ADOLAT 24

Маҳалладошлар ҳиммати

Ўз манфаатидан ўзгалар манфаатини устун қўядиган, кўчалар, хонадонлар саришталиги учун курашадиган, оилалар тотувлиги, ёшлар келажаги учун жон куйдирадиган инсонлар кўп. Ана шундайлардан бири, шубҳасиз, Косонсой туманидаги «Булоқбоши» маҳалла фуқаролар йиғини нуронийлар кенгаши раиси Мухторжон Жўраевдир. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, у ўттиз йилдан ошиқроқ вақтдан бери ўз ихтиёри билан тумандаги «Хонқўрғон», «Гузар», «Чак», «Сойбўйи», «Боғ» ва «Булоқбоши» маҳалла фуқаролар йиғинларининг энг яқин кишиси – маслаҳатгўйига айланиб қолган. Энг қизиғи, у қандайдир сабаб­га кўра ажрашган оилалар бўлса, уларни яраштиришдек савоб ишни ўзига касб қилиб олган. Бу иши билан ўтган йиллар давомида юзлаб болаларнинг тирик етим бўлиб қолишининг олдини олган. 

– Тўқсонинчи йилдан бери ўз ихтиёрим билан оилавий масалага аралашиб юраман ва шунга яраша тажрибам ҳам бор, – дей­ди Мухторжон ҳожи. – Энг аввал яраштирилган оилаларнинг фарзандлари бугун вояга етиб, оила қуриб, эл хизматига яраб юрибди. Улар мени чин дилдан ҳурмат қилишади. Оила муқаддас даргоҳ эканини ёшлар болаликдан анг­лаб етишлари керак. Теварак-ат­рофдаги барча маҳаллаларнинг тўй ва маракаларида бош-қош бўлиб тураман. Дастурхон ёзилиб, элга ош берилса, ёшлар даврасига кириб бораман. Турмуш, оила тебратиш, эр-хотиннинг вазифалари, бола тарбияси ҳақида ёшларга ҳаёт тажрибаларим асосида маслаҳат бераман, йўл-йўриқ кўрсатаман. Тенгдош­ларим: «Нуқул ўзингизни ёшлар орасига урасиз. Улар ўзбилармон бўлиб кетган. Сизнинг насиҳатингизга қулоқ солармиди?» деб қолишади. Уларга жавобим шундай бўлади: «Қариб, қуриш арафасида турган чинорга сув, ўғит бериб парвариш қилганингиз билан фойдаси йўқ. Ундан кўра ёш ниҳолни парвариш қилган маъқул. Майли, у бироз қайсардир, лекин эгиб, бутаб, шакл бериб, рисоладагидек ўстириш мумкин. Дарахтни ўз ихтиёрига қўйиб берсангиз, тарвақайлаб кетиб, мева бермай қўяди. Турли ҳашоратларга ем бўлиб, эрта нобуд бўлади. Одам боласи ҳам худди шунинг ўзи”. 

Оилада энг катта тарбиячи она ҳисобланади. Фарзанднинг қобил ёки ноқобил бўлиб ўсишига етмиш фоиз она сабабчи. Ота-она турмушга узатилган қизига, аввало, эрингни, қолаверса, қайнота ва қайнонангнинг ҳурматини жойига қўй, болаларинг­га кўз-қулоқ бўл, дейиши керак. «Ота оиланинг устуни, она чироғи!», деган иборани кўп қўллаймиз. Иккисидан бири бўлмаса, бола суянадиган ёки йўл кўрсатадиган кишисини тополмай қийналади ёки ўксийди. Шунинг учун оила қуриш бўсағасида турган ёш қиз ва йигитни суҳбатдан ўтказиб, уларнинг келгусидаги вазифалари ҳақида ҳам эслатиб ўтаман. Ота оиланинг таъминотчиси. Едирилаётган луқманинг ҳам фарзанд тарбиясига таъсири бор. Шунингдек, ҳар куни болага кўчадан бир нарса кўтариб келаверсангиз шунга ўрганиб, текинхўр бўлиб қолади. Бизга қушлар ибрат, полапони учирма бўлгандан кейин ўз ризқини топиб ейишга киришади. Шундай экан фарзандларимиз дастурхонга қўл чўзиб, нон олиб ея бошладими, уларга меҳнат қилишни ҳам ўргатиш керак. Бундан ташқари, оилада фарзандни озодаликка, исроф қилмасликка ўргатиб бориш зарур. Файзу барака шундан келади. Баракали оилада ўсган фарзанд қалбида яхшиликка, эзгуликка, хайр­ли ва савобли ишларга иштиёқ пайдо бўлади. 

