ADOLAT 24

ИШ ВАҚТИ меҳнат муносабатларида долзарб аҳамият касб этади

Сиз қонунни биласизми?

Кундалик ҳаётимизда ҳамюртларимиз энг кўп дуч келадиган муносабат меҳнат ҳуқуқи билан боғлиқ албатта. Шу боис биз судьяларга меҳнат қонунчилигига оид саволлар билан тез-тез мурожаат қилишади.

Таъкидлаш жоизки, меҳнат ҳуқуқида “Иш вақти” тушунчаси ва масаласи муҳим аҳамиятга эга. Негаки ходимнинг ишга ўз вақтида келиб-кетиши, тушликка чиқиб қайтиши, дам олиш ёки байрам кунлари ишга жалб этилиши меҳнат муносабатларида эътиборга молик ҳолатлардир.

Меҳнат кодексининг “Иш вақти” дея номланган 13-боби 181-200 – моддаларни ўз ичига олади. 181-моддага биноан, ходим ички меҳнат тартиб қоидаларига, сменаларга бўлиниб ишлаш (иш) жадвалларига, бошқа ички ҳужжатларга ёки меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ меҳнат мажбуриятларини қайси вақт мобайнида бажариши керак бўлса, ўша вақт иш вақтидир. Иш вақтига ходим меҳнат мажбуриятларини ҳақиқатда бажарган вақт, ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақт, технология ҳамда ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этиш билан боғлиқ бўлган танаффуслар, болани овқатлантириш учун танаффуслар, шунингдек асосий ва тайёргарлик-якуний ишларни бажариш вақти (кийим, материаллар, асбоб-ускуналар олиш, техника, ҳужжатлар билан танишиш, иш ўрнини тайёрлаш ва тозалаш, тайёр маҳсулотни топшириш ва бошқалар) киради.

Иш вақтининг нормал давомийлиги, қисқартирилган давомийлиги ва тўлиқсиз иш вақти унинг турлари ҳисобланади.

Ходим учун иш вақтининг нормал давомийлиги беш кунлик ёки олти кунлик иш ҳафтасида ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Айрим тоифадаги ходимлар учун уларнинг ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат шартлари, меҳнат вазифаларининг ўзига хос хусусиятлари ва бошқа ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда қонунчиликка ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланади.

Иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги ўн саккиз ёшга тўлмаган, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган, иши юқори даражадаги руҳий, ақлий, асабий зўриқиш билан боғлиқ бўлган тиббиёт ходимларига, педагогларга ва бошқа тоифадаги ходимларга ҳамда уч ёшгача бўлган боланинг бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда ишлайдиган ота-онасидан бирига (васийсига) мажбурий тартибда белгиланади.

Сўнгги пайтларда кўпгина 11-синф битирувчилари ёки техникум ҳамда касб-ҳунар мактабларининг ўқувчилари дарсдан бўш вақтларида ишлаб, ота-оналарига ёрдам беришмоқда. Улар учун белгиланган иш вақтининг давомийлиги ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун ҳафтасига йигирма тўрт соатдан, ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун эса ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади. Ўқув йили давомида ўқишдан бўш вақтида ишлаётган ўқувчиларнинг иш вақти давомийлиги ёшига қараб, 24 ёхуд 36 соатнинг ярмидан ошиши мумкин эмас. Бу ҳафтасига 12 ёинки 18 соат дегани.

Кодекснинг 185-моддасида қайд этилишича, ҳар кунги ишнинг (сменанинг) давомийлиги ўзига нисбатан иш вақтининг нормал давомийлиги белгиланган ходимлар учун олти кунлик иш ҳафтасида етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида саккиз соатдан ошмаслиги шарт. Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун олти кунлик иш ҳафтасида олти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида етти соату ўттиз дақиқадан иборат бўлиши керак. Ўқув йили давомида ишни ўқиш билан бирга олиб борувчи умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими ташкилотларининг ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ўқувчилари олти кунлик иш ҳафтасида уч соат, беш кунлик иш ҳафтасида тўрт соат ишлаши зарур.

