ADOLAT 24

Фракция фаолияти: Мақсадимиз  улуғвор вазифаларни  амалга ошириш

Сайловолди дастуридаги мақсад ва вазифаларни амалга оширишда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси алоҳида ўринга эга. 2020 йилдан парламент янги таркибида сайланган жами 24 нафар депутатлар билан фаолиятини йўлга қўйган “Адолат” СДП фракцияси бугунги кунда 22 нафар фаол депутатлар билан иш олиб бормоқда. Улар Қонунчилик палатасидаги мавжуд 12 та қўмитага тақсимланган бўлиб, бугунги кунда қонун ташаббускорлиги, назорат-таҳлил тадбирлари, аҳолини қийнаётган муаммоларни ечиш ва партиямиз ғоя ва мафкурасини ҳаётга татбиқ этишда ўз қўмиталарида фаол иштирок этиб келмоқда.

Айни пайтда партиямиз ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, Сайловолди дастурида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда кўпгина соҳаларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича қатор ишлар амалга оширилгани қувонарли, албатта. 

2021 йил ва 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида фракция депутатлари қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда 8 та қонун лойиҳасига ҳаммуаллиф бўлди. Яхлит тарзда 2 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди ва қабул қилинди. 

Мазкур ташаббуслар билан қонун лойи­ҳаларида сайловларнинг муддатини октябрь ойига ўтказиш, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартибини белгилаш, веб-сайт ёки веб-сайт эгалари, шу жумладан, блогерларнинг оммавий тартибсизликлар ва зўровонликни даъват этиш, аҳоли хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон маълумот тарқатиш, зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб қилиш, ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни содир этиш мақсадида ахборот тарқатишларига қарши қонунчилик нормаларини такомиллаштириш, кассация инстанцияси судининг хусусий ажрим чиқариш тартибини белгилаш, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексини такомиллаштириш ва суд амалиётидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида унга суд муҳокамаси муддатининг судлар томонидан узайтирилиши ҳақидаги ўзгартишлар киритилди.

Мазкур қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда фракция аъзолари томонидан фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли ифода этишга, жойлардаги ўрганишлар давомида аниқланган муаммо ва камчиликларга ечим топишга, шунингдек, фуқаролар билдирган таклиф ҳамда фикр-мулоҳазаларга алоҳида эътибор берилди.

Шунингдек, айни кунларда умумхалқ муҳокамасида бўлган «Ўзбекистон Рес­публикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини такомиллаштиришда ҳам фракция аъзолари фаоллик кўрсатмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси Конституциямизнинг 60 дан ортиқ моддаларига 200дан ортиқ тузатишларни назарда тутмоқда. Конституцияга ўзгартишлар “инсон – жамият – давлат” принципига асосланган бўлиб, миллий Конституциявий ўзликни акс эттиради ва амалдаги Конс­титуциямизнинг барча бўлимларига туб ўзгартишлар киритишни назарда тутади.

Таъкидлаш лозимки, Конституциявий тузатишлар, авваламбор, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб бўлган фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга, ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланади.

Эътибор берайлик, Ўзбекистон ҳуқу­қий, ижтимоий, дунёвий демократик давлат эканлиги белгилаб қўйилмоқда. “Инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади” эканлиги белгиланмоқда.

Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар аввало, “инсон қадри учун”деган тамойилни рўёбга чиқаришга қаратилган бўлиб, фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий ва экологик ҳуқуқларини, шу жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ҳуқуқларини Конституциявий жиҳатдан кафолатлашни кучайтиради. Бунда:

– ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан турли чекловлар ўрнатиш, шунингдек, уларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бўйин товлаш тақиқланмоқда;

– давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёти сифатини оширишга, уларга жамият ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг равишда иштирок этиши учун шароитлар яратишга ҳамда ўзининг ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар кўриши белгиланмоқда;

– давлатнинг ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиши, пенсиялар, нафақалар ва ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг бошқа турларини тайинлаши мустаҳкамланмоқда;

– пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг бошқа турлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмаслиги аниқ кўрсатилмоқда;

– ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, уларнинг иш ҳақини камайтиришнинг тақиқланиши, болалар меҳнатидан фойдаланиш қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлиши Конс­титуция билан белгиланмоқда.

