ADOLAT 24

Аралаш сайлов тизими: хорижий тажриба ва миллий ёндашув

Дунё мамлакатлари ижтимоий-сиёсий тараққиётидаги турфа хиллик уларнинг сайлов тизимларида ҳам ўз аксини топган бўлиб, бу ҳолат мажоритар, пропорционал ва аралаш сайлов тизимларининг шаклланишига сабаб бўлди.

Агар мажоритар сайлов тизими конкрет номзоднинг сайлов округида сайловчиларнинг кўпчилик овозини олиши зарурлиги билан тавсифланса, пропорционал сайлов тизими вакиллик органига ўз номзодларини кўрсатган партиялар ўртасида мандатларни тақсимлаш улар олган овозлар сонига мувофиқ амалга оширилишини билдиради.

Бироқ мажоритар ва пропорционал сайлов тизимларининг ҳар иккаласи ҳам айрим камчиликларга эга эканлигини кузатиш мумкин. Масалан, мажоритар сайловда парламентни шакллантиришда сайловчилар томонидан берилган ҳар бир овоз эмас, балки сайловда ғолиб бўлган номзодга берилган овозлар инобатга олинади, холос. Мағлуб номзодларга берилган овозлар эса бирор бир аҳамиятга эга бўлмайди, яъни “куйиб” кетади. Бундан ташқари, сайловда асосий эътибор номзодларга қаратилгани боис, ушбу тизим кўппартиявийликнинг ривожланишига етарлича шароит яратмайди.

Мажоритар сайлов тизимининг яна бир камчилиги – биринчи турда кўрсатилган номзодларнинг ҳеч бири сайланмаслиги эҳтимолининг мавжудлигидир. Бунда так­рорий овоз бериш ва уни молиявий таъминлаш зарурати пайдо бўлади. Молиявий таъминот масаласи, шунингдек, вакиллик органидаги бўшаб қолган депутатлик ўрнини тўлдиришда ҳам юзага келади. Бу дегани – давлат бюджетидан сайлов харажатлари учун ҳар беш йилда бир марта эмас, балки доимий равишда маблағлар сарфланиши тақозо этилади.

Шу каби айрим камчиликларни пропорционал сайлов тизимида ҳам учратиш мумкин. Жумладан, ҳеч бир партия сайловчиларнинг мутлақ кўпчилик овозини тўплай олмаса, ҳуқуматни шакллантириш учун у бошқа сиёсий партиялар билан коалиция тузишга мажбур бўлади. Бу эса тузилажак парламент кўпчилиги ва ҳукуматнинг барқарор фаолият юритишига маълум даражада тўсқинлик қилиши мумкин.

Аралаш сайлов тизими эса мажоритар ва пропорционал сайлов тизимларидаги ушбу камчиликларни бартараф этиш билан бирга уларнинг афзал жиҳатларини ўзида намоён этади. Бунда парламент депутатларининг бир қисми партия­ларнинг номзодлар рўйхатига овоз бериш орқали сайланса, қолган қисми мажоритар тартибда алоҳида номзодларга овоз бериш орқали сайланади. Аралаш тизим сайловчиларнинг овозларини тўлиқроқ ҳисобга олишга ҳисса қўшади ва мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг ҳақиқий манзарасини аниқроқ акс эттиради.

Бугунги кунда аралаш сайлов тизими дунё мамлакатларида тобора оммавийлашиб бораётганини кузатиш мумкин. Мутахассисларнинг фик­рича, сўнгги йилларда мажоритар ва пропорционал сайлов тизимларининг энг яхши жиҳатларини ўзаро уйғунлаштириш мақсадида Марказий ва Шарқий Европадаги бир қатор давлатларда аралаш сайлов тизимини жорий қилиш тенденцияси кучаймоқда.

Аралаш сайлoв тизими ҳозирда Германия, Испания, Япoния, Венгрия, Австралия, Янги Зеландия, Гвинея, Албания, Жанубий Кoрея, Литва, Сомали, Мексика каби мамлакатларда ва Тайванда (ХХР), МДҲ дoирасида эса Россия, Арманистoн, Қозоғистон, Oзарбайжoн, Грузия – жами 40 га яқин давлатларда амал қилмоқда.

Масалан, Австралияда парламентнинг бир палатаси мажоритар тизим, иккинчиси эса пропорционал тизим асосида сайланади. Мисрда эса аралаш тизим партиявий рўйхат бўйича овоз бериш ва якка тартибдаги сайловларнинг комбинациясидан иборат: ҳар бир сайлов округида биттадан индивидуал номзод сайланади, қолган ўринлар эса партия рўйхатидагилар ўртасида тақсимланади. Мексика Қўшма Штатларида Федерал Конгресснинг Депутатлар палатаси мажоритар тизим асосида сайланадиган 300 депутатдан ва пропорционал вакиллик тизими асосида сайланадиган 100 депутатдан иборат.

Парламент мандатларининг шакл­ланишидаги ўзаро тақсимоти ҳам турли хорижий давлатларда турлича бўлиши мумкин. Мисол учун, Қозоғис­тонда парламент қуйи палатаси депутатларининг 70 фоизи пропорционал тартибда, қолган 30 фоизи мажоритар тизим асосида сайланади. Германияда эса депутатларнинг 81 фоизи пропорционал тартибда, қолган 19 фоизи мажоритар тизим асосида сайланади.

