ADOLAT 24

БЎРОНДАЙ ҲАЙҚИРИБ ЯШАГАН ШОИР

Қалби каби жўшқин ижоди, “Зарб”, “Замин тақдири”, “Хаёлот”, “Зиё йўли”, “Жавзо”, “Олис тонглар”, “Куйганим – суйганим”, “Қор кўзинг сенинг”, “Сайланма”, “Ўзлик”, “Шарқ ҳикмати”, “Муҳаббат ҳайратлари”, “Ватан фасллари”, “Навоийдан топдим” каби кўплаб бетакрор асарлари билан китобхонлар дилидан жой олган ўзбек халқининг атоқли шоири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Бутунжаҳон шоирлар конгресси аъзоси Азим СУЮН ҳаёт бўлганида 77 ёшни қарши олар эди. 

Шоирнинг рафиқаси, тарихчи олима Ойгул САФАРБОЙ қизи унинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида ҳикоя қилади.

Вақт югурик, бугунга кун эртага ўтмишга айланади. Ёнингдаги азиз инсонларинг хотирага айланиб бораверади. Ҳатто ҳаётингнинг асоси, вужудинг­нинг ярми қадар азиз бўлсалар-да. Бир пайтлар бу фикр менга тегишли эмасдек туюларди. Аммо, афсуски, инсон дунёга қандай ёлғиз келган бўлса, шундай кетар экан. Азим ака ҳам шундай: шоир бўлиб ҳайқириб, дарёдай тошиб, шамолдай шошиб, бўрондай ҳайқириб яшаб ўтди. Мен эса ҳаётимдаги гўзал хотиралар билан қолавердим… 

1975 йилнинг баҳори эди. Ўлкамизга Нав­рўзи олам кириб келаётган, баҳор атроф­га янги келинчак мисол ўз сепини ёяётган палла. Шундай гўзал кунларнинг бирида талабалар ётоқхонасида қўлимга Азим Суюннинг “Баҳор” шеърини тутқазишди. Шеър ҳануз эсимда:

Чақмоқлар чаққудай бўлса мабодо,

Сен асло даҳшатга тушма, жонгинам.

Баҳордан ўзга бахт борми дунёда,

Чақмоқлар қарсиллаб чаққанида ҳам.

Майсалар эндигина ниш урган, майин шаббода эсган, қуёш заррин нурларини сочган, мусаффо осмон барчанинг руҳиятига кўтаринкилик бахш этган кунларнинг бирида баҳорга бағиш­ланган тадбир ўтказилди ва мен унда шу шеърни ўқидим. Ўқигандаям мактабдаги устозим ўргатганларидек, шеърдаги ҳар бир сўзни, ҳар бир сатрни юракдан ҳис этиб, шеър­даги ташбеҳларни тадбир иштирокчилари қалбига кўчира олдим, назаримда. Бундай дейишимга сабаб, тинг­ловчиларнинг гулдурос қарсакларию бир-икки кун ўтиб шеър муаллифининг мени топиб, билдирган миннатдорлиги бўлди. Шу шеър баҳона бўлдию, шеър ва шеърият, адабиёт ҳақида гаплашдик, биз бир-биримизни, қалбимизни танидик…

Кейинги гал шоирни ёмғир шаррос қуя­ётган пайтда қизлар билан ўқишдан ётоқхонага шошар эканмиз, на бир дарахт, на бир бошпана йўқ жойда туриб, осмонга қараб нималардир деб ҳайқираётган чоғида учратиб, ҳайрон бўлганмиз. «Салом, қизлар, дарс тугадими?» деди у. Биз ёмғирда шалобба бўлиб турганининг сабабини сўрадик. У эса Азим Суюн­часига жўшқинлик билан ёмғир табиат инъоми эканлигини, унга бир олам завқ бағишлашини тўлқинланиб гапира кетди. Таъбир жоиз бўлса, шу икки учрашув бизнинг келажагимиз дебочаси бўлди.

