ADOLAT 24

ДУНЁ ҲАМЖАМИЯТИНИНГ АФҒОНИСТОН БЎЙИЧА САЪЙ-ҲАРАКАТИ БИРЛАШМОҚДА

Ер юзининг деярли барча минтақаларидан делегацияларни Тошкентда жамлаган «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт» мавзусидаги халқаро конференция якунига кўра, мезбон мамлакат – Ўзбекистон баёноти қабул қилинди. Биз Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, 2013-2016 йилларда БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш миссияси сиёсий департаменти раҳбари лавозимида ишлаган собиқ дипломат Абдусамат Ҳайдаровнинг конференция якунларига оид фикрлари билан қизиқдик.

– Бу йилги Тошкент форуми аввалги икки анжуман – 2018 йил 27 март куни бўлиб ўтган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги ва 2021 йил 15-16 июль кунлари ўтказилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги юқори даражадаги Тошкент конференцияларининг мантиқий давоми бўлганини қайд этиш жоиз.

Мазкур конференциядан кўзланган асосий мақсад дунё ҳамжамияти томонидан Афғонистон масаласини муҳокама қилиш, хусусан, мамлакатнинг янги ҳукумати билан мулоқотни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, афғон халқига мамлакатни урушдан кейинги тикланишида ҳамда барқарор ва мустақил давлат қуришда ёрдам кўрсатиш бўйича фикр алмашиш ҳамда умумий ёндашувларни ишлаб чиқишдан иборат эди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг мурожаати ўқиб эшиттирилди. Мурожаатда Афғонистоннинг халқаро майдонда яккалаб қўйилишига йўл қўймаслик масаласига урғу берилган, мамлакатни тинч йўл билан ободонлаштириш, ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, қўшни давлатлар билан дўстлик муносабатини, халқаро ҳамжамият билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида маълум бир қадамлар ташлаётган Афғонистон Муваққат ҳукуматининг саъй-ҳаракати қўллаб-қувватланиши қайд этилган.

Шу билан бирга, мурожаатда «давлат бошқарувида афғон жамиятининг барча қатламларидан вакиллар кенг иштирок этадиган таркибни шакллантириш, инсон, айниқса, хотин-қизлар, барча миллий ва диний гуруҳларнинг асосий ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ўрнатишнинг фундаментал асоси бўлиб қолмоқда», дея таъкидланган.

Давлатимиз раҳбари мурожаатига ҳамоҳанг тарзда БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг мурожаати ҳам ўқиб эшиттирилдиПрезидент илгари сурган фикрлар конференциянинг ялпи сессиясида, хорижий делегациялар раҳбарларининг деярли барча чиқишларида асосий ғояга айланди. Хусусан, АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Вест Ўзбекистоннинг Тошкент форматини ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатини олқишлаган ҳолда, минтақавий саъй-ҳаракат Афғонистондаги низони ҳал қилишда муҳим экани, ҳамкорликнинг мавжуд шаклларини тўлдираётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, «бу Афғонистонга доир энг долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун жуда ноёб ва муҳим имкониятдир».

Россия Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили З.Кабуловнинг маърузасида конференция ва мамлакатимиз раҳбарияти ташаббуслари юксак баҳоланиб, Ўзбекистоннинг айни масалага ёндашуви энг прагматик ва тўғри экани қайд этилди, Афғонистонда миллий иқтисодиётга сезиларли манфаат келтирадиган йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш устувор йўналишга айланиши кераклигига урғу берилди.

ХХР махсус вакили Юэ Сяоюн Хитой зарур чора-тадбирлар амалга ошираётгани ва Афғонистондаги гуманитар инқирозни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида ҳамкорлик қилиш, шу билан бирга, Хитой дунё ҳамжамияти билан гуманитар ёрдам етказиб бериш, Афғонистоннинг молиявий активларини эритиш ва Толибон ҳаракатидан бир томонлама санкцияларни олиб ташлаш борасидаги саъй-ҳаракатни мувофиқлаштиришга тайёр эканини билдирди. Бунда Хитой Афғонистонни Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги кўприк сифатида баҳолайди ва трансминтақавий лойиҳалар, жумладан, «Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли ҳамда ғарбий Хитой ва Марказий Осиёни боғловчи темир йўл қурилишини қўллаб-қувватлашга тайёр.

 Абдусамат Аҳатович, ўқувчиларимизга Марказий Осиё вакилларининг бу мавзудаги фикрини билиш ҳам қизиқ.

– Дарҳақиқат, минтақамизни Афғонистонсиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Табиийки, Марказий Осиё мамлакатлари воқеалар ривожини диққат билан кузатиб келмоқда, қўшни давлатда вазият тез орада барқарорлашидан манфаатдор.

Ўқувчилар эътиборини Қирғизистон махсус вакили Т.Масадиковнинг чиқишига қаратмоқчиман. У конференцияни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистоннинг афғон инқирозини ҳал қилиш йўлларини излаш борасидаги саъй-ҳаракатини юқори баҳоланди. Афғонистон ҳукумати вакиллари билан алоқа ўрнатиш, мамлакатга гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш зарурлигини қайд этди.

Шу билан бирга, Афғонистоннинг ҳозирги ҳукумати қисқа вақт ичида жамоат хавфсизлигини сезиларли равишда яхшилаш, шунингдек, гуманитар ҳалокатга йўл қўймаслик бўйича тезкор чора-тадбирларни амалга оширишга муваффақ бўлгани қайд этилди.

Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақийнинг чиқиши конференция иштирокчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Унинг таъкидлашича, Муваққат ҳукумат мамлакатда хавфсизликни таъминлади, афғон иқтисодиётини йўлга қўйди. Айни пайт банк тизимида муаммолар борлигини эътироф этган ҳолда, бу масала тез орада ҳал қилинишига умид билдирди.

А.Муттақийнинг фикрича, Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши нафақат ушбу давлат, балки бутун минтақа хавфсизлигини таъминлашнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Афғонистон асосий эътиборни иқтисодий манфаатга қаратмоқда. Ҳукумат Афғонистонни минтақавий хаб, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик марказига айлантириш истагида. 

 Сиз конференция ишида бевосита иштирок этдингиз. Маҳаллий ва хорижий ОАВ Ўзбекистон томонидан илгари сурилган лойиҳаларни алоҳида тилга олди. Мазкур ташаббуслар айнан қайси мамлакат ва ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда?

– Расмий Тошкент томонидан эълон қилинган трансафғон лойиҳалари Марказий ва Жанубий Осиёнинг деярли барча мамлакатлари, шунингдек, Евроосиёнинг стратегик жиҳатдан муҳим ҳисобланган макроминтақасидан узоқда жойлашган мамлакатлар томонидан ҳам маъқулланаётганини ҳеч бир муболағасиз қайд этиш жоиз.

Биринчи шўъба йиғилиши давомида тақдим этилган, узунлиги 750 километр бўлган «Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўли қурилиши Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистонга Ҳинд океанидаги денгиз портларига энг қисқа ва тежамкор йўл орқали чиқиш, Хитойнинг «Денгиз ипак йўли» ва Ҳиндистоннинг «Шимол-Жануб» лойиҳаларига қўшилиш имконини беради.

Шу билан бирга, трансафғон йўлагининг аҳамияти Марказий ва Жанубий Осиё минтақасига нисбатан анча кенг. Зеро, ушбу магистрал Европани Жанубий Осиё билан боғловчи энг қисқа ва камхарж йўл бўлади.

Трансафғон темир йўли қурилиши мультипликатив самарага эга бўлади. Моҳиятига кўра, темир йўл қурилиши Афғонистон низосида томонларнинг мустаҳкам тинчликка эришиш, вазиятни барқарорлаштириш ва мамлакатни тиклаш йўлида конструктив музокарага ўтиши учун кучли туртки беради. Шу билан бирга, трансафғон йўлаги қурилиши йўл ёқасида қурилиш авж олиши, техник хизмат кўрсатиш ва ҳаракатланувчи таркибни таъмирлаш станциялари пайдо бўлиши, темир йўл бўйлаб мамлакат иқтисодиётини жонлантириш ва тиклашга хизмат қилувчи янги савдо марказлари пайдо бўлишига олиб келади. Ушбу магистралга хизмат кўрсатиш бўйича миллий кадрларни тайёрлаш марказлари фаолияти ҳам йўлга қўйилади. Минглаб янги иш ўринлари яратилиши эса ёшларни бунёдкорлик жараёнига жалб қилиш ва тинч ҳаётга қайтаришга хизмат қилади. 

– Кўплаб хорижий экспертлар фикрича, Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференциянинг афғон муаммосини ҳал қилишдаги роли ва аҳамияти ҳали кўп муҳокама қилинади. Фикрингизча, конференция иштирокчилари ТИВ баёнотини қандай баҳолади?

– Конференция якунида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан якуний баёнот эълон қилинди. Анжуманга шу тариқа якун ясаш шакли халқаро дипоматияда мавжуд. Иштирокчилар томонидан ҳеч қандай эътироз келиб тушмади, ҳужжат бир овоздан маъқулланди. Умуман, баёнот конференция вақтида ҳукм сурган руҳ ва кайфиятни ифода этади.

Баёнотда Афғонистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига ҳурмат ифода этилиб, мамлакатнинг тинч, бўлинмас, мустақил, иқтисодий жиҳатдан ривожланаётган, терроризм ва гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлардан холи давлат сифатида шаклланишига хайрихоҳлик билдирилди. Бугунги кунда Афғонистонда мустаҳкам тинчликка эришишнинг муҳим омили сифатида ушбу мамлакат иқтисодиётини тиклаш ва мустаҳкамлаш устувор аҳамият касб этиши кераклиги тўғрисидаги умумий тушунчалар ифода этилди.

Мазкур ҳужжатда Афғонистоннинг янги ҳукумати турли террорчи гуруҳлар билан алоқани узиши, шунингдек, аввал ўз зиммасига олган мамлакат ҳудудидан бошқа давлатлар хавфсизлиги манфаатига қарши фойдаланилишига йўл қўймаслик бўйича мажбуриятни тасдиқлаши ижобий қабул қилинди.

Якуний расмий баёнотда халқаро ҳамжамиятнинг афғон халқига гуманитар ва иқтисодий ёрдам кўрсатиш орқали мамлакатда миллий иқтисодиётни тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатини бирлаштириш зарурати ҳам акс этган.

«Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт» Тошкент халқаро конференцияси Ўзбекистоннинг Афғонистон йўналишидаги дипломатияси муваффақиятидан далолат. Қолаверса, мамлакатни тиклаш ва дунёдаги хўжалик алоқаларига, халқаро муносабатларга реинтеграция қилинишига нисбатан умумий ёндашувлар ишлаб чиқишга доир фикрларни умумлаштириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга салмоқли ҳисса қўшади.

Манба: ЎзА

Tegishli xabarlar

Ўқитувчи қадри

admin

МУАММОЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛМОҚДА (Хоразм, Андижон, Сирдарё, Наманган ва Қашқадарё вилоятлари)

admin

Темир йўл йўловчиларига яна бир қулайлик

admin