ADOLAT 24

ЎЗБЕКИСТОН ВА ҚИРҒИЗИСТОН КЎП ҚИРРАЛИ     ҲАМКОРЛИГИДА ЯНГИ ДАВР БОШЛАНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров рафиқаси билан бирга 18 июль куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Тошкент шаҳри халқаро аэропортида уларни давлатимиз раҳбари ва рафиқаси кутиб олди.

Олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортди.

Қўшнисига яхшилик соғиниб, ҳамиша тинч бўлишини тилаган, ютуғидан қувонадиган халқмиз. Оналаримиз тансиқроқ бирор егулик пиширса аввал бир девор нарига, ҳамсоясига илинган. Ўзига раво кўрганини бошқалар билан ҳам бўлишган. Бунда катта ҳикмат бор.

Ота-боболаримиз бир рўзғорнинг бошқалардан айро бахтиёр бўла олмаслигини яхши билган. Кучнинг бирликда эканлигини таъкидлашларининг маъноси ҳам шунда.

Мамлакатимизнинг кейинги йилларда қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга интилаётгани замирида ҳам ана шу кўп йиллик қадрият мужассам.

Ўзбекистон Қирғиз Республикаси билан “бир девор” қўшни. Қуда-анда, борди-келди, олди-сотди масалалари ўзига хос тарихга эга.

Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров​ Тошкент шаҳрига келгач, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмон “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.

Мажмуа билан қисқача танишув асносида Қирғиз Республикаси делегацияси вакилларига мазкур ансамбль мазмуни ва меъморий ечимлари ҳақида маълумот берилди.

Делегация аъзолари мажмуада акс эттирилган алломалар, буюк саркарда ва жаҳонгирлар, жадид боболаримизнинг сиймоларига алоҳида эътибор қаратди.

Шундан сўнг Кўксарой қароргоҳида Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровни тантанали кутиб олиш маросими бўлди.

Қароргоҳ олдидаги майдонда давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий кутиб олди ва шоҳсупага таклиф этди. Ҳарбий оркестр икки давлат мадҳияларини ижро этди.

Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда икки мамлакат ҳамкорлигининг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари олий мартабали меҳмонни самимий қутлар экан, кейинги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган кўп қиррали ҳамкорликни тубдан кенгайтириш учун яхши замин яратилганини алоҳида таъкидлади.

Парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсат ва тармоқ идоралари даражасидаги мулоқотлар натижадорлигини ошириш, халқаро ва минтақавий майдонлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон савдо ташкилоти, минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари, “Марказий Осиё плюс” форматлари доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Ҳамкорликнинг янги иқтисодий кун тартибини шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.

Транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича янги лойиҳа таклифлари кўриб чиқилди.

Президентлар ҳудудлараро ҳамкорликни, жумладан, Чегараолди вилоятлар ҳокимлари кенгаши доирасида янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

Шунингдек, қишлоқ ва сув хўжалиги, экология, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Давлат раҳбарлари минтақавий кун тартибидаги томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.

Мазкур саммитга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, бизнес форуми, Ректорлар форуми, Авлодлар мулоқоти ва қатор маданий тадбирлар муваффақиятли ўтказилгани таъкидланди.

Савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, хавфсизлик, маданият ва бошқа муҳим йўналишлардаги ҳамкорлик натижалари танқидий таҳлил қилинди.

Музокаралар давомида томонлар парламентлар, ҳукуматлар, вазирликлар, идоралар ва ҳудудлар, ишбилармонлар, экспертлар ва жамоатчилик даражасида фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар. Давлатлараро кенгаш тузишга қарор қилинди.

Халқаро ва минтақавий тузилмалар, жумладан, БМТ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви ва бошқа кўп томонлама майдонлар доирасида яқин ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш, энг аввало, импорт ўрнини босиш дастурлари ва кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Шу мақсадда ташриф давомида ўзаро савдо ҳажмини оширишга қаратилган дастур қабул қилинмоқда.  Бундан ташқари, яқин йилларда 2 миллиард доллар кўрсаткичига чиқиш учун пойтахтларда савдо уйлари ташкил этилади, экспорт-импорт шартномалари тўплами шакллантирилади, экспортолди молиялаштириш воситалари жорий этилади, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини тезкор ташиш бўйича “яшил йўлак” ишга туширилади.

