ADOLAT 24

ФАРЗАНДИНГИЗГА КИТОБ ОЛИБ БЕРИНГ!

Вундеркинд… Ушбу атама дунё тажрибасида ҳар қандай саволга осон жавоб бера оладиган, билимли, зукко ёшларга нисбатан бериладиган таъриф ҳисобланади. Бизда эса энг ақлли, фавқулодда билимдон деган маъноларни англатади. Қувонарлиси шундаки, Янги Ўзбекистоннинг бугунги ёшлари орасида вундеркиндлар кўпчиликни ташкил этмоқда. 

 Тошкент вилояти, Паркент туманидаги 1-ИДУМ ўқувчиси Алиёр Йўлчибоев ҳам бу борада тенгдошларига ўрнак қилиб кўрсатса арзийдиган ёшлардан. У 6-синф ўқувчиси бўлишига қарамасдан, умумтаълим фанларини юқори синф дас­туригача пухта ўзлаштирган. Китоб ўқишга, илмий-оммабоп асарлар мутолаа қилишга қизиқади. 

 Қаҳрамонимиз яқинда иқтидорли ва истеъдодли мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган “Sevimli” телеканалидаги “Bizning faxrimiz!” болалар интеллектуал шоусининг 5-синфлар ўртасидаги якуний финал босқичида ғалаба қозониб, “Spark” автомашинасини қўлга киритди. Алиёрнинг ғалабага эришиш омиллари ҳақида суҳбатлашдик. 

– Алиёр, катта ютуғингиз билан чин дилдан қутлаймиз. Шоудаги таассуротларингизга тўхталишдан олдин ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз… 

– Табрик учун раҳмат!.. 12 ёшдаман. Паркент туманининг Заркент қишлоғида туғилганман. Туманимиз марказидаги 1-ихтисос­лаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 6-синфида ўқийман. Китоб ўқиш жону дилим. Айниқса, энциклопедиялар мутолаа қилишни роса яхши кўраман. Боиси, улар орқали ижтимоий-сиёсий билимларни, аниқ ва табиий фанларни яхши ўрганасиз. Бадиий, тарихий асарларга ҳам қизиқаман. Китоблардан олган билимларимни оила аъзоларимга, укам Муҳаммаджонга айтиб беришни ёқтираман. 

– Кўпчилик “Bizning faxrimiz!” шоусида иштирок этиш учун “танишлар”ни ишга солиш керак, деб ўйлайди. Хўш, бу ҳақиқатга қанчалик яқин? 

– Бундай фикрларни мутлақо асоссиз, деб ҳисоблайман. Буни биргина менинг иштирокимда ҳам кўриш мумкин. Аввалдан бу кўрсатув­ни қизиқиш билан томоша қилардим. Унда қатнашчиларга берилаётган саволларни топишга, билмаганларимни ўрганишга интилганман. Шу туфайли илмий-техникавий соҳаларга қизиқишим ошди. 

Кунларнинг бирида оиламиз билан кўрсатувни кўраётган вақтимизда, унда иштирок этишни ният қилдим. Бобом муаллифлар билан боғланиб, унда иштирок этиш йўл-йўриқларини сўради. Ўшанда кўрсатув ижодкорлари рўйхатдан ўтган болалар сони кўплигини, агар бўш жой бўлиб қолса, хабар қилишини айтишди. Орадан кўп вақт ўтмай таклиф қилишди. Аввалига бу таклифни мен ва яқинларим ҳазил бўлса керак, қандай қилиб қиш­лоқ боласи телевизордаги кўрсатувда тўғридан-тўғри қатнаша олади, деган ўйга бордик. Лекин таклиф рост бўлиб чиқди. Кўрсатув ярим ва супер финал кўринишида, 113 нафар 5-синф ўқувчиси ўртасида бўлиб ўтди. Ярим финал беллашувида берилган саволларга энг кўп жавоб бериб, ноутбук ютиб олдим. Кўрсатувга бориш биз учун кутилмаган ҳолат бўлса, финалга чиқишим хаёлимга ҳам келмаганди. “Spark” ютиб олибди, деган хабарлар тарқалганда, мендан, яқинларимдан кўпчилик бу учун нима қилиш кераклигини, “танишларимиз”ни ишга солиб беришни сўрашди. Уларга фақат “Фарзандингизга китоб олиб беринг!” дедик. 

Биласизми, бизда ота-оналарнинг аксарияти фарзандларига муваффақиятга эришиш борасида тўғри тушунча бермас экан. Уларда бу каби шоуларда, мусобақаларда “таниш-билишчилик” устун бўлади, минг чирансанг ҳам юта олмайсан, деган фикр бор. Менимча, бу хато. Аксинча, катталар болаларга ўз ҳаққи учун курашишни, зўрлар ичида зўри бўлишнинг асосий қуроли фақат ва фақат билимга боғлиқ эканини уқтириши лозим, деб ўйлайман. 

