ADOLAT 24

Убайдулла Хўжаев: “Юртни, элни озод кўрмоқ орзуси. Эркин яшаш орзуси…”

Миллатпарвар боболаримиз ташкил этган жадидчилик ҳаракати Ватанимиз тарихининг энг ёрқин саҳифаларидан биридир. Халқимиз учун оғир кунларда маърифат машъаласини баланд кўтариб чиққан жадид­лар фаолиятини, уларнинг бебаҳо меросини чуқур ўрганишимиз зарур. Маълум ва машҳур жадид, рус ва хориж қонунларини пухта ўрганган ҳуқуқшунос Убайдулла Хўжаев ўз салоҳияти билан рус-тузем мактабини тугатган, Тошкент округ судида мирза бўлиб ишлаган, Саратов университетида ўқиган. Убайдулла Хўжаев жаҳон адабиёти ҳамда ҳуқуқшунослик бўйича етук мутахассислардан бири бўлган. У 1909 йилда русларнинг даҳо адиби Л.Толс­той ижоди билан чуқур танишади. Файласуф ёзувчининг насроний ақидасидан келиб чиққан ғоясига мус­тамлака мамлакатнинг фарзанди сифатида ён бермай, унинг ёвузликка ёвузлик билан жавоб бермаслик ҳақидаги ақидасига мухолиф ўлароқ ўз фикр-мулоҳазаларини ёзиб юборади, Толстойдан жавоб мактуби ҳам олади.

Убайдулла Хўжаев Саратовдан Тошкентга қайтиб келгач, халқнинг тараққиётига, мазлумликдан қутулишига чора ахтариб ҳаракат қилаётган жадидлар сафига қўшилади Чор ҳукумати маҳаллий аҳоли манфаати учун очиқ ишловчи сиёсий партияга рухсат бермагач, Убайдулла Хўжаев Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний ва бошқалар билан биргаликда «Турон» мусулмон драма санъати ҳаваскорлари иттифоқи»ни тузади. Убайдулла Хўжаев труппанинг ишида қизғин иштирок этади, ҳатто айрим спектаклларни намойиш этиш масаласида ташкилотчи ва маъмур сифатида қатнашади. «Туркестанские ведомос­ти» газетасининг берган хабарига қараганда, 1914 йил 27 февралда Колизей биносида намойиш этилган Маҳмуд­хўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» драмасини саҳналаштириш ва оммага кўрсатиш ташкилотчиси ҳам Убайдулла Хўжаев бўлган.

Убайдулла Хўжаев Туркистон халқининг ўз ҳақ-ҳуқуқини таниши учун тинмай ишлаган фидойи жадиддир.

У 1916 йил июнь воқеаларида, яъни мардикорликка олиш тўғрисидаги фармонга Туркистоннинг халқпарвар, онгли ҳуқуқшуноси сифатида қарши чиққан.

Убайдулла Хўжаевнинг номи 1916-1917 йилларда бутун Туркистон ўлкасида достон бўлгани ҳам бежиз эмас.

Умуман олганда, Қўқон мухторияти асосчиларидан бири бўлган Убайдулла Хўжаевнинг ҳаёти турли фожиаларга, айрилиқларга бой кечган. Яқинларининг сотқинлигу хиёнатларини бошидан кечирган. Шунга қарамасдан у Ватан мустақиллиги учун астойдил кураш олиб борган. Шўролар даврида буюк маърифатпарвар, моҳир таржимон У.Хўжаев уч марта қамалади. 1939 йили, учинчи марта қамалганида Туркистон халқининг асл фарзанди НКВДга қарашли қамоқхонада ҳалок бўлди.

Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган, “Жадид” қиссасидан олинган парчада ҳаётини халқи ва Ватани тараққиёти, истиқболига бахшида этган ажойиб инсон ва улуғ жамоат арбоби Убайдулла Хўжаев умрининг сўнгги йиллари қаламга олинган.

********************************************************************

Убайдулла Хўжаев 1924, 1926, 1929, 1930, 1937 йилларда Ўзбекис­тонни шўролар ҳукуматидан айириб, мустақил буржуа рес­публикаси қурмоқчи, миллатчи, жумладан, “Миллий иттиҳод” – “Миллий истиқлол” ташкилотлари фаоли деган айблар билан қайта-қайта қамалди, сургун қилинди. У 1937 йилда навбатдаги жазо муддатини Вологда вилоятининг Никольск шаҳрида ўтаб қайтгач, Тошкентда, синглисининг уйида яшади, қисқа муддат ичида Лев Толстойнинг “Болалик”, Редьярд Киплингнинг “Маугли” асарларини ўзбекчага таржима қилди.

1938 йилнинг 20 февраль туни.

Синглисининг уйида ўзи учун ажратилган торгина хонада яшаётган Убайдулла Хўжаев навбатдаги таржима билан машғул эди.

Уй ёнига машина келиб тўхтади. Хавотирга тушган Хўжаев деразадан қаради. Қўнғизга ўхшаган машина, ундан тушаётган қора чарм куртка кийган чекистлар.

Ҳаммасини тушунган Хўжаев хотиржамлик билан ўрнидан турди, нарсаларини йиғиштира бошлади. Ичкари хонадан чиқиб келган, қама-қамалардан юрак олдириб қўйган аёл ваҳима ичида сўради:

– Омонликму, ака?

Хўжаев синглисини хотиржам қилишга уринди:

– Омонлик. Менга келишибдур. Ишлари бор чиқар. Сен ҳеч безов­­та бўлмағил.

