ADOLAT 24

Мамлакат тараққиётининг улуғвор асослари

Мамлакатимизнинг улуғ байрамларидан бири юртимиз мустақилликка эришган кун ҳисобланади. Бу байрам халқимизнинг салкам 130 йил давомида истиқлол билан, ўз ҳақ-ҳуқуқларини қўлга киритиш билан, озодлик деб аталган бахтли кунларга эришиш билан боғлиқ армонлари, орзулари ушалган улуғ кун сифатида нишонланади. Шунинг учун бу байрамнинг шукуҳи, таровати бошқа улуғ айёмларга нисбатан ўзгача кечади. Бу йил юртимизда Мустақиллик байрамининг 32 йиллиги муносабати билан “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида катта тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда.

Табиийки, бундай улуғ байрам арафасида мамлакатимизнинг ижтимоий, иқтисодий, маънавий, сиёсий ҳаётида рўй берган янгиланишлар, ўзгаришлар сарҳисоб қилинади, қўлга киритилган ютуқлар, муваффақиятлар омиллари таҳлил этилади, келгусида қилинадиган ишларнинг режалари белгиланади. Шу маънода ушбу мақолада мамлакатимизда кейинги йилларда таълим, илм-фан соҳасида қандай ислоҳотлар амалга оширилгани, қандай ютуқлар қўлга киритилгани ва булар юртимиз ҳаётида қандай аҳамият касб этгани ҳақида фикр юритишга ҳаракат қилдик.

Ҳаётда, ҳар қандай замон ва маконда, ижтимоий, иқтисодий, маданий, маънавий ҳамда бош­қа соҳаларда ривож­ланиш, тараққиёт аъмоллари бевосита маърифат, таълим, илм-фан тамаддуни, янги илмий ихтиролар, кашфиётлар, яратувчилик ва бун­ёдкорликлар орқали юзага келади. Бошқача айт­ганда, маърифатсиз, илм-фан ютуқларисиз дунё тамаддунини ҳам, башарият камолотини ҳам, ҳаёт тараққиётини ҳам тасаввур қилиб бўлмайди. Бу жараён ер юзида ҳаёт пайдо бўлиб, инсоният умргузаронлик қила бошлагандан бери давом этиб келмоқда.

XI асрда яшаб ўтган улуғ мутаффаккир Юсуф Хос Ҳожиб илм-фаннинг инсоният ҳаётидаги улуғлигини эътироф этиб, шундай ёзган эди:

Билимни буюк бил, ақл-идрокни йўл,

Улуғдир икковин тута билган қўл.

Идрок қайда бўлса, улуғлик шунда,

Билим кимда бўлса, буюклик унда,

Олимлар – ҳақиқат қаддин суянчи, 

Илму урфон карвони, элнинг таянчи.

Дарҳақиқат, қаерда илм-фан қадр­ланса, билимга, илмий тафаккурга йўл очиб берилса, мамлакат юксак тараққиётга эришади, халқ яхши ҳаёт кечиради, юрт обод бўлади. Аждодларимиз буни яхши билганлар ва илм-маърифатни доимо улуғлаганлар. Эътибор беринг, IX-XII асрларда юзага келган Шарқ Ренессанси — илк Уйғониш даврининг асосида ҳам Ўрта осиёлик, хусусан, ўзбекистонлик алломаларнинг маърифат, илм-фан, билим соҳасидаги улуғ кашфиётлари ётади. IX асрда Бағдодда вужудга келган Маъмун академиясини юртимиз алломалари бошқарганлар. XI асрнинг бошларида Гурганжда фаолият юритган Маъмун академияси жаҳон илм-фанида янги юксалиш босқичини бошлаб берди. XI аср охири, XIII асрнинг бошларида Хоразмшоҳлар давлатини бошқарган Ануштегинлар илм-маърифатни юксалтириб, мамлакатнинг ҳар жиҳатдан равнақ топишига йўл очиб берганлар. XV асрнинг иккинчи ярмидан кейин давлат тепасига келган Темурийлар Шарқда илм-фан соҳасида иккинчи Уйғониш даврини бошлаб берганлар ва қудратли империяга асос солганлар. Мамлакатни обод қилганлар ва адолатли давлатга айлантирганлар. XVI асрда тарих саҳнасида пайдо бўлган Бобурийлар салтанати ҳам илм-фан, маданият, маънавиятга эътиборни кучайтирганлар, маърифатни улуғлаганлар.

