1994 йилнинг ёзи эди. Пойтахтдаги Алишер Навоий кўчасидаги 30-уйда жойлашган ташкилотлардан бирида ишлардим. Хонага атоқли адабиётшунос олим, республика Фанлар академиясининг академиги Матёқуб Қўшжонов кириб келди. Салом-аликдан кейин қўлидаги папкани стол устига қўйди. “Бу яқин бир дўстимнинг, сен ҳам биладиган одамнинг эсдаликлари, хотиралари, шу билан бирга юртимизнинг ҳам ўзига хос тарихи. Жиддий тарзда қараб, таҳрирдан чиқарсанг, яхши китоб бўларди”, деди. Бадиий ижод оламининг билимдони, адабиётни ҳаётнинг бетимсол кўзгуси деб ҳисоблайдиган, асарларни чуқур таҳлил қилиб, сарагини саракка, пучагини пучакка чиқарадиган, ҳар бир асарни адабиётнинг адолат тарозисида ўлчайдиган домланинг ҳали қўлёзма ҳолдаги асарга ижобий баҳо бериши камдан-кам ҳолда бўларди. Домлани кузатиб қайтишим билан “яхши китоб” бўладиган қўлёзманинг муаллифи кам эканлигини билиш мақсадида уни қўлга олдим.
Қўлёзма муаллифи Мадиёр Худойберганов экан. Хоразм вилоятида узоқ йиллар биринчи раҳбар лавозимида ишлаган бу одамни мактабда ўқиб, колхозда ишлаб юрган пайтларимда бир-икки бор кўрганман. Хаёлимдан кўп йиллар раҳбарлик қилган, ишлаб чиқариш, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда фаолият юритган одамнинг эндиликда бадиий ижод билан ҳам шуғуллангиси келиб қолибди-да, деган фикр ўтди. Шу сабабли қўлёзмани, гарчи домла Матёқуб Қўшжонов у ҳақда ижобий фикр билдирган бўлсада, кекса одамнинг шунчаки хотира битиклари бўлса керак, деган ўйда ҳадиксираб ўқишга тутиндим.
Ҳадиксираб ўқишимнинг яна бир боиси бор эди. Ўша йиллари турли соҳаларда фаолият юритган, кўзга кўринган, юрт таниган одамларнинг аксарияти хотиралар, эсдаликлар ёзишга киришган, ёзган асарларида ўзларини ҳақиқат, адолат учун курашган, халққа хизмат қилган, даврнинг қаҳрамонларига айлантиришга уринардилар. Лекин қўлёзмани ўқиш жараёнида ҳадиксирашларга ўрин қолмади.
Эсдаликлар яхши ёзилганди. Унда ҳаёт воқеликлари, давр ва макон ўзгаришлари, хоразмликларнинг ўзига хос турмуш тарзи, тарихи, тақдири билан боғлиқ жараёнлар ёрқин очиб берилганди. Тўғри, қўлёзмада бадиий ижоднинг эсдалик жанрига хос бўлган хусусиятлар, яъни муаллифнинг шахси билан боғлиқ хотиралар — унинг гўдаклик чоғидаёқ онадан етим қолиши, 8 ёшдалик пайтида отасининг очарчилик туфайли вафот этиши, илмпарвар, ўзига тўқ бўлган Худойберган бобо оиласининг большевиклар сиёсати натижасида тўзғиб кетиши, еридан, мол-мулкидан ажралиши, ёш Мадиёрнинг кўзи ожиз Тўхта момо қўлида тарбия топиши, унинг мактабда таълим олиши, ҳаёт йўлларига кириб келиши, яқинларининг турфа тақдирлари кабилар ҳам акс эттирилган.
