ADOLAT 24

Фавқулодда ҳолат режими муддатидан олдин бекор қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Жўқорғи Кенгесининг мурожаатини ҳамда ҳудудда жамоат тартиби тикланганлигини, фуқароларнинг хавфсизлиги, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси таъминланганлигини инобатга олиб, Қорақалпоғистон Рес­публикаси ҳудудида фавқулодда ҳолатнинг амал қилишини 21 июль куни соат 05:00 дан бошлаб муддатидан аввал тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фавқулодда ҳолатнинг муддатидан олдин тугатилганлиги жамоатчилигимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Ўз вақтида кўрилган чоралар, ўрнатилган қатъий тартиблар сабаб, давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётига таҳдид солиши мумкин бўлган мудҳиш ҳолатларнинг олди олинди. Айнан мана шундай оқилона сиё­сат сабаб, Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат режимини муддатидан олдин бекор қилишга муваффақ бўлинди.

Қорақалпоғистондаги айрим қўштирноқ ичидаги халқпарварлар бошлаган қутқу сабаб оддий халқ азият чекди. Ваҳоланки, ўзбеклар билан азал-азалдан меҳр-оқибат туйғулари билан чамбарчас боғланган, бир тану бир жон бўлиб Ватани ва давлати ривожи йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб келувчи қорақалпоқ халқи ардоқ ва эъзозга муносибдир. Ўзбекистон Рес­публикаси Бош қомусида белгилаб қўйилганидек, давлатимиз фуқаролари давлат ва жамият олдидаги мажбурият ва бурч­ларини тўлақонли адо этган ҳолда, қонунларимизда кўрсатилган барча ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Президентимизнинг Қорақалпоғистонда ўрнатилган фавқулодда ҳолат режимини муддатидан олдин тугатиш борасида имзолаган фармонини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Юртдошларимизни эса барчамизнинг энг олий мақсадимиз, давлатимиз ва жамиятимизнинг фаровон ҳаёти ва ривожи йўлида ҳамиша ҳамжиҳат бўлишга чорлаб қоламиз. Зотан, Ватан ягонадир, Ватан биттадир.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Ижтимоий давлат — инсон ҳуқуқ ва манфаатлари кўзгуси

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛГАНИНИНГ 30 ЙИЛЛИГИ ҲАМДА ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР ВА ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИДАН БИР ГУРУҲИНИ МУКОФОТЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin

Танишини тунаган товламачи

admin