ADOLAT 24

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастури лойиҳаси тўғрисида 

“АДОЛАТ” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова маърузаси

Азиз меҳмонлар! Муҳтарам устозлар!

Бугун сизнинг муҳокамангизга қўйилаётган партиянинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури лойиҳасини ишлаш жараёни жорий йилнинг январь ойиданоқ бошланган эди.

Мамлакатимизда  ва хорижий давлатларда фаолият олиб бораётган олимлар,  вазирлик ва идоралар вакиллари, олий таълим муассасалари ректорлари, профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар ва бошқа жамоатчилик вакилларидан иборат таркибда шакл­лантирилган  экспертлар гуруҳи ишни электорат фикрини ўрганишдан бошлади.

“Халқчил ва адолатпарвар дас­тур учун” шиори остида қизғин давом этган жараёнларда халқимиз орасидан минглаб ғоялар, таклифлар, фикр ва мулоҳазалар йиғиб олиниб, соҳа мутахассислари, экспертлар ва олимлар томонидан таҳлил қилинди. Айниқса,  ҳар бир ҳудуд вакилларининг истак ва таклифларига  алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳар бир таклиф соҳа мутахассислари муҳокамасига қўйилди.

Шу билан биргаликда, Сайлов­олди дастурида фойдаланиш мақсадида бир неча хорижий давлатлар, жумладан, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари, Европа,  АҚШ, Осиё, Скандинавия, Сингапур ва бошқа мамлакатлар тажрибаси, социал-демократик партиялар сайловолди дас­турлари таҳлил қилиниб, кўплаб илғор таклифлар устида мунозаралар олиб борилди.

Илғор миллий ва хорижий таж­рибаларга таянган ҳолда дастурларимиз лойиҳасида замонавий социал-демократиянинг энг халқчил ғоялари, қадриятлари ва мақсадлари миллий қадриятларимизга мос ҳолда сингдирилди.

Уларда, социал-демократиянинг адолатлилик,  эркинлик,  тенглик ва бирдамлик ғоялари устуворлик касб этган.

Сизларга маълумки, Ўзбекис­тон “Адолат” социал-демократик партиясининг асосий мақсади  жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш,  инсон ҳуқуқлари устуворлигига эришиш, ҳар бир инсон ҳаётида адолатни қарор топтириш орқали ижтимоий муҳофазаланган  ҳуқуқий давлат барпо этишга қаратилган.

Шу нуқтаи назардан, 2025-2029 йилларга мўлжалланган “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!” деб номланган Сайловолди дастуримиз лойиҳасида инсон ва унинг ҳуқуқ ва эркинлик­лари улуғворлик касб этишига алоҳида ўрин ажратилган.

Инсон ҳуқуқларини олий қад­рият даражасида эътироф этиш ва бу борада мустаҳкам ҳимоя қўрғонини яратиш, ҳар бир инсоннинг ижтимоий келиб чиқиши, миллати,  танасининг ранги, диний мансуб­лиги, жинси, ёши ва бошқа белгиларидан қатъи назар қонун олдида тенглигига эришиш, адолат – ҳар бир инсон учун тамойилига амал қилиш  дастуримизнинг асосий йўналишларида ўз ифодасини топган.

Шунингдек,  мамлакатимиз сиё­сий майдонида халқчил ғоялари билан  ўз нуфузига эга бўлган “Адолат” социал-демократик партиясининг мазкур Сайловолди дас­тури лойиҳасида ҳуқуқий давлат барпо этишнинг муҳим жиҳатларига – пировард мақсад сифатида эътибор қаратилган.

Жумладан,  адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш ва демократик институтларни ривожлантириш; иқтисодиётнинг барқарор ривожини, халқ саломатлигини таъминлаш;  кучли ижтимоий сиё­сат юритиш;  оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш ва болаларнинг ҳимоясини кучайтириш; она табиатни авайлаб асраш; коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб бориш, ватанпарварлик ва тинчликсевар сиёсат юритиш каби устувор вазифаларимиз белгилаб берилган.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси – халқ ҳокимияти тамойилини изчил амалга ошириш, парламентаризмни ривожлантириш ва парламент демократиясининг замонавий институтларини қўллаб-қувватлаш – мамлакатни демократик янгилашнинг муҳим шарти, деб ҳисоблайди.

Бизнинг бош мақсадимиз Конс­титуция ва қонунлар устуворлиги таъминланган ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимояланган ҳуқуқий давлат қуриш экан, демак, биз бунинг учун, энг аввало, жамиятда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашимиз шарт.