Айни пайтда, муаллиф эсдаликларида 1941-1943 йилларда мактабда ўқитувчилик қилгани, 1943-1945 йилларда Иккинчи жаҳон урушида қатнашгани, 1945-1950 йиллар оралиғида Шовот райони халқ маорифи тизимида фаолият юритгани, 1951 йилдан бошлаб Шовот районида партия қўмитасининг учинчи, иккинчи котиби вазифаларида ишлагани, 1955 йилдан Москвада олий раҳбарлар тайёрлаш курсида таълим олгани, 1957 йилдан бошлаб Хоразм область партия қўмитасида тарғибот-ташвиқот бўлимининг мудири бўлиб иш юритгани, 1960 йилдан бошлаб аввал Хонқа райони, кейин Хива райони партия қўмитаси биринчи котиби сифатида фаолият кўрсатгани, 1965 йилдан Хоразм область ижроия қўмитасининг раиси, 1968 йилдан 1986 йилгача Хоразм область партия қўмитаси биринчи котиби бўлиб ишлагани, 1986 йилдан 1991 йилгача “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” деб аталган қатағон туфайли Москва қамоқхоналарида кечган азобли кунлари ҳақида ҳам ҳикоя қилади.
Муаллиф эсдаликларида бирор нуқтада ўзини ҳамма ишни қойилмақом қилиб ташлаган, улуғвор ишларни амалга оширган бош қаҳрамонга айлантирмайди, аксинча, қилинган ишларда устозларининг, шогирдларининг, яқинларининг, турли соҳа вакилларининг, атрофидаги инсонларнинг фидойиликларига алоҳида эътибор қаратади. Турли шахслар, инсонлар тақдирини кўз ўнгимизда гавдалантиради. Ўз бошидан кечган воқеа-ҳодисаларни воҳа ҳаёти билан уйғунлаштиради. Шу тариқа эсдаликларда ўз шахсий тақдири билан бирга Хоразмнинг яқин ўтмиш тарихини — ўтган асрнинг 30-йилларидан тортиб то 90-йилларигача кечган кечмишини ҳикоя қилади. Қўлёзманинг бу қисмини журналист Рўзимбой Ҳасан кўздан кечириб, бадиий ишлов бергани эсдаликларнинг қийматини оширган.
Эсдаликлар домла Матёқуб Қўшжонов айтганидек жиддий таҳрир қилинди. 1997 йилда Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриётида “Синовларда кечган умр” номи билан нашр этилди. Асар кўпчилик китобхонларнинг эътирофига сазовор бўлди.
Биринчи китоб нашридан кейин кўп ўтмай Мадиёр Худойберганов эсдаликларининг иккинчи қисми қўлёзмаси ҳам қўлимга тегди. Қўлёзмани Мадиёр аканинг ўғли Ҳамдам ака Худойберганов олиб келиб берди. Эсдаликларнинг бу қисмида 1986 йилдан 1991 йилгача бўлган воқеалар битилганди. Эсдаликларга айнан ўша йиллар билан боғлиқ воқеаларнинг киритилиши бежиз эмасди. Маълумки, шўролар давлати етакчиликлари 1983 йилда республикамиз раҳбари Шароф Рашидов вафотидан кейин Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида пахтачиликда, ишлаб чиқаришда қўшиб ёзишлар бўлган, давлат маблағлари талон-тарож қилинган деган айб билан ўлкамизга ҳуқуқ тизими вакиллари ниқобида бир гуруҳ талончиларни, жаллодларни йўллаган эди. Улар ўтган асрнинг 80-йиллари биринчи ярмидан 90-йиллар бошигача халқимизни айбсиз айбдор қилиш, қамаш, отиш каби ишлар билан шуғулланиб, юртимизда йиллар давомида тўпланган бойликларни шўролар давлатининг марказига ташиб кетдилар. 20 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар қамоқларга тиқилди. Аввал “Пахта иши” деб бошланган жиноят иши кейинчалик “Ўзбеклар иши” деб номланиб бутун халққа нисбатан айбномага айлантирилди. Ана шулар орасида Хоразм область партия қўмитасини кўп йиллар бошқарган Мадиёр Худойберганов ҳам бор эди. У 1640 кун, салкам 4,5 йил Москва қамоқхоналарида Гдлян, Иванов каби ёвуз кимсаларнинг сўроқларига жавоб берди, турли азобларни бошидан кечирди.
