ADOLAT 24

Берунийнинг интеллектуал жасорати:  у бизни вақт ва маконда бирлаштира оладиган кучга эга

Жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий меросини халқаро даражада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, сунъий идрок соҳасида одоб-ахлоқ, инклюзивлик ва маданий хилма-хилликни рағбатлантириш, Ўзбекистон ва ЮНEСКО ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбарининг “Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНEСКО – Ўзбекистон халқаро мукофотини таъсис этишни қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ сунъий интеллект соҳасида этикани тарғиб қилиш орқали илмий мулоқотни рағбатлантириш мақсадида Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНEСКО – Ўзбекистон халқаро мукофоти таъсис этилди.

Ҳужжатга кўра, 4-8 сентябрь кунлари Париж шаҳрида Ўзбекистон Маданият ва санъатини ривожлантириш жамғармаси томонидан “Абу Райҳон Беруний. Географик ва интеллектуал саёҳат” номли халқаро кўргазма ташкил этилди.

ЮНEСКО бош қароргоҳида кўргазма учун ажратилган 400 квадрат метрдан зиёд майдонда Абу Райҳон Беруний қўлёзмалари Франция миллий кутубхонаси фондидан фойдаланиб, Фанлар академияси Шарқшунослик институти мутахассислари томонидан тайёрланган нусхалар – “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Астрономик рисолалар”, “Қонуни Масъудий” ва “Ҳиндистон”га алоҳида эътибор берилган.

ЎзА ижодий жамоаси халқаро кўргазмадан репортаж тайёрлаш баробарида тақдим этилган ноёб асарлар нусхаси, Парижда ўтган йирик тадбирлар истиқболи, шунингдек, қабул қилинган қарор ижроси-ю, таъсис этилган мукофот ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов билан суҳбатлашди.

– Таниқли қомусий олим Абу Райҳон ал-Беруний таваллудининг 1050 йиллигига бағишланган мазкур халқаро кўргазма Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривож­лантириш жамғармаси ҳамда ЮНEСКО ҳамкорлигида ташкил этилгани катта мамнуният ва ифтихордир.

Буюк мутафаккир Беруний аниқ, табиий ва гуманитар фанлар бўйича ўрта асрларнинг энг буюк алломаларидан биридир. Дарҳақиқат, у юксак истеъдод эгаси эди: математик, астроном, географ ва фармакология, тарихга чуқур қизиқувчи шифокор, биринчи навбатда догматизмдан холи содиқ гуманист. У илм-фанни жуда эрта ўргана бош­лади: 16 ёшида астрономик кузатишлар, қуёшнинг тенгкунлик нуқталарида географик кенгликларини аниқлаш каби муаммоларни ҳал қилди. Олим 21 ёшида эклиптика текислигининг самовий экваторга мойиллик бурчагини аниқлади. Шу билан бирга, у ер шарини ўрганди.

Бобокалонимиз минералогия соҳасида биринчи бўлиб қаттиқ ва суюқликларнинг солиштирма оғирлигини ўлчади, минераллар таснифини таклиф қилди, уларнинг келиб чиқиши назариясини ишлаб чиқди. Кимёда Беруний ўзидан олдин ва кейин яшаган кўп­лаб алкимёгарлардан фарқли ўлароқ, оддий металларнинг қимматбаҳо металларга айланиш назариясини танқид қилган.

Унинг қадимги юнонлар, форслар, исломгача бўлган араблар, ҳиндлар, мусулмонлар, насронийлар, яҳудийлар ва бошқа халқлар даври ва хронологик тизимлари, шунингдек, саналарни бир давр­дан иккинчи давр санасига ўтказиш қоидаларига оид кенг маълумотлари, “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” ва “Қонуни Масъудий” асарларида берилган маълумотлар Беруний турли халқларнинг тақвим ва хронология тизими тарихи ҳамда назарияси соҳасида мутахассис эканини кўрсатади.

Парижда ташкил этилган кўргазмада Беруний ҳаёти ва илмий мероси, унинг асосий ютуқлари тавсифи ҳамда тўрт ноёб қўлёзмаси – “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Астрономик рисолалар”, “Қонуни Масъудий” ва “Ҳиндистон” асарлари тақдимоти ўтказилди. Намойишда унинг интеллектуал ва географик саёҳатлари ёритилди. Кўргазма бўйлаб саёҳат қилар экансиз, тарихнинг энг кўзга кўринган ақл соҳибидан бирининг ғайриоддий ҳиссаларига гувоҳ бўласиз.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, кўргазма учун жаҳон кутубхоналарида сақланаётган Беруний қўлёзмалари нусхаларини ўз ичига олган махсус каталог инглиз ва ўзбек тилларида нашр этилди. Бу Беруний таваллудининг 1050 йиллигига бағишланган қимматбаҳо илмий совғадир. Шундай йирик анжуманлар, жумладан, қўлёзмалар ва жозибали ҳикоялар орқали биз Берунийнинг интеллектуал жасоратига, унинг ер, коинот ва инсониятни тушунишдаги изланишлари каби абадий таъсирига ҳурмат бажо келтирамиз.

ЮНEСКО бош қароргоҳида юқори даражада ташкил қилинган кўргазма билимга интилиш умуминсоний иштиёқ бўлиб, у бизни вақт ва маконда бирлаштира оладиган кучга эга эканини эслатиб туради.

Беҳруз Худойбердиев тайёрлади

Франция, Париж 

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН ВА ПОКИСТОН: МАЪНАВИЙ ИЛДИЗЛАР БИР, ОРЗУ-ИНТИЛИШЛАР МУШТАРАК

admin

МУАММО БАРТАРАФ ЭТИЛАДИ

admin

1 апрелдан қандай ўзгаришлар бўлади?

admin