ADOLAT 24

Ветеранлар

Мадиёр акага ҳурмат билан

Тарихда энг қонли урушда енгиб,
Олов байроқларнинг қанотида шод,
Шуҳратга бурканиб қайтиб келдингиз,
Ветеран деб бугун ном олган авлод.

Кўкракда юлдузлар.
Юракда эса
Занг темир парчалар. Қўрғошин. Азоб.
Босқондан чиққандай – қорайган, қотма,
Чақноқ кўз, шамширсўз, Алпомишшитоб.

Қайтдингиз. Мушаклар шарори тиниб,
Атрофга боқдингиз баланд тиклаб бош
Ва оқ кўнглингизга солди тунд суврат
Хароб ётган диёр. Ҳувиллаган. Оч.

«Ким бор?..» Бўғзингизда портлади фарёд.
«Ким бор? Ким тиклайди ўлкани қайта?!.»
Не сўз! Бу жангга ҳам яна ўзингиз
Сафарбар кирдингиз қўшиқлар айта…

Яна тер, яна қон…
Камсув ўзанда
Тағин гувиллади ҳаёт уммони!
Замон ҳам ўзгарди. Оламга келди
Бир авлод – янгича илғаб дунёни!

Авлодки, ўтмишга, келажакка ҳам
Гоҳ сенсираб боққан, гоҳи бепарво.
Ота обрўсидан гоҳ савлат ясаб,
Она берган пулга сурган кайф-сафо.

Буёғи – энди қалб, эътиқод жанги,
Юрт маҳтал ёш, содиқ меросхўрларга!
Сиз шунча юксалтган байроқ тегсинми
Молпараст, шонпараст, нопок қўлларга?!

Гарчи, шунча ўқдан омон келдингиз,
Гарчи, ҳаёт ўзи фронт, биласиз,
Гарчи эски дардлар қийнайди,
лекин
Яна курашдасиз! Баланд келасиз!

Адолат шаҳрига ўтгувчи йўлнинг
Бир жойин босганин кўрсангиз чўплар,
Сиз дарҳол тўхтайсиз – созлайсиз обдон,
Четлаб ўтиб ётган бўлса ҳам кўплар.

Сизларга қўйилган ёдгорлар буюк
Юксакда, лол этар шаҳди-жадали!
Шуларга тенглаб мен ўз авлодимни,
Дейман: «Биз окопдан чиқмабмиз ҳали!»

Омон МАТЖОН,
Ўзбекистон халқ шоири
1980

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

admin

МУАММО БАРТАРАФ ЭТИЛАДИ

admin

Сайлов қонунчилиги бузилса, жазо белгиланади

admin