ADOLAT 24

Қалблар Колумбига айланган шоир

Шеърият деб аталган қутлуғ ижод масканига ҳар бир шоир ўзига хос дунёси, ўй-фикрлари, қалб туғёнлари, қувонч ва ташвишлари, дардли олами билан ташриф буюради. Яъни, бу даргоҳда бир гуруҳ шоирлар ютуқлардан қувониб, муваффақиятлардан энтикиб, бахтли ҳаётни улуғловчи мисралари билан ўзларини намоён қилсалар, бошқа гуруҳга мансублари дунё талотумлари, турмуш ташвишлари, башариятнинг ушалмаган орзу-армонлари, инсонларнинг қалб туғёнларидан қайғуриб ёзган сатрлари билан бўй кўрсатадилар. Яна бир гуруҳ ижодкорлар эса ҳаётнинг абадийлигини, бир қарашда сокин, аммо алдов-далғовларга бойлигини қаламга олсалар, бошқа бирлари олис ўтмишни, тарихни, аждодлар меросини, бугунги кун, замондошлар тақдирини улуғлайдилар. 

Ана шу қутлуғ даргоҳга ўтган асрнинг 60-йилларида кўплаб сафдош­лари қаторида яна бир иқтидорли қаламкаш кириб келди. Бу Омон Матжон эди. У шеърият даргоҳига илк қадами хусусида дастлабки шеърларидан бирида шундай деб ёзганди:

Кимнидир ахтардим, ахтардим узоқ,

Кўзимни паналаб баъзан қуёшдан.

Ғилдирак изидан узун тунларда,

Номин ҳай-ҳуладим унинг тоғ-тошдан.

Ва ниҳоят бугун, истиқбол куни

Кўриб қолдим уни оламдек равшан:

– Менинг қалбим эди у, дунё таниб –

Шеърият эшигин қоқарди ўйчан.

Ўйчан қалб билан ижод оламига кириб келган қаламкаш кўп ўтмай шеъриятнинг улуғвор куч эканлигини, эзгуликнинг тимсоли эканлигини англаб етади. Нафақат англаб етади, балки шеърият эзгулик тимсолига айланиши учун ҳар бир шоир ўзига хос тарзда куйлаши керак, ўзлигини намоён этиши шарт, деган фикрга келади. Бу хусусда шеърларидан бирида шундай деб ёзади:

Шеърият – ҳамманинг ўзи, ўзлиги!

Шеърият ўзингку қалбдан қалбларга

Эзгуликнинг беқиёс ганжин

Ишонч қоғозисиз элтиб бергувчи!

Лекин шеъриятда ўзликка эришиш осон иш эмас. Шоир ўзликка эриша олмаса, қалбдан қалбларга эзгуликни етказа олмайди. Ўзлик – шоирликнинг асосий талаби, бу талаб унинг учун ҳам бош мақсадга айланади. У шоирликнинг муҳим бир хусусияти шунда, деб билди. 

Чинакам шеър шоирнинг ҳаётга фаол муносабатининг ифодаси, ҳар бир инсон қалби ва ҳар бир воқеликнинг моҳиятини чуқур идрок этиши, бу оламни, борлиқни тафаккурида, ҳиссий оламида қайтадан яратиши ва бош­қа кўплаб жараёнлар хулосаси сифатида юзага келади. Бунинг учун унинг қалби уйғоқ бўлиши керак. Шоир бир шеърида:

