ADOLAT 24

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова маърузаси

Ассалому алайкум, ҳурматли Қурултой делегатлари!

Қадрли партиядошлар! Азиз меҳмонлар!

Авваламбор, Сиз азизларни мамлакатимиз Мустақиллигининг 33 йиллиги байрами билан чин қалбимдан табриклайман!

Юртимиз тинчлиги, Ватанимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги, мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат қуриш йўлидаги фаолиятингизда янгидан-янги зафарлар тилайман.

Қадрли дўстлар!

Cўнгги йилларда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси қуйидаги асосий бешта муҳим устувор йўналиш: ижтимоий соҳани замон билан ҳамнафас тарзда ривожлантириш, иқтисодиётни ислоҳ қилиш, коррупцияга қарши муросасиз курашиш, барча соҳа ва тармоқларда қонун устуворлигини таъминлаш, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш борасида бир қатор эзгу ташаб­бусларни илгари сурди ҳамда кўп­лаб натижаларга эришди.

Энди партиямизнинг ўтган беш йилликдаги фаолиятига бир назар солсак:

Ҳисобот даврида партиямиз мамлакатда амалга оширилган конституциявий-ҳуқуқий ислоҳотлар жараёнида ташаббус­корлик кўрсатди.

Хусусан, бизнинг асослантирилган аксарият таклифларимиз янги таҳрирдаги Бош қомусимизда ўз ифодасини топди.

Конституцияда қайд этилган ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига садоқат, адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулият, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлашга доир янги нормалар партиямизнинг ғоявий-сиёсий мақсадларига ҳамоҳанг бўлди.

Амалга оширган саъй-ҳаракатларимиз натижасида одамларнинг бизга бўлган ишончи ортди.

Буни аниқ рақамларда айтадиган бўлсак, 2020 йил бошида партиямиз аъзолари сони 438 537 нафарни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб, ушбу кўрсаткич қарийб уч бараварга ошиб, 1 109 458 нафарни ташкил этмоқда.

Энг муҳими, янада жипслашган, катта кўлам касб этган сафимиз нафақат сон жиҳатидан, балки сифат жиҳатидан ҳам салмоқдор нуфузга эга бўлди.

Ўтган даврда партиямизнинг мустаҳкам таянчи бўлмиш бош­ланғич партия ташкилотлари фаолияти ривожлантирилди.

Жумладан, 2020 йилда бош­ланғич партия ташкилотлари сони 6 313 та бўлган бўлса, 2024 йилга келиб уларнинг сони  8 131 тани ташкил этмоқда.

Биз сўнгги беш йилда социал-демократик қадриятларга содиқ бўлган ягона партия сифатида илгари сурган таклиф ва ташаббус­ларимиз натижасида жамиятнинг барча қатлами, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг энг яхши кўрган партияларидан бирига айлана олдик.

Масалан, 2019 йилда партия аъзоларининг 176 170 нафарини ёшлар ташкил этган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони икки баравардан зиёд, яъни 432 875 нафарни ташкил этаётганлиги, шунингдек, партиямиз аъзоларининг ярмидан кўпини хотин-қизлардан иборат эканлиги ҳам сўзимизнинг исботидир.

Қадрли делегатлар!

Рухсатларингиз билан фаолиятимизнинг асосий жиҳатларига тўхталиб ўтсам.

Барчангизга маълумки, партиямизнинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури “Адолат – ҳар бир инсон учун!” шиори остида муқаддима ва олтита устувор йўналишдан иборат бўлиб, 200 та муҳим ташаббусни ўз ичига олган эди.

Бугунги кунга қадар мазкур дас­турда илгари сурилган ташаббус­ларнинг:

 193 таси, яъни 96,5 фоизи тўлиқ бажарилди;

 2 таси қисман бажарилди;

 5 таси бажарилмади.

Ижроси таъминланмаган ташаб­буслар жорий йилги Сайловолди дастури лойиҳасига киритилди, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Энди Сайловолди дастуримизнинг ижросини йўналишлар кесимида таҳлил қилсак:

Қонун ижодкорлиги йўналишида. 2020-2024 йиллар давомида партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан салмоқли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, фракция аъзолари 2020-2021 йилларда ташаббус­кор сифатида  жами 4 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда, 2022-2024 йилларда жами 32 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ҳамташаббускор сифатида иш­тирок этишди.

2019 йилги Сайловолди дастуримизда Таълим соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги ташаббуслар ижроси доирасида олий таълим муассасалари сонини кескин ошириш, кечки ва сиртқи таълим тизимларини кенгайтириш, олий таълим олишга кенг имконият бериш, бу борада хотин-қизларни қўллаб қувватлаш масалалари илгари сурилган эди.

Ушбу ташаббусимиз ҳаётда ўз натижасини берди. Жумладан, бугунги кунга келиб мамлакатимизда олий таълим муассасаларининг сони 213 та га етди.