Мен Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида, шоирнинг ибораси билан айт­ганда, «саҳрода» туғилганман. Чунки мен кўпинча бор овози билан ҳайқириб, гапирадиган умр йўлдошимни секинроқ гапиришга ундаб, эъти­роз билдирсам, “сенга ўхшаб саҳрода туғилмаганман, мен тоғлар бағрида туғилганман, шунинг учун менинг овозим ҳам баланд”, дерди тоғлик­ларга хос жўшқинлик билан. Мен ҳам паст келмай, “мен дунёга келиб, кўзимни очиб Амударёни кўрганман, сиз эса тоғлар”ни, дердим. Дарвоқе, Азим Суюн Нурота туманининг тоғлар орасидаги мўъжазгина Нукурт қиш­лоғида туғилиб ўсганидан бағоят фахрланар, бу фахр туйғуси шеърларида ҳам акс этарди. Одатда олис қиш­лоқлардан келиб, мамлакат марказида яшаётганлар шаҳар шарт-шароитига кўникиб кетишади. Аммо Азим акада бунинг акси эди. Унинг тоғда ўсгани, тоғликларгагина хос хислатлари шундоққина билиниб турарди. У содда ва самимий, жўшқин, табиатнинг ҳар бир мўъжизасидан роҳатлана олиш каби фазилатлар эгаси эди.

У киши бирон жойга борса, самолёт ёки поездда боришни хоҳламас, қаерга борса ҳам машинада боришни маъқул кўрарди. Негаки манзилига етиб боргунча хоҳлаган жойида тўхтаб, табиат гўзалликларидан баҳра олиб, завқланиб, тоғ-тошлару сойлар билан суҳбатлашиб, кейин яна йўлини давом эттирарди. Тўрткўлга оилавий борадиган бўлсак ҳам йўл узоқ бўлишига қарамасдан машинада йўлга чиқардик. Бир гал чўл, кенг ястаниб ётган саҳродан ўтиб борар эканмиз, она юртимга яқинлашган сайин менинг ҳаяжоним ортиб борарди. У киши эса фарзандларимизга қараб: “Мана, онанг туғилиб ўсган жой. Қип-қизил саҳро. Ҳеч нима йўқ”, деди. Бу гап менинг нафсониятимга тегдими ё тарихчилигимга бордимми ёки ҳақиқатни анг­латгим келдими, ишқилиб: “Саҳронинг ҳам ўз табиати бор, тарихи, ҳаёти, ўз маданияти бор. Эътибор беринг: саксовуллар, юлғунлар ўсиб ётибди. Ҳар хил жониворлар яшайди шу ястаниб ётган саҳрода. Бу ер ҳам табиатнинг бир бўлаги. Фақат уни инсон қалб кўзи билан кўра олиши, илғаши лозим!”, дедим. “Саҳрода маданият нима қилади?”, деди Азим ака кулиб. “Саҳронинг ҳам ўз маданияти бор. Буни Андроново маданияти дейишади”, дедим. “Шундайми, билмаган эканман”, деди. Шоир билмаганини тан оларди ва албатта, билмаганини билишга иштиёқи ҳам кучли эди. 

Меҳмондорчиликдан қайтгач, у кишининг саҳро маданияти тушунчасига қизиқиши ортиб, қум барханларининг борса келмас жойларига, саҳро ичкарисига уч кунлик саёҳатга кетган. Қайтиб келгач, “Ҳақиқатан, саҳро гўзал экан, унинг ҳам ўзига яраша сеҳри, одамни ўйга толдирадиган, завқ берадиган жозибаси бор экан”, деган. Бу ҳақида ўз эсдаликларида ҳам ёзган.