Мен илҳомни кўрдим – уйқуда эди,

Уйғотмоққа уннаш беҳуда эди,

деб ёзади. Ухлаётган илҳом… Бу илҳом йўқ дегани. Илҳомсиз дунё, илҳомсиз ҳаёт, илҳомсиз инсон. Булар шу ҳолатида табиатнинг эзгуликдан, гўзалликдан, меҳр-муҳаббатдан мосуво шунчаки кўринишларидек кўзга ташланади. Илҳом пайдо бўлиши билан дунёнинг, ҳаётнинг қиёфаси ўзгаради, янгиланади, уларга жон киради, инсон ўзида яратувчиликлар, яхшилик­лар йўлида сўнмас қудрат пайдо бўлганини англайди. Ижодкор учун эса илҳом ухлаб ётган қалбнинг уйғонишидир. Шунинг учун шоир юқоридаги мис­раларида, бир қарашда, ухлаб ётган илҳомни кўриб ёзғираётгандек таассурот қолдиради. Лекин шоир ўқувчи, китобхон эътиборини бошқа нарсага қаратади, яъни илҳом менинг “дардларимдан ёстиққа ботиб ётарди, ўйларимни тушида кўриб ётарди”, дей­ди. Ҳа, илҳомнинг дардга ботиб ётган пайтлари кўп бўлган. Қанча замонлар илҳом дардга ботиб ётди. Лекин бошқа бир мантиқ шундан иборатки, дарднинг ўзи илҳомдан, илҳом эса дарддан пайдо бўлади. Зеро, илҳом дардга ботиб ётибдими, демак, у уйғоқ. Шоир илҳомни уйғота олган. Илҳоми уйғоқ шоир эса оламни уйғотишга қодир бўлади. У ижодкорликнинг, шоирликнинг яна бир муҳим жиҳати ана шунда эканлигини чуқур англайди.

Омон Матжон бир шеърини:

Хаёл етмас яқин-йироқларда мен,

Сомончидай овлоқ сўқмоқларда мен,

Кемалар қайтмовчи қирғоқларда мен,

Ёшлигим кечган ул қишлоқларда мен,

Тунда ёниб қолган чироқларда мен,

Сени излайман,

деб бошлайди. Кейин излаган нарсасини “Яхшилар ва ёмонлар орасидан, дурлари таланган уммонлардан, гадонинг тўрваси, шоҳ тахтидан, кекса ҳофизларнинг куйларидан, севишмаганларнинг тўйларидан, онанинг сўнгги ўғли қурбон бўлган жанг майдонидан, Ватандан ва Ватандан олисдан, альбомлардаги сарғиш суратлардан, биз кўрган, кўрмаган замонлардан” ахтаради.

Хўш, шоир нимани изламоқда? У ҳаётда гирён бўлиб ахтараётган нарса нима? Шеърни ўқиган китобхонлардан баъзилари шоир излаётган нарса – бу ҳаёт, бахт деб, айримлари адолат, ҳақиқат деб, яна бировлари бу севги меҳр-муҳаббат деб, кимлардир мулк, бойлик деб, бошқалари эса юрт, халқ деб фикр билдиришлари мумкин. Тўғри, ҳаётда ҳар кимнинг ўз ўлчови бор. Шеърни шу ўлчовдан келиб чиқиб баҳолайди. Шоирнинг эса шеър ёзишдан муддаоси бўлак. У муддаони шеърида шундай ифодалайди:

Қадимда эканинг биламанку мен,

Ёнимда эканинг биламанку мен,

Олдинда эканинг биламанку мен,

Дардимда эканинг биламанку мен,

Қалбимда эканинг биламанку мен –

Сени излайман.

Демак, шоир қалбидаги туғёнларни намоён қилувчи сўз, шеър изламоқда. Зеро, сўз ва шеър ижодкор учун ҳамма нарсадан улуғ, ҳамма нарсадан азиз. Негаки, унинг бағрида ҳаёт ва бахт ҳам, адолат ва ҳақиқат ҳам, меҳр-муҳаббат ва севги ҳам, эл ва юрт ҳам, шу билан бирга барча улуғвор туйғулар ҳам уйғунлашади. Чили шоири Пабло Неруда “Шоирлик изланишдан иборат. У излаган нарсаларини топганида ва уларни сўзлар воситасида одамлар қалбига етказа олганида ҳақиқий ижод бошланади”, дей­ди. Ёҳуд “сўз – мўъжиза” дейи­шади машойиҳ­лар. Омон Матжон шу маънода излаган нарсаларини топган ва уларни ақл-идроки, қалб туғёнлари орқали халққа етказа олган, сўзни мўъжизага айлантира олган ижодкор эди.

