ADOLAT 24

Тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида ким устувор: Ҳайдовчими ёки пиёда?

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимиз йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 172-сон қарорига мувофиқ янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари (ЙҲҚ) тасдиқланди ва 2022 йил 1 майдан бошлаб амалга киритилди. Ушбу ҳужжат йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда қатор янги қоидаларни амалиётга киритганлиги билан аҳамиятлидир. 

Шу билан бирга, ЙҲҚдаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида пиёдаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан боғлиқ баъзи нормалар йўл ҳаракати иштирокчилари ўртасида айрим тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда. 

Жумладан, ЙҲҚнинг “Пиёдаларнинг ўтиш жойлари ва йўналиш­ли транспорт воситаларининг бекатлари” деб номланган 17-боби 109-бандида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойига яқинлашаётган транспорт воситасининг ҳайдовчиси қатнов қисмининг шу йўналишини кесиб ўтаётган пиёдаларни ўтказиб юбориш учун тезлигини камайтириши ёки тўхташи шартлиги белгиланган. 

Мазкур ҳужжатнинг “Пиёдаларнинг мажбуриятлари” деб номланган 4-боби 19-бандида эса юқоридаги нормага зид ўлароқ, пиё­далар яқинлашаётган транспорт воситаларигача бўлган масофани ва уларнинг тезлигини чамалаб кўриб, ўтиш ўзлари учун хавфсиз эканлигига ишонч ҳосил қилганларидан сўнг қатнов қисмига чиқиш­лари лозимлиги белгиланган.

Бироқ тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойлари нафақат бир полосали йўлларда, балки аксарият кўп полосали магистраль йўлларида ҳам ўрнатилган бўлиб, уларда транспорт воситаларининг катта оқими сабабли “транспорт воситаларигача бўлган масофани ва уларнинг тезлигини чамалаб кўриш” пиёдалар учун мутлақо имконсиз бўлиб қолмоқда. Бунга Тошкент шаҳрида Ганга кўп­ригидан Бун­ёдкор кўчаси бўйлаб Чилонзор томон узлуксиз ҳаракатланаётган транспорт воситалари оқими яққол мисол бўла олади. 

Ушбу масалани чуқурроқ ўрганиш мақсадида ижтимоий тармоқлар орқали юртдошларимиз ўртасида махсус сўров ўтказилди.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, аксарият ватандошларимиз тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида транспорт воситаларининг ҳайдовчилари пиёдаларга менсимаслик билан қараётганини таъкидлаб, устуворлик, албатта, пиёдалар томонида бўлиши лозимлигини маълум қилишди. 

Бу борада хорижий тажрибага мурожаат қилсак, ривожланган мамлакатларнинг аксариятида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида пиёдаларга тўлиқ устуворлик берилганини, транспорт воситаларининг ҳайдовчилари уларни ўтказиб юборишга мажбурлиги қатъий белгилаб қўйилганини кўрамиз.

Шу муносабат билан хорижий мамлакатлар тажрибасини чуқур ўрганиш асосида қонун ҳужжатларига, шу жумладан, Йўл ҳаракати қоидаларига тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида пиёдалар ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлашга қаратилган тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан мутасадди идораларнинг раҳбарлари номига депутат сўрови юборилди. 

Tegishli xabarlar

Андижон томонларда

admin

Журналистнинг рафиқаси бўлиш ҳам жасорат

admin

“Меҳр карвони” – болалар ҳузурида

admin