Қўлёзмада ана шу 1640 кун давомида кечган даҳшатли воқеалар қаламга олинган. Эсдаликларнинг бу қисми яратилиши ҳақида муаллиф қўлёзмасида шундай ёзади: “Яна қўлимга қалам олдим. Истиқлол менга қувват берди, хотираларимни тиклаб, эсдаликларимнинг иккинчи қисми — энг манфур, азобли даврини қораламоққа жазм қилдим. Мақсадим нима: мақсадим, шўро тузумининг ҳалокати сабабларидан бирини очиб бериш. Юртимизга гдлянчилар қиёфасида келган манфур кимсаларнинг асл қиёфаларини кўрсатиш. Ўзбекнинг бошига тушган қамоқ, жаҳаннам азобларини акс эттириш. Ўша даҳшатли кунларда ноҳақ қамоққа олинганларнинг ўзларини қандай тутганларини, нималарни ўйлаганларини тасвирлаш. Синовларда кимнинг аслида ким бўлганлиги ҳақидаги ҳақ гапни айтиш эди. Келажак авлодларни ўзимиз тўғрисида бор ҳақиқатдан огоҳ қилиш эди. Қамоқда доимий тарзда кундалик ёзиб борганман. Уларда имкон қадар ҳақиқатни айтишга ўзимда куч-қудрат топдим. Гарчи, кузатувчиларнинг ўткир нигоҳлари ҳар доим таъқиб қилса ҳам кундаликларим батафсил ёзилди. Эсдаликларимнинг бу қисми ана шу кундаликларимнинг бир қисмидир”.
Ҳақиқатан ҳам, 20 дан ортиқ “канцелярия дафтар”ларига битилган хотиралар қўлёзмаларнинг бир қисмига айланганди. Қўлёзмада муаллифнинг қамоқдаги азобли кунлари кунма-кун, ойма-ой, йилма-йил келтирилган. Савол-жавоблар. Гдлянчиларнинг қилмишлари. Лекин муаллиф эсдаликларида фақат ўз бошидан кечирган воқеалар тасвири билан чекланиб қолмайди, коммунистик жамиятнинг мустамлакачилик сиёсатининг асосий мақсадларини, қатағонлар ана шу мақсадни амалга оширишда ўзига хос йўл бўлганлигини ҳам очиб беришга интилади. Бу хусусда шундай хулосага келади: “Чор ҳукуматининг Туркистонни босиб олишдан мақсади бойликларни талаш эди. Заминимиздаги кўплаб бойликлар талаб кетилди. Айни пайтда улар еримизда бойлик келтирувчи экинларни кўпроқ экиш, халқимизни қул қилиб ишлатиш, олинадиган бойликлардан ўз эҳтиёжини қондиришга интилдилар. Қимматбаҳо хомашё бўлган пахтани кўпайтириш, пахтачиликни кучайтириш ўша йиллардан мерос бўлиб ўтди. Мустамлакачилар бу билан икки мақсадга эришдилар: арзон хомашёга эга бўлдилар ва халқни қулликда асрашнинг воситаси топилган эди. Шўро давлати дунёга қорни очлар, нафс бандалари мамлакат тепасига келганлигини яна бир бор исботлади. Туркистонда Чор ҳукуматидан қолган бойликларни улар аёвсиз таладилар. Сталин Ўзбекистонни шўролар давлатининг пахта базасига айлантириш ҳаракатини бошлади. У гўё пахтани, пахтакорни улуғлагандай кўринса ҳам, аслида мақсади бўлак эди. Халқни қуллик асоратида тутиб туриш эди. Шу мақсад йўлида Усмон Юсуповни мақтаб, елкасига қоқишдан ҳам тоймади. Никита Хрушчев эса бошқа соҳаларда бўлгани каби пахтачиликда Американи қувиб ўтиш режасини қўйди. Шу режа учун ишлади. Ҳаммаёқ пахтазорга айлантирилди. Боғларнинг ўрнида пахтазорлар барпо этилди. Брежнев Хрушчевдан айёр чиқди. У ўзбекнинг елкасига қоқди, “оқ олтинни олтин қўллар яратади”, дея баландпарвоз сўзлар айтиб, халқни алдади. Миллион-миллионлаб тонна пахта сув текин Россияга олиб кетилди. Халқимиз меҳнатдан бошқа нарсани кўрмади. Миллионлаб тонна пахта топшириб ҳам кафанликка зор бўлди. Республика аҳли пахта қулига айланди, табиат ифлосланди. Орол денгизи қуриди. Андропов, Горбачев даврига келиб қадди букилган пахтакор ўғрига чиқарилди. Юрт таланди. Миллатимизга нисбатан “Ўзбек иши” деган ҳақорат пайдо бўлди. 22 мингдан ортиқ пахтакорлар қамоқ азобларини тортди, юзлаб одамлар қамоқ даҳшатлари туфайли вафот этди”.
