ADOLAT 24

Тарихга ошно адиб

Таниқли адиб, шоир ва публицист Сотим Аваз даставвал шоир сифатида адабиётга кириб келди. Унинг бирин-кетин “Дил ва манзил”, “Ҳуқуқ”, “Тонгги ҳислар”, “Кечиккан баҳор”, “Ҳикматистон” шеърий китоблари нашр этилди, ўқувчилар эътиборига тушди. Айни вақтда долзарб жанр публицистикани ҳам эсдан чиқармади, жиддий шуғулланди, унинг бадиий публицистик асарлари 2016 йилда “Энг улуғ, энг азиз” респуб­лика танловида биринчи ўринни эгаллагани бунинг исботи.

Ҳар бир ижодкорнинг ўз кўнгил майли бўлади, хаёлларга берилади, қайси жанр­ларда ижод қилиши тобора тиниқлашиб боради. Замонавий ё тарихий мавзуларда қалам суришни белгилайди. Бу, албатта, ҳар ижодкорда ҳар хил кечади. Сотим Аваз кўнглида тарихий мавзуларга катта қизиқиш бор эди. Хоразмнинг буюк тарихи унинг қалбига ширин туйғулар соларди. Зеро, Хоразмнинг буюк тарихи – халқимиз тарихининг олтин саҳифаларини ташкил этади. Ҳақиқий ижодкор ҳамиша, одатда, ўз халқининг тарихи билан қизиқади, ўқиб-ўрганади, у ҳақда асарлар ёзишга ҳаракат қилади. Тарихимиз ҳақида ёзиш, асарлар яратиш, уни ўқувчилар орасида тарғиб этиш, дунёга кўрсатиш ҳар бир қалам соҳибининг бурчига айланиши керак.

Сотим Авазнинг қалбида ана шундай қатъият бор эди. У кўп ўқиб-ўрганди. Тарихда юз берган ўхшаши йўқ воқеалар уни оҳанрабодай ўзига тортди. Ҳа, тарихда сеҳр бор! Бошқача айтганда, тарих – илҳом, тарих – кечган умр, тарих – хазина! Аристотель, ўзининг “Поэтика” асарида, адабиётни тарих, деб атаган эди. Бунда теран маъно мужассам.

Адиб тарих мавзусига қўл уриб, адашмади. Натижада унинг ижодида тарихий қиссалар, романлар пайдо бўла бош­лади. Тарих мавзуси Сотим Аваз истеъдодини чархлашда, камолга етишида катта аҳамият касб этди. “Мадраҳим Шерозий”, “Мангулик сўқмоғи” сингари асарлар тарих мавзусида қалам тебратадиган жиддий ёзувчи пайдо бўлганидан хабар берди. Дарвоқе, “Мангулик сўқмоғи” тарихий романи учун у 2017 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Ватан учун яшайлик” танлови ғолибларидан бири бўлди.

Ёзувчининг яхши фазилатларидан бири унинг тин билмаслигидир. Тарихимизда ёзувчи қалбини ўртантирадиган, изтиробларга соладиган, гоҳо одамнинг ақли бовар қилмайдиган ғайриоддий воқеалар кўп. Шулардан бири – Исфандиёрхоннинг ўғли, Ферузнинг набираси, маърифатпарвар вазири аъзам Исломхўжанинг набираси Темурғози тўранинг аянч­­ли қисмати. Адиб алам билан Темурғози тўрани “Хоразмнинг Мўмин Мирзоси” деб атайди ва унга шеър ҳам бағиш­лайди. Юрт тушовланган, эрксиз, мутелик, қуллик, босқинчиликнинг муд­ҳиш исканжасига тушган, озорланган кўнгиллар… Феруз вафотидан кейин­­ги машъум йиллар… Уч-қуйруғи йўқ беоқибат замон… Ёзувчи қўлига қалам олар экан, ўқувчини тарихимиздаги энг мураккаб ва чигал даврлардан бирига бош­лайди. Романда келажагига катта умидлар боғланган хонзода Темурғози тўранинг эсда қоларли образи яратилган. Темурғози тўра – вундеркинд, унинг тутуми ёш бола тутуми эмас, мулоҳазалари катталарнинг мулоҳазаларидан қолишмайди, отаси ҳам, онаси ҳам, бобоси Исломхўжа ҳам, бошқалар ҳам Темурғози тўранинг фавқулодда фикрларидан, сўзларидан ҳайратда… Лекин Темурғози тўрани асраб қола олмайдилар. Бу, албатта, миллат фожиаси эди. Ёзувчи ўз асарида мутелик муҳитининг Ватанни қандай нохуш ҳолатларга олиб келишини, Чор Россиясининг қўл остида бўлган Хоразмнинг оғир ва эрксиз вазиятини, даврнинг фожиасини кўрсатиб беради.

Кейинги пайтларда адабиётимизда диний-маърифий асарлар тез-тез пайдо бўлмоқда. Бу жуда ижобий ҳодиса. Бир пайтлар диний-маърифий мавзулар мафкуралар девори ортида қолиб кетганди. Элимизда Қуръони карим маъноларининг таржима қилиниб, катта нусхаларда босиб чиқарилиши, кўплаб диний манбаларнинг изоҳлари билан нашр этилиши бу борада адиблар учун яхши имкониятлар яратмоқда. Таниқли ёзувчи Саъдулла Сиёев Хожа Аҳмад Яссавий ҳақида тарихий роман ёзди. Яқинда ёзувчи Луқмон Бўрихоннинг “Имом Мотурудий” тарихий романи босилиб чиқди. Озод Мўмин деган ёзувчимизнинг Имом ал-Бухорий ҳаётига бағишланган асар устида ишлаб келаётганидан хабарим бор.  

