ADOLAT 24

Инсон ҳуқуқларининг адолатли ҳимояси

Замонамиз шиддат билан ривожланиб бормоқда, қисқа муддат ичида халқнинг онги, яшаш тарзи мутлоқ янгича қиёфа касб этди. Табиийки, Конституциявий ислоҳотлар бунга мос ва ҳамоҳанг бўлиб бориши лозим ҳисобланади. Ҳаракатлар стратегиясидан Тараққиёт стратегиясига ўтиш жараёнларида Бош қомусимизни “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида такомиллаштириш давр талаби экани барчага маълум. 

“Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўзининг электорати, кўп минг сонли аъзолари билан ҳамфикрликда Конституциявий ислоҳотларда фаол иштирок этишни мақсад қилган. “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан Конституциявий ислоҳотларда кенг жамоатчилик фикр-мулоҳазаларини ўрганиш мақсадида алоҳида тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ушбу режага мувофиқ жорий йилнинг 29 июль ҳолатига кўра “Адолат” СДП томонидан 3860 та тадбир ўтказилди.

Бу жараёнда партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари, вилоят ҳамда туман ва шаҳар кенгашлари ходимлари, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” қаноти, партия­нинг фаол аъзолари билан биргаликда иш олиб борилди. Партия Марказий аппарати томонидан “Ўзстандарт” агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Ўзбекистон Рес­публикаси Фанлар академия­­си, “Олима” аёллар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси академияси, Ўзбекис­тон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги “Ёшлар парламенти”, Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзо­лари билан ҳамкорликда тадбирлар ташкил этилиб, Конституцияга 4698 та таклифлар йиғиб олиниб умумлаштирилди. Таклиф беришда 25000 дан ортиқ иштирокчи фаол қатнашди. Конституцияга берилган таклифлар партия Марказий аппарати томонидан умумлаштирилиб, энг мақбул ва ўринли деб топилган таклифлар Олий Мажлис қонунчилик палатасидаги фракциясига тақдим этилди. 

Жумладан:  

– амалдаги Конституциянинг 4-моддасининг биринчи қисмига кўра “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”, деб белгиланган. Аммо шу кунга қадар давлат ва нодав­лат идораларида иш ҳужжатлари тўлиқ ўзбек алифбосида олиб борилмайди. Таълим муассасаларининг барчаси иш жараёнида крилл алифбосида иш ҳужжатларини юритишга мажбур бўлмоқда. Асосий қонунимизда ҳужжатлар қайси тил ва алифбо бўйича олиб борилиши кўрсатилмаган. Амалдаги норматив ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам бу ўз аксини топмаган. Шу туфайли Конституциянинг 4-моддасининг биринчи қисмига “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Рес­публикаси ҳудудида ҳужжатлар ўзбек тили ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида олиб борилади. Халқаро қонун ҳужжатларда назарда тутилган нормалар бундан мустас­­но” деб белгиланиши таклиф этилган. Бу эса ўзбек тили ва ўзбек алифбосининг мавқеини кўтаришга асос бўлади. Шунингдек, Конституциянинг 21-моддаси биринчи қисмига кўра “Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади” деб белгиланган, унга қўшимча равишда “Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилади ва фуқаролар ўзбекистонлик деб аталади” деган норма қўшиш таклиф этилган.

 Конституциянинг 26-моддаси биринчи қисмига кўра “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисоб­ланмайди”. Таклифга кўра “Жиноят содир этганликда гумонланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди”, деб белгиланиши керак. Мантиқан ўйлаб кўрадиган бўлсак ҳам шахснинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди, шу сабабли ҳам шахсга нисбатан айб аниқлангандан кейин суд томонидан айбдор деб топилади.

Конституциянинг 56-моддаси кўра “Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бош­­қа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади”, дейилган. Фикримизча, партияларнинг сиёсий куч сифатидаги мавқеини кучайтириш керак. Яъни, партияларнинг жамоат бирлашмаларидан устунлигини белгилаб қўйиш лозим.

Амалдаги Конституциянинг 68-моддасида “Ўзбекистон Рес­публикаси вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қиш­лоқлар, овуллар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидан иборат” тарзда белгиланган, аммо амалдаги маҳалла тушунчаси Конституцияга киритилмасдан қолган. Таклифга кўра 68-моддага “Ўзбекистон Республикаси вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, маҳаллалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек, Қорақалпоғис­тон Рес­публикасидан иборат” деган тарзда қўшимча киритилиши лозим.

Конституциянинг 40-моддасида “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, деб белгиланган. Биз ижтимоий ҳимоя­­га муҳтож аҳоли қатламларини инобатга олган ҳолда мазкур нормани “Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга” шаклида ўзгартириш тарафдоримиз.

Конституциянинг 41-моддасига қўшимча равишда ўқитувчи мақоми тўғрисидаги бандни киритиш зарур. Унда “Ўқитувчи-педагогларнинг ижтимоий-иқтисодий мавқеи, ижтимоий ҳимоя­­си давлат муҳофазасидадир, уларнинг шаъни, қадр-қимматини камситиш, соғлиғига путур етказиш ва касбий-педагогик фаолиятига асоссиз равишда аралашиш қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши” кўрсатилиши ҳамда ўқитувчи-педагог ходимлар шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлишлари белгилаб қўйилиши лозим.

Конституциянинг 63-моддаси 2-қисмида “Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади” де­йилган. Мазкур ўринда “Никоҳ эркак ва аёлнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асос­ланади”, деб белгиланиши каби бир қатор фикр ва таклифлар умумлаштирган ҳолда “Адолат” СДП фракция­­си орқали Конституциявий комиссияга киритилди.

Tegishli xabarlar

АЛДАНГАНЛАР

admin

Нон сотувчи қиз

admin

ТАБИАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ БОРАСИДАГИ ВАЗИФАЛАР КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

admin