ADOLAT 24

КИТОБ –  ТУБСИЗ УММОН

Улуғ бобомизнинг ушбу битиги кўплар қатори менга ҳам тегишли бўлган экан. Дарҳақиқат, ётиб қолишимга сал қолганди. Ётган жойимда қўлимга китоб олгандим, ўтира бошладим, ўтиришдан юришга, юришдан ҳаракатга тушдим. 

Китобга ошно бўлиб, кам бўлганим йўқ. Оддий оилада, бувим қарамоғида ўсган бир қишлоқ кишиси бўлсам-да, китоб туфайли одамлар орасида обрў-эътибор топдим. Болалигимдан қўлимга китоб, газета ёки журнал тушса, уйга олиб келиб, токчага тахлаб қўярдим. Бўш қолдим дегунча уларни варақлаб, ўқиб чиқардим. Айниқса, шеър­лар бошқача таассурот уйғотарди менда. Шу билан биргаликда кўнглимга ёққан расмларни оқ қоғозга кўчирардим. Бора-бора шеър машқ қиладиган ва унинг атрофини турли расмлар билан безайдиган бўлдим. Ўқитувчимиз мактаб деворий газетасини чиқаришни менинг зиммамга юклади. 

Туман газетасига хабарлар ёза бошладим. Газетада ёритилган қутичадек хабар учун қалам ҳақи беришарди. Бу ҳол мени янада руҳлантириб, мактабда обрўйимни ошириб юборди. Улғайган пайтимда «Ёшлик» журналига шеър­ларимдан жўната бошладим. Ундан «Машқларингиз яхши. Ўз устингизда ишланг. Кўпроқ китоб ўқинг…» деган мазмунда шоира Гулчеҳра Жўраевадан хатлар олардим. Бу хатлар ҳозиргача менда сақланади. 

Шоирлар Хуршид Даврон, Рауф Парфи, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Усмон Азимнинг газетадами, журналдами шеърлари чиққан бўлса, қайчида қирқиб олиб, алоҳида дафтарга елимлаб қўярдим. Айниқса, Эркин Воҳидовнинг Сергей Есенин ва Хуршид Давроннинг Анна Аҳматова ва япон шеъриятидан қилган таржималари ҳайратимни оширарди. Кейинчалик, деярли барча шоирларнинг шеърий китобларини дўкондан сотиб ола бошладим. Аъзам Ўктам ва Турсунбой Адашбоев билан бир дастурхонда ўтирган чоғларим бир умр хотирамга муҳрланиб қолган. Сайди Умиров ва Аҳмаджон Мелибоев билан илиқ суҳбат қурганим ҳамон ёдимда. Одил Ёқубов, Ўлмас Умарбеков, Ўткир Ҳошимов ва Тоғай Мурод каби қатор адибларнинг ҳикоя ва қиссаларини ўқиб, узоқ вақт хаёллар оғушига чўмиб юрганман. 

Тақдир тақозоси билан босмахонага ишга кирдим, сўнгра туман газетасида мусаҳҳиҳ бўлдим. Мухбир, масъул котиб вазифасида ишладим. «Мухбир» журналида, сўнгра «Ёш ленинчи» газетасида шеърларим босилди. «Ёш куч» журнали масъул котиби Эркан Маликдан мени ҳаяжонлантирадиган мактуб олдим. Бу мактубни ҳам сақлаб юрибман. Ундаги фикрларни ёзсам, мақтанганга ўхшаб қоламан. «Адабиёт ва санъат», «Қишлоқ ҳаёти» газеталарида мақолаларим чиқди. Охир-оқибат туман газетаси муҳаррири бўлдим. Йиллар ўтган сайин жавоним китобларга тўлиб борди. «Ёшлик», «Шарқ юлдузи», «Гулистон», «Фан ва турмуш», «Сирли олам», «Тафаккур» ва ниҳоят «Жаҳон адабиёти» журналига обуна бўлдим. Бу журнал менинг дунё адиблари ва уларнинг дурдона асарлари билан яқиндан танишишимга ёрдам берди. Ўхшаши йўқ «Китоб дунёси» мени ўзига аср қилиб қўйди. «Китоб қатидаги бойлик» номли ҳикоямнинг мазкур газетада босиб чиқарилгани ва эътироф этилгани ҳамон менга ғурур бағишлаб келади. 

Адабиёт ичига кириб борганим сари олимлар Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарофиддинов, Умарали Норматов, Иброҳим Ғафуров, Наим Каримов, Норбой Худойберганов, Бахтиёр Назаровларнинг адабиётимиз дарғалари, ёш ижодкорлар асарлари ҳақидаги ҳаққоний танқидий фикр-мулоҳаза ва баҳс-мунозараларини ўқиб, тегишли сабоқ ола билганман. 

 Йиллар ўтиб, озар шоири Насимийга бағишлаб ёзган:

«…Уни дорга осдилар 

Неча юз йил илгари.

