ADOLAT 24

КЎКТОШДА КЎРКАМ МАЖМУА ҚУРИЛДИ “Ўғилларимизни мақтайдиган газетангизни қаердан топаман?”

Кўктош қишлоғида муҳташам маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси барпо этилганини кўриб, ҳайратим ошди. Дастлаб, буни бирор бир ўзига тўқ тадбиркор қурган бўлса керак, деган ўйга бордим. Лекин бу мажмуани оддий, камтарин оилада туғилиб, ўсиб-улғайган ака-укалар қурганидан хабар топиб, ҳайратим ошди. Бу, муболағасиз, мамлакатимизда тадбиркорликка кенг йўл очилганининг яққол исботи. 

 Косонсой туманидаги қишлоқ мактабида ўқитувчилик қилган Боқижон ака ва ижтимоий таъминот соҳасида ишлаган Маҳбуба опа фарзандлари Абдулҳоди, Ғолибжон, Ғайратжон, Фарҳоджон ва қизлари Маҳлиёга яхши тарбия берган экан. Уларнинг ҳар бири ўсиб-улғайиб, ўзи меҳр қўйган касбига эга бўлди. Тўрт ўғил унда-бунда, узоқ-яқинда ишлаб, тирикчилигини тебратиб юрарди. Лекин замона зайли билан изланиш, интилиш ўз натижасини берди. Тўртовлон бирин-кетин Тошкентдаги иқтисодий бақувват корхоналардан бирига ишга жойлашиб, қўним топди. Камтар ва ҳалол, ғайратли қишлоқ йигитлари тез орада катта жамоа орасида ўзига яраша ҳурмат топишди. Кейин топган пулини беҳуда сарфламай, бир ерга жамлашди. Ниятлари қишлоқда кўнгилдагидай бино барпо этиб, ишчи ўрни яратиш эди. Яхши ният тез орада амалга оша бошлади. 

– Ўғилларим умридан барака топсин, – деди Боқижон ака Холдоров, – бирикиб, бир-бирини қўллаб, мақсадларига эришишди. Кўриб турганингиздай, озиқ-овқат дўкони, сартарошхона, қассобхона, техникаларга хизмат кўрсатиш шаҳобчаси ва тўй-тантаналар ўтказиш учун мўлжалланган сарой қуришди. Ҳадемай, пухта-пишиқ касб эгалари эшик очиб, бу ерда халққа хизмат кўрсата бош­лайди.

– Ўғилларимни қайси газетага ёзяпсиз? – дея аста савол ташлади Маҳбуба опа. – Газеталар ҳалиям чиқаяпганми? Ўша газета бизнинг қишлоққа ҳам келадими? 

 – Албатта, – дедим у кишига юзланиб.

– Газета ўқимай қўйганимизга анча йиллар бўлди-да, – дея кулимсиради опахон. – Илгари поч­тачи уйма-уй юриб, газета-журнал тарқатиб кетарди. Ўқиб, янгиликлардан хабардор бўлиб турардик…

– Ўша кун яна келади! 

– Ўғилларимизни мақтайдиган газетангизни қаердан топаман? – деди опахон самимий оҳангда.

– Мен сизга олиб келиб бераман, – дедим. – Ўқиб кўрасиз, ёқиб қолса, обуна бўласизми?

– Бажонидил, – деди опа қўлини кўксига қўйиб. – Мен газетани роса соғинганман. Уларда ҳаёт ҳақида сўз борарди. Ўша пайтлари нима яхши, нима ёмон – ўқиб тушуниб олардик. Аммо мен газетани бир бошдан ўқирдим. Ҳозирги кунда ҳамма газетадан узоқлашиб, нима қиларини билмай, телевизорга ёпишиб олган. Болаларимиз, гапнинг рости, газета нималигини билмайди. Келса, қўлимга олиб, бир мириқиб, ўқиб берардим…

  Ҳа, ҳар ҳаракат ортида бир мақсад ётади. Мақсад амалга оша бош­лагач, ўз-ўзидан ривожланиш бўлаверади. Шаҳарлар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган эмас. Уларни ишбилармонлар, тадбиркорлар, мулк­дорлар барпо этишган. «Булоқбоши» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Кўктош қишлоғидан ҳам ака-ука Холдоровлар сингари ғайратли тадбиркор ёшлар ҳали кўп чиқади ва, шак-шубҳасиз, қиш­лоқнинг аста-секин шаҳарга айланиб боришига ана шундайлар сабабчи бўлиб қоладилар. 

Муҳиддин ИМОМАДИЕВ

Tegishli xabarlar

Аралаш сайлов тизими: хорижий тажриба ва миллий ёндашув

admin

Ватан келажаги ёшлар қўлида

admin

ОТА…

admin