ADOLAT 24

Гулираъно Маъсудова: “Ёнма-ён туриб ҳам соғинардик”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби, кино, театр ва дубляж устаси, халқимиз севган актёр Фатхулла Маъсудовнинг севимли рафиқаси, Тошкент шаҳридаги 509-сонли МТМ­нинг тажрибали тарбиячиси Гулираъно Маъсудова билан суҳбатимиз унинг актёр билан ўтган 32 йиллик сермазмун, серфайз ҳаё­­ти, ибратли умр йўли ҳақида бўлди.

– Гулираъно, ёши улуғлар янги турмуш қураётган ёшларни “Юлдузи юлдузига ярашсин”, дея дуо қилишади. Бу ибора сизларнинг ҳаётингизга нечоғлик дахлдор?

– Бувижоним раҳматли ҳамиша уйга совчилар келса, аввало “Юлдузи юлдузига тушсин” деб дуо қилардилар. 

Мен бу борада омадлиман. Яратганга минг шукрона-ки, бувижонимнинг ва қўл очиб, юлдузимиз юлдузимизга тушишини сўраганларнинг дуолари ижобат бўлган. Гарчанд баъзиларга ўхшаб бир-биримизни севиб-севилиб эмас, балки катталарнинг ақлу заковати ва танловини ҳурмат қилган ҳолда умр йўлларимизни бирга давом эттирган бўлсак ҳам, бир-биримизга меҳримиз тушган.  

– Юртдошларимиз севиб томоша қиладиган, таъбир жоиз бўлса, ҳар бир эпизоди ёд бўлиб кетган “Ўтган кунлар” киносида Зайнаб, “Баҳор қайтмайди” видеофильмида Муқаддам ва Алимардон Тўраевларнинг образини қойилмақом қилиб, маромига етказиб ўйнаган актёрлар Гулчеҳра Саъдуллаева ва Лутфулла Саъдуллаевларнинг фарзандисиз, машҳур оилада камол топ­гансиз. Нима деб ўйлайсиз, Маъсудовлар оиласи сизни келинликка танлашганида шу томонларига эътибор қаратишганми?

– Йў-ў-ўқ, бунинг ўзи бир ҳикоя. Тошкент давлат педагогика институтининг педагогика ва психология факультетининг мактаб­гача таълим йўналишига ўқишга кирдим. У пайтлар мандат ўтгач, сабзавот теришга олиб кетишар эди. 17 ёшман ўшанда. Осмон тунд, ёмғир томчилаяпти, бошимга тоғорани кийиб олганман, қизлар билан қиқирлашиб кетаяпмиз. Орқамда отам йиғма кроват билан чемоданимни кўтариб келаяпти. Худди шу ҳолатимиз Фатхулла Маъсудовнинг мени кўришга келишларига тўғри келган экан. Институтимиздаги бир таниши мени, яъни эндигина талаба бўлган қизни тавсия қилган экан. У мени кўриб, отасига “Бу қизнинг орқасидан анави актёр келаяптию, мен актёрнинг қизига уйланмайман”, деганлар. “Мен эртага буларнинг орқасидан обрў орттиргандай бўлиб қоламан-ку” деб, менга уйланишни рад этган эканлар. Қайнотам “Аввал сен кўргин, актёрнинг қизи бўлса нимаси ёмон, аксинча, сени тушунади”, дебдилар. Кейин яна келдилар, ҳарбий хизматдан келган, чиройли, маданиятли йигит, ёқтириб қолган бўлсам ҳам “Ўғил болалар билан гаплашмайман” дедим. Индамай кетдилар. Пахта йиғим-теримига кетаётганимизда ҳам келдилар. Уялиб яна гаплашмадим. Катта залда ўтиладиган дарсларимизни дераза ортидан кузатардилар. Танаффусда ҳам: “Устозларим кўриб қолса, нима деб ўйлайди”, деб гап­лашмасдим. Мени уялмасин деб гулларни афиша қоғозига ўраб опкелардилар. Охири онасига шикоят қилибдилар: “Бу қиз мен билан гап­лашмаяпти. Тўйдан кейин нима қиламан? Мени ёқтирмаяпти, шекилли”, десалар онаси: “Қўявер, тўйдан кейин гапириб кетади”, деган эканлар. Юборган совчиларига ота-онам “Ҳали қизимиз 17 ёш, 2 йилгача узатмаймиз, ўғлингизни уйлантираверинг” дейишса, “кутамиз” дейишган ва сўзларининг устидан чиқишди. Отам Ёдгор амаким билан ишлашини билиб, ундан суриштирса, “Тарбияли, одобли йигит, ҳамиша қўли кўксида, Гулираънони шу йигитга беринг”, деган эканлар. Ишқилиб, 2 йилдан кейин ЗАГСга ариза топширишга бордик ва иккаламиз илк бор кинога тушдик. Қандай кино денг? Сталиннинг репрессияси ҳақида! Кино тугагунича зерикиб, бўларим бўлган. Ўшанда илк бор гаплашганмиз. Кейинги учрашувимиз тўйимизда бўлган.

