ADOLAT 24

БОЛА ОҒИР ЮК КЎТАРМАСЛИГИ КEРАК!

Бугунги кунда дунёда 10-18 ёшлилар орасида энг кўп учраётган ортопедик касалликларнинг 20 фоизини сколиоз касаллиги ташкил қилади. Шунингдек, беморларда аниқланаётган сколиознинг энг кенг тарқалган тури ёхуд ташхис қўйилган ҳолатлардан 80 фоизи идиопатик сколиоздир. Бу Бельгия ортопедия ва сколиоз ташхиси маркази тадқиқотларида аниқланди. Касаллик асосан оғир жисмоний меҳнат ва юк кўтариш натижасида келиб чиқади. Афсуски, охирги йилларда ушбу касалликнинг ўзбекистонлик болалар орасида ҳам тарқалаётгани бор гап.

Сколиоз аслида қандай касаллик?

Сколиоз – бу мушак-скелет тизими касаллиги, умуртқа оралиғи диск­лар, боғлов аппарати ва улар атрофидаги мушакларнинг қайтмас дегенератив ўзгариш­лари билан боғлиқ кечиб, унинг асосий аломати умуртқа поғонаси деформацияси ҳосил бўлишидир. Сколиознинг оғир шакллари тана билан боғлиқ ички органларда ва танада яққол косметик нуқсонлар ҳосил қилади. Касаллик асосан оғир жисмоний меҳнат ва юк кўтариш оқибатида юзага келади. Бошқа сабаблар сифатида мутахассислар яхши овқатланмаслик, очиқ ҳавода сайр қилмаслик, етарли ухламаслик, сузиш, гимнастика билан шуғулланмаслик, мактабда болаларга мос келмайдиган парта ва стулларда ўтиришни келтиришмоқда. Қайд қилинишича, сколиоз касаллиги 7 ёшдан 15 ёшгача бўлган ёшларда (кўпроқ қиз болаларда) учрайди. Унинг профилактикасида боланинг қадди-қоматига чақалоқлик давридан эътибор қаратиш бирламчи аҳамиятга эга. 

Шифокор муносабати

– Бу касаллик умуртқанинг ўнг ёки чап ён тарафга қийшайиши натижасида пайдо бўлади, – дейди малакали ортопед, профессор Аҳрор Жўраев. – Сколиознинг ёйсимон, «С» шаклига ўхшаш турлари мавжуд бўлиб, 4 хил даражада ривож­ланади. Энг оғир даражаси тўртинчи босқич ҳисобланиб, у боланинг ички аъзоларида патологик ўзгаришларни юзага келтиради. Болани ташқаридан кузатсангиз, унда букрилик ҳолатини сезасиз. Оёқ соҳаларида фалажлик, невралгия, парез қайд қилинади. Касалликни даволамаса, унинг хуружи натижасида умуртқанинг ўз ўқи атрофида айланиб кетиши оқибатида яна ҳам мураккаб деформацияловчи асоратлар пайдо бўлади. Бундай нуқсонлар ўз-ўзидан боланинг ички аъзолари ўрнидан силжишига сабаб бўлади ва уларнинг функцияси бузилишига олиб келади. Ўпка, юрак-қон системаси иши бузилади. Сурункали ҳаво етишмагандек бўлади. Агар сколиоз касаллигининг бош­ланғич даражаларида тиббий ёрдам берилмаса, келажакда бола ногирон бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. 

Кичик жуссаларнинг катта ташвишлари

Мен яшайдиган туман узумчиликка ихтисослашгани боис ёзнинг иссиқ саратонидан кеч кузнинг изғиринли совуқ пайтигача улкан юк машиналари тинмай қатнаб, хорижга узум ташийди. Узоқ йиллардан буён миришкорлик бобида паркентлик­ларнинг ўзига хос тажрибаси тилларда дос­тон бўлиб келади. Кўпчилик қаторида биз ҳам ўзимизга тегишли 1.5 гектарлик ҳудудда узум етиштирамиз. Деҳқоннинг меҳнатини кўп ҳолда арзимас баҳолаб, пишиқчилик пайти мўмай даромад топадиган “харидорларимиз”га бир кунда 80-100 қути узум етказиб берамиз. 

Шундай кунларнинг бирида акам фавқулодда уйга кетадиган, унинг ўрнига эса юкни мен ва дадам топширадиган бўлдик. Қабул қилаётган жойга бориб, навбатимиз келганда, 100 та 10-12 килограммлик қутиларни “фура”га орта бош­ладик. Юк ярмига етмасдан чарчаб, нафасим бўғзимга тиқилди. Амаллаб ҳаракат қилаётганимни кўрган харидор: “Ҳей, тезроқ бўлсанг-чи. Сендан икки-уч ёш кичик укаларинг анави ерда юкни ўзлари ортяпти. Уялмайсанми?” деб пичинг қилди. Қарасам, ҳақиқатан ҳам, қўшни мактабнинг 8-9-синф болалари бу ишни гўёки “кўзини юмиб” бажаришар, жуда тез ишлашарди. 

