ADOLAT 24

“MADE IN UZBEKISTAN” 

Бу дунёда ғалати-ғалати ишлар бўлади-да. Кейин эслаб кулиб юрасиз… 

Ўтган асрнинг 80-йилларида турмуш ўртоғим билан Сочи шаҳрига дам олишга борган эдик. Бир куни автобус кутиб турганимизда шерикларимиздан бирининг қўлида чиройли сопли эговга ўхшаган нарсани кўриб қолдик. Бу нима, деб сўрасак, пичоқ чархлайдиган, деди. Бу хотинимни қизиқтириб қўйди. Шундан биз ҳам олайлик, деди. Тошкентда ҳам бордир шу матоҳ, десам, сиз ошхонага кирмайсиз-да, қийналганда мен қийналаман, деб ранжиди. Шеригимиздан қайси магазиндан олганини сўрадим. Таксига ўтириб, ўша магазинга бордик ва уч сўмга ўшандан олдик. Хотинимнинг оғзи қулоғида, гўё катта бир муаммони ҳал қилгандай.

У вақтда Сергели-2 мавзесида яшардик. Кўчанинг нариги бетида ярмарка бўларди, ҳозир ҳам бор. Бир куни турмуш ўртоғим билан бозор-ўчар қилиб, ярмаркадаги хўжалик моллари магазинига кирдик. Бундай қарасам, пештахтада биз Сочидан уч сўмга олган матоҳ турибди, чанг босиб ётибди. Сотувчидан нархини сўрасам, икки ярим сўм, деди. Хотинимга кўрсатдим…

***

Бокуда юрганимда етти яшар неварам Умар видеоқўнғироқ қилди. Ҳол-аҳвол сўраб, менга Озарбойжондан шоколад олиб келинг, деди. Хўп, албатта, олиб бораман, дедим. Вақт топиб Яшар ҳамроҳлигида икки-уч хил шоколаду ширинлик олдик. Неваранинг “заказини” бажардик, деб хурсанд бўлдим. 

Уйга келгач, Умарга ширинликларни бердим.

– Фақат сизнинг “заказ”ингизни бажардик, тақсир, – дедим ҳазиллашиб.

– Раҳмат, бобожон, – деб юзларимдан ўпиб қўйди. Конфетларни бирин-кетин кўра бошлади. Бирдан авзойи бузилди. Ҳайрон бўлдик. – Мени алдабсиз-ку, – деса бўладими.

– Нега алдайман, эркатойим. Мана, ҳар хил шоколадлар, ширинликлар олиб келдим-ку.

– Мен сизга Озарбойжон ширинлигидан олиб келинг дегандим, сиз Ўзбекистонникидан олиб келибсиз, – деди-да, чиройли қоғозга чиройли қилиб ўралган бир ширинликни кўрсатди. 

– Йўқ, алдаганим йўқ. Бокунинг қоқ марказидаги супермаркетдан олдим.

Умар бўш келмади. 

– Мана, “Made in Uzbekistan” деб ёзиб қўйибди-ку.

Олиб ўқиб кўрсам, Умарнинг гапи тўғри, Тошкентимизнинг Янгиҳаёт туманида ишлаб чиқарилган экан. 

Нима дейишимни билмай қолдим. Ўзимни оқлаш йўлини қидирдим. 

– Ҳечқиси йўқ, мана, булари Озарбойжонники-ю, – дедим.

Ҳаммамиз кулдик… Агар бувинг ҳаёт бўлганида Сочи воқеасини эслатиб, роса устимдан куларди-да, деб ўйладим, аммо Умарга айтмадим. 

Озиқ-овқат маҳсулотларимиз ҳам экспорт қилинаётганидан хурсанд бўлдим. 

Яшарга қўнғироқ қилиб айтдим. У ҳам мириқиб кулди. Кўрдингизми, неварангиз сизу биздан кўра синчковроқ экан, деди. 

Учбурчак шаклда чиройли қилиб ўралган ширинликка қараб ўйга толдим. “Бундан ўзимизнинг магазинларда ҳам бормикан?”

Болалик йилларимиздаги воқеа эсимга тушди. 

Каттагина боғимиз бўлар, унда бир неча хил олма, ўрик, шафтоли ва бошқа мевали дарахтлар бор эди. Уларнинг мевасини қоққанимизда олмани ҳам, ўрикни ҳам хил-хилига ажратар эдик: яхшилари, катта-катталари бозорга,майда-чуйдалари, қурт еган, эзилганлари рўзғорга бўларди. 

Шу анъана ҳозир ҳам бормикин, дейман-да… Янаям билмадим… 

Маматқул Ҳазратқулов

Tegishli xabarlar

Салоҳиятли кадрлар — мамлакат қудрати

admin

СТРАТЕГИЯ — жамият тараққиёти кафолати

admin

Имзо йиғиш жараёни давом этмоқда

admin