ADOLAT 24

Йўллар қурилса, маҳаллалар обод бўлади (депутатлик гуруҳи аъзолари фаолиятидан)

Бугунги кунда жамиятимизда депутат кириб бормаган соҳа йўқ. Халқ вакили сифатида депутатлар ўз ваколатлари доирасида фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларга муносиб ечим топиш мақсадида самарали иш олиб боришмоқда. “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам халқнинг энг яқин кўмакчиси сифатида ўз вазифаларини сидқидилдан адо этиб келмоқдалар. 

Бу борада “Адолат” СДП Бухоро вилояти кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Мақсуд Ҳамидов фаолияти алоҳида эътирофга молик. Депутат маҳаллабай, хонадонбай ўрганишлари давомида муаммоларни сайловчилар билан юзма-юз, дилдан қурилган суҳбатлар асосида аниқлашни маъқул кўради. Айнан мана шундай самимий муносабат туфайли бўлса керак, аҳолининг депутатга нисбатан ишончи ва ҳурмати ўзгача. Мақсуд Ҳамидов бир неча йиллик фаолияти давомида кўпгина ишсиз инсонларни иш билан таъминлашга кўмак­лашди. Кам таъминланган, моддий ва маънавий ёрдамга муҳтож фуқаролар оғирини енгил қилди. Депутат кўплаб кам таъминланган оилаларга беминнат кўмак бериб келмоқда. Жумладан, Вобкент туман “Хайрхуш” МФЙда яшовчи II гуруҳ ногиронлари Ҳусниддин Очилов ва Назокат Бозоровалар оиласи депутат кўрсатаётган ғамхўрликдан беҳад миннатдор. Мақсуд Ҳамидов тез-тез мазкур хонадонда бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олади, озиқ-овқат ва зарурий дори-дармонлар етказиб беради.

Шунингдек, депутат аҳолини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан жорий йил бошидан буён ўз ваколати доирасида тегишли муассасаларга бир нечта депутатлик сўровлари чиқарди. Унинг саъй-ҳаракатлари ўлароқ, Вобкент туманидаги “Хайрхуш”, “Қатаған”, “Найман”, “Хайрабод” МФЙларнинг ички йўллари таъмирланиб, барча кўчаларга чироқлар ўрнатилди. Қишда лой, ёзда эса кўчанинг чангидан азият чекаётган аҳоли депутат кўмаги боис мушкуллари осон, маҳаллалари обод бўлганидан мамнун.

“Адолат” СДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Абду­рауф Аҳмедов томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳам диққатга сазовор. Депутат сурункали касаллиги бор, боқувчисини йўқотган, иқтисодий жиҳатдан қийналиб қолган оиланинг яқин кўмакчисига айланган, десак муболаға бўлмайди. Жорий йил февраль ойида А.Аҳмедов ўзи депутат этиб сайланган Бухоро шаҳар “Варахша” МФЙда ташкил этилган учрашуви давомида ҳудуд аҳолисини қийнаб келаётган муаммоли вазиятлар билан яқиндан танишди. Навбатдаги эшитув давомида фуқаро Мусобек Муҳсиновнинг машина таъмирлаш устахонаси очиш истагида эканлиги, бироқ иш бош­лаш учун асбоб-ус­куналар сотиб олишга етарли маб­лағи йўқлиги маълум бўлди. Депутат МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси билан мазкур масалани яқиндан ўрганиб чиқди ва Мусобек Муҳсиновга зарурий асбоб-ускуналар сотиб олиши учун имтиёзли кредит асосида амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди. 

Шунингдек, мулоқот давомида Алпомиш кўчаси, 8-уй, 33-хонадонда истиқомат қилувчи фуқаро Валентина Владимирова уйи яқинида аҳолига маълум қилинган мақсадда эмас, балки бошқа йўналишда қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги борасидаги хулосаларини баён этди ва ҳудуд аҳолисини ташвишга солаётган мазкур масалага ойдинлик киритишда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Депутат баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган масала юзасидан депутатлик сўрови ёрдамида жавоб олиб, аҳолига етказишини маълум қилди.