Конституцияга киритилаётган қатор тўл­диришлар оила институтини янада мус­таҳкамлашга қаратилган. Бунда:

– никоҳ аёллар ҳамда эркакларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши;

– давлат оилани тўлақонли ривожлантириш учун зарур бўлган ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитларни яратиши, кўп болали оилаларга имтиёзлар ҳамда ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлаши;

– бола манфаатлари, болаларнинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун барча шарт-шароитларни яратиш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши эканлиги конституция­вий мустаҳкамланмоқда.

Қонун лойиҳасида фуқароларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, уларнинг соғлом табиий муҳитда яшаш ҳуқуқларини таъминлашнинг конституциявий механизмлари кучайтирилмоқда. Бунда:

– Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдам кўрсатишнинг қонунда белгиланган кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақли эканлиги қатъий ўрнатилмоқда;

– давлат соғлиқни сақлашнинг давлат, хусусий ва бошқа тизимларини ривожлантириш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриши, санитария-эпидемиологик осойишталикни кафолатлаши, тиббий суғуртанинг турли шаклларини ривожлантириш учун имкониятлар яратиши белгиланмоқда;

– давлат Оролбўйининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ва тиклаш, уни ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўриши назарда тутилмоқда.

Конституцияга киритилаётган қўшимча ва ўзгартишларда таълимни, илм-фанни, миллатни ва хусусан, ёшларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг аниқ конституциявий кафолатлари ҳам назарда тутилмоқда. Бунда:

– давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантиришга кўмак­лашиши, ҳар бир боланинг умумий ўрта таълимга доир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқи кафолатланмоқда;

– давлат бепул умумий ўрта таълимни, шунингдек, танлов асосида давлат таълим ташкилотларида бепул олий маълумот олиш ҳуқуқини мус­таҳкамламоқда;

– алоҳида эҳтиёжларга ва индивидуал имкониятларга эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия­­ни ташкил этиш белгиланмоқда;

– давлат иқтидорли ёшларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, таълим олиши давом эттирилиши кафолатланмоқда;

– таълим муассасалари ва ташкилотларининг хусусий ва бошқа шаклларини ривожлантириш учун давлат тенг шароитлар яратиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасида педагог ходимларнинг мақомини ҳар томонлама мустаҳкамлаш жамият ва давлатнинг энг муҳим вазифаси деб эъти­роф этилиши, педагог ходимларнинг ҳуқуқлари, шаъни ва обрў-эътибори давлат ҳимоясида эканлиги конституциявий кафолатланмоқда. Шунингдек, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига монелик қилишга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланмоқда.

Албатта, Асосий қонунимизга киритилаётган бу каби нормалар мамлакатимизнинг барқарор тараққиётини таъминлашга ва юртимиз тинчлигини янада мустаҳкамлашга, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади. 

Ҳозир мазкур қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтмоқда. Бу жараён 1 августгача давом этади ва умумхалқ муҳокамаси натижаларидан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилади. Шундан сўнг, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси Ўзбекистон Рес­публикаси референдумига қўйилиши кутилмоқда.

Ўтган даврда ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий аҳамиятга эга муҳим қонун лойиҳаларини жойларда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш, қонунларни такомиллаштиришда фуқароларнинг таклиф ва мулоҳазаларини эътиборга олиш борасидаги ишларга ҳам устувор аҳамият қаратилди.

Фракция томонидан партия Сайлов­олди дастуридан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳалари ва Қонунчилик палатаси қарорлари лойиҳалари юзасидан партиянинг қуйи тизимидан таклифлар олиш ва умумий позицияни шакллантириш йўлга қўйилди. Партия тизимида “Фракция – марказ – вилоят – туман” тартибида ишлайдиган тизим жорий этилди. 

