ADOLAT 24

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР: Ташқи сиёсат тамойиллари кучайтирилади

Маълумки, мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар қизғин давом этмоқда. Жорий йилнинг июнь-август ойларида бўлиб ўтган умумхалқ муҳокамасида Конституциявий қонун лойиҳасига юртдошларимиз 150 мингдан ортиқ таклиф билдирдилар. Ҳозирда ана шу таклифларни умумлаштириш ва кодлаштириш ишлари олиб борилмоқда. 

Параллел равишда жойларда Бош қомусимизга киритилаётган қўшимча ва ўзгартишларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказишга қаратилган тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Бундан ташқари, Конституциявий ислоҳотлар жараёни тўғрисида етакчи халқаро экспертларнинг фикрлари ва конс­труктив таклифларини олиш мақсадида халқаро жамоатчилик иштирокида турли тадбирлар ҳам ташкил қилинмоқда. Жорий йилнинг август-сентябрь ойлари давомида ана шундай тадбирлар Вашингтон, Нью-Йорк, Лондон, Варшава, Женева, Пекин, Сеул, Токио, Деҳли, Брюссель ва бошқа шаҳарларда бўлиб ўтди.

Умуман олганда, Конституциявий ислоҳотлар жараёни очиқ-ошкора ва тизимли тарзда амалга оширилмоқда. Энг муҳими, юртдошларимизнинг ҳар бир таклифи синчковлик билан ўрганиб чиқилмоқда. Албатта, бундан кўзланган асосий мақсад – мамлакатимиз аҳолисининг барча қатламлари манфаатларини Асосий қонунимизда акс эттиришдан иборат. 

Бош қомусимизнинг кўплаб моддалари қатори 17-моддага ҳам муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқдаки, улар мамлакатимиз ташқи сиёсатининг конституциявий асосларини янада мус­таҳкамлаш билан боғлиқдир.

Маълумки, амалдаги 17-моддада Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти экани, унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенг­лиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланиши қатъий белгилаб қўйилган.

Тан олиш керак, ўтган йиллар мобайнида Бош қомусимизда муҳрлаб қўйилган ушбу ҳаётбахш тамо­йиллар асосида мамлакатимизнинг ташқи сиёсати изчил ривожланди. Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро жараёнлардаги иштироки сезиларли даражада юксалди. Мамлакатимиз ўзининг изчил, прогрессив ва тинчликпарвар ташқи сиё­сати билан халқаро ҳамжамият эъти­рофига сазовор бўлмоқда.

Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва қоидалари Ўзбекистон Республикаси қўшилган бир қатор халқаро шартномаларнинг мажбуриятларидан келиб чиқади. Улар халқаро ва давлатлараро ташкилотларнинг таъсис ҳужжатларида, низомларида ва бошқа халқаро ҳужжатларда ўз аксини топ­ган. Шу пайтга қадар ўндан ортиқ норма ва қоидалар ишлаб чиқилганини таъкидлаш лозим. Уларнинг асосий манбалари сифатида БМТ Низоми (1945), Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон дек­ларацияси (1948), Халқаро ҳуқуқнинг принциплари тўғрисидаги Декларация (1970), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик Кенгашининг Якунловчи акти (1975) каби ҳужжатларни санаб ўтиш мумкин.

Конституциямизнинг 17-моддасини ташқи сиёсатга оид иккита янги принцип (“инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш” ҳамда “давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги”) билан тўлдирган ҳолда унинг 1-қисмини қуйидаги тарзда ифодалаш таклиф этилмоқда:

Ўзбекистон Республикаси халқ­аро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум­эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади.

Шу ўринда ушбу янги принцип­лар нима сабабдан айнан ҳозир киритилмоқда, нега улар шу пайтгача амалда бўлган Конституцияда ўз аксини топмаган, деган ҳақли савол туғилади.

Ушбу саволга жавобан шуни таъкидлаш жоизки, амалдаги Ўзбекис­тон Республикаси Конституцияси бундан 30 йил олдин қабул қилинган бўлиб, ўша пайтда давр ҳам, вазият ҳам тамомила бош­қача бўлган. Мустақилликнинг илк йиллари, яъни биз учун ниҳоятда оғир бир шароитда Конс­титуцияни қабул қилганмиз. Ўша пайтда давлат ва жамият олдида турган устувор мақсад ва вазифалар кўлами ҳам бошқача бўлиб, асосий вазифа эндигина қўлга киритилган мус­тақилликни сақлаб қолиш ва мус­таҳкамлаш, тоталитар совет тузимининг оғир асоратларини бартараф қилиш, миллий давлатчиликни барпо қилиш эди. Табиийки, бундай шароитда бир қатор муҳим масалалар Бош қомусимизга кирмай қолган эди. Хусусан, 17-моддада акс этган халқаро ҳуқуқнинг умум­эътироф этилган қоидалари ва нормалари ҳам тўлиқ бўлмаган.