– Ота-онангиз санъаткор бўлганлари учун кўпроқ ижодий сафарларда юришгани табиий ҳол. Бу сизни оилага, ҳаётга тайёрлашда қандай таъсир кўрсатган? Янги оилада ўз ўрнингизни топишда қийналмадингизми?

– Тўғри, ота-онам санъаткор бўлганлиги учун кўпинча ишда ёки сафарларда бўлишарди. Аммо биз ҳеч қачон ёлғиз қолмаганмиз. Ҳамиша укам Сарвар билан иккаламиз онамнинг онаси – бувижонимнинг назорати остида эдик. Бувижоним озода, ораста, китобсевар бўлиш билан бирга, биз невараларининг тарбиясига катта масъулият билан қарайдиган, қаттиққўл, талабчан аёл эдилар. Менинг китобга муҳаббатим улар туфайли бўлса керак. Бунинг устига қиз бола билиши керак бўлган ҳар бир юмушни эринмасдан ўргатарди. 

Маъсудовлар оиласидаги 4 нафар ўғилнинг каттасига келин бўлиб тушганимда 19 ёшда, бунинг устига талаба эдим. Қайнотам Ҳусанбой ака Тошкент давлат педагогика институтининг география факультетида ишлар, жуда маданиятли, меҳрибон, бамаъни инсон эди. Ойижоним 1-марказий дорихонада доришунос бўлиб ишлардилар.Ишонасизми, хўжайиним тўққиз кунлик келинчакни ташлаб, 38 кунлик сафарга кетганлар. Кулгили бўлса ҳам айтай: у киши келганларида мени танимай қолишларига оз қолган: адажоним билан ойижоним мени ер-кўкка ишонмай, едириб-ичираверганлари учун роса семириб кетганман… 

Тўғрисини айтиш керак, таом тайёрлашни яхши билмасдим. Биринчи марта овқат қилганимда шўр қилиб қўйсам, ширин бўпти, деб мақтаб-мақтаб ейишган. Шўр қилганимни эса ойижоним мени моҳир ошпаз қилганларидан сўнг айтиб беришган.  

– Ота-онасининг, яқинларининг меҳр-оқибатлилиги турмуш ўртоғингизга ҳам ўтган бўлса керак? 

– Оиламнинг беги нафақат бизга, барчага меҳрли, қалбидарё, меҳри уммон, оилапарвар инсон эдилар. У кишида буюклар даражасида гўзал хислатлар, фазилатлар мужассам эканлигини энди янада чуқурроқ ҳис қилаяпман. Жуда оилапарвар, самимий дўст, фарзандларига маслаҳатгўй, меҳрибон ота эдилар. Ҳеч қачон бизларсиз дам олишга чиқмасдилар. Бирон жойга айланишга чиқмоқчи бўлсак, албатта, қайнонам­ни ҳам бирга олиб кетар эдик.  