Сотим Аваз кўпдан ўйлаб юрган ниятига эришди, у ана шу йўналишда “Рутба” номли романини эълон қилди. Унга таниқли шоир Яҳё Тоғанинг “Маърифат мартабаси” номли мазмунли мақоласи ҳавола қилинган. Тасаввуф таълимотининг йирик намояндаси, файласуф ва мураббий Хожа Юсуф Ҳамадоний ҳаётига бағишланган роман минг нусхада чоп этилган. 

Юсуф Ҳамадоний “Рутбат ул-ҳаёт”, “Кашф”, “Рисола дар одоби тариқат”, “Рисола фи анал кавна мусаххарун лил-инсон”, “Рисола дар ахлоқ ва муножот” каби асарларнинг муаллифи ҳисобланади. У Бухорода Хожа Абдулла Барқий, Хожа Ҳасан Андоқий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳмад Яссавий сингари сиймоларга устозлик қилган, тасаввуф сирларини ўргатган, барчасини халифалик даражасига кўтарган табаррук зотдир.

Хожа Юсуф Ҳамадоний милодий 1048 йили Ҳамадон шаҳри яқинидаги Бузанжирд қишлоғида таваллуд топган. 1141 йили эса ҳозирги Афғонистоннинг Бомиён шаҳрида дунёдан кўз юмди. Ўзининг васиятига кўра, шайхнинг хоки муридлари томонидан ҳозирги Туркманистоннинг Марв шаҳрига кўчирилиб келтирилди ва дафн этилди. 

Сотим Аваз бугунги ёзувчи учун жуда мураккаб мавзуни дадил қаламга олади ва асарда халқимиз тарихида муҳим аҳамиятга эга бўлган, жонланиш, уйғониш, ривожланиш ва ҳоказо кўп ёруғ сифатларга муносиб XI-XII асрлар диний-тасаввуфий, маънавий-маърифий манзараларини чизишга ҳаракат қилади, айни пайтда адабиётимизни диний-маърифий жиҳатдан бойитишга маълум даражада ўз ҳиссасини қўшади.  

Шуни айтмоқ жоизки, Хожа Юсуф Ҳамадоний ҳақида ўзининг асарларидан ташқари, Фариддиддин Аттор, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва бошқа тазкиранавислар асарларидан кўп маълумотларни билиб олиш мумкин. Лекин бундай сиймолар ҳақида бадиий асар яратилишининг алоҳида аҳамияти бор, улуғ зотлар ҳақида кўпчилик ўқиши мумкин бўлган бадиий адабиёт халқимизга кўпроқ зарур. Шу сабабдан, адибларимиз чўчимасдан бундай мураккаб мавзуларга дадил қўл урмоқлари керак, зеро, улар халқимизнинг маънавий савиясини кўтаришда масъул ҳисобланадирлар.

Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг диний-тасаввуфий қарашларида Аллоҳ, инсон, табиат тўғрисидаги янгича фикр-мулоҳазалар, ғоялар мўътадил мазмун ва шакл-шамойилларда камол топди. Бу қарашлар оқибатда Хожа Аҳмад Яссавий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд ва бошқаларнинг диний-тасаввуфий анъаналарининг ривож топишига кучли маънавий-маърифий таъсир кўрсатди.

Мутафаккирнинг диний-фалсафий қарашлари, серқиррали тасаввуфий таълимоти етук ва маънавий қадриятларимизнинг шаклланиши ва ривожланиши­­да ўзига хос эътиборга эга. Донишманд файласуф ўзининг “Рутбат ул-ҳаёт” асарида шундай ёзганди:

“Ислом” калимасининг ўзаги “таслим”дир. Банда зоҳир ва ботинда илоҳий буйруқ ва тақиқларга тамоман таслим бўлгач, мўмин бўлади. “Иймон” атамасининг ўзаги “эмн” (омонлик, хотиржамлик) сўзидан келиб чиққани учун бундай киши ҳақиқий мусулмон бўлади, хотиржамлик-осойишталикда яшайди…”

Сотим Авазнинг “Рутба” романини ўқиб, яна кўп файласуфона айтилган фикр­ларга дуч келамиз, ҳикматли ибораларни учратамиз. Ҳамадонийни кузатиб Бағдодга борамиз, ундан Марвга, Самарқандга, Бухорога, Гурганжга ҳам қадамимиз етади, сафарда унга ҳамсуҳбат бўламиз. Асарнинг айрим камчиликлари ҳақида тўхталиш фурсати эмас, гарчи нега муаллиф Ҳамадоний билан Имом Ғаззолийни учраштириб, уларнинг пурмазмун суҳбатини тасвирламади экан, нима учун Ҳамадоний билан Умар Ҳайём гурунгини таърифламади экан, деб ўйлаб қолсак ҳам. Бу, албатта, ёзувчининг ижодий нияти билан боғлиқ жиҳатдир.

Бу ерда бошқа муҳим ҳодиса бор. Адабиётимизнинг заҳматкаш ва камтарин вакили, кўплаб роман ва қиссалар муаллифи, “Дўстлик” ордени соҳиби, тарихга ошно адиб, шоир ва публицист Сотим Аваз умрнинг етмишинчи поғонасига қадам қўймоқда. Адибимизда   ижодий режалар мўл. Биз адибни чин дилдан қутлуғ сана билан табриклаб, янгидан янги асарлар тилаб қоламиз.

Муҳаммад Али

Ўзбекистон халқ ёзувчиси,

Давлат мукофоти лауреати

Tegishli xabarlar

Салоҳиятли кадрлар — мамлакат қудрати

admin

Инсонпарварликнинг юксак намунаси 

admin

Умрингизни эҳтиёт қилинг

admin