Кутар ҳамон қотиллар,

Шоир ўлмайди ҳали» – 

дея якун топган шеърим буюк шоир таваллудининг 650 йиллигига бағиш­лаб ўтказилган танловда бош совринни олишимга сабаб бўлди. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган танловда табиатга дахлдор шеърларим билан иштирок этиб, диплом эгаси бўлдим. Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али билан Андижонда учрашганимда: 

– Ўзингизни таништиринг, – дедилар. 

Ўзимни таништирдим. 

– Ҳа, номингиз таниш. Ўқиганман. Тўхтаб қолманг, ёзинг, ёзаверинг! – деди у киши.

Журналистлик касби тиббиёт ходиминики каби қаримайдиган касб эканига шоҳид бўлдим. Аллақачон нафақага чиққан бўлсам-да, ҳали-ҳамон ундан менга иш топилиб турибди. Икки йилдан бери «Адолат» газетасининг фаол ижодкорига айланиб қолдим. Шу давр ичида ҳаётнинг турли қирраларини қамраб олган йигирмадан зиёд мақолаларим газета юзини кўрди. Ҳатто «Адолат» СДП Марказий кенгашининг фаҳрий ёрлиғини олишга муваффақ бўлдим. Бунинг учун мен газета жамоасидан беҳад миннатдорман. 

Чунки шу газета туфайли ҳаётда ҳали ҳам фаолман. Мақолалар ёзиш жараёнида ўнлаб инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлишга, дўстлашишга эришдим. Агар китоб ўқимаганимда шу даражага эриша олмасдим.

Олимлар ёзув пайдо бўлганига беш минг йилдан ошганини эътироф этишади. Уч минг йиллар илгари икки дарё оралиғида яшаган аждодларимиз ҳам ёза бошлаган эканлар. Бизгача етиб келган осори атиқалар, тош, суяк­ка ўйиб ёзилган, тери ва қоғозга битилган битиклар бундан гувоҳлик беради. Демак, ёзилган нарса беиз кетмайди. Минг йиллар илгари битилган китоблар ҳали ҳам одамлар манфаати учун фойда келтирмоқда. Улар туфайли ўтмиш, тарих кўз ўнгимизда намоён. Узоққа бормайлик, айни биз яшаб турган замоннинг энг бой фуқароси бўлмиш Илон Маск одамларнинг муаммоларини ечиш учун пул сарфлаяпти. У бойимасдан ким бойисин? У китоб ўқиганлиги туфайли шу даражага эришганлигини кўп эътироф этади. Лекин бу гапдан таъсирланадиган, хулоса чиқарадиган одам жуда кам. 

Айни замонда телефон, интернет, телевизор ва аудио мутолаалар ривож­ланганлиги сабабли одамлар китоб, газета ўқимай қўйганлиги ва бу икки мўъжиза касодга учраганлиги ҳақида гапиришади. Лекин китоб харид қилишади. Маҳобатли китоб жавонларида ноёб китоблар жило таратиб турибди. Шунисига ҳам шукур. Бу китоблар бугун бўлмаса, эртага, албатта ўқилади. Ҳали замон ҳамма газета ва китобга қайтади! Сабаби жадал ўсиб бораётган онг шуни тақазо этмоқда.

Бундан юз йиллар муқаддам машҳур файласуф ёзувчи Стефан Цвейг бугунги замон кишисига ибрат бўладиган шундай сатрларни ёзиб қолдирган экан: «…Китоблар замони ўтиб кетди, эндиликда техника тилга кирмоқда, дея ташвиш чекадиганлар, граммафон, кино, радио сўз ва фикрни моҳирроқ ва қулайроқ ифодаловчи воситалар китобни сиқиб чиқармоқда ва ҳадемай китобнинг маданий-тарихий вазифаси ўтмиш ҳодисаси бўлиб қолади, дейдилар. Бундай қараш жуда тор ва чекланган қарашдир, бу – ноқис фикрдир. Негаки, минг йил аввал китоб туфайли бизнинг қарашимизда намоён бўлган мўъжизадан афзал ёки лоақал у билан қиёсласа бўладиган бирорта мўъжизани техника қачон ва қаерда содир қилибди?.. Китоб дегани – қаримайдиган ва енгилмас, вақт ҳукмига бўйсунмайдиган, энг мағзи бут, энг мазмундор ва турфа хил шакл­даги қудратдир, шундоқ бўлгач, китоб нега техникадан чўчисин? Ахир техника шу китобнинг ёрдамида мукаммаллашди ва тарқалади-ку! Фақат бизнинг шахсий ҳаётимизда эмас, ҳамма жойда китоб ҳар қандай билимнинг ибтидосидир. Бинобарин, сиз китобга қанчалик яқин бўлсангиз, нигоҳингиз қаршисида ҳаёт шу қадар теран намоён бўлади, чунки унинг мўъжизакор ёрдами туфайли сизнинг нигоҳингиз сон-саноқсиз одамларнинг ички нигоҳи билан бирлашиб кетади. Китобни севсангиз, оламни юз қатла тўлароқ ва теранроқ мушоҳада қиласиз ва олам қалбига чуқурроқ кириб борасиз». 