Юкни топшириб бўлгандан кейин “супермен” болаларнинг олдига бориб, шунча кучни қаердан олишларига қизиқдим. 

– Ўтган йили дўстим Санжар мени “фура”га, юкни скотчлаш учун олиб чиқа бошлади, – дейди 8-синф ўқувчиси Абдуллоҳ. – Тўғриси, ота-онам бунга қарши бўлишди. Юк мен тенгги ёшлар у ёқда турсин, ҳатто катталарни ҳам бир-икки кунда “эмаклатиб” қўйишини айтишди. Лекин менга пул керак. Баъзи “проблема”ларим бор эди. Аввалига қийналдим. Эсимда: биринчи куни ишдан кейин 3 кун уйда гавдамни кўтара олмай ётдим. Бироқ секин-секин орада танаффуслар билан юкка чиқдим. Мана, ҳозир қийналмаяп­ман.  

Қишлоқ жойларида боланинг кичиклигидан бошлаб оғир жисмоний меҳнат қилиши одат тусига кирган. Айниқса, эрта кўкламдан тортиб, то кеч кузгача мактабнинг 5-, ҳаттоки, 4-синф ўқувчисидан бош­лаб, ҳар бир бола бу жараёнда фаол иштирок этади, бир неча километрдан сув ташийди, юк кўтаради, деҳқончилик ва боғдорчилик юмушларида доимий қатнашади. Англаганингиздек, мактаб сумкаси денгиздан бир томчи, холос. Бу ишларда қийналаётган, жисмоний кучи етмаётган боласини кўриб, уни озод қилгувчи ота-она­лардан кўра фарзандини кичиклигидан ишлатиш орқали гўёки катта ҳаётга “тайёрловчи” ота-оналар кўп. 

Мутахассислар мактабга ўқувчи кўтариб борадиган сумканинг оғирлиги бўйича кунлик меъёр даражасини белгилаб берган. Унга кўра, бир кунда 1-2-синф ўқувчилари 1,5 килограмм, 3-4-синф ўқувчилари 2,2 килограмм, 5-6-синф ўқувчилари 2,5 килограмм, 7-8-синф ўқувчилари 3 килограмм, 9-11-синф ўқувчилари 3,7 килограмм юк кўтариши керак. 

Табиийки, мактабга қадам қўйган ва улкан мақсадларни олдига қўйган ҳар бир ўқувчи яхши ўқиб, намунали хулқ эгаси бўлишга интилади. Сумкалар эса 4-5 килограммдан кам бўлмайди. Бола синф­дан-синфга кўчгани сайин юк ҳам юқоридаги меъёрга нисбатан ошиб бораверади. Аммо 10-11-синф ўқувчилари сумкасида 3,7 килограммлик дарслик ва ўқув қуроллари тугул, 1 та китоб кўтариб боришга эринаётганлари ҳам ҳақиқат. Лекин улар аллақачон катталик оламига кириб бўлган, кўпи мактабни битирмасданоқ оғир ишлар билан банд бўлмоқда. Баъзи ота-она­ларнинг фарзандларига “ўқиб шаҳар олиб бермаслигини” иддао қилиб, пул топишга ундаши ёшларнинг физиологияси ва саломатлигига жиддий зарар етказиши тайин. 

Ўзбекистонда болалик қонун билан мустаҳкамланмоқда

Келинг, шу ўринда мамлакатимизда болаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши, шахсий дахлсизлиги кафолатланиши, умуман, болалар ҳаётига бўлган муносабат ҳақида озгина фикр юритсак.

“Сенинг ёшингда фалон иш қила олардим”, “Сендек пайтимда писмадон иш қилишга қурбим етган” каби катталар иддаолари барча болаларга бегона эмас. Шунинг учун ҳали мактабни битирмасданоқ ишчи кучи талаб қиладиган нуқталарда, мардикорликда, қурилишда, ҳаттоки юқоридаги каби биз тасаввур ҳам қила олмайдиган катта ҳажмдаги юк кўтариш жараёнида болалар салмоғи юқори. Наҳотки, буларни кўриб-кўрмаганга, билиб-билмаганга олиш билан вазият ўнг­ланса? Нега болаларни катталар мақсади, режаси йўлида оғир ишларга жалб қилиб, улардан арзон ва ҳаттоки текин ишчи кучи сифатида фойдаланиш керак?!