Умуман, бу даврларда улуғ алломаларимиз кўплаб фанларга асос солдилар, уларнинг илмий асос­ларини янгиладилар. Табобат илмининг қонуниятларини яратдилар. Тарих, адабиёт, исломий илмлар соҳаларини энг яхши асарлари билан бойитдилар. Давлат ва жамиятни адолатли бошқаришнинг илмий асос­ларини ишлаб чиқдилар. Яна бир муҳим жиҳат, аждодларимизнинг илм-фан соҳаларида амалга оширган ишлари, яратган янгиликлари, кашфиётлари нафақат улар барпо этган мамлакатлар, халқлар равнақи учун хизмат қилди, балки дунё миқёсида ижтимоий-иқтисодий юксалиш учун йўл очиб берди, инсониятнинг маънавий камолотида, ҳаёт тараққиётида ниҳоятда муҳим роль ўйнади.

Илм-фан, таълим ривожисиз ҳаётда юксалиш бўлмаслиги айни ҳақиқат. XXI асрнинг илм-фан, технологиялар асрига айланишининг асосида ҳам айни шу ҳақиқат ифодасини топган. Шу сабабли дунё мамлакатларининг аксарияти асосий эътиборни илм-фанни ривожлантиришга, илм-фан орқали ишлаб чиқаришни, саноатни ва бош­қа тармоқларни юксалтиришга қаратмоқдалар. Дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлаётган Ўзбекистонда ҳам кейинги йиларда таълим, илм-фан соҳасини ривожлантириш давлат сиёсатида устувор джаражага кўтарилди. Хўш, бу устуворлик нималарда кўзга ташланади?

Аввало, республикамизда йилларни номлаш борасида таълим ва илм-фан соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. 2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологиялар”, 2019 йил “Фаол инвес­тициялар ва ижтимоий ривожланиш”, 2020 йил “Илм маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш”, 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш”, 2022 йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла”, 2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йиллари деб белгиланди. Йилларга бундай номларнинг берилиши мамлакатимизда илмий йўналишни ривожлантириш асосий тамо­йилга айланганини кўрсатади. Негаки, ҳаётда инвестицияларни фаоллаштириш ҳам, иқтисодиётни рақамлаштириш ҳам, ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳам, инсон қад­рини улуғлаш ҳам, ижтимоий ривожланиш ҳам илмий тараққиёт асосида юзага келиши кундай аён. Шунинг учун ушбу йиллар билан боғлиқ равишда республикамиз ижтимоий ҳаётини юксалтиришга бағишлаб ишлаб чиқилган Давлат дастурларида ҳам бош йўналиш — асосий вазифалардан бири илм-фанни юксалтириш ва таълим сифатини оширишга эътибор қаратилди.

Айни пайтда, ўтган 6-7 йил ичида мамлакатимизда таълим, илм-фан соҳаларини ривожлантириш учун 50 дан ортиқ ҳуқуқий ҳужжатлар — қонунлар, қарорлар, фармонлар, фармойишлар, дастурлар қабул қилинди. Асосий қонунимиз — янгиланган Конституция­да таълим тизимини, илм-фан соҳасини янада ривожлантириш учун, ўқитувчилар мақомини, нуфузини ошириш учун алоҳида моддалар киритилди. Бош­қача айтганда, рес­публикамизда ушбу соҳаларни ривожлантириш учун ҳуқуқий асос­лар яратилди. Бу ҳуқуқий асос­лар ҳаётда қисқа вақт ичида амалий натижаларини бера бошлади.

Маълумки, илм-фанни ривож­лантириш борасидаги давлат сиё­сати узлуксиз таълим тизимига асосланган. У мактабгача таълим, умумий таълим, олий таълимдан иборат босқичларга бўлинади. Дунё­нинг тараққий этган мамлакатларида таълимнинг тўлиқ шаклига инвестиция киритишга, яъни, бола 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган давр­да унинг тарбиясига катта сармоя сарфлашга эътибор берилади. Чунки ана шу сармоя кейин­чалик жамиятга 15-17 баробар миқдорида фойда келтиради. Юртимизда бир пайтлари таълимга сармоя киритиш ниҳоятда оз миқдорда эди. Шу сабабли таълим орқали келадиган сармоялар кўрсаткичи бор-йўғи 4-5 баробарни ташкил этарди, холос. Мамлакатимизда таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижасида бугунги кунда ундан келадиган сармоялар миқдори 8-9 баробарга етди. Бу соҳадаги ислоҳотлар ижобий натижа бера бошлаганини кўрсатади.