Эсдаликларнинг иккинчи қисми қўлёзмаси 2000 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида “Эгилган ҳақиқат, сўнмаган умид” номи остида нашрдан чиқди. Мадиёр Худойбергановнинг бу китоби фақат кундаликлар тафсилоти эмас, СССР деб аталган давлатга, партия йўлбошчиларига қўйилган мудҳиш айбнома эди. Шунинг учун у китобида “Шўролар империяси ёвуз аждаҳо эди. Унинг ўлаксахўр, очофат иштаҳаси исталган кезда ҳар бир бандани сўраб-суриштирмай ютишга ҳозир турарди. Шўролар давлати адолатсиз жамият бўлгани учун ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлди. Бизлар, бутун ҳаётимизни, фаолиятимизни бағишлаганимиз коммунистлар шу жамиятнинг ўгай болаларига айланиб қолдик. Ёвуз жамият ўзи етиштирган, ўзи тарбиялаган, ўзига садоқат билан хизмат қилган инсонларни маҳв этди”. Бу аслида фақат Мадиёр Худойбергановнинггина эмас, бутун халқнинг айбномаси эди.
Орадан 4-5 йил ўтгач Мадиёр Худойберганов эсдаликларининг учинчи қисми қўлёзмасини қўлимга берди. Бу унинг ҳаётининг 1993 йилдан кейинги даври билан боғлиқ эди. Қўлёзмада оила, болалар, неваралар тақдири, улар фаолияти билан боғлиқ лавҳалар, дўстлар, қариндош-уруғлар, шогирдлар билан ўзаро муносабатлари, мустақилликдан кейинги даврда мамлакатимизда, жумладан, Хоразм воҳасида рўй берган ўзгаришлар, янгиланишлар қаламга олинган эди. Муаллифнинг икки бора ҳаж зиёратини амалга оширган давридаги таассуротлари ҳам китобхонни бефарқ қолдирмайди. Воҳада кўп йиллар раҳбарлик қилган инсоннинг Хоразм тарихи, улуғ алломалари, санъати, маданияти, маънавияти ҳақидаги ўзига хос фикрлари, хулосалари, амалга оширолмай кетган орзу-армонлари, юрт истиқболи хусусидаги мушоҳадалари ҳар қандай инсонни ўйга толдиради. Муаллиф қўлёзмада яна ўз тақдиридан кўра юрт тақдирини биринчи планга олиб чиқади. Бу ҳақда у қўлёзма муқаддимасида шундай деб ёзади:
“Бу эсдаликларни нима учун битаяпман? Сабаби аён — бу воқеаларни, тарихни ўз кўзим билан кўрдим. Уларни нафақат кўрдим, бу воқеа-ҳодисаларнинг иштирокчисига ҳам айландим. Буларни кўриш, англаш, фикрлаш, воқеликнинг иштирокчисига айланиш осон бўлмади. Халқимизда шундай нақл бор: қилинган иш ва ёзилган сўз қолади. Эсдаликларни ўзимни кўрсатиш, тақдиримни баён қилиш учун эмас, юртимиз ҳаётига назар ташлаш, халқимизнинг қилган улуғ ишларини яна бир эслаш учун ёздим”.