Ойбекнинг “Болалик хотираларим”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар” ёхуд Худойберди Тўхтабоевнинг “Беш болали йигитча” асарларини ўқиб, улардаги қаҳрамонларнинг йўқотилган болалигига гувоҳ бўламиз. Ёки бўлмаса, “Шум бола”ни олайлик. Эътибор беринг, мазкур асарлардаги воқеалар, асар қаҳрамонларидаги муаммолар, турмушидаги чигал вазиятларнинг барчасига ўша даврдаги оғир тузум, ижтимоий абгор вазият сабаб бўлган. Аммо шунда ҳам асар қаҳрамони сифатида талқин қилинган болалар ҳаётини ташвишсиз, ўйинқароқ, бахтли болаликка қиёсласак бўлади. 

Лекин, таассуфки, бугун ёшлар, хусусан, болаларнинг ўқиб-ўрганиши, соғлом ва баркамол вояга етиши учун барча шарт-шароит мавжуд бўлса-да, улар катталар томонидан турли хилдаги зўравонликлар қурбони бўлиб қолаётгандай. Маълумотларга кўра, ўтган 2023 йилда болаларнинг оғир меҳнатга жалб қилиниши, қадр-қиммати камситилиши, буллинг(майда зўравонлик)га учраш ҳолати кескин ошган. Бу эса амалдаги қонунчилик механизмларини қайта кўриб чиқишни талаб қилади. 

Яқинда Олий Мажлис Сенатининг 55-ялпи мажлисида “Болаларни зўравонликнинг барча турларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганини эшитган ҳар қайси онгли одам борки, энди юртимизда ҳар бир бола учун ишончли ҳуқуқий ҳимоя яратилганини эътироф этмоқда. 

Қайд қилинишича, қонун билан болаларга нисбатан зўравонликнинг, оғир меҳнатга жалб қилишнинг олдини олиш бўйича умумий ва индивидуал чоралар белгиланяпти. Хусусан, зўравонликдан жабрланган болага ҳимоя ордерини расмийлаштириш, оилада ота-онаси ёки яқин қариндошлари томонидан боланинг ҳаёти ва соғлиғига хавф соладиган зўравонлик ҳолатлари аниқланганда, уни оиладан олиб қўйиш ва хавфсизлигини таъминлаш, зўравонликни содир этган ёки уни содир этишга мойил шахсларга хулқ-атворини тузатиш чораларини қўллаш ва ҳоказо.  

– Бу қонун болаларга нисбатан зўравонлик, камситиш ва эксплуатация ҳолатларига қарши ҳар томонлама ҳуқуқий ҳимояни таъминлайди, шунингдек, у ҳар бир боланинг хавфсиз муҳитда ўсиб-улғайиш ҳуқуқини ҳимоя қилади, – дей­ди UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Кастижио “Kun.uz” нашрига берган интерьвюсида. – Бундан ташқари, қонун бола ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияларга тўла мос келади ва Ўзбекистон болаларни ҳамма жойда – уйда, мактабда ва жамиятда ҳимоя қилиш мажбуриятини зиммасига олганини тасдиқлайди. UNICEF ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни қўллаб-қувватлаганидан фахрланади ва биз унинг тўла амалга оширилишини таъминлаш учун ҳукумат билан яқин ҳамкорликни давом эттирамиз. Ушбу қонун қонунчиликдаги шунчаки бир норма эмас, балки у Ўзбекистон фарзандларининг келажаги учун мажбурият ҳамдир. 

Ҳа, ушбу қонун билан ўзбек болалари тақдирини ижобий томонга ўзгартириш, ўзбек менталитетидаги “ўлмайди, одам бўлади, ҳаётни кўради” қабилидаги қарашларни жиддий ўзгартиришга умид боғлаш мумкин. Балки шу орқали болаларнинг биз кўтараётган мавзу доирасида оғир юк кўтаришга жалб қилиниши кескин камаяр. Бунинг учун қонуннинг ижрога қаратилиши самарали амалга оширилса, бу борада жамоатчилик ва ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорликни изчил давом эттирса, етарли. 

Илҳомжон АБДУҚАЮМ ўғли, 

“Адолат” СДП Марказий аппарати 

Ташкилий-партиявий, ахборот-таҳлил ва 

назорат бошқармаси етакчи мутахассиси

Tegishli xabarlar

Одамларимиз янгича фикрлашга ўрганди

admin

Яшил маконлар кўпаймоқда

admin

Халқ манфаатлари асосий мақсад

admin