Таълим тизимида кечки ва сиртқи бўлимлар фаолият юрита бошлади.

Айниқса, хотин-қизларни магис­тратурада таълим олишлари давлат томонидан кафолатланди.

Ёш олимларни қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди.

Айни вақтда 44 та олий таълим муассасалари молиявий мустақилдир.

Ҳозирда 213 та олийгоҳда 1 миллион 300 минг нафардан зиёд талаба таҳсил олаётир. Бир сўз билан айтганда, ўтган даврда олий таълим билан қамраб олиш даражаси қарийб икки бараварга ошди.

Шунингдек, биз дастуримизда аёллар ва болаларни ҳуқуқий ҳимоялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратгандик. Бу борада ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди.

Янги таҳрирдаги Конституция­мизда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, уларнинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти эканлиги белгилаб қўйилди.

Ҳисобот даврида турли соҳалар бўйича 30 дан ортиқ халқчил ва ўта муҳим лойиҳалар ишлаб чиқилиб, халқимиз фаровонлиги йўлида ҳаётга татбиқ этилди.

Жумладан, “Муаммо билан юзма-юз”, “Бир ойда бир иш ўрни”, “Бор меҳримиз сенга, болажон!”, “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Биз коррупцияга қаршимиз!”, “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи”, “Таълим сифати – партия эътиборида”, “Тозалик йўлида бирлашайлик”, “Адолат хавфсиз дори-дармон учун”, “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” ва бошқа шу каби кўплаб лойиҳалар жамоатчилик назорати билан мувофиқлаштирилди.

Хусусан, партия лойиҳалари доирасида фаолларимиз ва депутатлик корпусларимиз жойларда амалдаги қонунлар ижросини ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш, сайловчиларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича тегишли давлат органларига таклифлар киритиш орқали қонун устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ ишлар амалга оширилди.

Жумладан, биргина “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси мисолида қарайдиган бўлсак, юзма-юз мулоқотлар орқали 23 275 та маҳалладаги 186 676 та хонадон, 10 543 та хўжалик юритувчи субъектларда ўрганишлар ўтказилди. Аҳоли томонидан келиб тушган 37 734 та мурожаат юзасидан 14 376 та депутатлик сўровлари юборилиб, кўтарилган муаммоларнинг 11 027 таси ижобий ҳал этилди, 23 006 та мурожаат ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали ҳал қилинди.

Таъкидлаш жоизки, партия томонидан илгари сурилган лойи­ҳалар жамиятимизнинг ҳар бир жабҳасидаги камчилик ва муаммоларни қамраб олгани, ўтган ҳисобот даврида партия қуруқ гаплар билан эмас, аксинча таъсирчан ва самарали амалий фаолият юритгани намоён бўлмоқда.

Масалан, бугун бутун Республикада “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остидаги донорлик акцияси, фуқароларни ишга жойлаштириш, хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоялаш масаласи ҳақида гап кетса, одамлар “Адолат” партиясини тушунишади. Бу бежиз эмас.

Ҳаммангиз яхши биласиз, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан 7 йилдан буён анъанавий тарзда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳамда 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси қабул қилинган кун муносабати билан “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказиб келинмоқда.

Донорлик акцияси Республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилиб, тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилгани билан ҳам фуқароларимизнинг эътиборини тортмоқда.

Партия ташаббуси билан 2020-2024 йиллар давомида ўтказилган акцияларда жами 29 541 нафар кўнгилли иштирок этиб, уларнинг 18 411 нафари донор сифатида қон топширди.

Донорлардан олинган 6 тонна 399 литр қон 36 822 нафар болажонларимиз ҳаётини сақлаб қолиш учун ишлатилди.

Маълумки, биз 2019 йилги Сайловолди дастуримизда болалар спортига эътибор қаратиб, спорт мактабларини сон ва сифат жиҳатдан янгилаш, хотин-қизлар спортини кенгайтириш, маҳаллаларда спортни янада ривожлантириш таклифларини бергандик.

Ўтган беш йилликда спортни ривожлантириш бўйича мамлакат бўйлаб амалга оширилган ишлар Париж олимпиадасида ўз натижасини кўрсатди.

Бундай улкан ютуқда бизнинг ҳам камтарин ҳиссамиз бор, деб ўйлайман.

Қолаверса, ёшларни спортга жалб қилиш масаласи янги Сайловолди дастуримиздан ҳам жой олди.

Ўтган беш йил мобайнида “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” шиори остида ўсмирлар ва хотин-қизлар ўртасида ўтказилган спорт мусобақалари ва марафонлар сони 1375 тани ташкил этди.

Бугунги кунда партия аъзолари орасида “Мард ўғлон”, “Зулфия” номидаги давлат мукофоти совриндорлари ҳамда турли даражадаги спорт мусобақаларида ғолиб бўлган ёшлар 100 нафардан ошиқни ташкил этмоқда.