Халқ депутатлари Қоракўл туман кенгаши депутати Раъно Шук­руллаевани туманда жонкуяр, меҳнатсевар депутат сифатида яхши танишади. Депутат партиянинг “Муаммолар билан юзма-юз” лойи­ҳаси доирасида ҳар ҳафта туман аҳолиси билан мулоқотда бўлиб, мавжуд муаммолардан бохабар бўлиб туради. Депутат ташаббусига кўра туман аҳолиси билан ўтказилган нав­батдаги мулоқот давомида “Тожикент” МФЙда истиқомат қилувчи 91 ёшли онахон Қурбоной ая Шаропова ҳамда I гуруҳ ногирони Дилмурод Болтаевга ногиронлик аравачалари олиб берилди ва мазкур хонадонлар озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. 

Учрашув давомида маҳалла аҳлининг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож вакиллари билан бир қаторда, ўз кучи ва имконияти даражасида тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқароларга ҳам ёрдам кўрсатилди.

Иш билан бандлик жамиятда осойишталикни таъминлашнинг энг асосий тамойилларидан биридир. Айни шу нуқтаи назардан депутат маҳалла хотин-қизларини касб-ҳунарга ўқитиш ташаббуси билан чиқмоқда. Махсус билим ва кўникмаларга эга бўлган хотин-қизларга субсидия асосида тикув машиналари олиб берилишига кўмак бермоқда. Шунингдек, у келажакда “Тожикент” МФЙ ҳудудида катта тикув цехи очишни режалаштирган. 

Когон туманидаги 15-Ибн Сино сайлов округидан сайланган депутат Дилдора Муродова ҳам фаоллиги билан кўпчиликка ибрат кўрсатиб келаётган ташаббускор депутатлардан бири саналади. Депутат олиб борган ўрганишлар натижасида ҳудуднинг “Жалойир”, “Оллоберди” ва “Эшматлар” қишлоқларидаги йўллар таъмирталаб эканлиги аниқланди. Шундан сўнг депутат Когон ТЙФУКга депутатлик сўрови билан чиқди. Сўров натижасида Когон туман “Мустақиллик” МФЙ ҳудудидан ўтувчи “Янги ҳаёт”, “Жинкал”, “Мустақиллик” қиш­лоқларидаги умумий автомобиль йўлининг 3,3 километр қисми 2 миллиард 168 миллион сўм маблағ ҳисобига асфальтлаштирилди. Бугун текис ва чиройли йўлларда ҳаракатланаётган маҳалла аҳли депутат кўмаги билан амалга оширилган ишдан миннатдор. 

Халқ ишончи ва ҳурматига сазовор бўлиш мартабаларнинг энг улуғи ва шарафлисидар. Ана шундай улуғ шараф йўлида “қамишдан бел боғлаган” бухоролик депутатларимиз ҳамиша халқ орасида, жамият билан ҳамнафас одимлашда давом этмоқда. 

Моҳигул Раҳимқулова,

Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

**

Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзини яхшилашга қаратилган туб ўзгаришлар амалга ошириляпти. Рес­публиканинг турли ҳудудларида эркин иқтисодий зоналар, технопарклар, кластерлар ташкил этиляпти. “Обод қиш­лоқ”, “Обод маҳалла”, “Хавфсиз шаҳар” каби дастурлар асосида шаҳару қишлоқлар қиё­фаси мутлақо янгиланмоқда. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш масалаларига ҳам ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эътибор қаратилаётир. Барча соҳаларда кузатилаётган бу каби ривожланиш суръатлари, энг аввало, электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг ҳам ўсишига олиб келмоқда.

Хўш, электр қувватига нисбатан ошиб бораётган эҳтиёжни тўлақонли қондириш, саноат фойдаланувчилари учун электр етказиб беришни таъминлаш, режадан ташқари ўчиришларнинг олдини олиш учун нималар қилинмоқда?  

Соҳада учраётган айрим камчилик­ларни бартараф этиш, нуқсонларни йўқотиш ва исрофга йўл қўймаслик учун нима қилиш керак? Биринчи навбатда, истеъмолчиларнинг электр таъминоти борасида сифатли хизматни таъминлаш даркор. Aлбатта, бунда келажакда электр қувватига бўлган талабнинг ошиб бориши ҳам инобатга олиниши шарт.