Азим ака кунларнинг бир зайлда, бир маромда, сокин ўтишини ёқтирмас эди. Уйда, хонада, кабинетда қамалиб ўтириш у учун азоб эди. Унинг тош­қин қалби, жўшқин юраги хонага сиғмасди, кенгликлар истарди, назаримда. Шундай пайтда у кишини ҳеч ким ва ҳеч нарса тўхтата олмасди. Саёҳатларни яхши кўрарди. Кутилмаганда бирданига шаҳардан чиқиб кетарди: “Мен кетишим керак, руҳиятимни янгилашим, куч олиб келишим керак” деб, қўшни давлатлар ёки қиш­лоқларга, тоғлар бағрига, табиат қўйнига, оддий, самимий қишлоқ одамлари қошига шошарди. У ерда табиат гўзалликларидан, чўпонлар суҳбатидан куч олиб, илҳомланиб, маънавий озуқа олиб, кайфияти кўтарилиб, бир олам, бир жаҳон таассуротлар билан қайтарди ва ижодга шўнғирди. 

Шоир Ўзбекистонни, унинг ҳар тоғини қадамма-қадам кезган десам, муболаға бўлмайди. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикис­тоннинг ҳам деярли барча тоғларида бўлганлар. У киши шаҳарлар, бозорларни ёқтирмас, уларнинг шовқинидан қочар, аммо тоғларнинг имкон қадар энг баланд чўққисига чиқишни, кенглик­ларни, улар бағрида бор овози билан ҳайқиришни, она табиат билан суҳбатлашишни яхши кўрарди. Шоир “…ваҳмкор, хил-хил булутлар” нинг чўққи устида тўп­ланаётганини кўриб, ёзади:

...Бирдан ҳайқираман: – Қайдасиз, қайда,

О, шамол биродар, о, чақин-чақмоқ,

Қайдасиз, дўстларим, қайда, қалдироқ?

Булутларни чўққи устидан ҳайданг!

Унинг ижодхонасиям ўзи хоҳлаганидек китобларга тўла, файзли ва ҳамиша батартиб эди. Ҳатто бир китобнинг ўрни ўзгарса ҳам у кишига халақит берар, ҳамма нарса ўз ўрнида туриши керак эди. У ерда ҳақиқий ижодкорона кайфият бағишловчи муҳит бор эди. Азим аканинг ижод қилиш жараёнини жуда кўп кузатганман. У киши асосан туннинг сокин палласида ижодга шўнғирди. Аввало, асарни миясида пишитарди, ёзмоқчи бўлган нарсасини образ орқали тас­вирлаб, қайсидир образда кўриб, руҳияти ҳам тайёр бўлгач, қоғозга тушира бошларди. У шеър ёзиши учун электр чироқлари керак эмас эди, шамчироқнинг ғира-шира ёруғида шуури­дагилар оқ қоғозга тўкиларди. Кузатувларим натижасида айтаманки, шеър ёзаётган пайтида яшаб турган олам, макон ва замондан, ташқи муҳитдан буткул ажраб, руҳан коинотга кўтариларди. Фикри, тафаккури фақат ижод билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, атрофдаги шовқин ёки бирор воқеа-ҳодисани мутлақо эшитмас, кўзлари илғамас, бутун вужуди, руҳияти коинот, самовий руҳият билан боғланарди. Илҳом париси хаёлини олди, деган ҳолат шу бўлса керак. У шеър ичида яшарди. Бу ҳақда ўзиям: “Сатрлар шунақанги қуйилиб келдики, ҳатто улар қулоқларимга шивирлашарди. Мен уларни ёзиб олишга улгуриб-улгурмай қолардим”, дерди.    

Шоирнинг кўпчилик асарлари деярли кўз ўнгимда яратиларди. 1981 йилда “Замин тақдири” асарини яратиш жараёнига гувоҳ бўлганман. Ўшанда шоир бир неча бор тоғларга чиқиб келган, руҳиятида шундай бир жўшқинлик барқ уриб турардики, бутун вужуди яйраб, она заминнинг қудратли кучини ҳис қилар, унга муҳаббатини ичига сиғдиролмас, ичидаги тўлқинни денгизга қўшмаса, яъни қоғозга тўкмаса бўлмасди. Англашимча, шоирлар бирон асар яратаётганида ўзидан 40-50 йил илгарилаб кетади. Оддий инсон келажакни кўролмайди, аммо шоир уни тасаввури орқали кўради. 