Эндиликда болаларни мактаб­гача таълим муассасаларига кўп­роқ жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг сабаби аён. Боғчалар болаларда ёшлигидан бош­лаб жамоавий уйғунлик, дўс­тона ҳамкорлик туйғусини пайдо қилишда муҳим роль ўйнайди. Бош­ланғич таълимнинг асослари ўқитилади. Ўз она тилини ва хорижий тилларни ўрганишга йўл очилади. Ота-оналарнинг жамият ҳаётида актив фаолият юритишлари учун имкон туғилади. Ана шундай имкониятларга қарамасдан, афсус­ки, болаларниг мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражаси бундан 7-8 йил олдин рес­публикамизда 27 фоизни ташкил қиларди, холос. Ислоҳотларнинг дастлабки босқичидан кейин, 2019 йилга келиб республикамизда 5722 та давлат, хусусий, оилавий боғчалар ташкил этилиб, уларга болаларнинг 52 фоизи жалб қилинди. Бу ишлар учун 4,2 триллион сўм сарфланди. Албатта, бу ушбу соҳадаги ўзгаришларнинг бошланиши эди. 2023 йилга келиб 2 миллион бола, яъни, 70 фоиз кичкинтойлар мактабгача таълим муассасаларининг тарбияланувчиларига айландилар. Бу йилги марралар эса яна ҳам юксак. 80 фоиз болалар боғчаларга қамраб олиниши керак. Бунинг учун респуб­ликамизда яна 600 минг ўринли болалар боғчалари барпо этилмоқда. Айни пайт­да мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритадиган ходимларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларига ҳам алоҳида эъти­бор берилмоқда. Шу билан бирга бу муассасаларда болаларни мактабга тайёрлаш тизимида ҳам бир қатор ўзгаришлар юзага келди. Юртимизда илк бор 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими яратилди. Болалар боғчаларда ўз она тилларидан ташқари хорижий тилларда сабоқ олишлари ҳам йўлга қўйилди. Бу ишлар учун давлат хазинасидан ҳар йили бир неча триллион сўм маблағлар ажратилмоқда.

Бугунги кунда хусусий ва оилавий боғчаларнинг фаолият юритишига ҳам кенг имконият берилди. Келгусида юртимизда боғчалар сонини кўпайтириш, уларда таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш, мураб­бийлар иқтидорини ошириш борасида кўп йилларга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилиши белгиланмоқда. Бу ислоҳотлар, режалар, ажратилган маб­лағлар ортида халқимизнинг келажак авлодларга нисбатан чексиз меҳр-муҳаббати ифодасини топган.

Ёшларга илм беришдаги, уларни маърифат билан қуроллантиришда навбатдаги босқич — умумий таълим тизими билан боғлиқ. Ҳозирги пайтда мактабларда салкам 6 миллионга яқин болалар таълим олмоқдалар. Умумий таълим учун республикамизда йилига 20 триллион сўмдан ошиқ маб­лағ сарфланмоқда. Сарфланаётган маб­лағ миқдори йилдан-йилга ошиб бораётгани шубҳасиз. Кейинги 7 йил давомида умумий таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида жиддий ўзгариш­лар юзага келди. Умумий таълим мактабларидан ташқари академик лицейлар кўпайтирилди ва уларнинг нуфузи оширилди. Бадиий ижод, санъат, маданият йўналиш­ларида махсус мактаблар барпо этилди. Эндиликда республикамиздаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибрат, Ибройим Юсупов, Огаҳий, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида талантли, иқтидорли ёшлар таълим олмоқдалар. Муҳаммад ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек номидаги халқаро миқёсдаги технология­ларга ихтисослашган мактаблар юртимизнинг фахрига айланди. Шу билан бирга респуб­ликамизда турли фанларга ихтисослашган бир неча юзлаб хусусий умумтаълим мактаблари ҳам фаолият юритмоқда.

