ADOLAT 24

“ОВ”га ЧИҚҚАН УЧОВЛОН

Суднинг қора курсисида ўтирган уч йигитнинг энг ёши 20, қолган иккиси эса 31 ва 32 ёшда. Уларнинг иккови муқаддам судланган. Бири ўғирлик учун, бошқаси фирибгарлик учун жазоланган. 

Ўтган йилнинг 11 октябрида А.Ж. билан Ҳ.К.лар ўзаро режа тузишади. Гап шундаки, улар “Яккасарой” кўчасида жойлашган хонадонлардан бирида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлигидан хабардор бўлишган. Шериклар шу манзилга янги иситиш батареялари, ҳар хил сантехника ускуналари олиб келинганлигини билишган. Ана шу қурилиш анжомларини ўмариш мақсадида А.Ж ва Ҳ.К. тунда ўша манзилдаги хонадонга ғайриқонуний киришади ва баҳоси 9 миллион 100 минг сўмлик иситиш батареялари, ошхона ва ювиниш хонасига ўрнатиладиган сантехника ускуналарини ўғирлашади. Улар бу билан чекланмайди. “Ови” юришганидан хурсанд бўлганлар ўша куни ярим тунда таъмирлаш ишлари кетаётган яна бир хонадонга ўғирликка тушишади. Бу гал уларга илгари фирибгарлик учун жазога тортилган Б.С. ҳам қўшилади. Қисқаси, иккинчи хонадондан 11 миллион 500 минг сўмлик қурилиш материалларини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинишади. 

– 2022 йилда МЧЖ ташкил қилиб, қурилиш лойиҳалари ва таъмирлаш ишлари билан шуғуллана бошладим, – деди судда жабрланувчи Н.П. – Бир кишининг янги қурилган уйини таъмирлаб, калити билан топширишга келишдим. У ерда учта уста ишлай бош­лади. Табиийки, уларга керакли материалларни вақтида етказиб турдим. 12 октябрь куни эрталаб усталар телефон қилиб, мен олиб борган иситиш батареялари ҳамда сантехника ускуналари йўқолганлигини айтишди. Шундан кейин ”102”га хабар бердим. Ички ишлар органлари ходимлари тезда ўғриларни ушлашди…  

Суд жабрланувчига етказилган моддий зарар ўрни тўлиқ қопланганлигини инобатга олиб, А.Ж.га 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади. Ҳ.К. эса 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Б.С. ҳам “насибасини” олди. Унга 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. 

“Ов”га чиққан учовлоннинг “ови” шундай якун топди.

Ҳусанбой ПАРПИЕВ,

жиноят ишлари бўйича 

Яккасарой туман судининг судьяси

Tegishli xabarlar

Маҳаллий кенгашларда (Бухоро, Самарқанд вилоятлари)

admin

Муаммолар бартараф этилмоқда

admin

ХАЛҚИМИЗ УЧУН БЕЛГИЛАБ ОЛИНГАН ВАЗИФАЛАРНИНГ ИЖРОСИ МУҲИМ

admin