ADOLAT 24

Ҳокимларнинг маҳаллий Кенгаш олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлиги кучайтирилади

Мамлакатимизда сўнгги йилларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий муҳофазасига оид долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилиб, халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасидаги ислоҳотлар изчил давом этмоқда.

Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциямизда халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилиши, вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида Кенгаш раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги мустаҳкамлаб қўйилди. Галдаги устувор вазифа эса маҳаллий ижро этувчи ва вакиллик ҳокимиятининг бўлиниши принципига оид конституциявий кафолатларни қонунчиликда акс эттириш масаласи эди.

Шундан келиб чиқиб, бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида маҳаллий давлат ҳокимиятининг конституция­вий асослари такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, куни кеча қуйи палатада биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан амалдаги қонун ҳужжатларига бир қатор муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Биринчидан, янги таҳрирдаги Конс­титуцияга мувофиқ, вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг бир вақтда тегишли ҳудуддаги вакиллик ҳокимиятини бошқариш ваколати бекор қилиниб, фақат вилоят, туман ва шаҳарнинг ижро этувчи ҳокимиятига бошчилик қилиши назарда тутилмоқда.

Иккинчидан, вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари номзодлари тегиш­ли халқ депутатлари Кенгашларида кўриб чиқилаётганда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурини тақдим этиши ҳақидаги янги норма киритилмоқда.

Учинчидан, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ тегиш­ли бир вилоят, туман, шаҳарнинг ҳокими этиб тайинланиши мумкин эмаслиги ҳақидаги янги норма билан тўлдириляпти.

Тўртинчидан, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ерга эгалик ва ундан фойдаланиш ҳуқуқига оид ваколатлари бекор қилиняпти. Ер участкаларини доимий фойдаланишга беришга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ҳақли эканликлари мус­таҳкамланмоқда.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида маҳаллий Кенгашларнинг ролини янада ошириш, вакиллик назоратининг янги шаклларини жорий этиш, ҳокимларнинг маҳаллий Кенгаш олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлигини кучайтиришга қаратилган бир қатор янги нормалар акс этмоқда. Унга кўра, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилади. Шунингдек, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг сессияларини чақиришнинг сони ва муддатлари ҳам лойиҳада акс этмоқда. Яъни, биринчи сессия­нинг очилиши ва унда раислик қилиш тартиблари белгиланяпти.

Бундан ташқари, Кенгаш раиси ва сайловда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия гуруҳи раҳбарига сессияларга раислик қилиш ваколати тақдим этилмоқда. Маҳаллий Кенгашларга ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, қоида тариқасида, 5 тагача (амалда 8 та) доимий ва муваққат комиссиялар тузиш ҳуқуқи бериляпти, комиссияларнинг ваколатлари ҳам кўзда тутиляпти.

Қонун лойиҳаси билан маҳаллий Кенгашларнинг ваколат доиралари кенгайтирилмоқда. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) минтақавий вакилининг, Президент Халқ қабулхоналарининг ахборотини эшитиш, Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий раҳбарларининг ҳисоботини кўриб чиқиш кабилар шулар жумласидандир.

Маҳаллий Кенгашларнинг назорат тадбирларини амалга оширишдаги имкониятларини «Кенгаш сўрови» ва «Кенгаш текшируви» каби таъсирчан институтларни жорий этиш ҳисобига кенгайтириш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, маҳаллий Кенгаш ва ҳоким қабул қиладиган ҳужжатлар Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимида рўйхатдан ўтказилиши мустаҳкамланяпти.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, ушбу ҳужжатдаги ҳоким ва маҳаллий Кенгаш раиси вазифаларининг ажратилиши билан боғлиқ қоидалар вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2024 йилги сайловлар якунлари бўйича, туман ва шаҳарларда эса 2026 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилиши белгиланмоқда.

Мухтасар айтганда, қонун лойиҳаси ҳудудларда ҳокимиятлар бўлиниши принципини тўлақонли рўёбга чиқариш, ижро органлари устидан маҳаллий Кенгашлар ва улар депутатларининг вакиллик назоратини кучайтириш ва уларни халқнинг чинакам овозига айлантиришда муҳим ўрин тутади. Асосийси, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар рўёбига хизмат қилади.

Иномжон ҚУДРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

Устоз

admin

ОДДИЙ ОДАМЛАР БИЛАН КЎПРОҚ МУЛОҚОТ АСОСИДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ҚАРОРЛАР ИСТИҚБОЛЛИ БЎЛАДИ

admin

“Мен бир чинор бўлсам, ўзинг ниҳолим…”

admin