2019 йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бутунлай янги йўналишдаги Президент мактаб­ларидан 4 таси ишга туширилган эди. Эндиликда бундай мактаблар республикамизнинг барча вилоятларида фаолият олиб бормоқда. Бу мактаблар маълум фанлар бўйича ихтисослашган. Уларга энг иқтидорли, қобилиятли ёшлар танлов асосида қабул қилинади. Ҳар бир синфда 15-20 та ўқувчи таълим олади. Уларда ўқиш дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларида эътироф этилган “А — Lеvel” таълим дас­тури асосида, фанлар чуқур ўзлаштириладиган тарзда ўқитилади. Таълим хорижий ва ўзбек тилида олиб борилади. Бу эса ушбу мактабларда таълим олаётган ёшларнинг дунёнинг нуфузли олийгоҳларига кириб ўқишлари учун имконият яратади. Бу мактаблар юртимизда таълим тизимида ютуқлар учун йўл очмоқда.

Сир эмас, мамлакатимиз мус­тақилликка эришганидан кейин таълим тизимимизни тубдан янгилаш учун Жанубий Корея, Хитой, Япония, Сингапур, Малайзия, Туркия, Финландия каби давлатлар таълим тизимидаги илғор методларни таълим жараёнимизга жорий қилишга уринишлар бўлди. Тўғри, ҳар қандай соҳада тараққиётга эришиш учун халқаро миқёсдаги ютуқлардан фойдаланиш керак. Лекин бу фойдаланиш бошқаларнинг таълим тизимидаги ютуқларни тўғридан-тўғри ўзлаштириш ҳисобига эмас, балки улардан ижодий фойдаланган ҳолда янгича йўналишдаги ўз таълим тизимимизни яратиш ҳисобига бўлиши керак эди. Афсуски, бундай бўлмади. Шунинг учун ҳам юқоридаги мамлакатларнинг таълим тизимидаги методлар, улар ҳар қанча илғор бўлмасин, юртимиз таълим тизимига уйғунлаша олмади. Аксинча, фаолият юритаётган Президент мактабларидаги ўқиш, ўқитиш методлари респуб­ликамизнинг шаклланаётган янгича таълим тизимининг асосига айланмоқда, десак хато бўлмайди. Эндиликда ана шу таълим тизимидаги илғор методларни юртимизнинг барча мактабларига татбиқ этиш лозим. Ана шунда бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар янада муваффақиятли кечади.

Ҳаёт тараққий этгани сайин таълим тизимида ҳам янги-янги тартиблар, қоидалар пайдо бўлиши аниқ. Бугун аҳлининг ўсиши билан боғлиқ ҳолатда ёшларнинг кўпаяётгани, натижада аксарият мактабларда ўқувчилар икки сменада таълим олаётгани, синфлардаги болалар сони меъёридан кўп, 35-40 нафарни ташкил этаётгани ҳам айни ҳақиқат. Шу сабабли респуб­ликамизда ҳар йили янги мактаблар қуриш, мавжудларини капитал таъмирлаш ва кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, жорий йилда 70 та янги мактаб барпо этилмоқда. 460 та мактаб эса кенгайтирилмоқда. Хусусий инвес­тициялар иштирокида 100 та мактабни ишга тушириш белгиланган. Кейинги йилларда бундай мактаб­лар сонини мингтага етказиш режалаштирилган.

Ушбу йилдан бошлаб умумий таълим тизимида яна бир янгилик — мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида ислоҳ қилиш бошланади. Бошланғич синфлар дарсликлари янгиланади, юқори синфлар дарсликлари қайтадан кўриб чиқилади. Юртимизда бу ишларни тизимли йўлга қўйиш, янги дарсликларни ишлаб чиқиш, илғор таълим стандартлари ва методикаларини жорий этиш учун алоҳида илмий институт ва лабораториялар ташкил қилинади. Айниқса, миллий ўзлигимиз, маънавиятимиз асоси бўлган она тилини чуқурлаштирган ҳолда ўқитиш кенг йўлга қўйилади.

