ADOLAT 24

Мақсад — ҳуқуқий давлат барпо этиш, адолатли фуқаролик жамияти қуриш

Жорий йилнинг 29 май куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг навбатдан ташқари Қурултойи ўтказилди. Унда партиянинг XI Пленуми қарорига асосан делегат сифатида белгиланган партия Сиё­сий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Марказий назорат-тафтиш комиссияси аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари конференцияларида сайланган делегатлар, шунингдек, таклиф этилган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, ҳамкор ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қурултой кун тартибидан Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Ўзбекис­тон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳамда партиядан Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентлигига кўрсатилган ном­­­зоднинг Сайловолди дас­тури тўғрисидаги масалалар ўрин олди.

“Адолат” социал-демократик пар­тияси ҳам республикамиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, адолатли жамият қуриш, қонун устуворлигини таъминлаш, халқимизга фаровон турмуш шароитларни яратиш, мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ, маданий-маърифий соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этишни мақсад қилган сиёсий куч сифатида ушбу сайловда муносиб иштирок этишга киришган.

Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиё­сий Кенгашининг жорий йил 12 май куни бўлиб ўтган XI Пленумида партиянинг Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти сайловидаги иштироки ҳақида қарор қабул қилинганди. Мазкур Пленумда Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатиладиган бўлажак номзод тўғрисида маълумот берилиб, уни номзод сифатида кўрсатиш масаласини партиянинг нав­батдаги Қурултойи муҳокамасига киритиш бўйича келишиб олинганди.

Шундан кейин партия томонидан тақдим этилган тегишли ҳужжатлар Марказий сайлов комиссиясида кўриб чиқилиб, партияга сайловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди.

Шу нуқтаи назардан, Қурултойда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 106-моддаси, Ўзбекис­тон Республикаси Сайлов кодексининг 37- ва 62-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентлигига Ўзбекис­тон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод кўрсатиш тўғрисидаги масала атрофлича муҳокама қилинди. 

Қурултойда делегатлар эътиборига Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Махмудова Робахон Анваровнанинг номзоди ҳавола этилди. Мазкур масала юзасидан сўзга чиққанлар номзодни қўллаб-қувватлаб, барча делегатларни номзодга овоз беришга чақиришди.

Партия томонидан илгари сурилган номзоднинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги узоқ йиллик тажрибаси, унинг эл-орасида обрў-эътиборга эга эканлиги, энг асосийси, ҳуқуқшунос сифатида олиб бораётган фаолияти партия ғояларини амалиётга жорий этишда ижобий самара бериши алоҳида таъкидланди.

Номзод судьялик фаолияти даврида фуқароларнинг муаммоларини ўз вақтида ва адолатли ҳал қилганлиги билан аҳоли орасида адолатпарвар судья сифатида обрў қозонган. Номзоднинг лидерлик билим ва хислатларига, бошқарув лавозимларида узоқ йиллик таж­рибага эгалигидан келиб чиққан ҳолда, энг муҳими, “Адолат” пар­тия­си мамлакатимиз тарихида Президентликка номзод сифатида аёл кишини илгари сурган биринчи партия сифатида, бўлажак сайловларда ҳам бу ёндашувга содиқ қолаётганлиги барча делегатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, Қурултой кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясининг номзоди Робахон Махмудова ўз Сайловолди дастурининг мақсад ва вазифалари, устувор йўналишларини Қурултой қатнашчилари эътиборига ҳавола этди.

Номзод Сайловолди дастурида Ватанимиз тараққиёти йўлида ҳуқуқий демократик, ижтимоий давлат ва барча учун фаровонлик таъминланган адолатли фуқаролик жамияти қуришнинг социал-демократик моделини таклиф этди.

Дастурда, хусусан, инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинлик­лари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлиги тан олиниб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, Ўзбекис­тоннинг эркинлик, имкониятлар тенглиги, адолатлилик, бирдамлик, ижтимоий ҳимоя ва масъулият тамойиллари ҳукмронлик қиладиган, инсонларнинг кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган кучли ижтимоий давлат сифатида, аҳолининг юқори турмуш даражасига эга ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига эришиш каби вазифа ва мақсадларга алоҳида эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги ҳақидаги конс­титуциявий принцип давлат сиё­сатининг устувор йўналиши эканлиги таъкидланиб, халқ ҳокимиятининг ёрқин тимсоли бўлмиш вакиллик демократия­­си институтининг роли ва аҳамиятини янада ошириш, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жамиятнинг инновацион, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ва инсон капиталини ривожлантириш, ҳар бир инсон фаровонлигининг гарови бўлмиш тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар тотувлиги, миллатлараро ва динлар­аро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ҳар томонлама мувозанатли, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат олиб бориш масалалари кўзда тутилган.

