ADOLAT 24

ҚАДРИ БАЛАНД ХАЛҚНИНГ ҚАДДИ ҲАМ БАЛАНД!

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилнинг 14 декабрида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги “Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган – шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам – шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ. Шундай экан, биз, биринчи навбатда, ким билан мулоқот қилишимиз керак – одамларимиз билан. Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак – аввало, халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. Халқ биздан рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади”, деган сўзлари ҳар доим ёдимизда.

Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий: “Эл поясин анг­лай десанг асрорини бил, Кўнглидаги муддаосин изҳорини бил” деганидек, давлатимиз раҳбари ишни кўнгилдан, халқ кўнглини англашдан, ҳар бир инсоннинг қадр-қимматини рўёбга чиқаришдан бошлади. Инсон қадрини кўтариш олий мақсадга айланди.

Ҳа, қулоққа оддийгина эшитиладиган бу сўз замирида инсоннинг бутун ҳаёти давомида излаган, қўлидан ушлаган, юзларини, бошларини силаган меҳр-муҳаббат ва қадр ётади. Инсон қадрини ошириш, аввало, юракка қўл солишдан бошланди. Дил билан тиллашиш, уни эшита билиш, унга қулоқ солиш орқали ривожланади.

Бу ишларни сўзда эмас, амалда бажариш амалдорларнинг асосий вазифаси этиб белгиланди. 2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди. Шундай бошланган йилнинг бош шиори мамлакатда яшовчи инсонларга фаровон турмуш яратиш, оғирини енгил қилиш, меҳр улашишга йўналтирилди. Унинг дастурига халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилади, деган тамойил асос қилиб олинди. Бундан ташқари, 2016 йилнинг 28 декабрида Президентнинг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси ташкил этилди.

Ҳа, шундай қилиб мамлакатимиз раҳбари ислоҳотларни амалга оширишни инсон ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришдан, халқ билан давлат ўртасига ишонч кўпригини ўрнатишдан бош­лади. Инсон ҳуқуқларининг уч ўзагидан бири бўлган Ўзбекистон фуқароларининг сиёсий ҳуқуқларини, айнан мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга оширишлари учун кенг ва тенг шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Юртдошларимиз мурожаатларига – ўз фикр-мулоҳазалари, ўйлари, дард-ташвишлари, орзу-армонларига олий даражада эътибор қаратилаётганлиги ҳар бир инсон учун муҳим аҳамият касб эта бошлади. Пировардида, одамларнинг ҳаётга, давлатга, жамиятга, келажакка ишончи нафақат мус­таҳкамланмоқда, ҳатто хорижда юрган ватандошларимиз орасида ҳам ортиб бормоқда. Барчамиз ҳаётнинг мавжуд аччиқ ҳақиқатларига юзма-юз келиб, реал воқеликнинг шиддатли тўлқинида ёниб ишлаш мумкин эканига рўй-рост шоҳид бўлмоқдамиз. Буларнинг барчаси, аввало, муаммоларга тик қараб, уларни бир четдан ҳал қилишга киришилганидан, ватанпарварликдан, халқчилликдан, шижоат ва жасоратдан далолатдир.

Шижоатли инсонни кўрсанг, шижоатли бўлгинг келади. Улуғвор янгилик­лар, шижоату жасоратлар, албатта, ижод аҳлини ҳам қўлга қалам олишга, шижоатли бўлишга даъват этди. Халқ қабулхоналари ва Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “Халқ қабулхоналари – адиблар нигоҳида” лойиҳаси доирасида ёзувчи ва шоирлар, публицистлар юртимиз ҳаётидаги ўзгаришлардан илҳомланиб, халқ орасига уюштираётган сафарлари, бўлиб ўтаётган учрашувлар, дил суҳбатларида одамларимизнинг шукроналик кайфияти акс этмоқда.

Учрашувларда бир ҳақиқат аён бўлмоқдаки, одамларимизнинг кўнгли тўқ. Шукроналик кайфияти юқори. Эртанги кунга ишончи баланд. Тўғри, ахир Президентимизнинг кўплаб қарор ва фармонларида ўз ифодасини топаётган масалалар аслида халқимизнинг қалбида сақлаб юрган орзулари эмасмиди?! 