Ўзбекистон белбоғли кураш Федерацияси билан “Адолат” социал-демократик партияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Ўтган беш йилликда Федерация билан ҳамкорликда 42 та мусобақа ҳамда 18 та ҳар хил турдаги тадбирлар ўтказдик.

Қўқон ва Наманган шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатлари, Тошкент шаҳрида “Адолат” кубоги учун ўтказилган мусобақаларни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз мумкин.

Доимий ҳамкорлик натижасида 41 нафар жаҳон чемпиони ва сов­риндор курашчилар партия аъзолигига қабул қилинди.

Партия фаолиятида мурожаатлар билан ишлаш, уларда кўтарилган масалалар бўйича ижобий ечимларга эришишга устувор вазифа сифатида қаралади.

Ўтган ҳисобот даврида партия депутатлик гуруҳлари томонидан жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари юзасидан жами:

 19 607 та депутатлик сўровлари тегишли ташкилотларга юборилган;

 10 689 маротаба халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида мансабдор шахслар эшитувлари ўтказилган;

 5272 маротаба депутатлик гуруҳлари ишчи гуруҳлари ўрганиши натижаси юзасидан доимий комиссия йиғилишларига масалалар киритилган;

 2824 та масала халқ депутатлари Кенгаши сессияларига киритилишига эришилган.

Шу ўринда сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун аниқ мисолларга мурожаат қилсак:

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Ўрингул Аллаберганованинг 2024 йил апрель ойидаги депутатлик сўрови билан Тўрткўл туманидаги “Яшнобод” маҳалла фуқаролар йиғинининг ички йўллари тўлиқ таъмирланди;

Навоий вилояти кенгаши депутати Раъно Ризаеванинг 2023 йил 19 ноябрда Навоий вилояти ҳокими ўринбосари номига юборган депутатлик сўрови натижасида Кармана туманидаги “Арғун” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланишига эришилди;

Бахмал туман кенгаши депутати Зокир Тўрақулов депутатлик сўрови киритгач, 2022 йилнинг сентябрь ойида “Муғол” қишлоқ ҳудудида яшовчи 150 та хонадонни электр энергияси билан таъминлаш мақсадида эскирган ёғоч электр устунлар замонавий бетон устунларга алмаштирилди;

Косонсой туман кенгаши депутати Исроилжон Жўраевнинг депутатлик сўрови билан 2022 йил май ойида тумандаги “Намуна” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига иккита трансформатор ва 108 та бетон устун ўрнатилди;

Когон туман кенгаши депутати Васила Қодированинг депутатлик сўрови билан 2023 йил феврал ойида “Сараён” маҳалла фуқаролар йиғини “Ўрмонзор” қиш­лоғи ҳудудида ички йўлни зовур билан кесишган қисмида замонавий бетон кўприк қурилиши ишлари амалга оширилди;

Қашқадарё вилояти кенгаши депутати, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат опа Шаропованинг 2023 йил февраль ойидаги Қашқадарё вилояти ҳокимига юборган депутатлик сўрови натижасида Қарши шаҳридаги Шайхали шаҳарчасида “Тез тиббий ёрдам” биноси қуриб битказилди ва замонавий тиббиёт автомобили билан таъминланди.

Депутатларимизнинг самарали фаолияти ҳақидаги бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин, албатта.

Бироқ вақтимиз қисқалигини инобатга олиб, юқоридагилар билан чекланамиз.

Ҳурматли Қурултой иштирокчилари!

Маълумки, партия ўз олдига қўйган вазифалардан бири аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш орқали жамиятда ҳуқуқий маданиятни қарор топтиришдан иборат эди.

Мазкур йўналишда партиянинг “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, партия фаоллари сафидан кўнгилли тарғиботчилар шакллантирилиб, ҳудудларда бош­ланғич партия ташкилотлари аъзолари, депутатлар, партия фаоллари иштирокида сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар ўтказиб келинмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида ҳудудлар бўйича жами 26 800 га яқин сиё­сий-ҳуқуқий ўқув курслари ташкил қилинди ва уларда 1 500 000 нафардан ошиқ тингловчиларни ўқитишга муваффақ бўлдик.

Ҳуқуқий тарғибот ҳақида сўз борар экан, мен бу йўналишда партиямиз амалга оширган яна бир ташаббусга алоҳида эътибор қаратишингизни истардим.

Кўпчилингизга яхши маълумки, жорий йилда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганига бир йил тўлди.

Мазкур сана муносабати билан “Адолат” социал-демократик партияси Бош қомусимизнинг аудио китобини яратди ва кенг оммага тақдим этди.