Шоирлик нима деган савол барча шоирларнинг қалб призмасидан ўтган ва бу саволга ҳар бир шоир ўзига хос тарзда жавоб топган. Жавобларнинг эса хилма-хил бўлиши табиий. Омон Матжон ҳам шеър­ларидан бирида ана шу саволга жавоб излайди. Шеър “Шалола” шеърият клубининг қатнашчисига” деб номланади. Шоир шеъри “Шоир бўлмоқчиман, шеърият сирларини ўргатинг” деб ўзига хат йўллаган қаламкашни ижод дунёсидан огоҳ қилиш йўсинида ёзилган. Шеърда шоирликнинг, ижод оламининг сирлари сатр­ма-сатр очилиб боради. Шоир шеърининг бир бандида:

Шоирлик касб эмас минбаъд, укажон,

Шоирлик ҳикматдир, ҳикмат, укажон,

деб ёзса, кейинги бандида “инсонлик ўз ҳаққингни таниш, шоирлик ҳақ дея ёниш” деган фикрни билдиради. Нав­батдаги бандларда шоирлик ўз еринг­ни, туғилиб ўсган масканинг­ни танишдан бошланади, оламга бир қара, ким танир бизни, пахтангдан таниса ерингни башар, шеърингдан танисин юрагимизни, шоир қалбининг харитасида сўз, туйғу, ранг, имкон эрур бош томир, қанот бер энг юкдор сўзга, жаҳонда ҳар недан адолат катта, лекин митти қалбдир унга ошиён, шоирнинг юраги доғли, сен ҳам шу дард билан оғри, укажон, деган ҳақли ўгитлар ўртага ташланади.

Шоир шеърини:

Бордию сендан ҳеч чиқмаса шоир,

Зарур жиҳатларнинг кам бўлса бири,

Ўксима, тонгда тур, табиат соҳир,

Қара, рангин шеърдир ўзбекнинг ери.

Шу юртни бир умр севсанг, укажон,

Ҳақиқий шоир ҳам сенсан, укажон,

деган мисралар билан якунлайди. Албатта, шоирлик нималигини англатувчи бошқа сифатлар ҳам, хислатлар ҳам кўп. Лекин Омон Матжон бу сифатлар ва хис­латларнинг ҳаммасига тўхталиб ўтирмайди. Уларнинг энг муҳимларини келтиради. Шоирнинг шеърият к­лубининг қатнашчисига насиҳатлари, аслида унинг ўзига нисбатан шеърият бобида юксак талаблари эди.

Шу билан шоир шеърда ижодкорликнинг бош хислати нима деган саволни қўяди ва бу саволга “Кўз тутар одамлар, халқинг, бош устида бўлсин қалбинг” деган хулосага келади. Яъни, шоирнинг қалби бош устида бўлиши керак, унда ақл-идрок ва ҳиссиёт уйғунлашиши зарур, ана шунда гўзал асарлар яратилади, дейди. Омон Матжон шеърияти ана шу уйғунликнинг ёрқин ифодаси эди.

Омон Матжон шеърият ва ижод хусусида, унинг турфа жараёнлари, мезонлари ҳақида сўз юритганда шеър­ларидан бирида шоир ким деган сўроқни ўртага қўяди ва унга жавоб излайди. Жавоблар эса хилма-хил. Шоир гоҳ камалакка, гоҳ булутга, гоҳ юлдузга, гоҳ илдизга ўхшатилади. У бир жойда улуғланса, бошқа бир жойда унитилади. Мустабид ҳокимлар давлат тепасига келганда, у эркинликни куйлайди. Жамиятда адолатга путур етганда ҳақиқатни улуғлайди. Ҳаётда эркинликка завол етганда халқ бахти учун курашади. Эзгулик ўрнида таъма, юлғичлик авж олганда ҳақгўйликдан илинж кутади…

Ёҳуд:

Одамлар устида — гўзалликман деб,

Минг ноз ила гоҳо рақс тушса ёлғон,

Қўлидаги гулни асраган ҳам у,

Муҳаббатли юрак — покдир ҳар қачон!

