ADOLAT 24

Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари! (Пойтахтимизда «Адолат» социал-демократик партиясининг ХII Қурултойи бўлиб ўтди)

September 06, 2024

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар кенгашларидан сайланган делегатлар, Сиёсий Кенгаш вакиллари, Марказий тафтиш комиссияси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Қурултойда партиянинг 2020-2024 йиллардаги фаолияти сарҳисоби қилинди ва истиқболдаги устувор вазифалари белгилаб олинди. Қайд этилганидек, Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари сони ҳисобот даврида 2020 йил бошидаги 438 минг нафардан қарийб уч баробарга ортиб, 1,1 миллион нафарга етди. 2020 йилда бошланғич партия ташкилотлари 6 мингдан ортиқ бўлган бўлса, 2024 йилга келиб уларнинг сони 8 мингдан зиёдни ташкил этмоқда. 2019 йилда партия аъзоларининг 176 минг нафарини ёки 37 фоизини ёшлар ташкил қилган бўлса, бугунга келиб умумий аъзоларнинг қарийб 433 минг нафари ёхуд 39 фоизи ёшлардан иборат.

Ўтган ҳисобот даврида партия депутатлик гуруҳлари томонидан жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари юзасидан 18 минг 578 та депутатлик сўрови тегишли ташкилотларга юборилган, 9 минг 988 маротаба халқ депутатлари кенгашлари сессияларида мансабдор шахслар эшитуви ўтказилган, 5 минг 43 маротаба депутатлик гуруҳлари ҳамда ишчи гуруҳлари ўрганиши натижаси юзасидан доимий комиссия йиғилишларига масалалар киритилган, 2 минг 730 та масала халқ депутатлари кенгашлари сессияларига киритишга эришилган. 

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ҳисобот даврида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 36 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлишди.

Адолат, тенглик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, демократик қадриятларга содиқ қолиш ва миллий тараққиёт йўлида ишончли ёндашувларни жорий этишни мақсад қилган “Адолат” СДП XII Қурултойи давомида партия Сайловолди дастури, сиёсий қарашлари ва стратегик режалари таништирилди.

Янги дастурда асосий эътибор суд-ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш, таълим ва илм-фан соҳалари, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, ташқи ва ички сиёсатга қаратилганлиги таъкидланди.

Жумладан, Сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш, жойларда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дармонларнинг ноқонуний айланиши устидан назоратни кучайтириш, таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиш белгиланди.

Фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини оширишда судьяларнинг мус­тақил бўлиши муҳим мезон бўлиб, судьялар ҳуқуқларини юқори даражада кафолатлаш ва иш юкламаларини мақбуллаштириш мақсадида “Судьялар мақоми тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.

Шу билан бирга, талабаларнинг турар жойлар билан боғлиқ муаммоларини бартараф этиш, олий таълим муассасаларида ўқув сифатини ошириш мақсадида ўқув адабиётлари сифатини яхшилаш, замонавий хорижий адабиётларни харид қилиш ва таржима қилиш ишларини тизимли йўлга қўйиш ҳамда илм-фан соҳаси вакилларининг манфаатларини таъминлаш, олимларнинг машаққатли меҳнатини қадрлаш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Қурултой делегатлари муҳокамадан сўнг “Адолат” социал-демократик партиясининг “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!” деб номланган янги Сайловолди дастурини тасдиқлади. 

Қурултой кун тартибидан ўрин олган яна бир муҳим масала – жорий сайловларда депутатликка партиядан кўрсатиладиган номзодларни тасдиқлаш эди. 

“Адолат” социал-демократик партияси бўлажак сайловларда номзодларни кўрсатишда бир қатор муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратди. Боиси, партиянинг мақсади парламентда, маҳаллий кенгашларда халқ манфаатларини тўлақонли ҳимоя қила оладиган, жонкуяр, олдига қўйилган вазифани ортиғи билан адо этишга бел боғлайдиган, фидойи, халқпарвар, эл орасида обрўга эга бўлган, билдирилган ишонч­га, вазифасига масъулиятли ва адолатпарвар шахс­ларни кўришдир.

Қурултой якунида Ўзбекистон Рес­публикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига мажоритар, яъни бир мандатли округ­лар бўйича 75 нафар, партиявий рўйхат бўйича 100 нафар номзод кўрсатилди ва тасдиқланди.

Номзодларнинг 45 фоизи аёллардан иборат бўлиб, барча 175 нафар номзод олий маълумотга эга, уларнинг 25 фоизини педагоглар, 20 фоизини ҳуқуқшунослар, 18 фоизини тиббиёт, 37 фоизини бошқа соҳа вакиллари ташкил этади. Шунингдек, номзодларнинг 18 нафарида фан номзоди (PhD) ва 23 нафарида фан доктори (DSc) илмий даражаси мавжуд.

Қурултой иштирокчилари таъкидлаганидек, партия фаоллари, депутатликка номзодлар ва барча аъзоларининг бирлашган кучи билан мамлакатимизнинг барча соҳаларида ижобий ўзгаришларни амалга оширишга тайёр эканлиги ва сайловларда ғалаба қозониш учун катта имкониятлар борлиги қайд этилди.

Tegishli xabarlar

Ўзбекистон – Туркманистон: ДАВЛАТЛАРАРО МУЛОҚОТНИ МУСТАҲКАМЛАШ, ЎЗАРО МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИКНИ КЕНГАЙТИРИШ —  БОШ ВАЗИФА

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ  ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ИККИНЧИ ХАЛҚАРО МАҚОМ САНЪАТИ АНЖУМАНИНИНГ ОЧИЛИШ МАРОСИМИДАГИ НУТҚИ

admin

ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ БОРАСИДАГИ ВАЗИФАЛАР КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

admin