Хўжайиним укаларини, жигарларини жуда қадрлар, яхши-ёмон кунларида ҳамиша ёнларида бўлиб, қувончу ташвишларига елка тутардилар. Улар бирга ўтиришса, беғубор, самимий, иноқликларини кўриб яйрардим, ҳавасим келарди.

Уларнинг ишдан келиши ҳаммамиз учун байрам бўлиб кетарди. Ҳаттоки, уйимиз қўнғироғи чалинса, ўғлим билан талашиб эшикни очишга шошардик. Ўғлим ёш, чаққон бўлгани учун мендан олдин етиб бориб, эшик очса ранжирдим. Мен “бу менинг вазифам, остонадан ҳатлаб кирганларида хожамнинг кўзлари менга тушиши керак”, деб ўйлардим. 

Жуда силаи раҳмли инсон эдилар. Уйимизга ҳар куни сутчи опа сут олиб келарди, аммо оиламиздагилар дўконнинг сутидан ичар, опа олиб келган сутдан ҳеч ким ичмасди. Фатхулла акам эса опани чақириб, сут оларди ва устига қўшимча пул ҳам бериб юборардилар. “Ким ичади буни?” десам, “Мен ичаман, менга пишириб беринг­лар”, дер эдилар. Улар оламдан ўтганларидан кейин келинимга “Дўкондан сут олманг, энди биз ҳам адангиз ичадиган сутдан ичамиз”, дедим…

Одамларни мансабига, кийим-бошига ёки бой-камбағалига қараб ажратмас, ёрдам сўраб келган одам ким бўлишидан қатъи назар, ҳожатини чиқарар эдилар, зарил одамга уй олишга ёрдам берганларини, ногирон болали аёлга ҳар ой маошларидан пул ўтказиб туришларини, бир ночор одамнинг томини ёпиб берганларини… Ўтганларидан кейин келиб айтиб беришди.

– Ота-онангиз каби санъаткор бўлишни орзу қилмаганмисиз? 

– Ота-онамни, уларнинг касбини жуда ҳурмат қиламан. Лекин негадир уларнинг касбига қизиқмадим. Аммо мен бадиий китобларни кўп ўқиган, ўз дунёси билан, ўз оламида яшайдиган қиз эдим. Ҳаттоки, собиқ тузум давридаги тарғибот ва китоблар таъсирида кўзи ожиз, юролмайдиган ногирон бир йигитга турмушга чиқиб, уни парвариш қилсам, деб орзулардим. Аммо у пайт­ларда қиз боланинг фикри инобатга олинмас ва ҳатто сўралмас ҳам эди. Болаларни яхши кўрганим учун болалар парвариши билан боғлиқ касблар – педиатр ёки тарбиячи бўлсам, дердим, САМПИга кирмоқчи бўлганимда, бувим рухсат бермаганлар, қиз бола учун ўқитувчилик ва боғча опалик маъқул, деганлар қатъий тарзда. Шу билан тақдирим болалар билан боғланган. 

– Актёрни ҳар бир ўйнаган роли, яратган образи орқали юртдошларимиз яхши кўради, ҳурмат килади. Аммо унинг ўзи қандай инсонларни ҳурмат қиларди? “Ёмон одам” иборасини кимларга нисбатан ишлатар эдилар?