Хусусан, ишлаб чиқилган тизим бўйи­­ча дастлаб фракцияга келиб тушадиган қонун лойиҳалари ва Қонунчилик палатаси қарорлари лойиҳалари бўйича фикр ва таклифлар олиш, амалиётдаги муаммоларни таҳлил қилиш учун фракция ижрочи котиби орқали партиянинг Марказий аппаратига тезкор тақдим этилиши, шу куннинг ўзида Марказий аппарат томонидан партиянинг ҳудудий ва маҳаллий кенгашларига қонун лойиҳаларини етказиш белгиланди. Шундан сўнг партия экспертлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва бошланғич партия ташкилотлари томонидан таклиф ва тавсиялар берилиб, улар партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда ҳудудий кенгашлари томонидан умумлаштирилган таклифларни партия Марказий аппаратига юбориш амалиёти йўлга қўйилди. Ўз навбатида, партия Марказий аппарати ҳудудлардан келган таклифларни умумлаштириб, фракция­­га юбориш амалиёти жорий этилди.

Шундай тизим орқали фракция­­га тақдим этилган қонун лойиҳалари бўйи­­ча билдирилган фикр ва таклифларни фракция йиғилишларида муҳокама қилиш амалиёти жорий этилди. Тизимни жорий этиш натижасида ҳисобот даврида 23 та қонун лойи­ҳалари бўйича партиянинг қуйи тизимидан фракцияга 140 дан ортиқ таклифлар тақдим этилди. 

Хусусан, фракция томонидан “Деҳ­қон хўжалиги тўғрисида”ги, “Психиат­рия ёрдами тўғрисида”ги, “Транспорт тўғрисида”ги, “Судлар тўғрисида”ги ва “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини такомиллаштириш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазоларни енгиллаштириш, “Сайлов тўғрисида”ги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини бериш тизимини соддалаштириш, айниқса, мамлакатда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада ривожлантириш бўйича қонун ҳужжатларини тайёрлашда фракция депутатларнинг фаол иштирокини таъминлади ва аксарият таклифлар қонун лойиҳаларида ўз аксини топди. 

Фракция қонун лойиҳаларини кўриб чиқишда партия электоратининг манфаатларини ҳимоя қилиш, Сайлов­олди дастурда белгиланган мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратди. Шундан келиб чиқиб, фракция Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган бир қатор қонун лойиҳалари юзасидан ўзининг қатъий позициясини билдириб келмоқда. 

Натижада қонун лойиҳаларига бир қанча янги нормалар киритилиб, уларни такомиллаштиришга эришилди. Хусусан, фракциянинг партия позициясидан келиб чиққан ҳолдаги таклифи асосида:

– Қонунчилик палатаси муҳокамаси учун киритилган “Ўзбекистон Респуб­ликасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси “Адолат” СДП фракцияси томонидан концептуал жиҳатдан маъқулланган бўлса-да, бироқ унинг алоҳида моддаси фракция аъзоларининг қаттиқ эътирозига сабаб бўлди. Натижада фракциянинг ушбу моддани қонун лойиҳасидан чиқариб ташлаш ҳақидаги таклифи Қонунчилик палатасида қўллаб-қувватланди.

Хусусан, қонун лойиҳасидаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколатини Мажбурий ижро бюросидан ички ишлар органларига ўтказиш масаласи фракция аъзоларининг танқидига учради.

Чунки ички ишлар ходимлари бу соҳалар бўйича мутахассис бўлмаганлиги боис, улар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш давомида қатор муаммоларга дуч келишлари мумкин. Бундан ташқари, ушбу норма қабул қилинса, келгусида тизимда коррупциявий ҳолатларнинг келиб чиқишига ҳам сабаб бўлиши мумкинлиги қайд этилди.

Фракциянинг мазкур таклифи Қонунчилик палатаси ялпи йиғилишида кўпчилик депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Овоз бериш натижаларига кўра ушбу модда қабул қилинмади ва қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқиш учун масъул қўмитага қайтарилди.

Шунингдек, “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқишда ҳам қатор эъти­розлар билдирилди. Жумладан, қонун лойи­ҳасида қўриқлаш функцияси битта давлат органида эмас, балки бир нечта давлат органларининг вазифасига кириши масаласи етарлича ўзининг тўлиқ аксини топмаганлиги, қонун лойиҳаси ва унинг тушунтириш хатида халқаро стандартлар ва нормалар, халқаро шартномалар талаблари ижросини таъминлашга оид ахборот киритилмаганлиги, лойиҳада коррупциявий омилларни келтириб чиқарувчи нормалар ҳам ўз аксини топ­ганлиги танқидларга сабаб бўлди ва ташаббус­корлар томонидан камчилик­лар бартараф этилишига эришилди.