Очиғини айтиш керак, инсон кексайган сайин иззатталаб, меҳрталаб бўлиб қолади. Мана шундай кекса инсонларни қадрлаш, йўқлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиб туришга, кечаги меҳнаткаш – бугунги нуроний-фахрийлар ҳурматини жойига қўйишга қаратилган чора-тадбирлар, “Меҳнат фахрийси”, “Маҳалла ифтихори” каби кўкрак нишонларини таъсис этиш ҳақидаги фармонлар кўпчиликнинг дилини яйратди. Бир пайтлар Ватан учун, халқ учун фидокорона меҳнат қилиб, эндиликда кимга мурожаат қилишини билмай уйида ўтирган уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийлари иззат-икром топа бошлади.

Шунингдек, тараққиётнинг тамал тошини қўядиган илм аҳли – академиклар, профессор-ўқитувчиларга ало­­­ҳида эъти­бор қаратилмоқда, улар эъзоз­лан­моқда, заҳматли меҳнатлари муносиб қадрланмоқда. Ёш авлод учун барча даражадаги таълим олиш шароит­лари кун сайин кенгайиб бормоқда. Аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш масаласи биринчи масалага айланган. Хуллас, ҳеч ким эъти­бордан, меҳрдан четда қолган эмас.

Шу заминда туғилиб ўсган, шу Ватанни Ватан деб, шу юртни юртим деб яшаётган юртдошларимизнинг бир қисми неча йиллар қалбида оғир бир дард билан яшади. Бу дард “фуқаросизлик” дарди эди. Давлатимиз раҳбари уларнинг ҳам қалбига йўл, дардига малҳам топди. Шу йилларда бир неча минглаб киши Ўзбекистон фуқароси бўлиш бахтига муяссар бўлгани ҳам айни ҳақиқат. Бугунги кунда Ўзбекистондек жаннатмакон юртнинг фуқароси деган шарафли номни кўксида кўтариб юриш нияти бўлган юракларни дард эмас, муҳаббат, Ватанга муҳаб­бат, унинг адолатпарвар раҳбарига бўлган муҳаббат эгаллади.

Президентимизнинг 2017 йилдан бери афв этиш билан боғлиқ 21 та фармони асосида беш минг беш юз эллик беш нафар жазо муддатини ўтаётган шахслар афв этилганлиги ҳам, оқлов ҳукмлари чиқариш судлар амалиётида тез-тез кўриниб қолгани ҳам бежиз эмас. Буларнинг таг замирида инсон қадри мужассам.

Мамлакатимиз раҳбарининг инсон­парварлик ғояларидан яна бирини мисол келтириш мумкин. Президентнинг сиёсий иродаси-ю одилона ва оқилона сиёсати туфайли Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги тўсиқлар олиниб, давлатлараро ўтиш йўллари байрамона руҳда очилди. Азал-азалдан бир-бирига меҳр қўйган қардош халқлар ўртасида яқин қўшничилик муносабатлари, борди-келди бошланди.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш­­та устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши ва унинг самарали ижро этилиши ортидан ислоҳотларнинг юқори натижаларига эришилди. Унинг натижаларидан қаноат топган халқимиз 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини жуда кўтаринки руҳда кутиб олишди. Дастурнинг инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш мақсади, бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистоннинг янги марраларини белгилаб берди.

Очиғини айтсам, халқимизнинг юрагидан жой олган дастурлар буюк бобомиз Алишер Навоийнинг қуйидаги мис­раларини бот-бот ёдимизга солаверади:

Одами эрсанг демагил одамий,

Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами.

Ҳа, Президентимиз халқнинг қалбига йўл солди. Ва бу йўл оддий йўл эмас, меҳр ришталарига айланган чароғон кўнгил йўлидир. Зеро, қадри баланд халқнинг қадди ҳам баланд бўлади.

Tegishli xabarlar

Таъмирлаш ишлари қонуний бажарилганми?

admin

Халқаро ҳамкорлик 

admin

“ҲАЛОЛЛИК ВАКЦИНАСИ” билан ЭМЛАНДИНГИЗМИ?

admin