Сайловолди дастури лойиҳасининг бу йўналишида:

+ фуқароларга енгиллик яратиш ҳамда судлар фаолиятида сифат ва самарадорликни ошириш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳарда фуқаролик ишлари бўйича судларни ташкил этиш;

+ фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончини оширишда судьяларнинг мустақил бўлиши муҳим мезон бўлиб, судьялар ҳуқуқларини юқори даражада кафолатлаш ва иш юкламаларини мақбуллаштириш мақсадида “Судьялар мақоми тўғрисида” қонун қабул қилиш;

+ давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари,  ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қоп­ланишини назарда тутувчи “Давлат компенсацияси тўғрисида” қонун қабул қилиш;

+ жабрланувчига жиноят туфайли етказилган моддий зарар айбдордан ундирилгунига қадар махсус жамғармалар ҳисобидан қоплаб бериш амалиётини жорий этиш, бу борада жиноятдан жабрланганларга кўмаклашиш жамғармасини ташкил этиш;

+ амалдаги қонун ҳужжатларига тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида  пиёдалар ҳуқуқларининг устуворлигини сўзсиз таъминлашга қаратилган нормалар киритиш каби ўнлаб долзарб таклифлар илгари сурилмоқда.

Биз мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришни энг муҳим вазифалардан бири, деб биламиз. Бу борадаги устувор вазифамиз – давлатнинг иқтисодий фаолияти натижасида юзага келган даромадни адолатли тақсимлашни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқишдир.

Биз яширин иқтисодиётга барҳам бериш мақсадида соҳада назорат функцияларини амалга оширувчи давлат инспекцияларининг фаолиятини янада такомиллаштириш  ҳамда жамоатчиликнинг рақамли иқтисодиёт борасидаги билим ва кўникмаларини шакллантириш чораларини кўрамиз.

Шунингдек, Сайловолди дастуримиз лойиҳасида:

+ коррупция билан боғлиқ жиноятлар, айниқса, талон-тарож ҳолатлари учун жазони кучайтирувчи, етказилган зарарларни ўн баробар миқдорда ундиришни назарда тутувчи нормаларни қонунчиликка киритиш;

+ давлат даромадига ундириладиган барча тўловлар (жарималар,  давлат божлари,  йиғимлар ва бошқа мажбурий ундирувлар) вазирлик ва идоралар ғазнасига эмас,  тўлалигича давлат бюджетига тушишини таъминлаш;

+ тадбиркорлар ва фуқароларнинг мулк ҳуқуқини кафолатлаш мақсадида   “Мулк ҳуқуқи презумпцияси”ни жорий қилиш, мулк эгаси унинг мулкдор эмаслиги исботланмагунча  ушбу мулк­нинг мулк­дори ҳисобланиши ва мулкка эгалик қилувчи давлат органининг ҳужжатига ишониб ҳаракат қилган инсофли эгалловчидан мулкни қайтариб олиш таъқиқланишини  қонунчиликда белгилаш каби таклифлар ҳам  ўрин олган.

Аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг энг муҳим йўналиши бу  фуқароларнинг уй-жойли бўлишга оид конституция­вий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришдир.

Биз субсидияларни ҳақиқатда муҳтож бўлган фуқароларга ўзлари танлаган ҳудуддан уй-жой қуриш ва сотиб олиш учун имтиёзлар ажратиш тизимини такомиллаштириш, бунда субсидия асосида уй сотган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш тарафдоримиз.

Биз, шунингдек,  ижтимоий объект­ларни сақлаб қолиш тарафдоримиз.

Айниқса, истироҳат боғлари,  болалар оромгоҳлари,  сайилгоҳлар, таълим ва тиббиётга оид давлат объектлари ҳамда уларнинг ҳудудларини сотиш,  хусусийлаштириш ёки бегоналаштиришни тақиқлаш, бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик белгилашни таклиф қиламиз.

Партиянинг қатъий позицияси – жамиятда ижтимоий адолат тамойилини қарор топтиришдан иборат.

Биз ҳар бир инсон учун фаровон турмуш,  хусусан,  сифатли таълим,  муносиб меҳнат шароити ва адолатли иш ҳақи, пенсия ва нафақалар, ижтимоий ёрдам ва хизматлар тизими яратилган, уй-жойга эга бўлиш шароити мавжуд, ижтимоий тафовутлар юмшатилган,  мувозанатлашган, қонун устувор бўлган, ўз фуқаролари учун ижтимоий адолатни таъминлаган мамлакат – адолатли ижтимоий давлат сиё­сати тарафдоримиз.

Биз  соғлиқни сақлаш масаласига  биринчи навбатдаги ижтимоий вазифа сифатида қараймиз ва ҳар бир инсоннинг малакали тиббий хизматдан фойдаланишдек  конституциявий ҳуқу­қини рўёбга чиқариш учун курашамиз.

Бизнинг тиббиёт соҳасидаги биринчи галдаги вазифамиз  тиббиёт ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш ҳисобланади.

Аҳолининг барча қатламлари орасида,  айниқса, ёшларда илдизлари минг йилларга бориб тақаладиган халқимизнинг бебаҳо ва боқий миллий қадриятларига нисбатан ҳурмат-эҳтиром, шунингдек, уларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш тарафдоримиз.