Таълим соҳасидаги бугунги кундаги муҳим вазифалардан яна бири — ёшларнинг замонавий касб-ҳунарларни эгаллашлари учун барча шарт-шароитларни яратишдан и­бо­ратдир. Маълумки, айни пайт­да мактабларни битирувчиларнинг тенг ярми ҳаёт қўйнига, яъни меҳнат бозорига ҳеч қандай касбни эгалламасдан кириб келмоқдалар. Ваҳоланки, республикамизда ҳозирги кунда 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлар мавжуд. Шундай экан, эндиликда улар фаолиятини янада кучайтириш, бу ўқув даргоҳларида меҳнат бозорида талаб­гир касб-ҳунарларни ўқитишни йўлга қўйиш ҳаёт зарурати ҳисоб­ланади.

Жорий йилдан бошлаб юртимизда таълим тизимида яна бир янги дастур ишга туширилмоқда. Яъни, ҳар бир вилоятда биттадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий қилинмоқда. Келгуси етти йил давомида барча коллеж ва техникумларда ана шу стандартлар асосида таълим берилади. Айни пайтда, кимё саноати, электр техникаси, транспорт, энергетика, технология соҳаларида халқаро ташкилотлар билан бирга алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилинади. Бу янги замон муҳандислари, инженерларини тайёрлаш тизимига асос бўлади. Умуман, умумий таълим тизимида юзага келаётган янгиланишлар сифат ўзгаришлари билан уйғунлашса, илм-фан тараққиёти учун янги имкониятлар яратиб беришга хизмат қилади.

Илм-фанни юксалтиришда, ундаги янгиликларни, кашфиётларни амалиётда қўллашда, янги технологияларни яратишда таълимнинг навбатдаги босқичи — олий таълимнинг ўзига хос ўрни бор. Шунинг учун мамлакатимиз Президенти таълимнинг бу босқичида ҳам кўплаб ислоҳотларни амалга оширишда ташаббускор бўлмоқда. Эътибор беринг, бир пайтлар рес­публикамизда 40 дан ошиқ олий таълим муассасалари бўларди. Энди-чи? Юртимиздаги олий ўқув юртларининг сони салкам 200 тага етди. Авваллари ёшларимиз катта миқдорда пул сарфлаб хориждаги олий ўқув юртларида таълим олишга интиларди. Эндиликда хориждаги 30 дан ортиқ нуфузли олий ўқув юртлари юртимизда фаолият олиб бормоқдалар. Мамлакатимизнинг нафақат йирик шаҳарларида, балки олис ҳудудларида ҳам олий ўқув юртлари очилиб, ёшларнинг таълим олиш­лари йўлга қўйилди.

Олий таълим тизимида ўқув муассасаларининг кўпайиши, хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорликнинг кучайиши мамлакатимизда кўпдан бери юзага келган яна бир муаммони ҳал қилиш имконини берди. Маълумки, республикамизда бундан 6-7 йил илгари умумий таълим мактабларини битирувчилар сони 650-700 минг нафар ёшни ташкил қиларди. Кўп йиллар давомида ана шу битирувчи ёшлардан 60-70 минг нафари олий ўқув юртларида ўқиш имконига эга бўлиб келди. Яъни, мамлакатимизда ёшларни олий таълим тизимига қамраб олиш даражаси 9-10 фоиздан ошмади. Ваҳоланки, дунёдаги ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 60-70 фоизни ташкил этарди. Шунинг учун давлатимиз раҳбари олий ўқув юртларини ҳам, улардаги таълим ўринларини ҳам кўпайтиришга эътибор қаратди. Натижада ёшларни олий ўқув юртларига қамраб олиш даражаси 2019 йилда 20 фоизга етган бўлса, бу йил улар миқдорини 40 фоиздан ошириш кўзда тутилган. Келгусида ёшларимизнинг 60-70 фоизи олий маълумот олишга эришиши режалаштирилмоқда.

