ADOLAT 24

Ҳудудлардан хабарлар

 3 километр ички йўл асфальт қилинди

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, мурожаатлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, муаммоларни самарали ҳал этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати Дилрабо Темирова томонидан бу борада тизимли ишлар амалга ошириб келинаяпти. Депутат саъй-ҳаракати билан жорий йилнинг ўтган ойларида аҳоли мурожаатлари асосида 37 та депутатлик сўровлари юборилган бўлиб, уларнинг 34 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 3 та депутатлик сўровида кўтарилган масала сессияда муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинган.

Депутат Шаҳрисабз шаҳридаги “Хабарлик” МФЙ фаоллари билан учрашганида фуқаролар маҳалла йўллари носозлиги юзасидан шикоят қилишган эди. Д.Темирова муаммони ўрганиб, тегишли идораларга депутатлик сўрови юборди. Айни пайтга келиб шаҳар йўлсозлари томонидан маҳалланинг 3 километрлик ички йўллари таъмирланиб, асфальт қилинди.

Депутат ташаббуси билан “Аёллар дафтари” рўйхатида турган эҳтиёжманд 14 нафар хотин-қизга ҳомийлар томонидан доимий равишда моддий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Шунингдек, олий таълим муассасаларида ўқиётган 7 нафар талабанинг контракт тўлови депутат кўмаги билан тўлаб берилди, 22 нафар ёшларга эса ҳунар ўрганишлари учун керакли асбоб-ускуналар ажратилди.

Қашқадарё вилоят кенгаши матбуот хизмати

**

Сайёр қабул самарали кечди

 “Адолат” социал-демократик партиясининг “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шофиркон туманидаги “Қалмақон” маҳалласида халқ депутатлари Шофиркон тумани Кенгаши депутати Зулфия Ашурова томонидан партиянинг “Аёллар қаноти” раиси Ҳамрогул Ашурова, мазкур маҳалла фаоллари билан биргаликда хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганишга қаратилган сайёр қабул ташкил қилинди. Унда ҳудудда истиқомат қилаётган “Аёллар дафтари” рўйхатидаги бир гуруҳ хотин-қизлар билан суҳбат олиб борилди ва муаммолари ўрганилди. Очиқ мулоқот жараёнида хотин-қизлар томонидан келиб тушган ўнга яқин мурожаат бўйича ҳуқуқий ва психологик маслаҳат берилди.

Лойиҳа доирасида “Қалмақон” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Д.Муҳаммедованинг хонадонида бўлишди. Маълум бўлишича, фуқаро 5 ой олдин 2 нафар вояга етмаган фарзанди билан отасининг уйига аразлаб келган. Маҳалла фаоллари оилани бир неча бор яраштиришга уринишса-да, натижа бўлмаган. Шундан сўнг партия фаоллари Д.Муҳаммедованинг Олот туман “Байёт” МФЙда яшовчи турмуш ўртоғи Ғ.Мамедов билан суҳбатлашиб, тушунтириш ишларини олиб боришди. Фаолларнинг саъй-ҳаракатлари зое кетмади ва ёш оила яраштирилди.

Шунингдек, мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи, “Аёллар дафтари” рўйхатида турувчи хотин-қизлар хонадонларига кўмак бериш учун маҳалла ходимлари ва туман молия бўлими мутахассиси билан ўрганиш ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизларга даволаниши учун саховатпеша ҳомийлар билан ҳамкорликда моддий ёрдам тўлаб берилиши белгиланди. .

Бухоро вилоят кенгаши матбуот хизмати

**

Жалақудуқлик халқ вакилларига ишонч ортмоқда

Халқ депутатлари Жалақудуқ туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳининг биринчи ярим йилликдаги фаолияти сарҳисоб қилинди. Таҳлиллар халқ вакиллари билан сайловчилар ўртасидаги алоқа янада мустаҳкамлангани, жойлардаги муаммоларнинг ечимини топишда биргаликда ишланаётгани, фуқароларда депутатлик институтига бўлган ишонч ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Бунинг асосий омили сайловчиларнинг мурожаатлари эътиборсиз қолмаётганида, дея баҳолаш мумкин.

Халқ вакилларига ҳисобот даврида 130 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Улар асосан бандлик, тадбиркорлик, тиббий хизмат ва ҳуқуқий йўналишлар билан боғлиқ. Депутатлик гуруҳи аъзолари Равшанбек Алимов, Тўйдихон Алибоева ва Маликахон Абдуллаева улар билан ишлашда фаол, ҳар бир мурожаат имкон қадар ижобий ҳал қилинади.

Шу ўринда депутат Тўйдихон Алибоева фаолиятига назар ташлайлик. У сайловчилар билан ишлашни сайлов ҳудудидаги “Ғозичек”, “Гулистон” ва “Навоий” МФЙга кўчирган. Ҳафтанинг чоршанба кунида сайловчиларни қабул қилади. МФЙ фаоллари билан хонадонларга кириб бориб, фуқароларнинг ҳаёти, турмуш тарзини ўрганиб боради. Шундан бўлса керак, жамоатчилик ҳам ўз вакилига ўрганиб қолган, бирон муаммо туғилса, унинг ёнига шошадилар.