Эсдаликнинг учинчи қисми “Умримнинг давоми” 2008 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида нашр этилди. Мадиёр Худойберганов учинчи китоб нашридан кейин ҳам эсдаликлар, хотиралар ёзишни давом эттирди. Унинг мақсади эсдаликларни тўла ҳолга келтириш, баъзи ўринларини тўлдириш, учта китобни битта китоб тарзида нашр қилдириш эди. Аммо Мадиёр аканинг бу нияти армон бўлиб ҳолди. У 2016 йилнинг 29 июнида 94 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Отасининг армонини ўғли Ҳамдам Худойберганов ушалтирди. Эсдаликларнинг учта қисми бирлаштирилиб, тўлдирилган ҳолда, яхлит тарзда “Ҳаёт давом этади” номи остида 2021 йилда чоп этилди. Ушбу китобга Мадиёр Худойбергановнинг эсдаликларидан ташқари дўстлари, яқинлари, шогирдларининг хотиралари, ўғлининг “сўнгсўз”и ҳам киритилди.
Эсдаликларни нашрга тайёрлаш жараёнида Мадиёр Худойберганов билан кўп суҳбатлашдим. Суҳбатлар асносида унинг феъл-атвори, характери, ўзига хос жиҳатларининг айрим қирраларини яхшироқ англаб етдим. У кузатувчан, мағрур инсон эди. Тўғрисини айтай, дастлабки суҳбатлар давомида у менда бошқачароқ таассурот қолдирди. Одамни менсимайдигандек, суҳбатдошига эътиборсиздек кўринди. Суҳбатлар давомида у ҳақда таассуротим ўзгарди. У даврада суҳбатдоши ёки суҳбатдошларини обдон кузатарди. Агар уларнинг гап-сўзлари, фикрлари маъқул келса, суҳбатга қўшиларди. Агар маъқул келмаса, гап-сўздан ўзини тиярди. Суҳбатга киришса, давранинг етакчисига айланарди. Суҳбатдошлар унинг фикри тиниқлигига, воқеа-ҳодисаларни худди киноленталарга муҳрлангандай тасвирлаб беришига қойил қоларди. Кўп йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлагани уни чинакам нотиққа айлантирганди. Шу сабабли у билан бир марта даврадош бўлган одам яна суҳбатига орзуманд бўларди.
Мадиёр Худойберганов маънавият, маърифатни, илмни улуғлайдиган, зиёли, фан аҳлини қадрлайдиган инсон эди. У математика, адабиёт, тарих, география, астрономия, кимё, биология ва бошқа фанлардан етук билимга эга эди. Соҳа вакиллари бўлган олимлар билан бемалол баҳсга киришарди. Ўтган асрнинг 70-80 йилларида улуғ алломалар Муҳаммад Мусо ал-Хоразмийнинг 1200, Абу Райҳон Берунийнинг 1000 йиллик халқаро миқёсда ўтказилган анжуманларда унинг бош маърузачи бўлгани ҳам бежиз эмас.