– У кишининг луғатида бундай иборанинг ўзи йўқ эди. Улар ҳеч қачон ҳеч кимнинг салбий томонини гапирмаганлар, бировларни муҳокама қилганларини ҳам эшитмаганман. Гапирсалар, фақат ибратли томонини гапирардилар. Мен гапирадиган бўлсам ҳам бировнинг камчилигини гапириш яхши одат эмаслигини, ғийбатнинг ҳукми ёмонлигини чиройли тарзда тушунтирардилар. “Аслида ҳар бир ёмонлик ортида яхшилик бор, унинг ҳаётида нимадир бўлган бўлиши мумкин, кўнглидагини билмай туриб, бировга баҳо бериб бўлмайди. Ҳар бир инсонда, ҳар қандай вазиятда яхшиликни кўра билиш лозим”, дея уқтирардилар.

– Эркакларнинг баъзилари оилада ота мавқеи юқори бўлсин деб, фарзанд­лари билан масофа сақлайди, улар билан кўпинча аёли орқали гаплашади. Бундай оилада отанинг ҳар бир сўзи қонун даражасида қабул қилинади. Баъзи оталар эса фарзандлари билан яқин дўст, сирдош бўлишади. Актёр оилада қайси тоифага мансуб ота эди?

– Фарзандлари учун яқин дўст каби сирдош эдилар. Ота билан боланинг орасида сир бўлмаслиги, бола ҳар доим ички муаммосини отасига айтиб, маслаҳат ва ёрдам олиши лозим, шундагина ҳаётда қоқилмайди, деб ҳисоблардилар. Уч боласига ҳам бирдек меҳр берар, ўғилларини эса кичкиналигидан “Ўғил бола отаси билан юриши, ҳаётни, эркаклар муносабатини, отасининг хатти-ҳаракатини, муомала маданиятини ўрганиши керак”, деб бозорга ёки устага кетсалар ҳам ёнларида олиб юрар эдилар. Ўғилларининг ўтиш давридаги ҳар бир ўзгаришини тез илғаб олар ва “Сенинг кўринишинг менга ёқмаяпти, нима дардинг бор? Қани бир бош­дан гапир-чи!” деб, алоҳида гаплашиб, уларнинг ичидагини билиб олар ва тўғри йўлга солиб юборар эдилар. Лозим топса қаттиқ жазолардилар ҳам. У киши ҳаётлигида болаларимдан кўнглим хотиржам эди. Чунки иши, ташвиши қанчалар кўп бўлса ҳам қайси боласи, қайси яқин кишиси қаерда, нима билан машғул эканидан хабардор бўлиб турардилар. Ишлари қанчалик кўп бўлмасин, уч фарзандимиз, тўрт неварамиз, куёв ва келинларимизнинг бирортасини эьтибордан четда қолдирмас, улар билан суҳбатлашишга, меҳр кўрсатишга, қувончу ташвишини эшитишга, лозим бўлса ёрдам беришга вақт топа олар эдилар. Кичик ўғлимнинг айтишича, бир кунда йигирма марта қўнғироқ қилиб, у билан гап­лашган вақтлари ҳам бўлган экан. Келинларимизга отини айтиб чақирмасдилар, “жоним болам, жоним қизим, мана буни еб олинг, мана бу совғани олиб қўйинг, сизга опкелдим”, дердилар.

– Актёр санъат учун туғилгандай эди гўё. Қайсики образни талқин этмасин, ўша роль моҳиятини тўла очиб бера олар, томошабин, албатта, ё нафратдан ёки муҳаббатдан кўзига ёш оларди. Саҳнада акс эттирган роллари шу қадар самимийлик касб этардики, гўё ўзи шу ҳаётда яшаётгандай эди. Салбий образ яратадими, ижобийми — кўзларидаги меҳр ёки қаҳр овозидаги сеҳр билан қоришиб, мукаммаллик даражасига етарди. Актёр бу даражага етиши учун ўз устида тинмай ишлаши керак, бошқа нарсаларга вақти ҳам қолмаса керак, деб ўйлайди одам…