Ёшларимиз қалбида буюк аждод­ларимизга бўлган меҳр-муҳаб­батни ошириш мақсадида Ўзбекистондаги барча мактабларга буюк алломалар ва давлат арбоблари, Ўзбекистондаги тарихий шахслар ва жадидларнинг номларини беришни таклиф этамиз.

Зеро, ёшларимиз ота-боболари нималарга қодир бўлганликларини билиб, уларнинг содиқ издошлари сифатида дунёни илму зиё билан тебратсин.

Шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шароитларни янада кенгайтириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш ҳамда оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатни олиб борамиз.

Фуқароларни иш билан таъминлаш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари муҳофазасини кучайтириш, ҳаёт тарзини яхшилаш, хавфсизлигини таъминлаш, имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли рўёбга чиқариш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бизнинг энг долзарб вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.

Шунингдек, Сайловолди дастуримиз лойиҳасида:

+ ногирон фарзандли оилага давлат томонидан барча зарур тиббий ва реабилитация хизматларини тақдим этиш;

+ биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш;

+ хусусий тиббиёт, таълим ва овқатланиш корхоналарида санитария-эпидемиология назорати амалга оширилишини кучайтириш орқали аҳолини заҳарланиш ва юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш;

+ мактабларда болаларга бепул стоматология хизмати кўрсатилишини таъминлаш ва ўқувчиларни йилига икки марта стоматологик кўрикдан ўтказиш;

+ зўравонликнинг турли кўринишларига учраган аёлларга ҳуқуқий кўмак кўрсатиш бўйича  махсус электрон платформа яратиш;

+ пиёдалар йўлларида ногиронлар учун тенг шароитлар яратиш, ногиронлар учун светофорларда махсус товуш чиқарувчи қурилмалар ўрнатиш;

+ йўл инфратузилмасини ривожлантириш, шаҳарлар марказларида тирбандликлар ва бошқа кўнгилсиз оқибатлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида пиёдалар учун ўтказгичлар қуришни қўллаб-қувватлаш каби масалалар ўрин олган.

Биз сунъий интеллект асосида “ақлли мактаб” дастурини таълим тизимига жорий этишни устувор вазифаларимиздан бири, деб биламиз. Умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида “Робототехника” фанини жорий этиш чораларини кўрамиз.

Бир сўз билан айтганда:

+ Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг асосий тамойилларига содиқ қолган ҳолда суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қурилишида партия иштирокини таъминлаш;

+ инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлигини тан олиб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш;

+ жамиятда кескин табақаланишга йўл қўймаслик барқарор тараққиётнинг муҳим шарти эканлигини таъкидлаб, мамлакатимизнинг аҳолиси юқори турмуш даражасига эга ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига эришиш;

+ халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги ҳақидаги конституция­вий принцип асосида халқ ҳокимиятининг тимсоли бўлмиш вакиллик демократияси институтларининг   роли ва аҳамиятини янада ошириш;

+ мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жамиятнинг инновацион, интеллектуал салоҳияти ва инсон капиталини ривожлантириш;

+ мамлакатда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар тотувлиги, миллатлараро ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат олиб бориш асосий вазифамиз бўлади.

Бу борада хорижий давлатлар билан сиёсий-дипломатик,  савдо-иқтисодий ва стратегик алоқаларни ривожлантириш ҳамда мавжуд ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш тарафдоримиз.

Айниқса, ҳудудларимиз, аниқроғи, қалбларимиз туташ мамлакатлар билан яқин қўшничилик сиёсатини давом эттириш йўлидан борамиз.

Ҳурматли Қурултой иштирокчилари!

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “Адолат” социал-демократик партияси буюк мақсадларга фақат адолатлилик, эркинлик, тенглик ва бирдамлик билан эришиш мумкин деб ҳисоблаб, сайловларга “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!” бош шиори билан кириб келмоқда.

Ва, албатта, узоқ ва яқин келажагимиз учун, мамлакатимиз тараққиёти ва жамиятимиз ривожи учун партия­нинг ғоя ва мақсадлари сингдирилган  ушбу дастурий вазифаларимиз лойиҳаси бугун Қурултой делегатлари томонидан маъқулланса,  Сайловолди дастуримиз ҳар бир инсон учун адолат мезони бўлиб хизмат қилади.

Бўлажак сайловларда азал-азал­дан ўз турмуш тарзини адолат ва ҳақиқат асосига қурган доно халқимиз бизни қўллаб-қувватлашига ишонамиз!

Tegishli xabarlar

Комил Синдоров: Заковатли фарзандлар юртни жаҳонга танитади

admin

ЁШЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ЮРТИМИЗНИНГ ФАОЛ ВА ТАШАББУСКОР ЁШ АВЛОД ВАКИЛЛАРИДАН БИР ГУРУҲИНИ МУКОФОТЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin

САЙЛОВ ТАРТИБИГА ОИД ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ      ЮЗАСИДАН 400 ГА ЯҚИН ТАКЛИФ КЕЛИБ ТУШГАН 

admin