У ер илмини мукаммал эгаллаганди. Воҳадаги ҳар бир далани — унга пахта экилса қандай ҳосил беришини, чорва экинлари чўғи қандай бўлишини, полиз маҳсулотлари экилса қандай натижаларга эришилишини яхши биларди. Вилоятдаги ҳар бир боғда етиштирилган меваларнинг таъмини бир-биридан ажрата оларди. Хоразмда қишлоқ хўжалиги соҳасига илмий янгиликларни олиб кирганлардан бири ҳам у эди. Унинг ўзи ҳам пахтачилик соҳасида илмий кузатишлар, изланишлар олиб борди. Натижада қишлоқ хўжалик фанлари номзоди илмий унвонига сазовор бўлди. Илмий янгиликлари ишлаб чиқаришга тадбиқ қилинди. У кишининг эсдаликларида 300 дан ошиқ рус, француз, немис, испан, инглиз олимларининг, ижодкорларининг номлари, асарлари борасида маълумотлар келтирилган. Мадиёр ака улар билан турли давраларда учрашган, суҳбатлашган. Бу ҳам унинг илмий қамров даражасини кўрсатади.
Мадиёр Худойберганов ҳаётида китобнинг ўрни ниҳоятда катта бўлган. У ҳақиқий китобхон эди. Раҳбарлик лавозимларида ишлаган пайтларида ҳам китобхонлик одатини тарк этмаган. Шахсий кутубхонасига жаҳон адабиётининг энг сара асарларини тўплаган. Уларни мутолаа қилган. Салкам икки минг донага яқин шахсий китобларини воҳа мактабларига совға қилган. 1986-1991 йиллардаги эсдаликлар орасида тўртта “канцелярия дафтари” алоҳида ўрин тутади. Бу дафтарларда Мадиёр аканинг қамоқдалик пайтида ўқиган мингдан ортиқ китоблар номлари ва улардан олган таассуротлари битилган. Бу ҳақда у “Эгилган ҳақиқат, сўнмаган умид” китобида шундай деб ёзади: “Бирор дақиқа бўш вақт топсам, терговчилар вақтинча мени унитишса”, ўқиш билан машғул бўламан. Бизга анча кечикиб келтириладиган газетани бир неча марта ҳарфма-ҳарф ўқиб чиқаман, қўлимга тушган китоб ёд бўлиб кетса-да, ўқийвераман. Яхши китоб ўқишдан ортиқ лаззат борми? Улар қалбда умид уйғотади”.
Қамоқдалик даврида ўқиган китоблари — Плутарх, Гомер, Цицерон, Суқрот, Декарт, Эрве Базен, Лев Толстой, Вилис Лацис, Жон Стейнбек, Эрнест Хемингуэй, Михаил Булгаков. Александр Солженицин, Федор Достоевский, Альбер Камю ва яна юзлаб улуғ ижодкорлар асарлари ҳақидаги мулоҳазаларни ўқиб ҳайратга тушасиз. Яна бир ҳайрат эса Мадиёр ака раҳбарлик пайтида ҳам, қамоқдалик пайтида ҳам китоб ўқишга ва улар хусусида мулоҳазаларини ёзиш учун қачон вақт топди экан, деган саволдан туғилади. Бугун эса биз одамларга мукофотлар бериб, машиналар совға қилиб ҳам китоб ўқита олмаяпмиз.