“Замин тақдири” ҳам шундай – инсониятга мурожаат билан ёзилган: уруш-талашларни тўхтатайлик, она табиатни асрайлик, табиатга бунчалар бешафқат бўлсак, бир куни у биздан ўч олади каби ғояларни илгари сурган. Бу асарда “Табиатни асраш – дунёни асраш, инсониятни асраш, келажакни асрашдир”, деган улуғ ғоя ётади. Дарҳақиқат, шоир айтганидек, бугун табиатни асраш асосий масалага айланди.

Ўқувчи сифатида умр йўлдошимнинг “Қодир овчининг ўлими” асарини жуда юқори баҳолайман. Бу ижод маҳсулининг ҳам яратилиш жараёнига гувоҳ бўлганман. Шоир шу шеърни ўқиганида кўзлари чақнаб, ичида олов ёниб, баланд овозда, ҳавода муаллақ қўллари гоҳ кес­кир қиличмисол, гоҳ тугилган муштга айланиб, ички туйғулари юзида ҳам акс этган ҳолатда бутун вужуди шеър­га айланар, келбатида ҳам тоғ бургутидай шиддаткорлик акс этарди. Шу лаҳзаларда бутун аудиторияда сув қуйгандек жим-житлик ҳукм сурарди. Шоир шеърни яратишда ҳам, уни ўқишда ҳам шеър ичида яшарди. У Қодир овчи образи орқали ўзбек халқининг қўрқмас, ботирлигини, одамийлигини, ҳаттоки охирги нафасида ҳам ўлимдан қўрқиб титраб-қақшамаслигини, шундай улуғ миллат вакили эканлигини бургут образи орқали ифодалаган:

… Лекин билинг оламда, бургут деган бир қуш бор,

Титрамайди ўлимдан, долға каби шиддаткор.

Сўнгги дамин сезса у, қояга урар ўзин,

Унинг олов патлари ҳавода кетар тўзиб.

Оҳ, улар тушмас ерга, ерда нима бойланиб,

Шу заҳоти учар кўкда бургутларга айланиб.

Бургут менинг ўзбегим!

Шоир жуда кўп китоб ўқирди, тафаккурини бойитарди ва бу унинг ижодида яққол кўзга ташланади. У киши жуда зукко бўлиб, кузатувчанлик қобилияти юқори – ҳеч нарсани кўздан қочирмас эди. Баҳорни шундай яхши кўрардики, бу фаслда бутун вужуди яйрарди, у ерда юрмасди гўё, қуш осмонда парвоз қилгандек учар эди… Мен эса у кишига қараб ҳайратланардим. Ҳар йили ҳовлимизнинг бир бурчагида илк баҳор нишонаси бўлиб бир тўп бойчечак униб чиқарди. «Тоғларда унадиган бу табиат мўъжизаси ҳовлимизга қаердан келди экан?», десам, «Бу, мени излаб келган бойчечагим», дердилар. Ишонасизми, шу бойчечакнинг униб чиқишини шунчалар муштоқлик билан кутардики, ҳали ерда қор эримасдан туриб, ҳар куни неча марта ўша бурчакка тикилиб турганларини кўрганман. Шоирона айт­ганда, Азим ака гўёки севгилисини кутаётган йигит мисоли бойчечакнинг йўлини пойларди. Бойчечак бўй кўрсатиши билан у билан шундай суҳбатлашарди, шу митти гулнинг гўзаллигию бетакрорлиги, унинг баҳор элчиси эканлиги, нозик ҳилпирашини шунчалар таърифлардики, шундай пайтларда бойчечак ер юзига бойчечак бўлиб келганидан Яратганга ҳамдлар айтса керак, деб ўйлардим. Уни ўзиям узмасди, бизгаям узмаслигимизни қаттиқ тайинларди. 

