ADOLAT 24

ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ ЙЎЛИДА (Шахсий фикр)

Тўққиз-ўн ёшларимда, яъни тўртинчи ва бешинчи синфда ўқиб юрган кезларимда мактабимиздаги “Эски ўзбек ёзуви” тўгарагига қатнардим. Дарсда араб алифбосидан ташқари ислом қоидалари ҳақида, ҳадислар ҳақида сўз борар, болаларга жаннату жаҳаннам борасида тушунчалар бериларди. Домланинг ҳар бир гапи мен учун қатъий қонунга айланганди. Ўзим-ку майли, хешу ақраболарни ҳам тергашга ўтдим. Онам нега ишга рўмолсиз, олди очиқ кўйлакда боради, фалон янга нега қошини теради, аммам сочини “чолка” қилиб олибди, энди жаҳаннам оташида ёнади-ку, уларни бу азобдан огоҳлантириш менинг бурчим, дея бурчимни сидқидилдан адо этишга тушиб кетдим. Ҳа, онамдан билагим кўринмайдиган кўйлак тиктиришларини, керак бўлса ўзлари ҳам шунақа кўйлак кийишларини сўраб хархаша қила бошладим.

Воқеалар ривожи кулгиларга уланиб кетди. “Чолка”чи опачаларим мени кўрди, дегунча “ана, ҳабаш қизи”, дея кесата бошлашди. Уларнинг телефонда кимлар билан гаплашиши, хат олди-бердисигача менинг назоратим остига ўтганди. Чунки номаҳрамлар билан гаплашиб гуноҳи ортишидан қаттиқ қўрқардим. Менинг бу янги одатимдан фақат катта тоғам хурсанд бўлганди. Уларнинг деразасидан Бухоро минораси бор бўй-басти билан кўриниб турарди. Минораи калон пойидаги ҳовли деса ҳам бўлади. У киши мени мад­расада ўқитиш керак, деди. Бу таклиф дадамга ёқмади. Менинг хатти-ҳаракатларимга қаршиликларини кескинлик билан, қўполлик билан билдирмади-ю, лекин бадиий адабиётга кўмиб ташлади.

Ўқиган ҳар бир китобимни конспект қилишни буюрди. Аввалига ўқиб чиққаним иккита асарни савол-жавоб қилди-ю, кейин ўз ҳолимга ташлаб қўйди. Лекин ора-орада сўраб қўярди.

Хуллас, менда китоб ўқиш орқали бошқача ҳаёт, бошқача динлар, бош­қача одамлар ҳақида тассаввур уйғона бошлади. Улар ҳам худди ўзимиздек одамлар экан. Йиғлайди, кулади, бир-бири билан урушишади, алдайди, алданади. Дадам тавсия этган дастлабки ўнталикда ҳинд, рус, ғарб ва грузин адабиётидан намуналар бор эди. Ҳозир ўйлаб қарасам, бу дадамнинг атай ўйланган стратегик режаси экан. Илк ўқиганларим орасида “Индирага мактублар” китоби ва Кришан Чандарнинг ҳикоялари ҳам бор эди. “Ия, киндиги очиқ кўйлак кийса ҳам яхши одам бўлиш мумкин эканда-а?”, “Булар ҳатто мангинаданам ахлоқлига ўхшайди-ку, а?..” Миямдаги ёнғоқ зиндончани ёриб чиққан илк саволлар шулар эди.

Йиллар ўтди. Ўқишларни тугатдим. Исломий адабиётга шўнғидим (Орада “Таврот” билан “Инжил”ни ҳам ўқидим. Ҳиндуизм динига тегишли материалларни ҳам ўқишимга тўғри келди. Ишим тақозо этган эди). Мен хоҳ Толстойга, хоҳ Эйнштейнга, хоҳ Гандига дуч келмай, миямнинг қайсидир ковакларидан “булар дўзахийда-а”, “эссиз, исломни қабул қилса бўларкан-а”, деган савол кўндаланг келиб қолаверди. Бу ҳолат уч-тўрт ой давом этди…

Ташқаридан ҳолимга боқдим. “Сен кимсан ўзи? Бор-йўғи бир газетанинг ожизгина, ўз сўзини айта олмайдиган майдагина мухбирчасисан. Сенинг шу қарашларингнинг ўзида иблис КИБРи кекириб ётибди-ку! Динингга орқа қилиб ҳеч ким, ҳеч нарса бўлмаган, сен эса ўзингни УЛАРдан устун қўяяпсан.

Мен уларнинг жамиятдаги баланд мавқеини айтмаяпман, шунча ёзганларинг, алжираганларинг улар изтироб билан англаган биттагина фикрнинг, кашфиётнинг яқинига йўлай оладими? Бошқа миллатга, бошқа эътиқодга дахлдор оилада туғилганингда сен қандай йўл тутардинг? Бу банданинг иродасидан ташқари ҳодиса-ку! Уларнинг эътиқодини, жаннату дўзахини ҳал қилиш сенга қолдими?

“– Яратганга ишонасанми?

– Ҳа, ишонаман.

– Унда бил, у буюк шафқат, буюк раҳмат, буюк марҳамат, буюк кенг­лик! Ниҳояси йўқ чексизликдир! Қаричи улкан ўлчовдир У! Сен инсон изтиробига боқ, ишқига боқ, ишига боқ. Бошқаси сенга буюрилмаган, ҳаддинг­ни бил. Аввало, ўзингнинг ҳолингга қара! Ўзингда нуқсонлар бисёр. Ичинг кемтикликларга, руҳинг тўсиқларга тўла!” Ўзимга ўзимнинг раҳмим келиб кетди.

Бир йил олдин бир олима опамиз вафот этди. Азадор уйга яқинлашяп­ману кўзимдан дув-дув ёш қуйилади. Ҳамроҳим “қўйинг, йиғламанг, яхши эмас. Ула янаям безовта бўлала. Улага ҳозир фақат дуойимиз керак. Худогаям ёқмайди бу ишиз”, деб қолди.

Мен портлаб кетдим.

“Нима, мен ўзимни тобутнинг ичига отаяпманми ёки машинанинг тагига ташлаяпманми? Ахир, бир инсон кетяпти, она кетяпти, олима кетяпти! Наҳотки, ўн беш-йигирма дақиқагина оққан шўр кўзёшларим гуноҳ бўлса?

Наҳотки, бир бандаси иккинчи бир бандаси учун дард чекса, йиғласа –Худонинг қаҳри келса! Нега Худони бу қадар қаҳри қаттол қиёфада тассаввур этасизлар?

Инсоннинг шунча йиллик ҳаёти, умри, меҳнати бир томчи кўзёшга арзимайдими? Ҳозир таъзияхонадан чиқишимиз биланоқ ҳаммамиз яна ҳингир-ҳингир ҳаётимизга қайтамиз. Яна бу инсонни худди шу кайфиятда, изтиробу истиғфор билан қачон эслаймиз, Худо билади?!”

Йўқ, мен англаётган Худо – буюкдан буюк шафқат, буюкдан буюк кенглик, буюкдан буюк БИРОДАРЛИКдир! У буюк ТОҚАТ ҳам!

Худо ягона, лекин ҳар бошнинг ўз арши, ҳар хаёлнинг ўз ўлчовлари бор…

Иқбол ҚЎШШАЕВА

Tegishli xabarlar

Юрт равнақининг кафолати

admin

Фавқулодда ҳолат режими муддатидан олдин бекор қилинди

admin

Рақобат ҳам “ИНСОФСИЗ” бўладими?!

admin