Бу борада камчиликларга йўл қўйиш жойларда кўпл­аб муаммоларни келтириб чиқаради. 

Пастдарғом тумани “Фурқат” маҳалла фуқаролар йиғини фуқаролари халқ депутатлари Пастдарғом туман Кенгаши депутати Гулфинисо Қўчқоровага мурожаат қилишган. Aризада Пастдарғом туманининг “Жума” шаҳарчаси ҳудудига яқин жойлашган маҳаллада симёғочлар таъмирталаб ҳолатдалиги ва ов-ҳавонинг кескин ўзгариш­лари натижасида симёғочлар хавфли ҳолатларга келиши, бу эса аҳолининг ҳаётига хавф солаётганлиги, оқар сув муаммоси ҳамда ички кўчалар жуда хароб ҳолдалиги санаб ўтилган.

Депутат мурожаат билан танишиб чиққач, маҳалла фуқаролари билан учрашди ҳамда масалаларга ечим топиш ҳаракатини бошлади. 

Депутат ташаббуси билан маҳалладаги таъмирталаб ҳолатга келган барча симёғочлар ўзгартирилиб, янгилари ўрнатилди. Маҳалла ички йўллари асфальт қилинди.

Халқ депутатлари Пастдарғом туман Кенгаши депутати Ферузбек Тўраев ҳам аҳоли муаммоларига ўз вақтида ечим топиш мақсадида сайловчилар билан тез-тез учрашувлар ташкил қилиб туради. 

Депутат тумандаги “Мирзо Улуғбек”, “Чархин” ва яна бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида аҳолининг мурожаатларини ўрганиб келмоқда. У фуқаролар томонидан кўтарилаётган бандлик, ички йўлларни таъмирлаш, соғлиқни сақлаш соҳасига оид масалалар юзасидан депутатлик назоратини ўрнатиб, муаммоларнинг ижобий ҳал этилишига эришиб келмоқда.

Халқ депутатлари Пастдарғом туман Кенгашидаги “Aдолат” социал демократик партияси депутатларига келиб тушган мурожаатларнинг аксарият қисми ижобий ҳал этилиб келинмоқда. Депутат Шокир Пўлатов ўз округи ҳудудида жойлашган “Пўлатчи” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, “Aёллар дафтари”га киритилган, оилавий шароити оғир бўлган 15 дан ортиқ оилани ўз оталиғига олган ҳолда, озиқ-овқат билан таъминлаб келса, депутат Қуёш Ҳақбердиев “Балхиён” ҳамда “Камолот” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 60 дан ортиқ хотин-қизларни иш билан таъминлаб, уларнинг оилавий шароитлари яхшиланишига сабабчи бўлди. Бундан ташқари, депутат Қ.Ҳақбердиев бир нечта маҳаллаларнинг ички кўчаларининг асфальтланишида ҳам ташаббус­кор бўлди. 

Халқ депутатлари Пастдарғом туман Кенгашининг яна бир депутати Хуршиджон Жавбўриев ўзининг округи ҳудудидаги хонадонларда бўлиб, уларнинг яшаш шароити ва муаммоларини ўрганди. Жумладан, “Қумқўрғон” қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро М.Aъламовнинг фарзанди ногиронлиги учун оилада қийинчилик ва етишмовчиликлар келиб чиқаётгани сабабли ногирон боланинг дори-дармони, озиқ-овқатлари ҳамда кийим-кечакларига депутат томонидан ёрдам бериб келинмоқда. 

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Энг асосийси, депутатлар томонидан амалга оширилаётган барча эзгу амалларнинг ортида аҳоли манфаатлари туради.

Хонбуви Ҳайитова,

Пастдарғом туман кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Онлайн харидда алданмаслик учун 5 та муҳим қоида

admin

АДОЛАТНИ УЛУҒЛАБ КЕЛМОҚДА

admin

Энергетика ислоҳотидаги навбатдаги вазифалар кўриб чиқилди

admin