ADOLAT 24

Манфаатлар тўқнашуви – инқирозга йўл

Манфаатлар тўқнашуви барча мамлакатларда қораланувчи ҳолатдир. Ўзи аслида манфаатлар тўқнашуви нима? Манфаатлар тўқнашуви шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатдир. Бундан ташқари, шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият ҳамдир. 

“Адолат” социал-демократик пар­тиясининг Сайловолди дастурида асосий йўналишлардан бири сифатида халқ номидан, халқ учун ва халқ манфаатлари йўлида хизмат қиладиган адолатли жамият қуриш белгиланган. Аммо манфаатлар тўқнашуви бу мақсадга тўсиқ бўлади. У нафақат мамлакат ривож­ланишига, балки партиямиз мақсадлари ва юртимиз ёшларининг келажаги ҳамда орзуларига ўзининг салбий таъсирини кўрсатади.

Манфаатлар тўқнашуви гирдобидаги ташкилот ёки корхона ҳеч қачон ривожлана олмайди. Бундай корхона раҳбари тушумларни ўз чўнтагига уриш билан чекланмайди, у атрофига ўзига хайрихоҳ яқинлари, таниш, дўсту қариндош­ларини тўп­лай бошлайди. Натижада, лавозимларга тажрибали соҳа мутахассислари ўрнига соҳадан узоқ кадрлар келиши ва бу ҳолат охир-оқибат соҳа инқирозига сабаб бўлиши мумкин. Манфаатлар тўқнашуви мана шундай ҳолатларга сабаб бўлиш билан бир қаторда ёшлар онгига ҳам салбий таъсир кўрсатади. “Тоғаси ишга олди”, “Отаси прокурор” “Холаси раҳбар” каби турли хил миш-миш­лар ўз нав­батида халқнинг ҳукуматга бўлган кайфиятининг ўзгаришига замин тайёрлайди. 

Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Рес­публикасининг “Манфаатлар тўқ­нашуви тўғрисида”ги қонуни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан тасдиқланди.

Қонуннинг манфаатлар тўқнашуви ҳолларини тартибга солиш учун уларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тегиш­ли чоралар кўриш кераклиги таъкидланган 4-боб, 24-моддаси алоҳида эътиборга молик. Унда келтирилган қуйидаги тартиб мамлакатимизда манфаатлар тўқнашувини келажакда жиддий равишда пасайтиришга асос бўла олади:

– ўзига нисбатан манфаатлар тўқнашуви юзага келган раҳбарнинг бевосита бўйсунувидаги давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимини манфаатлар тўқнашуви юзага келмайдиган бошқа раҳбарнинг бўйсунувига ўтказиш;

– давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимини манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган коллегиал орган таркибидан ихтиёрий равишда ўзини ўзи рад этиши орқали ёки мажбуран четлаштириш;

– давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг лавозим мажбуриятлари ёки хизмат ваколатлари доирасини қайта кўриб чиқиш;

– давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин бўлган ахборотидан ва ҳужжатларидан фойдаланишига чекловлар белгилаш;

– давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг якка тартибда қарорлар қабул қилишга доир ваколатларини қонунчиликка мувофиқ амалга ошириши устидан коллегиал назоратни таъминлаш;

– давлат органининг ёки бош­қа ташкилотнинг ходимига ўзидаги шахсий манфаатдорликни қонунчиликка мувофиқ бартараф этиши тўғрисида таклифлар тақдим этиш;

– ходим томонидан ўзи меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг манфаатларига зид бўлган шахсий манфаатдорлигидан воз кечиши;

– давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг шахсий манфаатдорлигини бартараф этиш чораларини кўриш мумкин бўлмаган тақдирда, ходимнинг розилиги асосида уни аввалги лавозимига тенг бошқа лавозимга ўтказиш ёки меҳнат шартномасини (контрактни) умумий асос­ларда бекор қилиш.

Давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар томонидан манфаатлар тўқнашувини тартибга солишга доир чораларни кўриш чоғида бирор-бир шахсларга, гуруҳларга ёки ташкилотларга афзаллик, устунлик беришга ёхуд давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг ходимларини, шунингдек, фуқароларни камситишга йўл қўйилмайди.

Давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар ўз ходими билан ўзаро келишувга кўра, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан қонунчиликда тақиқланмаган бошқа чораларни ҳам кўриши мумкин.

Бундан ташқари қонун ҳужжатида манфаатлар тўқнашуви хусусида тартиб-қоидалар аниқ белгиланган. Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳужжатларнинг махфийлигини таъминлаш ҳам айнан шулар жумласидандир. Маълумотлар аниқланиш жараёни қатъий сир сақланиши ишга учинчи шахсларнинг аралашмаслигига кафолат бўла олади. Манфаатлар тўқнашувларини аниқлаш юзасидан сараланган ходимлар ҳам сир тутилиши, шахси очиқланмаслиги зарур. 

Бундан ташқари, манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар берган фуқаролар моддий ва маънавий тақдирланишлари, (фуқаро хоҳишига кўра) шахслари сир сақланиши таъминланиши лозим.

Манфаатлар тўқнашувига қарши курашиш барчамизнинг ўз қўлимизда. Бу каби нохуш жараёнларни бартараф этиш учун атрофимизда бўлаётган воқеаларга бефарқ бўлмаслигимиз зарур. 

Tegishli xabarlar

Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди

admin

ЙЎЛ ҲАММАНИКИ, МЕҲНАТИ БИЗНИКИ

admin

Қачон уй оламиз?

admin