– Билишимизча, шоу 5-синф ўқувчилари ўртасида аниқ, табиий ҳамда ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича, 3 босқичда ўтказилган. Унда муносиб қатнашиш учун мактабдаги фанларни пухта ўзлаштиришнинг ўзи етарлими? Ёки қўшимча адабиётлар ҳам ўқиш керакми? 

– Ҳақиқатан ҳам шоунинг финал босқичи 3 турдан иборат бўлди ва анчагина шиддатли тус олди. Якунда ярим финал босқичларидан финалга етиб келган 9 нафар ўғил бола ва 1 нафар қиз иштирокчи ғолиблик учун кураш олиб борди. 

Биринчи босқичда бизга 5-синф умумтаълим фанлари ҳамда “Болалар энциклопедияси”дан тузилган 10 та саволнинг ҳар бирига 10 сония ичида жавоб ёзиш сўралди. Улар ичида исириқ қайнатмаси билан кўз ювилса, қайси касалликка даво бўлишидан тортиб, Семирамида осма боғларини ким қурдиргани тўғрисидаги саволлар ҳам бор эди. Мен улардан 9 тасига тўғри жавоб бердим. 

Биринчи босқичдан 5 нафар иштирокчи ўтдик. Кейинги турда биздан фанларни хоҳишимизга кўра танлаб, фан доирасидаги саволларга бир дақиқа ичида жавоб бериш талаб қилинди. Унда мен қирққулоқ, хлорелла, вакуола тўғрисидаги саволларга жавобни билсам ҳам, бироз шошдим ва 3 бални бой берган ҳолда 8 бални қўлга киритиб, якуний турга йўл олдим. Энг юқори бал олишимга энциклопедиялардан олган билимларим катта ёрдам берди. 

– Финал олдидан устозларингиз, яқинларингиз билан жиддий тайёргарлик кўрибсиз. Бунда асосан нималарга эътибор қаратдингиз? 

– Ярим финал босқичи тугагандан сўнг бир ҳафта ичида финал беллашувлари бўлиб ўтишини маълум қилишди. Шу вақт оралиғида бобом мен ўқийдиган 1-ИДУМ раҳбарияти билан гаплашиб, 10 кун давомида қўшимча дарслар ташкил қилди. Ҳар куни мактабга қатнаб, фанларнинг муҳим қисмларини, энциклопедия­лар, оммабоп китобларни ўқишга ҳаракат қилдим. Устозларим билан савол-жавоблар орқали фанни янада мустаҳкамлашга интилдик. Бунда менга яқиндан ёрдам берган барча устозларимга, синф раҳбарим Орзиби Тожиддиновага ҳамда мактабимиз директори Тоҳир Абдуғаффоровга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. 

– Шоудаги тенгдошларингизнинг иштироки, билими сизда қандай таассурот уйғотди? 

– Умуман олганда, шоу давомида кўплаб тенгдошларимнинг билими, салоҳияти юқори эканлигига амин бўлдим. Айниқса, биринчи шартда 10 тадан 10 саволга тўғри жавоб берган Гулмира исмли иштирокчи барчани хурсанд қилганди. Бироқ шартлар мураккаблашгани сари кўпчилик вақт тақсимоти ва ҳаяжон сабаб муваффақиятни бой берди. Саволлар менга берилмаса-да, билганларимга жавоб беришга ҳаракат қилдим. Четдан қаралганда, бу ҳолат ғалати кўриниши мумкин, аммо мен билимдонлигимни эмас, билимга бўлган иштиёқимни кўрсатгим келди, холос. Беллашув якунида келган ота-оналар, иштирокчилар билан суҳбатлашдик, дўстлар орттирдим. 

Ўйлайманки, бу каби танловлар, шоулар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш билан бир қаторда билим олишга бўлган ҳаракатини муносиб рағбатлантиради. Шунинг учун ҳам рақибларимнинг кўпчилиги фанларни янада чуқурлаштирилган ҳолда ўрганиш, қўшимча асарлар ўқиш орқали билимини мустаҳкамлаб, яна беллашувга келишини айтишди. Менимча, бу ҳам шоунинг муҳим ютуқларидан бири. 

Алиёрнинг яқинларидан у ҳақдаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишини сўрадик. 