Омон Матжон назарида шоир ана шундай хусусиятларни ўзида жам этган одам. У гўзаллик яратувчи ва шу гўзалликдан ҳаммани баҳраманд этувчи инсон. У ёмонликларга қарши курашадиган, ҳаётда яхшиликларнинг, эзгулик­ларнинг қарор топишига ҳисса қўшадиган шахс.

Ижодкор шеърини мантиқан шундай якунлаши, шоир ана шундай улуғ шахс дея хулосалаши мумкин эди. Лекин Омон Матжон бундай одатий хулоса чиқариш йўлидан бормайди. У якунда мулоҳазалар, фикрлар оқимини бошқа томонга буради. Унинг назарида шоир фаришта ҳам, пайғамбар ҳам эмас, оддий бир одам. Аммо шу оддий одам ҳаётимизни фаришталар, пайғамбарлар сингари нурлантириб туради. Шоир наз­дида ана шу оддий одамнинг ҳаётимизни нурлантириб туриши, унинг орамизда пайдо бўлиши сирли. Шу ўринда бу сирлиликнинг, сирли ҳилқатнинг асоси нимада, деган савол туғилади. Асос эса, шеърият мулкининг султони Алишер Навоий эътироф этганидек, шоирларга берилган илоҳий қудратда, сўз мўъжизасида. Илоҳий қудратга эга шоирлар эса халқ орасида оддий инсон бўлиб яшайдилар ва улуғвор ишларни амалга оширадилар. Ушбу шеърнинг устоз Миртемирга бағиш­лангани ҳам бежиз эмас. Чунки Миртемир адабиётимизда чинакам илоҳий қудратга эга улуғ шоирлардан, қалби пок, юрти, халқи учун жонфидо инсонлардан бири эди. Омон Матжон ҳаётда ва ижодда устоз Миртемирга муносиб шогирд бўла олди.

Омон Матжон ижодиётининг кўлами катта, қамрови кенг эди. Унинг бағрида кекса тарих ҳам, қадим афсоналар ҳам, буюк шоирлар, алломалар ҳам, бугунги ҳаёт ҳам, замондошларимиз фаолияти, орзу-ўйлари ҳам, юртимиз қиёфаси, халқимиз дарду армонлари ҳам инсоният тақдири билан боғлиқ ҳолда гоҳ шеърий, гоҳ насрий асарлар, гоҳ публицистик мақолалар, турли адабиётлардан таржималар шаклида бўй кўрсатди. Унинг шеър-шуур, шеърият ҳақидаги юқоридаги ўлмас сатрлари ижодиётидан бир парча, холос.

Шоир шеърларидан бирида:

Ҳар гал,

ҳар шеъримда

ҳар тепганда қалб –

Ўзим ўз қалбимнинг бўлсам Колумби, 

деб ёзган эди. Дарҳақиқат, Омон Матжон шеърлари билан, шеърияти билан, асарлари билан нафақат ўз қалбининг Колумбига айланди, балки минг-минглаб шеърият мухлисларининг ҳам Колумбига айланди, қалби тўридан жой олди. Унинг шеърият мухлислари билан дийдорлашувлари барча замон ва маконларда давом этаверади.

Камол Матёқубов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШДА АҲОЛИГА ҚЎШИМЧА ҚУЛАЙЛИКЛАР ЯРАТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

ФАОЛИЯТИМИЗГА  ДАСТУРИЛАМАЛ  ҲУЖЖАТ

admin

Илм харитасини мукаммал эгалланг…

admin