ADOLAT 24

Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш зарур

“Яна шифокорлар калтакланди”… “Тез ёрдам” ҳайдовчисига оғир тан жароҳати етказилди”… “Сурхондарёда ҳамшира аёл ўз фарзанди кўз ўнгида калтакланди”…

Кейинги вақтларда бу каби хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқаладиган бошқа янгиликлар сингари оддий ҳолга айланиб бормоқда.

Халқимиз азал-азалдан юксак маданият вакиллари сифатида дунё­нинг турли бурчакларида эътироф этилган. Жамоатчилик илм аҳлига, айниқса, шифокорларга эл корига яровчи зиёли инсонлар сифатида ҳамиша ўзгача эҳтиром кўрсатиб келган. Ўтмишда яшаган Амир Ҳусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ўз асарларида шифокорларни васф этиб, уларни эътироф этувчи ажойиб ҳикояларни ёзиб қолдирган. Айниқса, Алишер Навоий “Дор-аш-Шифо” номли шифохона очган, у ерда фаолият юритган ҳозиқ табибларга катта эҳтиром кўрсатган ҳамда уларнинг осойишта яшашига кенг имкониятлар яратган. Шунинг учун ўтмиш табибларидан бизга қадар минглаб тиббий асарлар етиб келган.

Афсуски, кейинги йилларда жамиятимизда шифокорларга нисбатан бирмунча нотўғри муносабатлар пайдо бўлаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Хизмат вазифаси юзасидан бемор хонадонига борган соғлиқни сақлаш ходимларига таҳдидлар, энг ачинарлиси эса тажовуз қилиш, уларга қасддан тан жароҳати етказиш ҳоллари кўпайди.

Шифокор ўз номи билан шифо улашувчидир. Улар инсонлар соғлиғи ва ҳаётини сақлашдек оғир, ўта масъулиятли ишга бел боғлаб, ўз ҳузур-ҳаловатларидан кечиш эвазига бўлса ҳам беморлар дардига дармон тутиш йўлида кунни-кун, тунни-тун демай хизмат қиладилар. Биргина инсоният бошига тушган коронавирусдек “кўринмас ёв” билан курашиш вақтида шифокорларимиз кўрсатган жасоратнинг ўзиёқ юқоридаги фикримизга яққол далил бўла олади. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, шифокорлар меҳнатини қадрловчилар қатори, машаққатли заҳматлари эвазига уларни оёқ ости қилишга уринувчилар ҳам йўқ эмас.

Ижтимоий тармоқларда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган воқеалар жорий йилда, устига-устак атиги бир неча кун фарқи билан кетма-кет содир бўлганлиги эса янада ачинарлидир.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йилги Мурожаатномасида бундай вазиятларга “Жамиятимизда шифокорларга нисбатан хунук ҳолатлар юз бермоқда. Бу жуда ёмон ҳолат. Шунинг учун шифокорларнинг шароитларини яхшилаш, уларнинг ўрни ва аҳамиятини кучайтириш, шифокорларга кўпроқ имкониятлар яратиб беришимиз керак”, дея билдириб ўтган муносабатларига қарамай, соғлиқни сақлаш ходимлари ҳали-ҳануз турли кўринишдаги таҳдид­ларга учрашда давом этмоқда. Ҳаттоки, зўравонларни оқловчилар ҳам топилмоқда. Тўғри, жамиятимизда ўз хизмат бурчига совуққонлик билан ёндашувчи шифокорларимиз борлигини ҳам тан олмай иложимиз йўқ. Бироқ, ҳар қандай вазиятда ҳам қонун барча учун баробар бўлиши, ҳар ким ўз қилмиши учун фақат қонун олдидагина тегиш­ли тартиб-қоидалар асосида жавобгарликка тортилиши лозим.

Сўнгги вақтларда соғлиқни сақлаш тизимида содир этилаётган воқеалар тиббиёт соҳасини битта ягона қонун ҳужжатлари асосида тартибга солиш зарурати мавжуд эканлигини кўрсатиб бермоқда. Чунки шифокор ва бемор ўртасидаги ҳақ-ҳуқуқлар бузилиши оқибатида турли низолар келиб чиқмоқда. Икки томон ўртасидаги муносабатларни қонун билан мустаҳкамлаш зарур эканлигини вақтнинг ўзи кўрсатиб бермоқда.

Партиямизнинг Сайловолди дастурида аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш соҳасига алоҳида аҳамият берилган бўлиб, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий этиш, дори воситаларининг ноқонуний айланишига тўлиқ чек қўйиб, қалбакилаштирилган, сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш билан бир қаторда тиббиёт ходими мақомини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш ва турли тазйиқларнинг олдини олишга хизмат қиладиган Соғлиқни сақлаш борасидаги алоҳида кодекс қабул қилиш орқали жамиятда вужудга келаётган муаммоларга ечим топиш мумкинлигига алоҳида эътибор қаратилган. Яхлит тиббиёт соҳасидаги ҳуқуқий база икки томон ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тартибга солиш билан бир қаторда инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши ўз электоратининг асосий қисмини ташкил этувчи соғлиқни сақлаш ходимларининг халқ ва қонун олдидаги мавжуд бурч ва мажбуриятларини алоҳида эътироф этган ҳолда, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳам ҳар томонлама тўлақонли ҳимоя этилиши керак, деб ҳисоблайди. Зотан, «қонун – устувор, жазо – муқаррар» бўлган жамиятдагина ривожланиш, тинчлик-осудалик ва барқарорлик бўлади.

 Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

Ижтимоий давлат —  муҳим конституциявий тамойил

admin

Бир шеър тарихи: ГУЛ МОМОГА АТАЛГАН «ЛОЛАҚИЗҒАЛДОҚ»

admin

Шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар имзоланди

admin