Мадиёр ака ҳаётининг охирги йилларида “Энди ёлғон гапиришга ҳаққим йўқ. Чунки бу ёлғонларни тузатишга бу дунёдаги ҳаётим етмайди. Оллоҳ олдига ёлғончи бўлиб боришдан қўрқаман”, деган гапни кўп такрорларди. Аслида бу инсон бутун ҳаёти давомида ёлғондан ҳазар қилиб яшаган. У ниҳоятда маданиятли инсон эди. Бировларга ёмонлик қилишни истамасди, қўл остидагиларни ҳақорат қилишдан, уларни урушишдан, ўзининг таъбири билан айтганда “тарбиясизлик қилишдан” тийиларди. Ҳаётда аҳлоқ-одоб борасида темир интизомга амал қилиб умр кечирганди. Ҳеч қачон енгил-елпи ҳаёт кечиришга интилмаган. Зеро, бундай ҳаёт кечиришга имкон ҳам бўлмаган. Шунинг учун қаерда, қайси соҳада бўлмасин тинимсиз меҳнат қилган, ўз ишига фидойилик билан қараган. Қилаётган иши ўзига ҳам, атрофидагиларга ҳам, халққа ҳам, юртга ҳам фойдаси тегишини ўйлаган. Нафақат унинг ўзи шундай фаолият юритган, балки раҳбар сифатида атрофидагилардан ҳам шуни талаб қилган. Бу хусусда “Умримнинг давоми” асарида шундай деб ёзади: “Раҳбарлик пайтимда сафдошларим менга ғалати одам деб қарашарди. Аслида менда ҳеч қандай ғалатилик хусусияти йўқ эди. Фақат ҳақиқатпарастлигим, борни бор, йўқни йўқ дейишим, бировларнинг, давлатнинг мулкига кўз олайтирганларга нисбатан қаттиққўллигим, худбин, ҳасадгўй, хушомадгўй кимсаларни ёқтирмаслигим баъзиларга хуш келмаслигини билардим. Мен амал қиладиган ҳаёт талаби ҳам шундай эди. Эътибор беринг, агар раҳбар бўлсангиз атрофингизга ишбилармон, тадбиркор, юрт корига ярайдиган одамларни йиғмай, хушомадгўй, ишининг тайини йўқ, юлғич, меҳнатдан қочадиганларни тўпласангиз бундай аҳволга халқ ҳам, юқори раҳбарлар ҳам узоғи билан бир-икки йил сабр қилади. Кейин ишдан кетишингиз тайин. Ёҳуд ношуд шогирдлар тайёрлаб, уларни раҳбарлик лавозимларига қўйсангиз, улар халқнинг аҳволини яхшилаш ўрнига янада оғирлаштирса, ёмон ишлар қилса, бу энди ўша ишга лаёқатсиз шогирднинггина эмас, сизнинг ҳам камчилигингиз бўлади. Бундай шармандалик аҳволга тушишдан Яратганнинг ўзи асрасин”. Мадиёр ака иш фаолияти давомида юрт ва халқ ишига яраган, фидойи меҳнатлари билан танилган юзлаб шогирдлар тайёрлади. Бу унинг бахти эди.
Мадиёр Худойберганов Хоразм вилоятида салкам 40 йилга яқин турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида фаолият юритди. Шундан 18 йилини воҳага бош бўлиб ўтказди. Унинг кўп йиллар раҳбар бўлиб ишлашининг сабаби ҳам меҳнатсеварлиги, адолатпешалиги билан боғлиқ эди. Гарчи ўтган асрнинг 60-йилларининг ўрталарида у бош раҳбарлик лавозимига қўйилганида Хоразм пахтачиликда “машъал” бўлиб танилган бўлсада, бошқа соҳаларда аҳвол ҳаминқадар эди. Шаҳар ва қишлоқлар эскича кўринишда, саноат корхоналари деярли йўқ эди. У ишни йўлларни обод қилишдан, шаҳар ва қишлоқларни қайта қуришдан, аҳолини табиий газ, электр энергияси билан таъминлашдан бошлади. Уч минг километрдан ортиқ марказий ва ички йўллар асфальт қилинди, юзлаб замонавий кўприклар барпо этилди. Салкам бир миллион аҳолининг уйларига табиий газ ва электр энергияси тортилди. Урганч ва Хива шаҳарларида бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Улар замонавий шаҳарларга айлантирилди. Мактаблар, техникумлар, олий ўқув юртлари, шифохоналар ва поликлиникалар бинолари қурилди. Вокзал ва аэропорт бинолари кенгайтирилди, аҳолига хизмат кўрсатиш сифати яхшиланди.
