ADOLAT 24

ХОТИН-ҚИЗЛАР ВА БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ ҳимояси янада мустаҳкамланмоқда

Маълумки, сўнгги йилларда аёллар ва болаларнинг турли зўравонлик ва таҳдидларга учрагани ҳақидаги муждалардан тез-тез воқиф бўляпмиз. Айниқса, жабрланувчилар бегона шахслар зуғумидан кўра оилавий зўравонликдан кўпроқ азият чекмоқда. Бундай аянчли ҳолатлар эса опа-сингилларимиз ва болалар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришни тақозо этди.

Шу боис 2023 йил 11 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур ҳужжат асосида 11 та кодекс ва қонунга, жумладан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

 Кодекснинг 115-моддаси “Аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш” дея номланади. Янги қонун билан айни жиноят учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Унга биноан, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш, агар ҳомила сунъий туширилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Ваҳоланки, ҳозиргача бундай жиноятни содир этган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланарди холос.

Ёки кодекснинг 121-моддаси “Шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш” дея қайта номланиб, айни жиноятга қўл урган кимса ҳам аввалгига нисбатан оғирроқ жазога тортилиши белгиланди. Яъни хизмат, моддий ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлган шахсни жинсий алоқа қилишга ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондиришга мажбур этган айбдорга уч юз соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Борди-ю, ўша ҳаракат оғир оқибатларга олиб келса, шахс уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилади. Агар бундай ҳаракат жинсий алоқада бўлиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда содир этилган бўлса, — уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мазкур модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳаракат ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсга нисбатан, яқин қариндошга, собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёхуд умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан, такроран, хавфли рецидивист томонидан ёки илгари ушбу Кодекснинг 118, 119, 128 ва (ёки) 129-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс томонидан содир этилган бўлса ёинки оғир оқибатларга олиб келса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.

Юқорида биз бежизга оилавий зўравонлик ҳақида гапирмадик. Негаки ўз ҳурматини билмаган, рафиқаси ва фарзандларига фақат зуғум ўтказадиган баъзи юртдошларимиз сафи бироз кенгайиб кетди сўнгги йилларда. Оқибатда, ожиза аёл ёки худди шундай аҳволдаги болалар жабр кўрмоқда оилавий зўравонликдан. Ҳатто ўз жигарбандини аямай дўппослаётган, унга турли жисмлар билан оғир, аянчли тан жароҳати етказаётган айрим хотин-қизлар ҳам йўқ эмас орамизда. Ана шу салбий ҳолатнинг – жиноятнинг олдини олиш мақсадида Жиноят кодекси “Оилавий (маиший) зўравонлик” деб номланган 1261-модда билан тўлдирилди. Энди оилавий зўравонликлар жазосиз қолмайди.

Янги 1261-моддага мувофиқ, хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёхуд умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, шунингдек башарти бошқа жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача жарима ёки бир юз олтмиш соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёхуд умумий фарзандга эга бўлган шахсни дўппослаш, ушбу шахсларга соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш, ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача жарима ёки бир юз олтмиш соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланишига сабаб бўлади. Бу жиноятни соғлиқнинг қисқа муддат, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига сабаб бўлган, соғлиқнинг узоқ вақт, яъни камида йигирма бир кун, аммо тўрт ойдан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг ўттиз уч фоизигача йўқолишига сабаб бўлган қасддан баданга енгил ҳамда ўртача оғир шикаст етказганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланган.

Қолаверса, бундай жиноят икки ва ундан ортиқ шахсга нисбатан, ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан, ўта шафқатсизлик билан, ғаразли ниятларда, диний таассублар замирида, бир гуруҳ шахслар томонидан, такроран, хавфли рецидивист томонидан ёки илгари ушбу Кодекснинг 97, 104, ва (ёки) 105-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс томонидан, ўта хавфли рецидивист томонидан, қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилса ҳам жавобгарлик мавжуд.

Бундан ташқари, Жиноят кодекси “Шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш” дея номланган янги 1413-модда билан ҳам тўлдирилди. Яъни шахс танасининг ва (ёки) жинсий аъзоларининг яланғоч ҳолдаги фото- ва (ёки) видеотасвирини ўз ичига олган ахборотни унинг розилигисиз тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш ёхуд бундай ахборотни тарқатиш билан қўрқитиш базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Борди-ю, шундай ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёхуд ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, айбдорга уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Албатта, тилга олинган қонун ҳамюртларимизнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, мамлакатимизда инсон қадри ҳамма нарсадан устун.

Баҳромжон БЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича Мирзо

Улуғбек туман судининг судьяси

Tegishli xabarlar

Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ   МИРЗИЁЕВНИНГ ОСИЁДА ҲАМКОРЛИК ВА ИШОНЧ ЧОРАЛАРИ БЎЙИЧА КЕНГАШНИНГ  VI САММИТИДАГИ НУТҚИ

admin

Одил ЁҚУБОВ: “Яхшиям хаётимда сен борсан, Марям!”

admin