“Адолат” СДПнинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойи­ҳаси доирасида фуқароларнинг бандлигини таъминлаш долзарб вазифалардан. Депутат бу борада ташаббус билан чиқиб, вақтинча ишсизлар мурожаатига алоҳида эътибор билан қарайди. Шу йилнинг 6 ойида унинг аралашуви билан 22 нафар фуқаронинг бандлиги таъминлангани бунинг ифодаси. Жумладан, “Қиличмозор” МФЙда яшовчи Севара Жиянова оиласи ижтимоий кўмакка муҳтожлиги ва ўзининг ишсизлигини билдирди. Ўрганиш асосида у 18-мактабга ҳамшира вазифасига ишга жойлаштирилди. Натижада бир оиланинг иқтисоди яхшиланди.  

Фуқаро Моҳира Мўйдинова ҳам бир неча йилдан буён ишсизликдан қийналаётганди. Халқ вакилига қилган мурожаати ижобий самара берди. У Ибн Сино номидаги ҚВПга ишга жойлаштирилди.

Фуқаролар бандлигини таъминлашнинг самарали йўлларидан бири молиявий кўмак. Бу борада ҳам Т.Али­боева ташаббускор. Жамоатчилик орасида банк муассасалари томонидан бериладиган кредитлар ва тадбиркорлик хусусида тушунча бериб боради.

Фуқаро Бахтиёр Эргашев чорвачиликка қизиқади, бироқ маблағи йўқ. Уни тинглаган депутат кредит олишни маслаҳат берди. Қисқа вақт ичида унга 33 миллион сўм имтиёзли кредит берилди. Энди Б.Эргашев севган иши билан банд.

– Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш баробарида қонунлар ижросини таъминлаш фаолиятимизда кенг ўрин эгаллайди. Жумладан, аҳоли саломатлиги ҳамма вақт долзарб масала, – дей­ди Т.Алибоева. – Шу сабаб бу масала доим эътиборимизда. Жойларда фуқароларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ўрганиш баробарида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 октябрдаги “Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашни жамоатчилик назорати тартибида ўрганиб боряпмиз. Натижада туманимиздаги аксарият дорихоналарда сифатли дори воситалари савдосига эришилмоқда. Бундан фуқаролар хурсанд.

18-Дўстлик округидан сайланган депутат Малика Абдуллаева фаолиятида ҳам ўрганишга арзирли ишларни кўриш мумкин. У касби ҳамшира бўлгани боис доим аҳоли орасида. Фуқаролар саломатлигини яхшилаш баробарида муаммоларни ечишга ҳаракат қилади. Сайловчиларнинг мурожаатларини ўзи учун масъулият деб билади. Ҳал қилмагунча тинчимайди.

“Дўстлик” МФЙда яшовчи фуқаро Хайрулла Мўминов хонадонида иссиқхона ташкил этишни режалаштирганди. Бироқ маблағ масаласи уни қийнаётганди. М.Абдуллаева у билан суҳбатлашиб, молиявий кўмак олиш юзасидан тушунча берди. Мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, фуқаро субсидия асосида иссиқхона қуришга эришди. Яқин кунларда дастлабки ҳосил унинг оиласига барака келтиради.

Давлатимиз томонидан хотин-қизларга бўлган эътибор депутатни ҳам улар билан ишлашга бош­лайди. “Аёлнинг муаммоси бўлмаслиги керак”, дея ўз олдига мақсад қўйган депутат 16 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлади, 4 нафари соғломлаштиришга йўналтирилди. Умида Ўсарова, Назира Исаева, Маъмура Раимжонова каби 9 нафар аёлга 5 миллион сўмдан кредит олишда амалий ёрдам берди.

– Аҳоли учун энг зарури – сифатли тиббий хизмат, – дейди М.Абдуллаева. – Тўғри, бугун энг чекка ҳудудларда ҳам бу борада муаммо йўқ. Шундай бўлса-да, жамоатчиликнинг тиббий маданиятини ошириш, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиш лозим. Шу мақсадда “Дўстлик”, “Осуда ҳаёт” ва “Кўтарма” МФЙда бепул тиббий кўрик ташкил қилдик. Касаллик аниқланган 24 нафар бемор соғломлаштирилди. Туғиш ёшидаги аёллар алоҳида назоратга олинди.

М.Абдуллаева сайловчиларнинг мурожаатлари асосида коммунал хизмат ва ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммоларга ҳам ечим топмоқда. Унинг аралашуви билан «Осуда ҳаёт» МФЙ кўчаларига 2 километр масофада оқова сув олиб келинди, янги ташкил этилган кўчаларга 4 дона бетон устун ўрнатилди.

Бир сўз билан айтганда, жалақудуқлик “адолатчи” депутатлар уларни қийнаётган муаммоларни ўз муаммоси деб биладилар. Шундан бўлса керак, халқ вакилларига бўлган ишонч ортиб боряпти.

Андижон вилоят кенгаши матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тушунтирилмоқда

admin

Ишончли вакилларнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда (Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Навоий, Қашқадарё, Хоразм )

admin

Президентликка номзоднинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда

admin