ADOLAT 24

So‘z Qurultoy ishtirokchilariga

Шухрат ЯКУБОВ, 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 

бошқарма бошлиғи: 

– Ўтган беш йил – вақтнинг дастлабки чизиғида кичик из қолдирадиган бир давр. Бироқ партиямиз тарихида янги ўзгаришларнинг бошланиши бўлди. Боиси, 2019-2024 йилларда партия амалга оширган ишларни, қўлга киритган ютуқларни ва келажакдаги мақсадларни таҳлил қилиб кўрсак, “Адолат” СДП мамлакатимиз сиёсий манзарасида кўп жиҳатдан ўзгариш­лар амалга оширди, дейишга етарли асос­ларимиз бор. Масалан, 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастуримизда 200 та муҳим ташаббусни илгари сурган эдик. Бугунги кунга қадар ушбу ташаббусларимиздан 193 таси, яъни 96,5 фоизи тўлиқ бажарилди, 3,5 фоизи эса қисман бажарилди. 

Сиёсий ислоҳотлар борасида биз адолатли ва самарали бошқарув тизимини жорий қилишга интилдик. Давлат бош­қаруви, қонун чиқариш ва ижро этувчи ҳокимият ўртасидаги мувозанатни таъминлаш, шунингдек, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича бир қатор қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Бу ишлар нафақат демократик тузилмаларнинг мустаҳкамланишига, балки халқимизнинг ишончини қозонишга ҳам хизмат қилмоқда. 

Жумладан, партиямиз томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва ушбу стратегиялар доирасида қабул қилинган 2020, 2021, 2022, 2023, 2024 йилги Давлат дас­турларига 1000 га яқин таклифлар берилган бўлиб, уларнинг 20 дан ортиғи давлат дастурларида акс этган.

Пойтахтга прописка қилиш (доимий рўйхатга қўйиш) бўйича тўпланиб қолган муаммолар бартараф этилишига эришилди. Пойтахтдан уй сотиб олиш бўйича кўпчиликни ўйлантириб келган чекловлар бекор қилинди. Қолаверса, биз аёлларни ва болаларни ҳуқуқий ҳимоялаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратгандик. Бу борада ҳам янги таҳрирдаги Конституциямизда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, уларнинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун шарт-шароит яратиш давлатнинг мажбурияти эканлиги белгилаб қўйилди.

Биз сўнгги беш йилда социал-демократик қадриятларга содиқ бўлган партия сифатида илгари сурган таклиф ва ташаббусларимиз натижасида ёшлар ва хотин-қизлар сафимизда ишончли сиёсий кучга айланди. Масалан, эндиликда партиямиз аъзоларининг 39 фоизини ёшлар ташкил этаётганлиги, шунингдек, ярми хотин-қизлардан иборат эканлиги сўзимизнинг исботидир.

Айрим ижроси тўлиқ таъминланмаган ташаббусларимизни партиямиз фаоллари, экспертларимиз ҳамда соҳа мутахассислари билан атрофлича таҳлил этиб, янги Сайловолди дастурига киритдик, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. 

Юқоридаги фикрларимиз, беш йил ичида амалга оширилган ислоҳотлар “Адолат” СДПнинг ўз дастурий мақсадларига эришишда катта ютуқларни қўлга қиритганлигини кўрсатади. Бизнинг асосий мақсадимиз – адолатли ва барқарор жамият қуриш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдир. 

Елена КОМПОЛЩИК,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг аъзоси: 

– Сиёсий Кенгаш раиси Робахон Махму­дованинг партиямизнинг 2020-2024 йиллардаги фаолияти юзасидан чуқур таҳлилларга асос­ланган маърузасида “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолиятига ҳам холис баҳо берилди.  

Таъкидлаб ўтишни истардимки, фракция томонидан долзарб масалалар юзасидан мансабдор шахс­ларнинг ахборотини Қонунчилик палатаси мажлисларида эшитиш, шунингдек, улар фаолияти устидан таъсирчан парламент ҳамда депутатлик назоратини амалга ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилиб келинди ва фракция мажлисларида доимий тарзда эшитиб борилди.

Фракция таклифига кўра, сайловчиларни ўйлантириб келаётган муаммоларни ҳал этиш, депутатларнинг аҳоли билан ўтказаётган мулоқот ва учрашувлари давомида кўтарилган масалалар бўйича тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан давлат ва хўжалик бош­қаруви органларининг мансабдор шахсларига жами 116 та депутатлик сўрови юборилиб, уларда кўрсатилган масалаларнинг ижобий ҳал этилишига эришилди.

Шунингдек, фракция ташаббуси билан 5 та парламент сўрови юборилиб, 5 маротаба Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Ҳукумат соати”да тегишли вазирликлар ахборотлари эшитилди ҳамда фракция ташаббуси билан 1 маротаба “Парламент эшитуви” ташкил этилди.

Айни дамда олдимиздаги вазифалар масъулиятини ҳис этиб, Сайловолди дастурда акс этган баъзи жиҳатларни эътироф этиш жоиз, деб ўйлайман.

Масалан, ҳудудларда депутатлар ваколатини кучайтириш ва уларнинг ҳокимлар билан ҳуқуқий муносабатларда ўзаро тийиб туриш механизмини такомиллаштириш мақсадида маҳаллий кенгаш депутатларига тегишли ҳокимларга нисбатан ишонч­сизлик вотуми билдириш ҳуқуқини бериш таклиф қилинмоқда.

Бу, ўз навбатида, Олий Мажлис ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатларини янада кенгайтириш имкониятини берибгина қолмасдан, эркин ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш, халқ ҳокимияти тамойилини изчил амалга ошириш, парламентаризмни ривожлантириш ва парламент демократиясининг замонавий институтларини қўллаб-қувватлашни таъминлайди.

Натижада депутатнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва уларни ҳал этиш жараёни тезлашади, сайловчиларнинг унга бўлган ишончи ортади. Халқ демократиясининг ушбу муҳим йўналишида билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлаб, бу борада фракциямиз ҳам қонунчилик базасини такомиллаштириш юзасидан таклифлар беришига ишонаман.

Tegishli xabarlar

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова маърузаси

admin

Усмон Носирнинг сўнгги сўзи

admin

Абдулла Орипов: Наврўз

admin