– Ҳа, табиатан меҳнатсевар бўлиб, 24 соатнинг 4-5 соатинигина дам олиш билан ўтказар, қолгани меҳнат, ижод ва ибодат билан ўтарди. Болалигидан жуда ҳаракатчан бўлиб, радиога, драма тўгарагига ва бокс машғулотига қатнаган эканлар. Спорт мусобақаларининг шаҳар ва республика босқичида анча ютуқларни қўлга киритганлари учун келажакда у кишидан тренерларининг умидлари катта экан. Аммо ўрта мактабни тугатаётганларида олдидаги икки йўлдан бирини танлашлари лозим бўлган: спорт ёки санъат. Фатхулла акамнинг иккинчисига бўлган муҳаббати устунлик қилиб, санъат йўлидан кетишга қарор қилган эканлар. Спортсеварлиги соғлом умр кечиришларига замин бўлди. Уйда ҳам спорт анжомлари бор, шароит яратилган. Ҳар куни тонгда, албатта, спорт машғулотларини бажариб, кейин ишга отланардилар. Ўғилларимизнинг ҳам спорт билан машғул бўлишларига, ҳатто катта ўғлимизнинг олимпия заҳиралари коллежида таҳсил олишига ҳам отасининг спортсеварлиги сабаб бўлди. Чунки ота-онанинг ҳар бир ҳаракати бола учун тарбия-да. Актёр бўлмаганларида албатта, боксчи бўлардилар, деб ўйлайман.

Бундан ташқари, қўли гул пазанда бўлиб, бир кун уйда бўлсалар ҳам, албатта, бирон тансиқ таом тайёрлашни яхши кўрардилар. Таом тайёрлаш услубини мени, қизимни, кейинчалик келинларимни ёнларига чақириб, эринмасдан ўргатар эдилар. Қозонбошидан жилмасдан туриб, завқ билан овқат тайёрлардилар. У киши тайёрлаган таомни мазаси оғзингизда қоларди. Овқат пиширмас эдилар – ижод қилардилар гўё.

– Ҳар қандай бахтиёр инсоннинг қалбида ҳам бир кемтик жойи бўлиши мумкин. Умр йўлдошингиз ибратли хислатларга эга бўлиши билан бирга жуда кўркам инсон эди. Уни чиройли актрисалардан, партнёрларидан, “ёпишқоқ” мухлисаларидан қизғонармидингиз? Турмуш ўртогингиз-чи? Сизни рашк қилиб, муносабатларингизга путур етган вақтлари ҳам бўлганми?

– Рашк – бу шахсий масала. Шундай бўлса ҳам жавоб бераман. Қизғанганман, лекин буни ошкор этмаганман, ичимда сақлаганман. Ёшлигимизда бир гал спектакл­­да қандай сабр билан ўтирганимни билмайман, ташқарига чиқиб йиғлавордим… Ўшанда “Сен мени рашк қилдингми?” деб роса хурсанд бўлганлар. Чунки менинг туйғуларим яширинлиги учун, “ота-онаси мажбуран менга узатишган, мени севмайди”, деган хаёлда юрар эканлар-да. 