Олий ўқув юртлари фаолияти билан боғлиқ ўзгаришлар, янгиланиш­лар, ислоҳотлар давом этмоқда. Уларга босқичма-босқич академик ва молиявий мустақиллик берилмоқда. Эътибор беринг, агар 2019 йилда 10 та олий ўқув юртига академик ва молиявий мус­тақиллик берилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 41 тага етди. Хўш, академик ва молиявий мус­тақиллик олий ўқув юртига қандай афзалликлар беради? Бу, аввало, ҳар бир олий ўқув юрти учун ёшларни ўқишга қабул қилиш имкониятини кенгайтиради ва олийгоҳнинг илмий потенциалини, салоҳиятини кучайтиради. Таълим сифатини яхшилайди. Чунки талабалар яхши таълим олиб, етук кадр бўлиб етишсалар, олий ўқув юртининг нуфузи ва мақоми янада ошади. Олийгоҳ тайёрлаган кадрга талаб кўпаяди. Илмий ихтиролар, кашфиётларни ҳаётга тат­биқ этиш, шу орқали молиявий аҳволни янада яхшилаш имкони пайдо бўлади. Академик ва молиявий мустақилликка эришган олий ўқув юрти хориждаги хоҳлаган университетлар, институтлар билан илмий ва бошқа йўналиш­ларда ҳамкорлик алоқаларини амалга ошириш имкониятига эга бўлади. Олийгоҳларда амалий натижа бермайдиган ёки кимгадир амалий унвон сифатида зарур бўладиган ноилмий изланиш­ларга чек қўйилади.

Бу ҳам ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси ҳисобланади.

Жорий йилда мамлакатимизда ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтилиши муносабати билан аввалги Мактабгача таълим вазирлиги билан Халқ таълими вазирлиги бирлаштирилиб “Мактаб­гача ва мактаб таълими вазирлиги”, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан Инновация вазирлиги асосида “Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги” ташкил этилди. Бундай бош­қарув тизими соҳаларни ўзаро уйғунлаштириш билан бирга бу соҳаларда ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш имконини ҳам яратади. Уларга сарфланадиган сармоялар, маблағлар умумлаштирилади. Масалан, бу йил олий ўқув юртлари талабалари учун имтиёзли таълим кредитлари 2 баробарга кўпайтирилиб, улар учун 1,7 триллион сўм маблағ ажратилган бўлса, илм-фан ва инновация соҳаларига 1,8 триллион сўм сарфланиши белгиланди. Мактабгача таълим ва умумий таълим учун ажратиладиган маблағлар ҳам кўпайтирилди. Умуман олганда, таълим ва илм-фан соҳасида 6-7 йил ичида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида жиддий ўзгаришлар, янгиланишлар юзага келди, кўп­лаб муваффақиятлар қўлга киритилди. Қисқа вақт ичида мактабгача таълим муассасалари, мактаб­лар, олий ўқув юртлари сони бир неча баробарга кўпайди, уларда фаолият юритадиган мураббийлар, ўқитувчилар, олимларнинг меҳнат ҳақлари 2-3 баробардан 4-5 баробарга қадар ошди. Эндиликда асосий эътибор таълим-тарбия, илм-фан соҳасида сифат масаласига қаратилмоқда. Айнан жорий йилнинг сифатли таълим йили деб аталишида ҳам ана шу улуғвор мақсад мужассамлашган.

Илмни нурга қиёслашади. У қуёш нурларига ўхшатилади. Агар қуёш нурлари бутун олам, борлиқ, табиат, замин бағрига нур сочиб барча нарсаларга ҳаёт бағишласа, илм инсоният онги шуурини, ақл-идроки, тафаккурини ёритиб, унга куч бағишлайди. Қуёш оламга ёруғлик бағиш­ласа, илм ҳаётнинг янада гўзал, улуғвор, порлоқ бўлишига хизмат қилади. Илм онг, тафаккурнинг юксалишига, онг, тафаккурнинг юксалиши жамиятнинг тараққиётига, жамиятнинг тараққиёти эса ҳаёт тамаддунига асос бўлади. Бу ҳаёт ҳақиқати юртимизда таълим, илм-фан соҳасида олиб борилаётган улуғвор ишлар тимсолида яққол намоён бўлмоқда.

Камол Матёқубов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист 

Tegishli xabarlar

БУЮК МАКСАДЛАР рўёби  ВА ЭЗГУ ТИЛАКЛАР ИЖОБАТИ

admin

ЗУМЕРЛАР – янги авлод вакиллари

admin

УСТОЗ отамиздек УЛУҒ эмасми?!

admin