Шоир боғ яратишни яхши кўрарди. Ҳовлимизнинг орқа томонида тиканлар ўсиб ётган, катта кучланишли электр токи ўтгани учун ҳеч кимга кераги йўқ ташландиқ ер бор эди. Шу ерда шогирдларию танишлари, яқинларини чақириб, чиройли боғ яратишди. Унда мевали, соя­ли дарахтлар билан бирга ёввойи дарахтлар ҳам бор. Мен бунга норозилик билдирсам, асл табиат шундай бўлади. Аллоҳ инсоннинг яшаган жойини вайрон қилишини эмас, жаннатга айлантиришини хуш кўради, дерди. Қишлоқдан келган қариндош­ларга, дўстларига, яқинларига ҳам ҳар хил дарахт кўчатларидан бериб юборардилар: «Қишлоққа олиб бориб экиб, парваришланг, мен борганда дарахтлар яшнаб турсин», деб тайинларди. Бир гал водийдан бир машина ноёб дарахт кўчатларини олдириб, қиш­лоғига юборганини, укаларига кўчатларни ўтқазиб, қудуқдан сув чиқариб бўлса ҳам парваришлашни тайинлаганларини биламан. Шоир ана шундай табиат шайдоси эди.

Ўзи яратган боққа эккан тол шунчалар тез ўсдики, баҳайбат дарахтга айланди. Унинг соясида сўрида ўтириб қушлар билан, она табиат билан суҳбатлашиб, ҳузурланардилар, табиатдан илҳомланиб, ижод қилардилар, дўстлари билан тонгга қадар суҳбат қуришарди. Бир куни эрталаб мени бор овози билан чақирдилар, борсам, буни эшит, дедилар. Дарвоқе, булбуллар шунчалар гўзал оҳангда сайрардики, Азим ака уни тинглаб роҳатланишини кўрсангиз… Шоир кўзларини юмиб, булбул хонишидан бутун вужуди билан завқланиб, «Сайра булбулжон, сайра, булбулжоним, янада баландроқ сайра, мен билмаган, эшитмаган куйлардан, хониш қил», дея булбулларни шунчалар алқардиларки, улар ҳам тушунгандек янада мафтункор овозда, таърифлаб бўлмас даражада ёқимли сайрашарди…

Азим аканинг бир ажойиб хислати бор эдики, у айтган сўзининг устидан чиқарди, сўзи билан иши бир эди, фарзандларимизга, яқинларига ҳам шуни бот-бот таъкидларди: “Гапирдингми – айтган гапингга амал қил, бўлмаса гапирма. Бирон сўз айтдингми, албатта, сўзингнинг устидан чиқ”, деди. 

Шоир оддийликни, қишлоқнинг содда одамларини яхши кўрарди. Айниқса, тоғларда қўй боқаётган чўпонлар билан соатлаб суҳбатлашарди. Чўпонлар бот-бот уйи­мизга меҳмонга ҳам келишарди. Зомин томонларга дам олишга борсак, болаларни ҳам «Ўриклисой» дам олиш маскани томонларга, тоғларга олиб чиқарди. Кунларнинг бирида тоққа чиқаётиб бир чўпоннинг ўтовида тўхтади. Азим ака ўзини таништиргач, чўпон хурсанд бўлиб кетди, аёли дастурхон ёзиб, чалоп олиб келди. Азим ака қўлига чалопни олиб, ҳали ичмай туриб шундай мақтовини келтирдиларки, бундай чалопни бошқа ҳеч ким бунчалар хушбўй тайёрлай олмаслигини, янганинг қўллари гул эканини, бу чалопда тоғлардаги минг бир гиёҳ ифори борлигини, барча касаллик­лар давоси эканлигини, бу ҳатто ўлик­ларни ҳам тирилтириб юбориши мумкинлигининг шоирона таърифини келтириб руҳлантирдиларки, чўпон билан унинг аёли ўзларининг кароматидан ўзлари ҳайратда қолиб, бу мақтовлардан кейин тоғу тошда яшаб, чўпон бўлганидан шукронада эканлик­лари юз-кўзларидан сезиларди. Азим ака ўтовга сиғмасди, кенглик­ларни яхши кўрарди. Бизни ўтовда қолдириб, ўзи ташқарига чиқиб, чўпон билан соатлаб суҳбатлашдики, кейинчалик, нотаниш чўпон билан гурунгингиз бунча чўзилди десам, бу чўпонлар табиат қўйнида яшагани учун жуда кўп нарсани билишади. Табиатнинг тилини билишади улар. Тоғдаги бўри, тулки, илон каби барча жонзотларнинг ҳаётидан хабардор. Уларнинг тоғларда қандай ҳаёт кечириши ҳақида ҳамма маълумотларни сўраб оламан. Мен тоғ ҳақида бир сўз ёзишим учун, унинг бағридаги ҳар бир жонли-жонсиз мавжудотлар ҳақида тўла маълумотга эга бўлишим керак, деганди. 

