ADOLAT 24

“Тадбиркор” + радар = жарима, жарима, ЖАРИМА… Ёхуд “ойнадан ўпкалаётганлар” кимлар?

“Энди йўлда қаршингизда келаётган ҳар қандай машинада радар бўлиши мумкин. Айтишларича, энди тадбиркорлар ўз шахсий автомашиналарига радар ўрнатиш ҳуқуқига эга бўлади!”

Ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлаётган мазкур хабар юртдошларимиз томонидан турлича талқин этилмоқда. Кимлардир бу каби янгича назорат турларининг жорий этилишини ҳайдовчига “кун бермаслик” деб атаса, яна кимлардир “бундан кўзланган асл муддао халқнинг чўнтагини қоқиб олиш”, дея баҳоламоқда.

 Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Ҳайдовчилар орасида йўлларда белгиланган меъёрий талабларга қарамай, “ўпкасини босолмайдиган”, “учиб юрмаса” машина ҳайдагандек бўлмайдиган “шумахерлар” сон мингта. Қатнов йўлларида содир этилаётган автоҳалокатларни қўя турайлик, пиёдалар йўлагида содир этилаётган ҳалокатлар оқибатида жабр кўраётганлар, бир умрга майиб-мажруҳ бўлиб қолаётганлар, энг ачинарлиси, ҳаётдан бевақт кўз юмаётган юртдошларимиз талайгина. Айнан мана шундай аянчли ҳодисалар сабаб, пиёдалар йўлакчасидан ҳам юрагингни ҳовучлаб ўтасан киши. Ваҳоланки, пиёдалар ҳақ-ҳуқуқлари меъёрий қонун-қоидалар доирасида ҳайдовчиларникидан заррача кам эмас. Улар белгиланмаган жойдан ўтишлари таъқиқлангани каби, махсус пиёдалар йўлагидан бехавотир ҳаракатланишга тўлақонли ҳақлидирлар. Бироқ, аксарият ҳолларда биз бунинг батамом аксини кузатамиз. Пиёдалар йўлак бошида то бирорта инсоф­­ли ҳайдовчи уларга “мурувват” кўрсатмагунича кутишга мажбур бўлиб турганларининг кўп бора гувоҳи бўлганмиз. Айнан мана шундай ўзбилармонлар сабаб, қоидабузарларни аниқловчи радарлар “революция”си кундан-кун тараққий этиб бормоқда, десак адашмаган бўламиз. Айни пайтда ҳайдовчилар ва радарлар ўртасида муттасил “ким ўзар” жараёни содир бўлиб турадигандек. Тезлик даражасини аниқловчи бирон янги қурилма ўрнатилди, дегунча ҳайдовчиларимизда ҳам мазкур қурилмалар ўрнатилган жой нуқтасини аниқлаб берувчи антирадарлар пайдо бўлади. Антирадарлар учар ҳайдовчиларга “хавфдан ҳоли” ҳудудларда шамолдек елишлари учун қанот вазифасини ўтайди гўё. Борган сари мураккаблашиб бораётган назорат турлари пайдо бўлаётгани эса белгиланган тартиб-қоидаларни “киприк қоқмай” бузиб юрадиган қоидабузарларга ёқмаслиги турган гап. Тўғри-да, сиз шохида юришни қойиллатяпман, деб ўйлаётган бир вақтда, бошқалар баргида юрган бўлишса…

Уйимизга жарима қоғози келганда жиғибийрон бўламиз. Одам­ларда инсоф қолмаганию. “Осон пул топиш илинжида юрган аблаҳлар” сабаб келган жаримамиздан нолиймиз, норозилигимизни турли усулларда кўрсатишга уринамиз. Бироқ соғлом мулоҳаза юритиб, қўлимизда турган “фалон сўмлик” жарима қоғозида ўзимиз нечоғлик айбдор эканлигимиз борасида бош қотиришни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. 60 километр тезлик белгиланган жойдан 80 км. тезликда ўтганимиз, 80 км. тезлик белгиланган ҳудудларда эса 120 км. тезликда шамолдек елганимиз учун ўзимизни айбдор санамаймиз. Биз оқибатлар билан эмас, сабаблар билан ўралашишга, мушоҳада қилиш ўрнига, тирноқ остидан кир қидиришга ўрганиб қолганмиз. Ўрнатилаётган ҳар қандай янги тартиб-қоида борки, “уни жорий этишга етарли асослар бордир”, деб қўя қолмаймиз. Аксинча, қоидаларга амал қилишга эмас, имконимиз борича уларга “чап бериб” ўтишга ҳаракат қиламиз. Ён-атрофимизни “қулоқлар”га тўлдираётган тизимдан нолиймиз-у мазкур жараёнларнинг яратувчилари, асосий бош қаҳрамонлари ўзимиз эканлигимизни тан олгимиз келмайди.

Ахир, ўша “тадбиркорлар”га ўлжа бўлаётган, уларнинг ошиғини олчи қилаётган ўзимиз эмасмизми? Сизу бизнинг хатоларимиз эвазига кун кўраётганларга “кун бермай қўйиш” ҳам ўз қўлимизда эмасми?! Бироқ бизнинг бундай нарсалар ҳақида ўйлашга вақтимиз ҳам, хоҳишимиз ҳам йўқ. Туриш-турмуши ҳаводан “пул қилиш” бўлиб қолган айрим корчалонлар борасидаги танқид­ларга шу қадар берилиб кетганмизки, аслида ҳар биримиз жамият ва давлат тараққиёти, осуда ҳаётига бирдек дахлдор эканлигимизни унутиб қўйганмиз. Дунёни, жамиятни ўзгартиришни истаймиз-у аммо ўзимиз ўзгаришга уриниб ҳам кўрмаймиз…

Келинг, ташаббус кўрсатайлик. “Дунёни ўзгартиришни истасанг, буни, энг аввало, ўзингдан бошла”, деб бежизга айтишмаган, ахир. Ақли расо инсонлардек, жамиятнинг намунали, том маънода халқпарвар аъзоси сифатида тартиб-қоидалардан чекинмаган ҳолда ҳаракатланайликки, бора-бора “радар корчалонлари”нинг бозори касод бўлсин. Акс ҳолда, ойнадан ўпкалаб юришимиздан ҳеч бир маъно йўқ… 

Гулбаҳор Қобулова,

“Адолат” СДП Матбуот хизмати бош мутахассиси

Tegishli xabarlar

Осиёнинг сиёсий ривожланишида сиёсий партияларнинг ўрни

admin

Дунё мамлакатларида давлат тили қоидаларини бузишга қандай жазо берилади?

admin

Йўловчи ташиш транспорти: ютуқлар ва режалар 

admin