Номзодимизнинг Сайловолди дастури ўнта йўналишдан иборат бўлиб, ҳуқуқий давлат қуриш, ижтимоий адолатни қарор топтириш, миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш, илм-фан, инновациялар ва таълим соҳасининг барқарор ривожини кафолатлаш, аҳоли саломатлигини кучайтириш, жамият барқарор ривожланишини таъминлаш, экология ва атроф-муҳитга эътиборни кучайтириш, фуқаролик жамияти, аёл ва оиланинг жамиятдаги ўрнини кучайтириш, юксак маънавиятли жамият барпо этиш, тинч­ликсевар, адолатли ва прог­рессив ташқи сиёсат олиб бориш каби вазифалар шулар жумласидандир. 

Шунингдек, номзод дастуридан инсон ҳуқуқларини таъминлаш учун янги имкониятлар яратиш, қонунларни тўғридан-тўғри ишлайдиган механизмлар билан қабул қилиш каби устувор вазифалар ўрин олган.

Номзод Сайловолди дас­турида фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва бу йўналишда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича “Ижтимоий давлат – 2030” дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, “Тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми тўғрисида”ги қонун қабул қилиш зарурати каби таклифларни илгари сурди.

Номзод дастурида қишлоқ хўжалиги бўйича ҳам бугунги кунда эътибор қаратиш керак бўлган йўналишлар хусусида таклифлар илгари сурилди. Жумладан, ишлаб чиқаришни илмий асосда ташкил этиш, фан ва амалиётнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш, яқин келажакда Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги улкан имкониятларини рўёбга чиқариш, қишлоқ иқтисодиётини инновацион ривож­лантириш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, соҳани суғурталашнинг янги механизмларини амалга ошириш ҳамда ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, жумладан, «Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурталаш тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш каби бир қатор таклифларини берди.

Саноат ишлаб чиқаришининг ва умуман, миллий иқтисодиётнинг қон томири ҳисобланмиш йўл инфратузилмасини яхшилаш, йўлсозлик соҳасида бажарилаётган ишларнинг сифати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, бу соҳада илмий тадқиқотларимиз ютуқларидан кенг фойдаланиш ҳамда олимларни рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш каби вазифалар ҳам номзоднинг дастуридан ўрин олган.

Бугунги кунда рақамли технологияларнинг давлатимиз ривож­ланишига ҳиссаси жуда катта ҳисобланади. Шу сабабли, номзод ўз Сайловолди дастурида “Рақамли иқтисодиётда аҳоли бандлигини таъминлаш концепцияси – 2030” дастурини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш зарур деб ҳисоблашини қайд этиб ўтди.

Номзод ўзининг Сайловолди дастури билан таништириш давомида мамлакатнинг саноат салоҳиятини ошириш ва ҳудудларни изчил ривожлантиришда кичик саноат зоналари, иқтисодий ва саноат кластерларининг муҳимлигини инобатга олиб, ушбу соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Кичик саноат зоналари тўғрисида” қонун қабул қилиш зарурияти ва давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг шаффофлигини таъминлаш, бунда барча жараёнларни рақамлаштириш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди. 

Номзоднинг Сайловолди дас­туридан ўрин олган барча масалалар Қурултой қатнашчилари томонидан атрофлича муҳокама қилинди ва делегатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Сўзга чиққанлар номзоднинг Сайловолди дастури бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ундаги айрим масалаларга эътибор қаратишди. 

Хусусан, Ўзбекистон Респуб­ликасининг Соғлиқни сақлаш кодекси лойиҳасида фуқаролар соғлиғини сақлашнинг асосий принципларини аниқ белгилаш, соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиш; аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлишини таъминлаш каби масалаларга изчил эътибор қаратиш лозимлиги, шу билан бирга, тиббиёт ходимларининг мақомини қонун билан белгилаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларга нисбатан турли тазйиқларнинг олдини олиш ва бу борада қонунчиликни янада такомиллаштириш таклифлари ҳақиқатан бугунги кунда эътибор қаратишимиз лозим бўлган йўналишлар эканлиги эътироф этилди.

Муҳокамалар якунида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Махмудова Робахон Анваровнанинг номзодини кўрсатиш ҳақидаги таклиф ва уларнинг Сайловолди дастури Қурултой делегатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Шунингдек, номзоднинг Сайлов­олди дастурини кенг аҳолига етказиш партия фаоллари олдида турган муҳим масала эканлиги қайд этилди.

Қурултой кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегиш­ли қарорлар қабул қилинди. 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиниши таъминланади

admin

“Адолат” партиясининг ХII Пленуми бўлиб ўтди

admin

Талабалар учун янги имкониятлар

admin