Аммо ўзимни, ҳаётни англаш ёшига етганимда буларнинг барчаси касб тақозоси эканлигини яхши тушунганман. Раъно Ярашева, Зуҳра Ашурова каби партнёрларига ҳурматим чексиз. Дилноза Кубаева-ку менинг ҳаётдаги идеалим. Ундаги қувноқлик, хушчақчақлик менда йўқ. Шундай ажойиб, самимий аёллардан рашк қилиб бўладими?! Ишонасизми, турмуш ўртоғим театрга директор бўлгач, уларни аёллардан эмас, кўпроқ телефондан қизғанадиган бўлдим. Чунки кечки пайт оила даврасида, болалари, неваралари билан дийдорлашиб, суҳбатлашиб ўтиришга имкон бермасди шу телефон. Гоҳ устозлари, гоҳ шогирдлари, гоҳо мухлислари, танишлари, жамоасидагилар… Ҳаммасининг бир дарди, муаммоси бўларди, ёрдам сўрашарди. Ҳеч кимнинг кўнглини оғритгилари келмас, ёрдам бергилари келарди. Айниқса, пандемия даврида – бир ходимининг ўзи, бирининг яқини ковид бўлган, касалхонада жой йўқ, ёрдам беринг, дейишарди. Бир кишининг муаммосини ҳал қилиш учун бу киши қаерларгадир қўнғироқ қилардилар, илтимос қилардилар, асаблари чарчар эди. Мен эса уларни аягим, асрагим келарди. Ҳатто баъзида маслаҳатли иш чиқиб қолса, ”майли, аданглардан сўрайлик”, деб чарчаганларини кўриб, ҳафталаб кутишга тўғри келарди. “Адаси сиз театрга раҳбар бўлсангиз ҳам бизнинг оиламиз бошлиғисиз-ку, бизнинг ҳам сиз билан гаплашгимиз келаяпти, невараларингиз соғинаяпти сизни”, дердим. “Хўп ойиси”, дердилар, асаб­лари толганини кўриб, индамай қўлларини ушлаб ўтирардим. Шу-у… қўлларимиз, нигоҳларимиз гаплашарди холос… Бу ҳолатни рашк деб аташ мумкин бўлса, мен шундай рашк қилардим. 

Кейинги йилларда нигоҳларимиз тўқнашмаса ҳам бир-биримизни яхши тушунардик, ёнма-ён туриб ҳам бир-биримизни соғинардик.

– Бирон ролни яратишда турмуш ўртоғингизни қўллаб-кувватлармидингиз ёки қаршилик қилган вақтларингиз ҳам бўлганми? Балки у киши ўйнайдиган ролларга унинг касбий фаолияти сифатида қараб, унчалик эътибор бермагандирсиз?

– Ҳар бир ролни ижро этишларидан олдин сценарийни олиб келиб, “Ойиси, ўқиб кўргин”, дердилар. Бу балки менинг санъатга яқин бўлганим учунми ёки менга бўлган ҳурмату ишончлари учунми, билмадим. Ўқиб, ўз фикрларим, мулоҳазаларимни айтардим, улар ҳам кўнглидагини айтардилар. Ҳеч қачон, ҳеч қайси ролни ўйнаманг, демаганман. Чунки актёрнинг вазифаси берилган образни очиб бера олиш… 

Аммо бир гал сценарий менга ёқмаган. Бу киши бош қаҳрамон ролида эканлар. Қаҳрамон новвой бўлиб, икки аёли бор. Нов­вой кичик хотинини яхши кўради. Кичик хотинининг мактабни тугатаётган қизининг севган йигити бўлиб, юзи шувут бўлиб қолади… Кино шу воқеалардан бошланади. Бу мавзуни мен ҳеч ҳазм қила олмадим, менга ёқмади. Шунда умр йўлдошимга: “Адаси, жон адаси, шу ролни ўйнаманг. Бу сизнинг ролингиз эмас, нега экранга бу мавзуни олиб чиқишаяпти? Қанча ибратли оилалар бор. Шуларни кўрсатишсин. Ҳаётнинг бундай чиркин томонларини кўрсатиш шартмас. Бу фильмни қанча ёшлар томоша қилишади. Уларнинг ҳам фикрини бузмайдими бундай кино? Шундоқ ҳам телефон, интернет ёшлар онгини заҳарлаб ётипти. Илтимос, шу ролни ўйнаманг, бу рол сизга тўғри келмайди…” – деб ялиндим. Аммо у киши “Мен ваъда берганман, энди сўзимдан қайта олмайман, съёмка гуруҳи Тошкент вилоятига жўнаб кетган. Улар мени кутишаяпти”, деб кетдилар. Роль муваффақиятли чиқди, дейишди, гарчанд шамоллаб қолиб, кинони охиригача етказа олмаган бўлсалар ҳам… 

Шу ролларини Санжар Саъдуллаев овозлаштирди. Аммо бу турмуш ўртоғимнинг сўнгги иши бўлиб қолди… 

– Актёр театр директори лавозимига тайинлангач, одамларнинг унга муносабати ўзгардими? Унинг атроф­дагиларга қараши-чи?

– Албатта, кутилмаганда оддий актёрликдан директорлик даражасига кўтарилгач, атрофларида одамлар жуда кўпайди, бу табиий ҳол. Вақтларини театрга бахшида қилдилар, бор имкониятларни ишга солиб, ходимлар орасидаги муносабатларни яхшилаб, уларни жипслаштириб, кўпроқ спектакллар яратишга, атрофдагиларни кўпроқ тушунишга, уларнинг барча муаммоларини ечиб беришга ҳаракат қилдилар. Раҳбар бўлсалар ҳам биринчи навбатда актёрман, дер эдилар, ижод қилишдан бир зум ҳам тўхтамадилар.

– Умр йўлдошингизнинг қайси хис­латлари фарзандларингизда кўринади?

– Қизим Гулнозада тўғрисўзлиги, тез ва тўғри қарор чиқариб, ишни охиригача етказишида; Ҳабибуллоҳда меҳрлилиги, барчага ёрдам беришни хоҳлаши, ишонувчанлигида; кичик ўғлимда ғазал ўқиш санъати, ўз ролларини тез ёдлаш қобилиятига эгалиги, яратаётган образи моҳиятини кўз қарашларида ҳам акс эттириши, ўзини тутиши, ҳис-ҳаяжонини кўриб, саҳнада отасини кўргандай бўламан. Оилада фарзандларимнинг ҳар бир хатти-ҳаракати отасига ўхшайди, ҳатто невараларимнинг баъзи қилиқлари бобосини эслатади. От изини той босади, дегани шу экан-да… 

– Умр йўлдошингиз сизга саҳнада туриб, севги изҳор қилган, деб эшитганман. Шу тўғрими?

– Ҳали болаларимиз 7-8 ёш пайтлари эди. Мен уларга нуқул: “Ҳеч менга севги изҳор қилмагансиз-а”, дейверардим. Улар эса: “Э-э, менинг шунча хатти-ҳаракатларим, меҳрибонлигим сени севганим учун эмасми?” десалар, “Йўқ, бу бошқа нарса”, дердим. Ёз фасли. “Туркистон” концерт залида қандайдир байрам тадбири ўтказилаётган бўлиб, уни бутун Ўзбекистон халқига намойиш қилишаётган, Мадина Мухторова билан Фатхулла ака шу байрам кўрсатувининг бошловчиси эдилар. Икки болам билан мен ҳам залда ўтирибман. Бир пайт хужайи­ним кўзлари билан залдан мени топиб, қулоғимга таниш шеърни ўқий бошладилар:

Кимларга ёмонман, сенинг яхшингман,

Пешонангга битган ўтлиғ нақшингман, 

Юртим, халқим, деб юраги ёнган бир бахшингман,

Гулираъно, мен сени Аллоҳ учун севаман!

Нақ беш куплетдан иборат шеърни жаранглатиб ўқидилар. Тўғри, тамошабинлар Гулираъно мен эканимни, у кишининг турмуш ўртоғилигимни, улар орасида ўтирганимни билишмади ҳам, аммо мен ҳаяжонланиб, уялиб, ғалати аҳволга тушдим. Концерт тугаши билан ўғлим Ҳабибуллоҳ отасининг ёнига чопиб борибди. Парда ортига ўтиб, отасига қараб: “Ада, ада, нега унақа дедингиз?”, дермиш. “Нима дедим?”, десалар, “Уятсиз гап гапирдингиз”, дебди. Хўжайиним: “Нима дедим?”, десалар, “Онамга севаман дедингиз, уялиб кетдилар, бошқа унақа гап гапирманг”, дермиш! Шу билан машинага ўтириб, уйга кетар эканмиз, орадан ўн дақиқалар ўтгач: “Раҳмат, дадаси”, дедим. У кишининг эса мамнун ҳолда: “Мен сенга бутун Ўзбекистон олдида севги изҳор қилдим, шуни эсингдан чиқарма!” деганлари ҳанузгача қулоғим остида жаранглайди.