Ҳар замонда бир замон. Инсон ҳаёти давомида турли синовларга рўбарў келади. Калтак кўпинча шоир халқининг бошида синади, деганларидек, 1980 йилларда шоирнинг «Баҳодирнинг қиличи синди» номли шеъри чоп этилди. Бу шеър ўша даврда кимнингдир қитиқ патига тегиб кетдию, Азим акани ишдан олишди, анча муддат иш бермай қўйишди. Дўстни бошингга иш тушганида сина деганларидек, баъзи дўстларининг «иши кўпайиб кетиб», Азим акадан хабар олишолмади. Аммо халқимизнинг суюкли санъаткори Бахтиёр Холхўжаев шоир дўстини ёлғиз қолдирмади. Бахтиёр ака қайси вилоятга тўйга ёки хизмат сафарига борадими, албатта, Азим акани бирга олиб кетарди. “Уйда ўтириб нима қиласан, бироз бошни шамоллатиб келамиз”, дерди. Бу иши билан Бахтиёр ака дўс­тининг руҳий тушкунликка тушиб қолишининг олдини олар, уни ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб-қувватларди. Бир гал Самарқанд­­га тўйга борганларида мени ҳам бирга олиб кетишди. У ердан чиқиб, Бахтиёр аканинг қариндошиникига тўйга кетдик, тоғ оралаб, минг машаққат билан уч соатда етиб бордик. Тўйда ўтирсак, оппоқ кийин­ган, соқоллари кўксига тушган отахон Азим акани таниб қолиб, ёнларига келдилар ва Азим акани ниҳоятда ҳурмат қилишини, унинг яхши шоир эканлигини айт­ди. Унинг шеърларидан иштибоҳ келтириб, кўпчилигини ёддан билишини айтди ва узоқ дуо қилдиларки, мен шунда шоир учун халқ эътирофидан, ҳурматидан улуғ мукофот йўқлигини ҳис қилдим. Тоғлар орасидаги узоқ қишлоқда шоир шеърларини севиб ўқишса, ёд олишса, бундан ортиқ бахт борми?!

Азим Суюннинг юраги тошқин дарё эди, гўё. У туйғуларини ичга яширмасди. Борини бордай кўрсатарди. Бир куни ота-онамни кўришга Тўрткулга бориб қайтаётганимизда, машинани тўхтатиб, қум тепаликнинг устига чиқди. Биз болалар билан кузатиб турибмиз. У эса Амударё томонга қараб Ватан, кенг­ликлар ҳақида шундай жўшиб, баланд овозда шеър ўқий бошладики, шу лаҳзада шоирнинг бутун вужуди шеър­­га айланган эди. Шу пайт қаердандир йўл пат­руль хизмати ходимлари етиб келишди. Атроф­да бир йўлу, қум барханларидан бошқа ҳеч нарса йўқ. Азим ака уларга қараб, «Хуш келибсиз, юртимиз посбонлари! Сизларнинг ҳушёрлигингизга, уйғоқлигингизга тасанно, сизлардай Ватан қўриқчилари борлигига қойилман!», деб уларни олқиш­лади. Улар ҳам шоирни таниб, эҳтиром кўрсатишди, шоир уларга китобларидан берди, ўз навбатида улар ҳам бизни ҳурмат юзасидан анча жойгача кузатиб қўйишди. Ана шундай воқеалар ҳаётимизда кўп бўларди. Назаримда, ўша пайтлар одамларнинг адабиётга қизиқиши катта эди.