Мадиёр ака раҳбарлик қилган даврда воҳада 150 минг гектар янги ерлар ўзлаштирилди. Пахтачиликни ривожлантиришдан ташқари ўнлаб шоличилик ва чорвачилик хўжаликлари ташкил этилди. Хоразм республиканинг шоли етиштирадиган базаларидан бирига айланди. Саноат соҳасида ҳам ўзгаришлар юзага келди. Урганч ёғ-мой заводи, Эксковатор ишлаб чиқариш, Хива гилам тўқиш корхоналари, Пиллани қайта ишлаш, Донни қайта ишлаш комбинатлари, Туямўйин сув омбори, ГЭСИ, “Дўстлик-Урганч” ичимлик сув ўтказгич қувури, кўплаб пахта тозалаш заводлари воҳа саноатининг ривожини белгилаб берди. Хивада “Ичон қалъа” очиқ осмон остидаги музейга айлантирилди.
Албатта, бу ишларнинг ҳаммаси хоразмликларнинг фидокорона меҳнатлари эвазига амалга оширилди. Лекин бу ишларни амалга оширишда воҳа аҳолининг бошини қовуштирган, уларга етакчилик қилган Мадиёр Худойбергановнинг муносиб хизматларини ҳам унутмаслигимиз керак. Шўро давлати бу ишларни қилгани, воҳа аҳлига бош-қош бўлгани учун Мадиёр акани улуғлаши керак эди, аммо уни “Ўзбеклар иши” билан боғлиқ равишда порахўрликда айблаб, салкам 5 йиллик қамоқ жазоси билан “сийлашди”. Кўпчилик қатори Мадиёр ака ҳам қатағон жабрини тортди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин “Ўзбеклар иши” деб номланган қатағонда айбсиз айбдор бўлганларнинг номлари оқланди. Бироқ оқланганлар рўйхатида Мадиёр Худойбергановнинг номи эълон қилинмади. Бунинг сабабини билиш учун Мадиёр ака бир-икки ташкилотларга хатлар йўллади. Хатларга етарлича жавоб ололмагач бу ишларга қўл силтади. У билан суҳбатларимиздан бирида бу ишнинг натижаси тўғрисида сўрадим.
— Сабабини билмадим. Хат йўллаганим ташкилотлар ҳам бунинг сабабларини айтиб беролмади, — деди у. — Лекин мен учун оқлаш, оқланиш муҳим эмас. Мен учун бошқа нарса муҳим. Биринчиси, ўша азобли, ноҳақдан айбланиб жазоланганим Шўролар давлатининг қамоқхоналаридан соғ-омон юртимга қайтиб келдим. Иккинчиси, биласиз, одамларда, халқнинг дилида қамалган одамга нисбатан айбдор деган фикр, сўз пайдо бўлади. Қамалган одамни кўрганлар ўзини ундан четга олишга интиладилар. Мен ҳам қамоқдан чиққанимда одамлар, эл-юрт нима дер экан, ноҳақ айбдор қилинганлигимни билармикан ёки йўқмикан деган ўйлар исканжасида эдим. Яратганга минг қатла шукрки, жаҳаннам азобларидан қутилганда одамлар ҳурмат-иззат билан кутиб олишди. Кўнгил сўровчиларнинг кети узилмади. Бошқачароқ айтганда, менинг кимлигимни эл билди. Инсон учун бундан ортиқ бахт борми? Шундай экан, ўзи йўқ, бадном бўлган жамиятнинг, давлатнинг қоралаш ва оқлашларининг аҳамияти борми!?
Тўғри, эндиликда бу ёруғ оламни тарк этган Мадиёр Худойберганов учун номини оқлаш ва қоралашларнинг аҳамияти йўқ. Унинг номини оқлаш, ноҳақдан қўйилган айбдорлик жиноят ишини рад қилиш, бор ҳақиқатни юзага чиқариш бугунги ва келажак авлодлар учун зарур. Зеро, ҳаёти, фаолияти шўролар давлати билан боғлиқ кечган, шу давлатнинг хизматини қилган, лекин бутун умрини халқ, эл-юрт бахт-саодати учун бағишлаган инсонлар хотираси ҳамиша азиздир.
Бундай азиз хотиралар бизга ўтмишдан сабоқ бериб, яхши кунларнинг, истиқболли келажакнинг қадрига етишга ундайди.
Камол Матёқубов,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист