ADOLAT 24

Ижтимоий давлатнинг муҳим шарти ва талаби янгиланаётган Конституциямизда акс эттирилади

Юртимизда қадим-қадимдан аср синовларига дош бериб келаётган боқий қадриятларимиз бор. Шундай қадриятларимиздан бири кам таъминланган оилаларга, шу жумладан, жисмоний ва ақлий имкониятлари чекланган инсонларга саховат, меҳр-мурувват кўрсатишдек муносабатларни ўз ичига олади. 

Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” тамойилини амалга ошириш, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари, шу жумладан, ногиронларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳамда касбий тайёргарлиги ва бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бу борада умумэътироф этилган халқаро меъёрлар ва стандартларни миллий қонунчиликка татбиқ этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги 5 йил ичида давлат раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги халқаро конвенцияни (НҲК) ратификация қилди, мамлакатимиз Осиё–Тинч океани минтақасида ногиронларнинг асл ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Инчхон стратегиясига қўшилди, “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги ҳамда “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий заиф тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Қолаверса, ногиронларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимоя ва тиббий-ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини жорий этишга янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш, шунинг­дек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида “Ногиронларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси” ташкил этилди. Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламларининг автоматлаштирилган ягона электрон реестри тизими яратилди.

Бугунги кунда ногиронларнинг ҳуқуқ­лари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинмоқда. Бироқ амалдаги Конституциямизда ногиронлар ёки имконияти чекланган шахслар ҳақида етарлича сўз юритилмаганлиги бугунги кунда умумхалқ муҳокамасидаги Конституциявий қонун лойиҳасида ушбу соҳага тааллуқли бир қатор янги бандлар киритилишига сабаб бўлди.

 Мазкур янгиланишларнинг биринчи гуруҳи Конституциянинг муқаддимасида ўз ифодасини топган ҳамда улар:

• Ўзбекистон ягона халқининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлигини мустаҳкамлаш;

• ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати, фаровонлиги ва манфаатлари ҳақида ғамхўрлик қиладиган инсонпарвар ва ижтимоий давлатни барпо этиш ва мустаҳкамлашга интилишни акс эттиради.

Янгиланишларнинг иккинчи гуруҳи Конституциянинг 39-моддасига киритилган:

• ҳар бир шахс кексайганда, ишга яроқсиз бўлганда, ишсизлик, ногиронлик, шунингдек, боқувчисини йўқотган ҳолатларда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга;

• давлат ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратади, давлат пенсиялари, нафақалари ва бош­­қа ижтимоий ёрдам турларини белгилайди. Шу билан бирга пенсиялар, нафақалар ва бошқа ижтимоий ёрдам турлари расмий равишда белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан паст бўлиши мумкин эмас;

• давлат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган, яхши уй-жой шароитларига муҳтож фуқароларни уй-жой билан таъминлайди, ногиронларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун зарур бўлган тенг шароитларни яратади;

• ногиронларга нисбатан ҳар қандай яккалаш, ажратиш, четлатиш, чеклаш ёки афзал кўриш, шунингдек, ногиронларга объектлар ва хизматлардан фойдаланиш учун шароит яратишдан бош тортиш тақиқланади.

Учинчи гуруҳга мансуб ўзгариш­лар Конституциянинг 40-моддаси нормаларида ўз аксини топ­ган:

• ҳар бир инсон соғлиқни сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга;

• фуқаролар қонунда белгиланган ҳажмда кафолатланган бепул тиббий ёрдам, шунингдек, тез ёрдам ва шошилинч тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга.

Тўртинчи гуруҳга мансуб ўзгариш­лар Конституциянинг 41- ва 45-моддаларида кўрсатилган ҳуқуқлар билан боғлиқ:

• махсус таълимга эҳтиёжманд ва индивидуал имкониятлари бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия ташкил этилади;

• давлат аҳолининг ижтимоий ҳимоя­­га муҳтож тоифаларининг ҳаёт сифатини яхшилашга, бошқа фуқаролар билан жамоат ва давлат ҳаётида тенг иштирок этишлари учун шароит яратишга ва асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради.

Бешинчи гуруҳга оид ўзгаришлар эса ҳукуматнинг мажбуриятларини мустаҳкамлайди (Конституциянинг 98-моддаси):

• ижтимоий ҳимоя, шу жумладан, ногиронларни ҳимоялаш тизимининг фаолият кўрсатишини таъминлаш;

• фуқаролик жамияти институтларини, шу жумладан, жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги иштирокини, ижтимоий шериклик дастурларини амалга оширишни таъминлайди. 

Жаҳон давлатларининг конституция­вий ривожланишини ўрганишга асос­ланган таҳлиллар шуни кўрсатадики, дунё мамлакатлари орасида ўз Конс­титуциясига ногиронлар тенглиги тўғрисидаги қоидани киритган биринчи мамлакат Канада бўлиб, унда: “Ҳар бир шахс ҳеч қандай камситишсиз, шу жумладан, ирқи, миллати, дини, жинси, ёши, ақлий ёки жисмоний нуқсонларидан қатъи назар қонун олдида тенгдир”, дейилади.

Германиянинг Асосий қонунида ҳам худди шу мазмундаги норма мус­таҳкамлаб қўйилган: “Ҳеч бир инсон ногиронлиги сабабли камситилиши мумкин эмас”. Қонунга кўра, ҳар бир фуқаро “реабилитация қилиш ва одатий ҳаёт тарзига интеграциялашиш ҳуқуқига эга”, мамлакатнинг Асосий қонуни қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларининг нафақат федерал даражадаги, балки барча маҳаллий федерал ерлар ҳамда жамоалар доирасидаги қуйи даражалари, шунингдек, турли жамоат идоралари ва муассасалари зиммасига барча тоифадаги ногиронларни “имкон қадар одатий ҳаёт тарзига киритиш, интеграциялаш” бўйи­­ча барча чораларни кўриш масъулиятини юклайди.

Ногиронларнинг ҳуқуқлари Венг­рия Конституциясида ҳам ўз акс топган: “Венгрия ҳар кимга камситишларсиз, хусусан, ирқи, танасининг ранги, жинси, ногиронлиги, тили, дини, сиёсий ёки бош­­қа эътиқодлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати, туғилиши ёки бошқа бирор мақомидан қатъи назар асосий ҳуқуқларни кафолатлайди”. Давлатнинг “алоҳида чора-тадбирлар орқали оилалар, болалар, аёллар, қариялар ва ногиронлар ҳимоясини таъминлаши” кўрсатилган.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар – Асосий қонунимизни замонавий воқеликлар билан уйғунлаштириш, ногиронларнинг имкониятларини халқаро стандартларга мувофиқ кенгайтириш, шунингдек, уларни жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларига фаол жалб этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. 

Янги Ўзбекистонда яратилган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар фуқароларнинг, жумладан, барча тоифадаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг, хусусан, ногирон аёллар ва ногирон болаларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга имкон яратишига ишонаман.

Tegishli xabarlar

Ҳаётнинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартиришни тақозо қилмоқда

admin

ЭРТАГА НИМА БЎЛАДИ?

admin

Янгиланаётган Конституция тадбиркорга эркин ишлаш имконини беради

admin