– Актёрни қўшиқ, мақомларни маромига етказиб куйларди, дейишади. Оила даврасида, яқинлари орасида ҳам қўшиқ айтармиди?

– Болаларим кичиклигида менга “алла айт­гин”, дердилар. Мен эса жудаям уятчан бўлганим учун айта олмасдим. Шундай паллада ўзлари бир чиройли овозда алла айтиб, болаларни ухлатиб қўярдилар. Баъзан оилада, баъзида қудаларимиз билан дам олишга борганимизда, ашула айтиб бериш­ларини илтимос қилардим. Актёр бўлсалар ҳам “Йўғ-эй, уят бўлади”, деб қизариб кетардилар, ҳоли-жонларига қўймай қистасак, чиройли нафасда, мафтункор овозда гоҳ торда, гоҳ рубоб ёки гитарада, баъзида тарелкада куйлардилар. Овози жуда ширали эди. Ҳозир отасининг овозлари кенжа ўғлимга ўтган, чиройли нафаси, ширали овози бор.

Бугун телефонимда уларнинг сурати, қўнғироқларимда менга атаб айтган шеърлари.. Ҳар куни неча марта қўнғироқ келса, шунча марта у кишининг овозини эшитаман. Бу менга яшашга куч беради. Улар Оллоҳнинг менга берган буюк мукофоти эдилар. Ҳар куни уларнинг овозларини эшитиб, нафасларини ҳис қилиб тураман.

– Ҳаётдан, хатолардан, муҳаббатдан, бахтли турмушдан… олган хулосаларингиз…

– Ҳар бир оннинг, ҳар бир куннинг, ҳар бир инсоннинг қадрига етишни, хўжайинимга ўхшаб одамларни, оламни севишни, кечиримли бўлишни ўргандим. Уйларимни тўлдириб турган невараларимнинг борлигидан шукронада бўлишни, касбимдан, болаларим, яқинларим борлигидан, ҳатто сувларнинг шарқираб оқишидан, дарахт баргларининг шитиридан завқланиб яшашни ўргандим. 

Гулираъно Маъсудова халқ севган санъаткорни бахтли қилиш, ўзи эътироф этганидек, ижодини қўллаб-қувватлаб, санъатининг, овозининг ошиғи бўлиб яшаш, унинг вафодор ва меҳрибон аёли сифатида санъат тарихига дахлдор бўлиш бахти насиб қилган аёлдир. Бундай толе ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Элимизнинг севимли актёри Фатхулла Маъсудов эса яратган роллари орқали, гоҳ деҳқон, гоҳ шифокор, гоҳо ҳақиқат посбони қиёфасида эзгулик, табассум барқ урган чеҳраси, меҳрга тўла овози, ибратли образлари сиймосида ҳар куни хонадонимизга кириб келаверади ва бизни, яъни, ўз мухлисларини яхшиликка, ёрқин келажакка бошлайверади.

“Adolat” мухбири Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди.

Tegishli xabarlar

Қоидани бузганларга жазо чорасини кучайтириш вақти келди!

admin

ЎЗБЕКИСТОН – ХИТОЙ: САМАРАЛИ МУЛОҚОТЛАР, ИСТИҚБОЛЛИ ТАШАББУСЛАР – МУШТАРАК МАҚСАДЛАР ИФОДАСИ

admin

ТУРКИЯ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ МАМЛАКАТИМИЗГА ТАШРИФИ САМАРАЛИ ВА МАЗМУНЛИ БЎЛДИ

admin