Хўжаев шундай дея синглисини қучиб қўйгач, хотиржамлик билан хонадан чиқди.

Аёл деразадан мўралаб чекистлар акасини машинага ўтқазишаётганини кўрди. Машина вағиллаб юриб кетди.

Бу уларнинг охирги учрашуви эди…

Тошкент қамоқхонасидаги сўроқ камерасида эса уни одатдагидай терговчи – пролетар Ефремов куракда турмайдиган, тутуриқсиз айб­ловлар билан қарши олди.

Хўжаев яна бу аҳмоқона айб­ловларни рад этди, кўзи қонга тўлган терговчи яна уни аёвсиз калтак­лади.

Қаҳр-ғазабга минган Ефремов лунжи шишган, қоши ёрилган, юзи қонга беланган Хўжаевнинг ёқасидан бўғиб, нечанчи маротабадир такрорлади:

– Ҳой, сарт, жадид, тан ол: сен ўзинг фаол аъзо бўлган “Иттиҳоди тараққий” яширин партияси раҳбарларининг инглиз разведкаси билан алоқаси ҳақида ҳамма нарсани биласан, ўзинг ҳам инглиз разведкасининг жосусисан! Шундай,а?

– Й-йўқ. Мен… мен жосус эмасман, – пичирлади маҳбус.

Терговчи яна маҳбусни уриб, тепа бошлади:

– Жосуссан! Жосуссан!.. Тан ол, аблаҳ! Тан ол, сарт!..

 Узоқ давом этган бу мислсиз хўрлик, бу бетийиқ азоб сира тугамайдигандай эди.

Бироқ бир тун милтиқли аскарлар кийимлари йиртилган, қонга беланган Хўжаевни аччиқ шамол эсиб турган ҳовлига олиб чиқишди.

Бир четда папирос тутатиб турган Ефремов маҳбуснинг ёнига борди.

– Хуллас, сарт, “тройка”нинг ҳукми чиқди, – деди у калондимоғлик билан. – Сен Жиноят кодексининг 57-,67-моддалари билан, яъни ишчи-деҳқон ҳокимиятини ағдаришга қаратилган контрревол­ю­цион фаолиятинг учун… Қолган моддаларниям санаб берайми?

Ҳаммасини тушунган Хўжаев бош чайқади:

– Шарт эмас.

– Яхши. Унда ўлиминг олдидан менинг бир саволимга рўй-рост жавоб бер. Тинчгина, ҳаттоки жуда яхши яшашинг мумкин эди-ку. Сен нега бу йўлни танладинг? Хўп, адашиб танлаган экансан, оқибатини била туриб нега вақтида ортга қайт­мадинг? Ахир калланг балодай ишлайди-ку, сарт. 

Убайдулла Хўжаев терговчига хотиржамлик, вазминлик билан боқди.

– Сен орзу нималигини биласанми, Миша? Юрак-юрагингнинг қаърига кириб борган, тириклигинг­нинг маъно-мазмунига айланган орзу нималигини?

Терговчи ҳайрон қолди:

– Хўш, у қандай орзу экан ҳаётингдан ҳам қиммат турадиган?

– Юртни, элни озод кўрмоқ орзуси. Эркин яшаш орзуси…

– Ҳм-м… – Терговчи ишонқирамай бош чайқади. – Агар шу кетиш­ларинг бўлса, ундай кунларни тушларингда кўрасанлар.

Убайдулла Хўжаев… табассум қилди:

– Менга негадир ундай туюлмайди…

– Шу хомхаёлларинг сабаб, – бу сафар ачиниб бош чайқаган терговчи умрида биринчи марта “сарт”ни фамилияси билан атади: – Хўжаев, бекордан-бекорга ўлиб кетяпсан-да.

– Ким айтди бекорга деб?

Ефремов ниманидир тушунтирмоқчи бўлди, аммо айнан нимани гапирмоқчи бўлганини ўзи ҳам анг­лаб етмаётгани боис жаҳл билан қўл силтаб қўя қолди.

Убайдулла Хўжаев совуқдан дағ-дағ титраётган аскарлар бош­лиғи кўрсатган девор ёнига эмас, улкан дарахт тагига бориб турди. Ҳеч ким, ҳатто Ефремов ҳам бунга эътироз билдирмади.

Аскарлар саф тортишди, бош­лиқ қўлини кўтарди:

– Тайёрланинг.

Ортига ўгирилаётган Ефремов беихтиёр Убайдулла Хўжаев томонга қаради. Шу маҳал ногаҳон осмонда чақмоқ чақди. Унинг шуъласи улкан дарахт тагида хотиржам турган, кўзларида недир умид-ишонч акс этаётган Убайдулла Хўжаевни бор бўйи билан ёритди.

Ефремов сесканиб кетди.

Буйруқ янгради:

– Отилсин!

Момақалдироқ гумбури пала-партиш ўқлар овозини босиб кетди.

Навбатдаги чақмоқ шуъласи улкан дарахт тагида мағрур турган Убайдулла Хўжаевни ёритди…

Туркистон халқининг асл фарзанди, жасур ўғлон, маърифатпарвар жадид Убайдулла Хўжаев ўлимидан сўнг орадан ярим асрдан кўпроқ вақт ўтгач, 1989 йилнинг 31 июлида тўла оқланди.

Абдуқаюм Йўлдошев,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Tegishli xabarlar

Қутлаймиз!

admin

Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилади

admin

“Adolat” етказиб берилди

admin