Стефан Цвейгни ўша давр одамлари тушуниб етишди чоғи, тез орада китобхонлару газетхонлар сони кескин ошиб кетди. Газеталар адади бир миллионтагача етган бўлса, китоблар эллик-олтмиш минг донадан чоп этилган. Китоб ёки газетасиз одамларнинг томоғидан овқат ўтмаган. Ўшалар туфайли бугунги авлод ривожланиш ва фаровонликка эришди. Энди келажак учун бугунги авлод ўқиши керакми? Албатта, керак!

Таътил даврида йўлим тушиб, мактаб­га бордим. Атрофда жимлик. Ичкарига кириб, янги бўёқлар ҳиди батамом кетиб улгурмаган йўлак бўйлаб юра бош­ладим. Бир синф хонасининг эшиги очиқ бўлиб, ичкаридан инглизча сўзлар эшитилиб турарди. Эринмасдан кутиб ўтирдим. Орадан ярим соатлар ўтганда елкасига сумка илган уч-тўрт нафар йигит-қизлар синфдан чиқиб, тарқаб кетишди. Ўқувчилар ортидан бир йигит чиқди. Салом-алик қилиб, кимлигини суриштирдим. 

– Қўшни қишлоқ – Булоқбошиданман, тандирчи Бобоназаровлар авлодидан. 

– Шу мактабга ишга келдингизми?

– Йўқ. Бизнинг мактаб таъмир қилин­япти. Шунинг учун бу ерда вақтинча инглиз тили тўгараги аъзолари билан машғулот ўтказдим. 

 – Раҳмат сизга! – дедим руҳланиб. – Қайси олийгоҳни битиргансиз? 

– НамДУни!

Суриштирсам, Шамшод Бобоназаров Наманган вилоят халқ таълими бош­қармаси тасарруфидаги 9-сонли Давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг инглиз тили ўқитувчиси бўлиб, ҳозирда юзлаб шогирдлар тайёрлашга эришган йигит экан. Бугун орамизда шундай иқтидорли йигит-қизлар борлигидан қувонсак арзийди. Лекин уларнинг сони кам…

Олийгоҳда ўқийдиган бир талаба баъзи курсдошларига ёзув-чизувларини бажариб бериб, чойчақа ишлаётганини айтиб, қилаётган иши тўғри, нотўғрилигини қишлоқ масжиди имом-хатибидан сўрабди. Имом бу иш ўша талабага ҳам, жамиятга ҳам зарар эканини тушунтириб: «Ўша ёрдам олаётган текинхўр эртага ўқитувчи бўлса, болангизга чиройли таълим беришига, врач бўлса, болангизни даволай олишига, қурувчи бўлса, сизга мус­таҳкам бино қуриб бера олишига ишонасизми?» дебди. 

Шунда «меҳрибон» талаба қилаётган иши хато эканини англаб етибди. Бу бугуннинг эртаги эмас, ҳақиқати. Бунақа «ёрдам»лар бора-бора жамиятни ҳалокат ёқасига келтириб қўяди. Биз бугундан эмас, кечадан бошлаб қўлимизга китоб олишимиз керак эди. 

Машойихлардан бири шундай ҳикоя қилади: “Бир куни шайхимга: “Устоз, ушбу китобни тўлиқ ўқиб чиқдим, лекин хотирамда бу китобдан ҳеч нарса қолмади”, дедим. Устозим бир дона хурмо бериб: “Буни чайнаб егин!” деди ва бироздан сўнг мендан: “Катта бўлиб қолдингми?”, деб сўради. Мен: “Йўқ!”, дедим. Устозим: “Лекин бу хурмо майда-майда бўлиб, сенинг жисмингдаги гўшт, суяк, пай, тери, соч ва тирноқларингга куч-қувват беради, ўстиради”, деди.

 Шундан англаб етдимки, мен ўқиётган китоб ҳам майда-майда бўлиб, ўзим билмаган ҳолда менинг луғат бойлигимни оширар, ақлимни зиёда қилар, ахлоқимни сайқаллар ҳамда гапириш услубимни гўзал қилар экан”. 

Ҳа, азизлар, қўлингизга китоб олинг. Бир кунда ўн саҳифа ўқиган киши йил давомида уч минг олти юзу эллик саҳифа ўқиган бўлади. Бу дегани камида ўнта китоб ўқилди, дегани эмасми? Ўнта китоб ўқиган одам ҳам маънан, ҳам фикран бой бўлади. Бу бойлик эса бошқа барча бойликлардан устундир.

Муҳиддин ОМАД,

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси

Tegishli xabarlar

Фавқулодда ҳолат режими муддатидан олдин бекор қилинди

admin

Аёлларга эътибор — келажакка эътибор

admin

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ: Кимдир яхши китобга зор…

admin