Истиқлолга эришганимизга 32 йил тўлди. Партия фаоли сифатида ўтган давр мобайнида республикамиз шаҳар ва қишлоқларида кенг кўламли ишлар амалга оширилганини алоҳида мамнуният билан қайд этмоқчиман. Энг асосийси, халқимизнинг онгу шуурида, тафаккурида ўзгариш бўлди. Одамлар бугун барча жабҳада кечаётган ислоҳотларга бефарқ эмас.
Истиқлол байрами арафасида Қашқадарё вилоятида умумий қиймати 300 миллион АҚШ долларидан ортиқ 30 га яқин йирик ишлаб чиқариш объекти ва қувватини ишга тушириш борасида кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Шундай йирик лойиҳалардан бири қиймати қарийб 74,1 миллион долларни ташкил этадиган Ғузор туманидаги Жанубий Тандирча конида сиқув компрессор станцияси қуриб фойдаланишга топширилади. Энергетика жабҳасида ҳам Ғузор ва Амир Темур подстанциялари оралиғидаги 220 киловолтлик ҳаво электр узатиш тармоғи барпо этилишини якунлаш устида ишлар олиб бориляпти.
Умуман, жорий йилда вилоятимизда спорт пойабзалларидан тортиб ипак момиғигача ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Иқтисодиётнинг турли соҳаларида йирик ишлаб чиқариш объектларининг ишга туширилиши вилоятимизнинг саноат ва экспорт салоҳиятини юксалтириш баробарида аҳолининг доимий иш билан бандлиги даражаси ва турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қилади. Зеро, Қашқадарёда амалдаги йилда ушбу корхона ва қўшимча қувватларнинг фойдаланишга топширилиши эвазига 2 минг 700 та доимий иш ўрни яратилади. Воҳамизнинг барча гўшаларида амалга оширилаётган яратувчилик, бунёдкорлик ишлари ҳар бир кун келажак учун пойдевор шиори остида уюштириляпти. Истиқлол фидойи халқимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Шу билан биргаликда мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Эндиликда саховат, мурувват, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди, десак муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарор имзоланиши халқимизнинг кўнглини кўтарди.
Дарҳақиқат, истиқлол туфайли ўзбек халқи ўзлигини англади, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони очилди. Озодлик боис бизни бутун дунё таниди, тан олди, халқимизнинг фидокорона меҳнати, ёшларимизнинг ғайрати, азму шижоати билан ватанимизнинг шон-шуҳрати олам узра янада кенгроқ ёйилмоқда. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ҳуррият берган беқиёс имкониятлар негизида эртанги кунимиз – эркин ва фаровон келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз.
Айни пайтда вилоятимизда Мустақиллик байрамига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар, “уч авлод учрашуви” тадбирлари, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, миллий кино кунлари, гастрономик фестиваллар, сайллар, маданият ва спорт тадбирлари бошлаб юборилди. Партиямиз фаоллари ва депутатлар жамоат ташкилотларидан иборат тузилган тарғибот гуруҳлари мунтазам равишда янги таҳрирдаги Конституциямиз мазмун-моҳияти ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказиб келяпмиз.
Шубҳасиз, жорий йилда ҳам бутун халқимиз билан мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллик байрамини зўр кўтаринкилик ва меҳнатда янги-янги ютуқларни қўлга киритган ҳолда нишонлаймиз. Мустақиллигимизга асло кўз тегмасин.