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларнинг кунлик иш вақти эса тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг тавсияларига мувофиқ белгиланади. Лекин олти кунлик иш ҳафтасида олти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида етти соату ўттиз дақиқадан ортиб кетмаслиги керак.

Маданий-томоша ташкилотларининг, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларининг ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг ижодий ходимлари, профессионал спортчилар, шунингдек асарларни яратишда ва (ёки) ижро этишда (намойиш этишда) иштирок этувчи бошқа шахслар учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишувга кўра ишлар, касблар, лавозимларнинг тасдиқланадиган рўйхатларига мувофиқ ҳар кунги ишнинг (сменанинг) давомийлиги қонунчиликка, ички ҳужжатларга, жамоа шартномасига ёхуд меҳнат шартномасига мувофиқ белгиланиши мумкин.

Ташкилотда иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш жорий этилган тақдирда, бунинг учун алоҳида қоидалар мавжуд. Яъни кодекснинг 199-моддасига кўра, агар ишлаб чиқариш (иш) шароитларига кўра иш берувчида ушбу тоифадаги ходимлар (шу жумладан ноқулай меҳнат шароитларидаги ишда банд бўлган ходимлар) учун белгиланган иш вақтининг кунлик ёки ҳафталик давомийлигига риоя этиш имкони бўлмаса, иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни жорий этишга йўл қўйилади.

Башарти ҳисобга олиш даври учун иш вақтининг давомийлиги иш соатлари нормасидан ошмаса, иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш жорий этилиши мумкин. Бунда ҳисобга олиш даври ўн икки ойдан, кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги эса ўн икки соатдан ошмаслиги керак.

Иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни қўллаш тартиби, зарур бўлган тақдирда эса ҳисобга олиш даври мобайнида ходимларга тўланадиган иш ҳақи миқдорини тенглаштиришга қаратилган чора-тадбирлар жамоа шартномасида белгиланади, агар жамоа шартномаси тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра аниқланади. Иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш айрим тоифадаги ходимларни иш вақтидан ташқари ишга жалб этиш учун белгиланган чекловларга риоя этилган ҳолда белгиланади.

Аксарият ходимларга аёнки, ишланмайдиган байрам кунлари арафасида ҳар кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги барча ходимлар учун камида бир соатга қисқартирилади. Байрамдан олдинги куни ишнинг (сменанинг) давомийлигини қисқартириш имкони бўлмаган узлуксиз ишлайдиган ташкилотларда ва айрим турдаги ишларда ортиқча ишлаганлик ходимга қўшимча дам олиш вақти бериш ёки ходимнинг розилиги билан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган нормалар бўйича ҳақ тўлаш орқали компенсация қилинади.

Соат 22:00дан то соат 6:00гача бўлган 8 соат тунги вақт ҳисобланади. Бунинг учун камида бир ярим баравар миқдорида иш ҳақи тўланади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай тизимида тунги вақтдаги ишнинг ҳар бир соати учун 1,5 ёки ундан ортиқ коэффициентни қўллаган ҳолда. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида — тегишли разрядга (малакага) эга бўлган вақтбай ишловчининг соатлик тариф ставкасининг (маошининг) эллик фоизи ёки ундан ортиқ миқдорида ишбай иш ҳақи ва қўшимча тўлов тўлиқ тўланади. Тунги вақтдаги иш учун оширилган миқдорда ҳақ тўлаш тариф ставкаларига (маошларга) киритилмайди. Тунги вақтдаги, шунингдек кўп сменали режимдаги иш учун иш ҳақига доир қўшимча тўловнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида белгиланади.

Бузрукхон АБРОРОВ,

Фарғона вилоят судининг судьяси

Tegishli xabarlar

Конституциямизнинг аудиокитоби яратилди

admin

«Адолат» номи билан сиёсий майдондамиз

admin

Фуқаролар манфаатини ҳимояловчи қонун қабул қилинади

admin