Аралаш сайлoв тизимида сайловдан олдин ҳар бир партия ўз потенциал нoмзoдлари рўйxатини тузади ва бу рўйxатга кирган нoмзoд бир мандатли сайлoв oкругида ўтказиладиган сайлoвда ҳам қатнашиши мумкин. Бунинг учун нoмзoднинг кўп мандатли сайлoв oкругига ҳам, бир мандатли сайлoв oкругига ҳам айнан бир сайлoв бирлашмасидан ёки сайлoв блoкидан кўрсатилиши шарт қилиб қўйилади.

Аралаш сайлов тизимида, энг аввало, сайловчилар овозларини максимал инобатга олиш таъминланади. Можаритар сайлов тизими асосида муваффақият қозона олмаган партияларга ўзлари олган овозларга мутаносиб равишда депутатлик ўринларини олишга имконият яратади ҳамда жамиятда ҳақиқий кўппартиявийлик тизимини ривож­лантиришга хизмат қилади.

Аралаш сайлов тизимида бўшаб қолган депутатлик ўринлари сайловларда тақдим этилган сиёсий партияларнинг рўйхатидаги номзодлар ҳисобидан тўлдирилади. Бу эса сайловларни ўтказиш билан боғлиқ давлат бюджети харажатларини қисқартиришга хизмат қилади.

Аралаш тизимнинг қўлланилиши икки гуруҳдаги депутатларнинг сайланишига oлиб келади. Биринчиси – муайян сайлoв oкругида ўз сайлoвчилари билан узвий боғланган депутат бўлиб, у сайлoвчилар oлдида ўз масъулиятини тўлиқ ҳис этади. Иккинчиси эса партиявий рўйxат асoсида сайланган депутат бўлиб, у маълум oкруг сайлoвчиларига унча таниш бўлмаслиги мумкин, зеро, сайлoвчи oвoз бериш пайтида айнан унга эмас, балки партия рўйxати учун oвoз берган эди. Натижада сайланган депутат ўзини муайян сайлoв oкруги сайлoвчилари oлдида эмас, балки уни рўйxатга киритган партия oлдида ҳисoбдoр сезади.

Ўзбекистонда ҳам аралаш сайлов тизимига ўтишнинг ҳуқуқий асослари яратилди, жумладан, 2023 йилда қабул қилинган янги қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига ва амалдаги қонунларига аралаш сайлов тизимига ўтишни кўзда тутувчи муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бироқ, аралаш сайлов тизимини ҳаётга татбиқ қилиш жараёни энди-энди бошланмоқда. Чунончи, жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловлари илк марта аралаш сайлов тизими асосида ташкил қилинади. Бунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринларининг 50 фоизи мажоритар тизим асосида, қолган 50 фоизи эса пропорционал, яъни партияга овоз бериш орқали сайланиши назарда тутилмоқда.

Демак, яқинда бўлиб ўтадиган сайловларда Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутатини сайлаш учун мамлакатимиз ҳудудида етмиш бешта ҳудудий бир мандатли сайлов округлари, партия рўйхати асосида бошқа 75 нафар депутатларни сайлаш учун эса Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона сайлов округи ташкил қилинади. 

Маълумки, партия рўйхати асосида сайланган депутатлар муайян сайлов округига эга бўлишмайди. Бундай депутатлар ва сайловчилар ўртасидаги муносабатларни шакллантириш учун асосий масъулият сиёсий партиялар фракцияси зиммасида бўлади. Шунга мувофиқ, амалдаги қонунларга тегишли қўшимчалар киритилиб, партия рўйхати асосида сайланадиган депутатларнинг сайловчилар билан алоқаси тегишинча сиёсий партия фракцияси томонидан белгиланиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Шундай қилиб, аралаш сайлов тизими жамиятдаги мавжуд барча сиё­сий кучлар иштироки ва мувозанатини акс эттирувчи профессионал парламентни шакллантириш имконини беради. Бунда қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифати ва самарадорлиги ҳам ошади, зеро, аралаш тизим асосида сайланган депутатлар корпуси амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришга анча фаолроқ тайёргарлик кўргани боис, уларнинг қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни амалга ошириш бўйича талаб­лари ҳам шунчалик юқори бўлади.

Аралаш сайловларда депутатларнинг бир қисми пропорционал асосда сайлангани боис, уларнинг сиёсий партиялар билан алоқалари анча мустаҳкамланади. Ўз навбатида, сиёсий партияларнинг роли ва нуфузи ҳам ошади, уларнинг Сайлов­олди дастурлари ва сиёсий фаолиятида аҳолининг турли гуруҳ ва қатламлари манфаатлари ҳамда жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш тенденцияси кучаяди.

Энг муҳими, аралаш сайлов тизими сиёсий жараёнлар узвийлигини ва сиёсий анъаналар бардавомлигини таъминлайди. Бу эса, ўз навбатида, сиёсий институтларнинг бир маромда, барқарор фаолият юритишига, сиёсий тизимда демократик тамойиллар ва қадриятларнинг устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН – ОЗАРБАЙЖОН: ДЎСТЛИК ВА ҚАРДОШЛИК АЛОҚАЛАРИ ЯНАДА КЕНГАЯДИ

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ БОТИР ЗОКИРОВ ҲАЙКАЛИНИНГ ОЧИЛИШИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ НУТҚИ

admin

ҲУДУДЛАРДАН ХАБАРЛАР (Қорақалпоғистон респубикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Фарғона вилоятлари)

admin