Шунинг билан бирга, фракция аъзо­лари ҳар бир қонун лойиҳаларини муҳокама этишга алоҳида аҳамият қаратиб келди. Фракция томонидан долзарб масалалар юзасидан мансабдор шахсларнинг ахборотини Қонунчилик палатаси мажлисларида эшитиш бўйи­­ча ташаббус билан чиқиш, шунингдек, улар фаолияти устидан таъсирчан парламент ҳамда депутатлик назоратини амалга ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Шунга кўра, ўтган даврда фракция ташаббуси асосида қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси, шунингдек, ҳудудлардаги ўрганишлар давомида аниқланган тизимли камчилик ва муаммоларни ҳал этишга қаратилган «парламент эшитуви» ҳамда «ҳукумат соати»да ўз таклиф ва ташаббусларини билдириб келмоқда.

Фракция таклифига кўра, сайловчиларни ўйлантириб келаётган муаммоларни ҳал этиш, депутатларнинг аҳоли билан ўтказаётган мулоқот ва учрашувлари давомида кўтарилган масалалар бўйича тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига жами 2 та парламент сўрови юборилди.

Мазкур сўровларга белгиланган тартибда жавоб қайтарилиб, ҳукумат томонидан уларда кўтарилган масалаларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

2021 йил ва 2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида фракция аъзо­лари томонидан сайловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги ишларга жиддий эътибор қаратилиб, жойлардаги назорат-таҳлил тадбирлари, сайлов округларидаги ўрганишлар давомида аниқланган долзарб масалалар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига жами 50 га яқин депутат сўрови юборилди.

Жойлардаги тизимли муаммолар, қонун ва қонуности ҳужжатларининг ижро этилиш ҳолати юзасидан тегиш­ли мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари фракция мажлисларида доимий тарзда эшитиб борилди. Бунда фракция томонидан қатор назорат-таҳлил тадбирлари доирасида аҳолини қийнаётган долзарб масалалар ўрганилди ва ечими юзасидан мутасаддиларга зарур таклиф ва тавсиялар киритилди. 

Фракция томонидан бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш, муҳим тармоқ ва соҳаларда мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан тегишли таклифларни ишлаб чиқишга бағишланган қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Бунда фракция аъзоларининг жойларда аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, фуқароларни ўйлантириб келаётган тизимли муаммоларни аниқлаб, ҳал этиш чораларини кўриш, мурожаатлар билан ишлаш ҳамда қонун лойиҳаларини такомиллаштиришда одамларнинг так­лифларини кўриб чиқиш ва инобатга олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фракция аъзолари томонидан ҳудудларга чиққан ҳолда қатор назорат-таҳлил тадбири ўтказилиб, уларда жамият ҳаёти учун муҳим бўлган қонун лойиҳаларининг ижро этилиш ҳолати, жойлардаги мавжуд тизимли муаммолар, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлиги атрофлича ўрганилмоқда.

Фракциянинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳамда ҳудудларда ўтказилган сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлари жараёнлари оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда ёритиб борилмоқда. Хусусан, 2021 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида «Адолат» СДП фракцияси аъзолари томонидан сайловчилар билан мулоқот қилиш ҳамда парламент фаолияти билан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида ОАВда жами 8 мингдан ортиқ, хусусан, телевидениеда 2,5 минг марта, радиода 800 га яқин, матбуотда 1400 га яқин, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда 2600 дан ортиқ марта таҳлилий мақола ва интервью­лар билан чиқишлар қилинди.

Таъкидлаш жоизки, ҳисобот даврида фракция аъзолари «Facebook» ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифалари орқали сайловчилар билан мустаҳкам алоқа ўрнатган ҳолда, Қонунчилик палатаси фаолияти ҳақида уларни мунтазам хабардор қилиб бормоқдалар. 

Бу эса халқ вакилларининг қонун лойиҳаларини кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш, одамларни ўйлантираётган масалаларни кўриб чиқиш кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Tegishli xabarlar

Саъдулла Ҳаким: “Қўшиқлар ёнади юлдузлар каби…”

admin

Машаққатли ва шарафли касб

admin

Ҳокимларнинг маҳаллий Кенгаш олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлиги кучайтирилади

admin