Азим ака учун вақтнинг аҳамияти йўқ эди. Кўпинча тунда ижод қилар, янги шеърини ёзиб тугатиши билан ўша ижод руҳиятидан чиқмай туриб, дарҳол Қозоқбой Йўлдошев ёки Абдусаид Кўчимовга қўнғироқ қилиб, янги шеърини  ўқиб берарди. Мен эса ярим тунда нега уларни безовта қиласиз, деб хижолат бўлардим. Аммо у ўз билганидан қолмасди. Азим ака тенгдошларидан кўпчилигининг ижодини қадрларди. Айниқса, Усмон Азим шеъриятини ҳурмат қилар, Усмонда бир жўшқинлик, халқчиллик бор, мардлик ифодаси уфуриб туради, дерди. Ёшлар ижоди билан танишса, бир сат­ри маъқул бўлса ҳам, албатта, муаллифга айтиб, руҳлантирар, табриклаб қўярди. Агар радио ёки телевидениеда савияси паст, тил нормалари бузилган кўрсатувларни кўриб қолса, уни қаттиқ танқид қилар, ўша кўрсатув лойиҳаси эфирдан ҳам олинарди. Унда бировдан қўрқиш, ҳайиқиш деган нарса йўқ эди. Ҳар қандай хатони ўз вақтида тузатиш керак, тилимиз софлигини асраш, ёшлар келажаги пойдеворини мустаҳкам қуриш керак, дерди. Дарҳақиқат, ижодкор, дардкаш инсон. 

Шоир бутун умрини адабиётга, шеъриятга бахш этди, халқини севиб, севилиб яшади. Шоир Матназар Абдулҳаким айтганидай, «Яхши ёзилган бир шеърнинг ҳам адабиёт бўстонида ўз ўрни бўлиши лозим, яхши шеър бўлса, адабиётда яшашга ҳақлидир!» Азим Суюндан ана шундай адабиётда яшашга ҳақли шеър­лар қолди. Шоир учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак!

Азим Суюн ўзи яхши кўрадиган баҳор фаслида оламдан ўтди. Мен шоир яратган боғда, ўша сўрида, унинг ўринларида ўтираман, у кишининг тафтини ҳис қилгим келади, руҳим енгиллашади. Ўша дарахт­лар шохларига тикиламан, булбулларни излайман, булбул хонишини эшитгим келади. Ажабланарлиси, шоир ўтгач боғимизда булбуллар сайрамай қўйди. Гўёки улар ҳам шоир билан бирга кетгандай… Ҳовлимиз бурчагидаги бир тўп бойчечак ҳам уни кутаётган шоир йўқлигини ҳис қилгандек, бошқа униб чиқмади. Табиат сир-сино­атига ҳайрон қоламан. Азим Суюн боғдаги ҳар бир дарахт, қушлар билан биттама-битта гаплашиб, яхши кўришини айтар, одамлардек гаплашар, уларни алқарди. Мен нима қиляпсиз, деб эъти­роз билдирсам, табиатнинг ҳар бир бўлаги, гиёҳи меҳр-муҳаббатни билади, уларнинг ҳам жони бор, тушунади, ҳис қилади, дерди. Эҳтимол, булбуллар ҳам, бойчечак ҳам шоирнинг абадийлик қўйнига кетганини англагандир. Мен эса ҳар баҳор уларни кутавераман…

“Adolat” мухбири Саодат МАТЁҚУБ қизи ёзиб олди.

Tegishli xabarlar

Чиқинди қачонгача кўчага ташланади?

Педагоглар сафимизга кўшилди

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА (Андижон вилояти)