Бош қомусимизнинг аудио китоби тақдимоти фаолларимиз томонидан Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Темир йўллари акциядорлик жамияти, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва имконияти чекланганлар жамиятлари каби ўнлаб муассасаларда ўтказилди.

Бугун ёшларимиз кундалик ҳаётда китобдан кўра гаджетлардан кўпроқ фойдаланаётгани бор гап.

Шундай экан, биз фарзандларимизни зарарли ахборотлардан асраш учун ушбу муаммога интерактив ёндошишимиз, ижтимоий тармоқларда ёшлар тарбияси ва келажаги учун керак бўлган контентларни яратишга эътибор қаратишимиз керак ва шарт.

Бу борада янги таҳрирдаги Бош қомусимизнинг аудио китоби айни муддао бўлади.

Қадрли Қурултой иштирокчилари!

Бугун эътиборларингизни яна бир оғриқли масалага қаратмоқчиман.

Рухсатларингиз билан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида юртимиздаги автомобиль йўлларида содир бўлган автоҳалокатлар ва уларда жабрланган фарзандларимиз тўғрисидаги маълумотларга тўхталиб ўтсам.

“2024 йилнинг январь-май ойларида вояга етмаганлар билан боғлиқ 359 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган.

Уларда 65 нафар бола нобуд бўлган, 294 нафар бола турли даражада тан жароҳатлари олган”

Бу каби салбий ҳолатларнинг кескин ошаётгани йўлларда ҳаракатланиш бўйича қабул қилинган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини кескин кучайтириш зарур эканлигини кўрсатмоқда.

Уларни тартибга чақириш учун фақатгина жарима миқдорини ошириш билан кифояланиш кутилган натижани бермаяпти.

Ҳисобот даврида бу каби маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва автоҳалокатларда қурбонлар сонини камайтириш мақсадида тезликни ошириб, спиртли ичимлик истеъмол қилиб инсон ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчиларга жиноий жазо чораларини кучайтириш ва уларни умрбод ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, асосий эътиборни тарбияга қаратиш зарур, деган баёнот билан чиқдик.

Партиямизнинг баёноти бир кунда беш миллион мартадан ортиқ ўқилди ва 10 дан ортиқ тилга таржима қилинди.

Шундан ҳам кўриниб турибдики, фуқароларимиз қонунсизликка тоқат қила олишмайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда келгусида биз шу ва шу каби муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича амалдаги қонунчиликни ўзгартириш юзасидан ўз таклифларимизни илгари сурамиз.

Ҳурматли Қурултой делегатлари, қадрли партиядошлар!

Албатта, битта маърузада ўтган беш йил мобайнида бажарилган барча ишларни қамраб олиб бўлмайди.

Ўйлайманки, мунозараларда сўзга чиқадиган делегатлар ўз нуқтаи назарини билдириш орқали ҳисоботни тўлдириб, янги вазифалар ва уларнинг ечими бўйича ўз қарашларини баён этишади.

Сўзимнинг охирида шуни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардимки, эришган ютуқларимиз, натижаларимиз ўзимизники.

Фаолиятимиз, албатта, камчилик­лардан ҳам холи эмас.

 Бир нарсани тўла ишонч билан айта оламанки, фаолиятимиздаги ижобий ўзгаришлар ва иш самарадорлигига партия Сиёсий Кенгаши ва фаолларимизнинг уюшқоқлиги ҳамда ишга масъулият билан ёндашиши эвазига эришилди.

Партия раҳбари сифатида барча фаол партиядошларимизга миннатдорлик билдираман.

Яна шуни комил ишонч билан айта оламанки, сизлардек фидойи ва жонкуяр сафдошларимиз бор экан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси жорий йилги сайловларда муваффақиятли иштирок этади, сайловчиларнинг юксак ишончига сазовор бўлган ҳолда парламентда энг кўп ўринлардан бирини эгаллайди!

 Биз, албатта, сиздек салоҳиятли ва келажагига бефарқ бўлмаган фидоий сафдошлар кучига таяниб, сайловларда янги ғояларимиз, янги ташаббусларимиз билан сайловчиларнинг кўнглига кириб борамиз! 

“Адолатнинг овози” ҳар бир ҳудуд, ҳар маҳалла, ҳар хонадонда ва ҳар бир қалбда ўз ифодасини топади! 

Биз ўз ишончимиз, бирдамлигимиз ва эзгу мақсадларимизга олийжаноб халқимизни ишонтира оламиз! 

Демак, ғалаба биз тарафда! 

Зеро, “Адолат” бор жойда – ғалаба бор!

Эътиборларингиз учун раҳмат!

Tegishli xabarlar

Ислоҳотлар давом этади

admin

ЯНГИ ЎҚУВ ЙИЛИГА ҲОЗИРЛИК БУГУНДАН БОШЛАНАДИ

admin

ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР —  ДАВР ТАҚОЗОСИ, ЗАМОН ТАЛАБИ

admin