ADOLAT 24

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ: Кимдир яхши китобга зор…

Китоб – Оллоҳ инсонга ато этган улуғ, бебаҳо неъмат – тафаккур маҳсули.

***

Китоб шунчаки қоғоз эмас, балки турли ёшдаги, турфа характерли, ҳар хил касбдаги ўнлаб, юзлаб инсонлар тўпланган маскан.

***

Қайта-қайта ўқийдиган китобларим қаҳрамонларини тирик инсон каби тасаввур қиламан. Уларнинг наинки гап-сўзларини, ҳатто қадам товушларию нафас олишини ҳам эшитаман.

***

Нега айрим китобларни ўқиганда йиғлаймиз, баъзи китобларни мутолаа қилганда куламиз? Нега шундай?

Абдулла Қаҳҳорнинг бир ҳикояси қаҳрамони ярим кечаси хотинидан носим қаерда, деб сўрайди. Хотини нима қиласиз, дейди. Миниб бозорга бориб келаман… Нима қилардим носни, чекаман-да, дейди эр.

Хўш, бу сатрларни ўқиб кулмайсизми? Мен кечаси ёлғиз ўзим ўқиётган эдим, беихтиёр баланд овозда кулиб юборганман ва ўзимнинг овозимдан ўзим ҳайратга тушганман.

Булар қанчалар завқ, қанчалар роҳат бағишлайди инсонга.

***

Грузинларда келин-куёв никоҳдан ўтаётганда Шота Руставелидан ўқиб бериши, келиннинг сепида “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” китоби бўлиши шарт экан.

Қани эди бизнинг ёшларимиз ҳам Алишер Навоийданми, Бобурданми лоақал тўрт мисра ўқиб берса. Келинларимиз сепида хориж кийим-кечак­лари қаторида Навоий ҳазратларининг бирорта китоби бўлса…

***

Шундай хонадонларни кўрганман. Жуда ноёб, китобат санъатининг юксак намуналари асосида босилган китоблар чиройли жавонларга чиройли қилиб териб қўйилган. Шўрлик китоблар очиб ҳам кўрилмаган. Бундай ҳолат менга “олтин қафасдаги булбул” каби кўринган. Кимдир яхши китобга зор, кимнингдир уйида китоб хор.

***

Китобга жонли мавжудот сифатида қарамоқ керак. Йиллаб ўқилмай ётган китоблар ичида юзлаб инсонлар ўз дардини тўкиб, чинакам дўстларини кутиб ётади. Уларга шафқат қилиш керак.

***

Китоб ўқиш кўнгил эҳтиёжига айланиши лозим. Яшаш учун овқат ейиш қанчалар зарур бўлса, китобхонлик, мутолаа ҳам шу даражада заруриятга айланмоғи даркор.

***

Яхши китоб учун на тузумнинг, на даврнинг, на сиёсатнинг аҳамияти бор. Умри боқий китоблардан ҳар бир замон кишиси ўзи учун керакли нарсани топа олади.

***

Китоб – беминнат, таъмасиз дўст, сабрли суҳбатдош. У бизга билим, маслаҳат беради, йўл-йўриқ кўрсатади, эвазига ҳеч нарса сўрамайди.

***

Китоб қаҳрамонларидан дўстингиз борми? Китоб қатидаги гўзаллардан кимнидир севиб қолганмисиз?

Агар шундай бўлса, сиз бахтли одамсиз…

Tegishli xabarlar

Соҳада инновацион жараён юзага келса… Кимга зарару, кимга фойда?

admin

“Конституциявий ислоҳотлар – инсон шаъни ва қадр-қиммати учун”

admin

ТИЛ БИЛМОҚ — ҳаёт талаби

admin