Мухторжон ҳожи ўз фикрининг исботини амалда кўрсатиш учун мени «Тахтакўприк» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Усмонжон исмли йигитнинг қилган иши билан таништирди. Кўча четидаги учбурчак ерда ўзига хос тарзда қурилган ҳовуздаги кўм-кўк сувни кўриб, дилим яйраб кетди. Усмонжон Бобоматов ўзининг янги машинасини сотиб, пулига 195 куб/метр сув сиғадиган ҳовуз барпо этибди. Бундай савоб ишни қилиш учун инсон сахий қалб эгаси бўлиши керак. Усмонжон ана шундай инсон эканига шубҳа йўқ.

– Кўчамизнинг бу бошидан у бошигача икки юздан ортиқ оила яшайди. Сув танқислиги сабабли қийналишади. Уларнинг оғирини енгил қилиш учун шу ишга қўл урдим. Ичимлик сув тақчил бўлиб бораётган бугунги кун талаби ҳам шу, – дей­ди Усмонжон. – Отам раҳматли пул топсанг, яхшиликка сарфла, деб насиҳат қилган эдилар. Ўйлаб-ўйлаб, ҳовуз барпо этишга қарор қилдим. 

Юртимга, элимга манфатим тегсин, дейдиган йигит айнан Усмонжонга ўхшаган бўлади. Бунинг устига бу ҳовуз оддий, қадимда ота-боболаримиз қурган ҳовуздан тубдан фарқ қилади. Ҳовузга сув замонавий қурилма орқали фильтрланиб қуйилар экан. 

– Ҳали ишимиз охирига етганича йўқ. Ҳовузнинг устини қадимий меъморчилик услубида ёпамиз. Челак солиб сув олинмайди. Алоҳида жўмрак ўрнатилади. Атрофига манзарали дарахтлар экамиз. Анави очиқ қолган жойга болалар майдончаси қуриш ниятимиз бор. Албатта, шунча иш бир киши билан битмайди, маҳалламиз етакчилари, қўшнилар қараб туришгани йўқ. Айниқса, Шодмонхон ака, Носиржон ака, Авазбек, Ҳабибулло каби маҳалладошларим ёнимда туриб, ўз ёрдамларини аямаяптилар, – дейди Усмонжон.

Ибратли ҳаёт кечираётган Мухторжон ҳожи Жўраев ўта ғайратли инсон. Унда бўш вақтнинг ўзи йўқ. Йўл-йўлакай мактабларга кириб, ўқувчи, ўқитувчилардан ҳам хабар олиб туради. Болаларни ўқишга, ҳунар ўрганишга ундайди. Ўзи ҳам қунт билан нақд қирқ ҳунарни эгаллаган. Қўлидан келмайдиган иш йўқ. Ғайрат-шижоатда унча-мунча йигитдан қолишмайди. Машинаси юкхонасида кетмон, ўроқ олиб юради. Йўлда ўйдим-чуқур учраб қолса, тўлдириб, текислаб қўяди, бегона ўт босган ер бўлса, ўриб, тозалаб қўяди. 

– Ҳаётда ҳар бир кишининг ўрни бўлиши керак, – дейди Мухторжон ака Жўраев. – Дунёда тенги йўқ буюклар диёри, жаннатмонанд гўшада туғилиб ўсганимизнинг ўзи бир неъмат. Бунинг ҳаққини адо этиш учун ўзимиздан бир из қолдириб кетишимиз керак. Ота-боболаримиз, момоларимиз биз учун шундай дориломон кунлар келишини Яратгандан сўрашган. Мана, дуолар ижобат бўлган замонда яшаяпмиз. Энди биз шу кунларга етганимизга шукр қилиб, чиройли яшашимиз, юртимизни, маҳалламизни, хонадонларимизни обод қилишимиз керак бўлади. Фарзандларимиз ҳам биздан ибрат олиб яшайди. Бефарқ бўлсак – бефарқ бўлишади, ҳушёр бўлсак – ҳушёр бўлишади. Ўқисак – ўқийди, ишласак – ишлайди… 

Муҳиддин ОМАД,

журналист

Tegishli xabarlar

ИСТЕЪМОЛ БОЗОРЛАРИДА НАРХЛАР БАРҚАРОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

БУ ТИЛ — КЎП МИНГ ЙИЛЛИК УЛКАН АДАБИЁТНИНГ ТИЛИ

admin

Маҳалла кутубхонасига БЕШ ЮЗТА КИТОБ совға қилинди

admin