Ҳозирда эса Конституциямизни замон талабларига ва руҳига мослаштириш, унга халқаро ва миллий тажриба асосида зарур ўзгартиришлар киритиш давр тақозосига айланди. Конституциявий ислоҳотлардан кутилган пировард мақсад ҳам аслида шу. 

Шу ўринда 17-моддага киритилаётган ҳар икки тамойилнинг мазмун-моҳиятига тўхталиб, шуни алоҳида қайд этиш жоизки, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш ҳам, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ҳам халқаро ҳуқуқнинг энг муҳим қоида ва нормалари қаторида туради.

Жумладан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш тамойилининг асоси халқ­аро-ҳуқуқий тамойиллардан бири сифатида шаклланиши БМТ Низомининг қабул қилиниши билан бевосита боғлиқдир. Мазкур Низомнинг муқаддимасида қайд этилишича, БМТга аъзо давлатлар “инсоннинг асосий ҳуқуқларига …, эркак ва аёллар тенг ҳуқуқлилигига…” содиқликни яна бир бор тасдиқладилар. Ташкилот аъзоларининг мақсади “ирқи, жинси, тили ва динидан қатъи назар, барча учун инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига ҳурматни рағбатлантириш ва ривожлантиришда” ҳамкорлик қилишдан иборат.

БМТ Низомининг 55-моддасида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қуйидагиларга ёрдам беради:

а) турмуш даражасини ошириш, аҳолининг тўлиқ бандлиги ва иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт ва ривожланиш учун шарт-шароитлар; …

c) инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини умумбашарий ҳурмат қилиш ва уларга риоя қилиш. Ташкилотнинг барча аъзолари ушбу моддада кўрсатилган мақсадларга эришиш учун Ташкилот билан ҳамкорлик қилиш орқали биргаликда ва мустақил саъй-ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини оладилар”.

Мазкур тамойилнинг мазмун-моҳияти 1948 йилдаги Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинлик­лари Умумжаҳон декларациясида, 1966 йилги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактда ва 1966 йилги Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактда ҳам аниқ белгилаб қўйилган бўлиб, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тўғридан-тўғри тартибга солиш ва уларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳар бир давлатнинг мажбурияти сифатида белгиланган.

Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги тамойилининг шаклланиши ҳам БМТ Низомининг қабул қилиниши билан чамбарчас боғлиқдир. У ҳар қандай давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий мустақиллигига қарши куч ишлатиш ёки куч ишлатиш билан таҳдид қилишни тақиқлайди. Ушбу тамойил кейинчалик 1975 йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик Кенгашининг Якунловчи актида анча ривожлантирилди. Мазкур ҳужжатда давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги тамойили ўзининг тўлиқ ифодасини топган бўлиб, унда қуйидагилар қайд этилган: “Иштирокчи давлатлар ҳар бир иштирокчи давлатнинг ҳудудий яхлитлигини эътироф этадилар. Улар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставининг мақсад ва тамойилларига зид равишда бирор-бир иштирокчи давлатнинг ҳудудий яхлитлиги, сиёсий мустақиллиги ёки бирлигига қарши ҳар қандай ҳаракатлардан, хусусан, куч ишлатиш ёки куч ишлатиш билан таҳдид қилишдан ўзларини тиядилар. Иштирокчи давлатлар бир-бирининг ҳудудини ҳарбий оккупация қилишдан ёки халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда куч ишлатишнинг бошқа бевосита ёхуд билвосита чораларини қўллаш ёки бундай чоралар билан таҳдид қилиш орқали қўлга киритиш объектига айлантиришдан ўзларини тиядилар. Бундай турдаги ҳеч қандай оккупация ёки қўлга киритиш қонуний деб тан олинмайди.”

Юқоридаги принциплардан таш­­қари, Конституциямизнинг 17-моддасини қуйидаги мазмундаги 2-қисм билан тўлдириш ҳам таклиф этилмоқда:

“Ўзбекистон барча давлатлар билан дўстона ва тинчликсевар ташқи сиёсат олиб боради”.

Конституцияга киритилаётган ушбу янги норма биз учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у, бир тарафдан, мамлакатимизнинг Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ҳозирги вазмин, изчил, прогрессив, конс­труктив ва тинчликсевар ташқи сиё­сатига тўлиқ мос келади. Иккинчи тарафдан эса, Ўзбекистоннинг дунёга очиқлигини, олдиндан башорат қилиш мумкин бўлган давлат эканини ва узоқ-яқиндаги давлатлар билан ҳамкорлик учун ҳамиша тайёрлигини ўзида яққол мужассам этади. Ушбу норма хорижий шерикларимиз билан муносабатларда сўнгги йилларда эришилган ютуқларни сақлаб қолиш ва янада мустаҳкамлаш имконини беради.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Конституциявий комиссия аъзоси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари

Tegishli xabarlar

ТЕРГОВДА АЙБЛАНГАН ШАХС судда оқланди

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ ЎТТИЗ БИР ЙИЛЛИК БАЙРАМИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЮҚОРИ САВИЯДА ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА

admin

Қадрнинг бозори қайда?!

admin