Саноат кооперацияси доирасидаги жорий лойиҳалар портфели 300 миллион долларга етгани таъкидланди. Куни кеча бўлиб ўтган бизнес форуми доирасида энергетика, логистика, электротехника, тўқимачилик, агросаноат ва бошқа тармоқларда савдо шартномалари ва инвестиция битимларининг янги тўплами қабул қилинди.

Бундай лойиҳаларни илгари суриш учун Ўзбекистон – Қирғизистон жамғармасининг устав капитали 200 миллион долларгача оширилади.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик йўналиш этиб белгиланди.

Қамбарота ГЭС-1 қурилишига доир битимни тез фурсатда имзолаш ва лойиҳанинг амалий босқичини бошлаш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, икки мамлакат салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда кичик гидроэнергетикани ривожлантириш бўйича комплекс ҳамкорлик дастури тайёрланади.

Минтақада транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича стратегик лойиҳа тўғрисидаги уч томонлама битим имзолангани бу борада тарихий воқеа бўлди.

Учрашувда истиқболли транспорт лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди.

Икки мамлакат ҳудудлари савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳақиқий драйверлари экани таъкидланди. Шу маънода, Бош вазирлар раислигидаги Чегараолди вилоятлар ҳокимлари кенгаши доирасида фаол алоқалар давом эттирилади.

Ҳудудлар делегацияларининг ўзаро ташрифлари жадвалини тайёрлаш ва қўшма “йўл хариталари”ни янгилашга келишиб олинди.

Қишлоқ хўжалиги ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишидир. Қишлоқ хўжалиги экинларини биргаликда етиштириш, интенсив боғлар ва агрокластерлар ташкил этишни назарда тутувчи агрокооперация дастури амалга оширилиши қайд этилди.

Маданият, ёшлар, туризм, таълим, фан ва спорт соҳаларида фаол алмашинувлар давом эттирилади.

Келгуси йилларга мўлжалланган маданий тадбирлар тақвимини тайёрлашга келишиб олинди.

Йиғилишда Бош вазирлар ўринбосарларининг ҳисоботлари ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик юзасидан аниқ таклифлари тингланди.

Музокаралар якунида давлат раҳбарлари қўшма “йўл харитаси”ни тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали амалга ошириш механизмларини йўлга қўйиш бўйича топшириқ бердилар.

Икки томонлама музокаралар якунлангач, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров йирик кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида иштирок этдилар.

Жумладан, Фарғона ва Наманган вилоятларида умумий қуввати 400 мегаватт бўлган иккита қуёш электр станцияси қурилишига старт берилди. Ушбу станцияларда ишлаб чиқариладиган электр энергияси Қирғизистонга етказиб берилиши кўзда тутилган.

Чуй вилоятида замонавий енгил автомобиллар ва тижорат техникалари ишлаб чиқариш заводи ишга туширилди. Хусусан, у ерда “Кобальт,” “Оникс” ва “Трекер” русумли енгил ҳамда юк автомобиллари йиғилади.

Шунингдек, Қора-Балта шаҳрида тикув-трикотаж маҳсулотлари ва мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Корхонага замонавий технологик ускуналар етказиб берилиб, ўрнатилди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари ушбу лойиҳалар мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ўртасида бўлиб ўтган самарали музокаралар якунида қатор икки томонлама ҳужжатлар қабул қилинди.

Давлат раҳбарлари кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнотни имзоладилар.

Ташриф давомида 16 та ҳужжат имзоланди, жумладан:

– Қирғиз Республикасининг Иссиқкўл вилояти ҳудудида жойлашган курорт-ҳордиқ хўжалиги объектлари бўйича ҳукуматлараро битим;

– Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома;

– Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисида баённома;

– Қурилиш фаолияти соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Меҳнат, аҳоли бандлиги ва миграция соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Давлат хизмати соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– 2024-2030 йилларда ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси;

– 2024-2026 йилларда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси;

– 2024-2026 йилларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”;

– 2024-2026 йилларда Тошкент ва Бишкек шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси;

– Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ташаббуслар миллий институти ўртасидаги меморандум ва бошқалар.

Олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.

Ўзбекистон раҳбари Қирғизистон Президентининг давлат ташрифи тарихий воқеа бўлгани ва мамлакатларимиз кўп қиррали ҳамкорлигида янги даврни бошлаб берганини таъкидлади.

Бу галги саммитга биргаликда жиддий тайёргарлик ишлари олиб борилгани қайд этилди. Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, бизнес форуми, Ректорлар форуми, Авлодлар мулоқоти самарали ўтди. Шу кунларда мамлакатимиз ҳудудларида Қирғизистон маданияти кунлари ўтказилмоқда.

Ҳар доимгидек очиқ, конструктив ва дўстона руҳда ўтган бугунги музокаралар якунлари катта мамнуният билан қайд этилди.

Келгусида ўзаро ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтариш учун асос бўлиб хизмат қиладиган Кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнот ташрифнинг асосий сиёсий ҳужжати бўлди.

Президентлар раислигидаги Давлатлараро кенгаш тузиш бўйича келишувга эришилди.

Етакчилар саноат кооперациясида, энг аввало, икки мамлакат иқтисодиётининг бир-бирини тўлдирадиган тармоқларида янги ўсиш нуқталарини яратиш масалаларига алоҳида тўхталдилар. Булар энергетика, автомобилсозлик, транспорт ва логистика, электротехника, тўқимачилик, агросаноат ва бошқа тармоқлардаги лойиҳалардир.

Ҳудудлар ўртасидаги тизимли мулоқотни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Чегараолди вилоятлар ҳокимлари кенгаши ишини фаоллаштиришга келишиб олинди. Ўзаро ташрифлар жадвали тайёрланиб, ҳамкорлик бўйича “йўл хариталари” янгиланади. Лойиҳалар портфелини йил якунига қадар 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Давлат раҳбарлари қишлоқ хўжалиги соҳасида янги имкониятларни белгилаб бердилар. Қишлоқ хўжалиги экинларини биргаликда етиштириш, фьючерс битимларидан фойдаланган ҳолда интенсив боғлар ва агрокластерлар ташкил этиш шулар жумласидан.

– “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш стратегик лойиҳаси бўйича уч томонлама битим имзолангани тарихий воқеа бўлди, – деди мамлакатимиз етакчиси.

Транспорт йўлакларини ривожлантириш соҳасидаги янги лойиҳаларни ўрганиш учун экспертлар гуруҳини ташкил этишга келишиб олинди.

Кичик гидроэнергетика соҳасида алоҳида ҳамкорлик дастури тайёрланиши қайд этилди.

– Қамбарота ГЭСи қурилиши тўғрисида уч томонлама битим қабул қилишни тезлаштириш чораларини кўрамиз. Ушбу мегалойиҳа, шубҳасиз, бутун минтақамизнинг барқарор тараққиётига хизмат қилади, – деди Ўзбекистон Президенти.

Маданият, ёшлар, таълим, фан ва спорт соҳаларида фаол мулоқот ва алмашинувлар давом эттирилади.

Давлатимиз раҳбари сайёҳлик алмашинувини ривожлантириш имкониятларини алоҳида қайд этди. Айни пайтда Тошкентдан Бишкек ва Томчига тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилган.

Ташриф давомида Ўзбекистоннинг Иссиқкўлдаги санаторий-курорт мажмуалари тўғрисида битим имзоланди. Июль ойи бошида Ўзбекистон томони учта объектни ишга туширди, улар меҳмонларни қабул қилмоқда. Туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Мамлакатимиз етакчиси сўзининг якунида музокаралар натижаларидан мамнунлигини изҳор этди ҳамда Қирғизистон Президентининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи самаралари ҳамкорликни аниқ мазмун билан бойитишга, ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров рафиқалари билан бирга Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти кунлари бошланишига бағишланган концертда иштирок этдилар.

Икки мамлакат санъат усталарининг ушбу концерти чуқур тарихий илдизлар билан боғланган, дини бир, қадрият ва анъаналари муштарак ўзбек ва қирғиз халқларининг кўп асрлик дўстлиги ифодаси бўлди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчиларининг иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли қардош халқлар янада яқинлашди, давлатлараро муносабатлар эса кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Истеъдодли санъаткорлар ижро этган куй-қўшиқларда халқларимиз маданиятининг бойлиги, ўзига хослиги ва шу билан бирга муштараклиги ўз ифодасини топди.

Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.

ЎзА

Tegishli xabarlar

Ижтимоий ҳимоя: янги механизмлар яратилади

admin

ТЕНГ ҲУҚУҚ ВА ИМКОНИЯТЛАР КАФОЛАТИ

admin

АДОЛАТСИЗ “ТОНИРОВКА” ёҳуд иқтисодий манфаат инсон ҳаётидан устунми?

admin