– Набирам кичик ёшиданоқ китоб ўқишга, турли билимларни ўзлаштиришга қизиқади, – дейди қаҳрамонимизнинг бобоси, шифокор Йўлчибой Ҳайтматов. – Деярли ҳар ҳафта ўқимоқчи бўлган янги китобларининг рўйхатини қўлимга тутқазиб, ишдан қайтаётганда, албатта, олиб қайтишимни тайин­лайди. Агар сабри чидамаса, мактабдан чиқиб, мен билан туман марказидаги китоб дўконларини айланишни, ўзига керак китоб­ларни тезроқ олишни ҳам канда қилмайди. Охирги пайтларда Алиёр кўпроқ энциклопедик китоблар ўқишни истаб қолди. Ҳали ҳануз ёдимда: шундай бир китобнинг нархи 270 минг сўм экан. Олишга бироз иккиланиб турсам, китоб дўкони эгаси Алиёрнинг дарсдан чиқиб, бу ерга китоб ўқишга келишини, агар пули камроқ бўлса, бобомдан олиб келаман қолган пулни, деб китоб олишини айтиб қолди. Набирамнинг зукколиги, илмга чанқоқлигига ҳавас қилишини таъкидлаб, энциклопедияни арзонроққа сотишга розилигини билдирди… 

Алиёр кўрсатувнинг ярим финалида 3 босқичли саволларга жавоб берган. Биринчи турда 5 нафар, иккинчи турда 2 нафар рақиби ўйинни тарк этганда, у кучли учталик таркибида эди. Буни унинг онаси Нафосат Ҳайтматова ўзгача ҳаяжон, хурсандчилик билан эслайди. 

– Биринчи турда йўлакдан 5 нафар иштирокчи йиғлаб чиқиб келаётганда, Алиёр уларнинг орасида бўлса керак, деб ўйладим. Лекин кейинги иккинчи босқичда ҳам у чиқмади. Шунда ғолиблик учун охирги учталик ичида беллашаётганини сездим. Бироз вақт ўтгач, кўрсатув продюсерининг “Тўйчибоев Алиёр билан ким келган, Алиёр биринчи ўрин бўлди!” сўзларини эшитгандаги  ҳолатимни сўз билан ифодалаб бера олмайман. Бобосига телефон қилиб, хушхабарни етказгунимча, Алиёрни ноутбук билан тақдирлаб бўлишибди.  

– Алиёрнинг ютуғи меҳнат жамоамиз, ўқувчиларимиз, умуман, бутун тумандошларимиз учун катта хурсандчилик бўлди, – дейди 1-ИДУМ директори Тоҳир Абдуғаффоров. – Финал босқичи олдидан ўн кун мобайнида унга синф раҳбари Орзиби Тожиддинова она тили ва адабиёти фанидан, Марҳамат Алматова тарих фанидан, Меҳриддин Ҳусниддинов ҳуқуқ ва Конституция асос­ларидан чуқурлаштирилган сабоқ беришди. Ўқувчимиз бу ютуғи билан нафақат туманимиз, балки вилоятимиз шаънини муносиб ҳимоя қилганидан хурсандман. Албатта, фарзанд китоб ўқисин, бўш вақти бўлмасин, асосийси, ота-она бунга жиддий эътибор қаратсин, дейман. Шунда бу каби ютуқлар давомий бўлади. 

– Алиёр тенгдошларига қараганда мавзуларни ўзлаштиришда, қўшимча илмий ва бадиий асарлар ўқишда анчагина пешқадам, – дей­ди синф раҳбари Орзиби Тожиддинова. – Бунга асосий сабаблардан бири оиласида илмга бўлган муносабатнинг юқорилиги ҳамда унинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга жиддий эътибор қаратилгани, деб биламан. Финалга борганимизда, Алиёр синф­даги лидерлигини катта саҳнада ҳам кўрсата олди. Ҳар бир саволга аниқ, мулоҳаза билан жавоб берди. Ҳа, билимли, тарбияли бола нафақат ота-онасига, балки устозига ҳам раҳмат олиб келади. Алиёр менинг шогирдим дейишдан ортиқроқ бахт борми?!

Албатта, туманимизнинг фахрига айланиб, республика миқёсда эътироф этилган қаҳрамонимизнинг фикрлари, жараён ҳақидаги мулоҳазаларини сўрашни ҳам унутмадик. 

– Бу ютуққа эришишимда асосий сабабчи – бобом, – дейди Алиёр Йўлчибоев. – Биология фанидаги биринчи устозим ҳам айнан у киши. Энг муҳими, туманимиз, вилоятимиз шарафини ҳимоя қила олганимдан бениҳоя шодман. Келажакда бобомнинг изидан бориб, моҳир шифокор бўлиш орқали туманимиз тиббиётини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқчиман. 

– Суҳбатингиз учун ташаккур! 

Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ 

суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

Мукофот ва эътироф муборак!

admin

Ҳудудлардан хабарлар: Тошкент шаҳри, Хоразм ва Наманган вилоятлари ҳамда Қорақалроғистон Республикаси  

admin

“ЯШИЛ ИПАК ЙЎЛИ”НИ БАРПО ЭТИШ ЙЎЛИДАГИ МУҲИМ ТАШАББУСЛАР ВА САМАРАЛИ МУЛОҚОТЛАР

admin