимизни айтиб юришгани ижтимоий тармоқларда анча шов-шув бўлди. Уларнинг орасида катта дўппи кийиб олган ишқибоз андижонлик Нодирбек Тўйчиев ҳам бор. 

Дарвоқе, эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Андижон вилояти ҳокими спортнинг ашаддий мухлиси дея Нодирбекка “Trackеr” автомобили совға қилган. 

– 1986 йилда футболга кириб келганман, – дей­ди у. – Андижон ёшлар жамоасида 5-рақамда тўп сурардим. Кейинчалик миллионлар ўйинига ишқибозлигим ҳаётим мазмунига айланди. 

Ўзбекистонлик мухлислар сафида Қатар, Хитой, Индонезия, Сингапур, Таиланд каби қатор мамлакатларда халқаро мусобақаларни бориб кўриш насиб этди. Дунёнинг қай юртига бормай, бошимда мана шу катта дўппи бўлган.

– Қачондан буён катта дўппи киясиз? 

– Диагонали 50х50 сантиметр ўлчамдаги дўппини дастлаб 2009 йил Мисрдаги мусобақаларга бориш олдидан онамнинг катта опалари – Карима холам тикиб берган. Ўшандан буён ишқибозлар сафида шу бош кийимдаман. Париж-2024 ўйинларига ҳам Ўзбекистон фан клуби аъзолари сафида бордим. Йирик мусобақаларда стадионнинг ўзида спортчиларимизни қўллаб-қувватлашнинг завқи бош­қача бўлади. 

Фан клубимиз катта жамоа. Унинг сафида турли касб эгалари бор. “Темурийлар келди! Бобурийлар келди!” деган хитоб билан Ватанимизни, унинг мард ва азамат ўғил-қизларини, тинч ва фаровон юртимизни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар ўша ернинг ўзида яралиб, куйланди. Бу она тупроққа муҳаббат, юртга садоқат, Янги Ўзбекистон ютуқларидан ғурурланиш, ифтихорнинг ёрқин рамзидир. 

Энг қизиғи, Париж кўчаларида миллий қўшиқларни баралла айтиб юрар эканмиз, бутун дунёдан келган одамлар “Узбекистан, Узбекистан” дея биз билан суратга тушишга ошиқишди. Ҳатто, бошимдаги дўппимни 5000 еврога сотишимни сўрашди. Бу ўзбекнинг ғурури, шаъни. Пулга сотилмайди, деганимизни эшитиб, яна бир бор бизга тан беришди. 

Гулжаҳон ЖАББОРОВА суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

Халқ манфаатлари асосий мақсад

admin

Ўзбекистон — Жанубий Корея: муносабатларида янги давр бошланмоқда

admin

Устувор вазифалар белгилаб олинди

admin